Муаллиф: Аъзам Ҳошимий
Таржимон: Абу Ҳафс Туркистоний
Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари
(18)
Мужоҳидлар қишлоғи
Дўстларимдан иккитаси Шаҳрисабз томонга жўнадилар. Мен қолган биродарим билан Сариосиё томон сафар этдим.
У ерда марҳум бобом Ғиёсиддин эшоннинг қабрлари бор эди. Бориб қабрлари ёнида дуо-фотиҳа қилганимиздан сўнг, келишган режамизга кўра тоғ тарафга йўл олдик.
Бирмунча меҳнат-машаққатлар чекиб дара ва жарликлардан ўтиб бир каттагина қишлоққа етиб бордик.
Қишлоқ аҳли паҳлавонсифат, бўйдор ва ҳайбатлик кишилар экан. Қишлоқ шаҳардан фақатгина уч кунлик йироқ бўлса-да, унинг замину-осмони мусаффо, исломнинг нури жилваланиб турар эди.
Қишлоқдаги барча эркагу-аёл, ёшу-қари намозхон, одоблик ва камгап ҳамда, аввал салом берар эдилар. Аёлларга масжиднинг бир ҳиссаси ажратиб қўйилган бўлиб, фарз намозларини божамоат адо этиб уйларига тарқалиб кетишар эди.
Кундузи эса биронта аёл кўзга ташланмас эди. Масжиднинг олдида каттагина бир меҳмонхона бўлиб, бунда қишлоққа келган мусофирлар истиқомат этишар, ҳаммалари биргалашиб таом еяр эдилар.
Яшаш шароитлари ниҳоятда содда бўлиб, рўзғор буюмларини кўпайтирмай бемашаққат яшардилар.
Масжиднинг имоми шу қишлоқнинг амири эди. Намозлардан сўнг ёшу-кексага таълим ва тарбия беришга машғул бўлар, беморларни кўргани борар, муолажа ишларини тартибга солар, уларнинг иссиқ-совуғидан хабар олиб тургани одам тайинлар эди. Ҳаётлари исломий низом ва тартибда эди. Жиноятдан эса ному-нишон ҳам йўқ эди. Маълум бўлишича, бу қишлоқ аҳли бобом Ғиёсиддин эшоннинг диний даъватларига қаттиқ риоя этишар, ҳозирги кунда тоғам билан алоқа қилиб турар эканлар.
10-11 йилдан буён жиҳод қилиб келаётган мужоҳидларнинг қароргоҳи ҳам шу ердан бошланар эди. Қишлоқнинг ҳимояси учун бирон-бир аслаҳа кўзга ташланмас эди. Шунинг учун қачон коммунистлар ҳужум қилса уйларини ташлаб тоғларга чиқиб кетишар экан.
Мужоҳидларнинг ҳақиқий қароргоҳи “Тахта Қорача” нинг осмонўпар тоғларига жойлашган бўлиб, бу ердан жуда узоқ эди.
Иккаламиз меҳмонхонага тушдик. Кечга яқин 200 нафар ёшу-кекса кишилар меҳмонхонага йиғилдилар. Ёши тақрибан юзларга бориб қолган бир кекса киши бир қутича ичида варақалари эскириб йиртилиб кетган бир неча саҳифа чиқаради.
Аввал ояти сўнг сураи “Фалақ” ва сураи “Ан-нас”ни сўнг калимаи тоййиба ва шаҳодатни баланд овоз билан ўқиди. Қолганлар ҳам бир бўлиб баланд овоз билан такрорладилар. Қария эскирган варақдаги ёзувларни туркий тилда ўқий бошлади. Унинг бир неча сатри ҳозиргача ёдимда сақланиб қолган.
-“Эй Аллоҳ, биз сени элчинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам воситаси билан танидик. Росулинг марҳамат этдиларки: ”Фақат сенингина ҳукмингни қабул этамиз, сендан бошқа ҳеч кимга бўйин эгмаймиз, мусулмонларга озор етказмаймиз, сени қабул қилгувчиларни, “Роббим” деб билгувчиларни эҳтиром этамиз, катталарни иззат-эҳтиром этамиз, кичкиналарга меҳру — шафқат кўрсатамиз, қўни-қўшнилар ҳаққини адо этамиз, ризқимизни ҳалоллаб еймиз, ҳаромдан пархез қиламиз. Эй Аллоҳ, биз росулингнинг дўстларини дўст, душманларини душман деб биламиз, ўзимизни эса сенга топширамиз”.
Меҳмонхонага бутунлай сукунат чўмган эди. Ҳамма тин олмай эшитиб ўтирар эди. Қария варақани ўқиб тамом қилгандан сўнг ҳамма ўтирганлар ўринларидан туриб бузрукка қўл бериб кўришиб чиқиб кетдилар.
Бу йиғин исломий яшашга аҳд этиш йиғини бўлиб, ҳар ойнинг бошларида шу каби мажлис қилиб тўпланишар ва бирор ёши улуғ бузрукворга бу аҳдномани ўқитиб эшиттиришар, аҳдларини янгилаб, ҳақиқий мусулмон бўлишга қасд этишардилар.