O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Муаммо борлигидан эмас, муаммо йўқлигидан қўрқиш керак

Муаммо борлигидан эмас, муаммо йўқлигидан қўрқиш керак
117 views
23 August 2017 - 9:00

Ислом ХОЛБОЙ

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                                        ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўз ёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган ҳаромхўр беклар
Юртни бир ёнидан йиқа бошлади.
Махтумқули Фироғий

12-қисм

Олтинчи боб

Отақул Нозима Муниснинг опасиникига тушганини айтди. У тушга яқин ўқув марказига келди. Унинг “уч-тўрт” куни ўн саккиз кунга чўзилганди.

– Муаммони ечиш осон бўлмади! – деди у Баҳромга мавҳум бир алфозда. – Вақтида бости-бости этмасак, тўхтатиш қийин кечарди. Касофатига бу ишлар ўлда-жўлда қолиб кетарди.

У кўнгилсиз бир иш ҳақида гапираётганди. Сўлиган юзига разм солган Баҳром унинг ниманидир яшираётганини ҳис қилди. Бошда бунга унча эътибор бермаган бўлса ҳам,  эндиликда бу муаммонинг тагига етишни истарди. Вазият муносабатини ўзгартирганди. Ширкатнинг тез суръатда ўсаётган Бухородаги фаолияти тақдири Саидмат Сотти билан Нозима Муниснинг шаффофлигига боғлиқ эди.

Нозима Мунисни тингловчилар кўтаринки руҳда кутиб олдилар. У олтмишдан ортиқ йиғилганларни биринчи қалдирғочлар сифатида қизғин табриклади.

– Барчангизга «Паймона» ширкати раҳбари Саидмат Сотти Қўйтопаровичнинг самимий ва қизғин саломларини етказишимга рухсат этгайсизлар! – деди у. – Раҳбар ўринбосари сифатида ишонтириб, айтаманки, бир кун келиб бизга раҳмат дейсизлар. Биз туфайли хонадонингизга нур кирса, уйлар қуриб, қиз узатсангиз, ўғил уйласангиз, болаларингиз нуфузли ўқув даргоҳларида таълим олса, бизларга Аллоҳнинг бергани шу бўлади. Дунёда бундан ортиқроқ бахт, давлат бўлмаса керак. Илтимосим, бир ойлик ўқув жараёнларида фаол иштирок этинглар, тилни чуқур ўқиб-ўрганиш пайида бўлинглар. Эрта бир кун саралаш имтиҳонларидан ўтолмасдан, Тошкентликлар олдида юзимизни ерга қаратиб қўйманглар. Бир неча йиллардан буён тест баллари рейтинги бўйича биринчиликни бермай келаётган бухоролик ўғил ва қизлардан ўрнак олинглар. Сизларга бу шарафли ва хайрли йўлда муваффақиятлар тилайман. Олижаноб президентимиз айтганларидек, ҳаммамизни Яратган эгамнинг ўзи қўлласин. Диққат ва эътиборларингиз учун катта раҳмат!

 Гулдурос қарсаклардан аудитория ларзага келди. Арофат ирғиб туриб, Нозима Мунисни қаршилади. Елкасига енгил шапатилаб, қойил қолганлигини билдирди. У келгач, Баҳромни иккинчи ўринга сурган Отақул сапчиб туриб унга курси тутди.

– Илоҳо ўлманг, кўп яшанг. Сиз бизни ўйлаяпсиз, сизни Тангри ёрлақасин, опа! – деди барчага эшиттириб.

Шу пайт эшик очилиб, институт раҳбари ичкарига мўралаб, яна эшикни ёпиб қўйди. Унинг кимлигини сўраган Нозима Мунисга Арофат жавоб беришга улгурмай, эшик қайта очилди.

– Шовқин қилмасмишсизлар, дарс жараёнлари кетяпти! – деди фаррош.

Тингловчилар билан Нозима Мунис ўртасидаги савол-жавоб мулоқотида барчага беш қўлдай маълум қонун-қоидалар хусусида сўз юритилди.

Арофатни ҳоли жонига қўймай тушликка олиб чиққан Нозима Мунис Отақулнинг хушомадларидан чарчай бошлаганди. Буни сезган Арофат кўзини таги билан Баҳромга назар ташлади. У ишорадан, шусиз тушлик қилсак тузук бўларди, деган маънони уқди.

Унинг, чидашга мажбурмиз, деган алфоздаги қарашини англаган Арофат Нозима Мунисга:

– Ишимизда баъзи бир муаммолар бор! – деди Отақулни назарда тутиб, кайфияти жойига тушиб. – Вақти етиб, билинмай кетади. Асосийси, берган ваъдалар бажарилса, қолган майда-чуйдалар аҳамиятини йўқотади.

– Муаммо бўлмаса, ечим бўлмайди, – деди Баҳром. – Муаммо борлигидан эмас, муаммо йўқлигидан қўрқиш керак.

Сўз ўйини кетаётганидан бехабар Нозима Мунис:

– Худо хоҳласа, Саидмат Сотти ваъдаси устидан чиқади! – деди. – Биринчи гуруҳ бир ойдан кейин жўнайди. Аммо яна қандайдир камчиликлар бўлса, тортинмасдан айтаверинглар.

Нима деб жавоб қайтаришни билмаган Арофат, қовун тушириб қўйдим, дегандай Баҳромга боқди.

– Шу пайтгача институт раҳбари ижара шартномасини имзолашни орқага суряпти, – деди Баҳром Арофатни вазиятдан чиқариш учун сўз бошлаб. –  Бу жойда расмий жиҳатдан ноқонуний турипмиз. Марказ фаолиятини назорат ташкилотлари текширсалар, биз айбдор бўламиз. Институт раҳбари тўнини тескари кийган куни, огоҳлантиришларсиз, бизни кўчага ҳайдаб чиқаради.

– Шаҳар ҳокимиятидагиларнинг фаолиятимиздан хабарлари йўқми? – ҳайрон боқди Нозима Мунис.

– Албатта бор! – деди Баҳром. – Келган кунимиз уларга меъёрий ҳужжатларни тақдим этгандик.

– Бўлмаса, институт раҳбари нимадан чўчияпти?

Ҳазилнинг чинга айлангани Арофатнинг кўзларида жиддийлик касб этди. У шу пайтгача бу муаммога эътибор бермаганди.

– Сабаби, у бизларни текшириб кўряпти! – деди Отақул билағонлигини намойиш этишга уриниб.

Унинг гапидан борҳо таажжубланган Нозима Мунис:

– Нимамизни текширади? Бизлар ҳизбут таҳрир ёки ваҳҳобийчи эмасмиз. Сиёсат билан шуғулланмаймиз. Бировнинг тижоратига халақит бераётган жойимиз йўқ! – деди.

– Ҳар қандай ташкилот фаолият кўрсатиши учун оғзаки бўлса ҳам Тошкентдан буйруқ бўлиши лозим! – деди Отақул. – Ҳалигача бирор ташкилот қонунлар доирасида ўз-ўзидан ишлаганини кўрган одам йўқ. Ишкал чиқиб, бошида калтак синишини ҳеч ким хоҳламайди. Раҳбарлар ҳокимият вакиллари билан бамаслаҳат иш юритмасалар, вазифаларидан айриладилар.

– Бўпти! – деди Нозима Мунис. – Бедаво дард эмас экан-ку. Саидмат Соттига айтиб, керакли жойдан қўнғироқ қилдирамиз. Яна қанақа муаммо чиқипти, деб ўйлапман. Бу нарса муаммо эмас. Қилиниши зарур бўлган одатий иш экан, холос.

Нозима Муниснинг босиқ ва ўзига ишонч билан гапириши Отақулнинг юрагини отнинг калласидай қилиб юборди.

– Бола-чақангизни ҳузурини кўринг, опажон! – деди у. – Яхшилик қилишга бел боғлаган экансиз, сизни Тангри ўзи қўллайди. Технология институтида дарс берган маҳалларингизни яхши биламан. Нуқул талабаларга ёрдам берардингиз. Мени танимасангиз ҳам, мен сизни яхши таниб турипман.

Унинг ўзидан ёши кичик аёлга мулозаматини кўриб, Арофат пишқириб кулиб юборишдан зўрға ўзини тийди.

Баҳром Нозима Муниснинг, “Яна, қанақа муаммо чиқипти”, деган сўзларини ўйлаб сукутга кетганди.

Ҳамманинг индамай қолганини мақтов аломати деб тушунган Отақул:

– Нозима опа! – деди. – Мабодо Саидмат Сотти Қўйтопаровични ўзингиз ўқитмаганмисиз?

Нозима Мунис, бунинг нима кераги бор, дегандай Баҳромга шубҳали назар солди.

– Ҳа, у ҳам технологиялар инстутитида сиртдан ўқиган! – деди сўнгра.

Тахмини тўғри чиққан Отақулнинг шодлиги ичига сиғмади. Баҳромга кулиб қўйди.

Унинг ўзига алоқаси йўқ ишларга бурин тиқиши Арофатга ҳам ёқмаётганди.

Марказни эплашга битта Арофат етарли эди. На Баҳромнинг, на Нозима Муниснинг ортиқ зарурати қолмаганди. Нозима Мунис юздан ошиқ одамдан йиғилган эллик минг долларни олиб кетишга келганди. Норвегия сафарига чиққан Саидмат Сотти Москвада пул кутаётганди. Нозима Мунис ишни унга беш минг доллар жўнатишдан бошлади. Баҳромга уч юз доллар бериб, Тошкентга қайтишига рухсат берди.

Баҳром ўртадан паст бўйли, буғдойранг, тўладан келган, сочлари сих-сих йўловчи ёнига ўтирди. Унинг исми Таваккал бўлиб, наманганлик эди. Бухоро заминида абадий маскан тутган азизлар хоки пойини зиёрат этиб қайтаётганди. Тошкентга етиб келгунча бу сўзамол одам Баҳромни зериктирмади. Сўнгги бекатда улар манзил алмашдилар. Унинг яқин кунларда водий вилоятлари бўйича «Паймона» ўқув маркази бошқаруви бошлиғи бўлишини ўшанда ким ҳам ўйлаганди. Бир неча ойлардан кейин бу одам Баҳром билан учраштирган тақдиридан нолиб, сочларини юлган бўлса, не ажаб…

(давоми бор)