O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

МУНОСАБАТ. Нимадан бошламоқ керак? (2)

МУНОСАБАТ. Нимадан бошламоқ керак? (2)
179 views
24 March 2012 - 8:35

Бугунги Ўзбекистон

Ўзбекистоннинг бугунги президенти номини ташиётган киши бу лавозимни ноқонуний эгаллаб ўтирибди. Ўзбекистондаги ОАВнинг кечаю кундуз арқатаётган маълумотларига қараганда, унинг ташаббуси ва «доно»лиги туфайли мамлакатда фаровонлик, тинчлик ва барқарорлик хукм сураётган экан??? Ҳалқнинг аксарият қисми фикрига кўра, “Отанинг” атрофида ўзи танлаган ва унинг шахсий манфаатларига садоқат билан иш юритадиган нўноқ амалдорлардан иборат бир гала тўпланиб олишган. Ана ўшалар бугун мамлакатнинг бутун хўжалик ва сиёсий ишларига ўрнашиб олишганлар ….
Дунёда ҳеч қандай ўхшаши бўлмаган Ислом Каримов ўрнатган бу режимни шундай таърифламоқчиман: Режим, Одамлар билан лиқ тўла, шиддат билан лапанглаб кетаётган автобусга ўхшайди. Хатарга ва йўл қоидаларига эътиборсиз кетаётган бу автобуснинг “шофёр”и Ислом Каримовдир. Одамлар ўз манзилларида автобусдан тушмоқчи бўладилар. Аммо… – лекин … улар тушолмайдилар. Чунки, Каримов ўзи хоҳлаган “бекат”да йўловчиларни навбатма-навбат автобусдан туширади ….
Ўзига ҳос ва ўзига мос, бу режимнинг ҳусусиятлари талайгина. Шулардан бири, ҳалқнинг одабини бериб, оч ва яланғоч тутишни жуда усталик билан амалга оширилаётганидир. И.Каримовнинг фикрича, камбағал ва оч ҳалқ, тинчгина таъзим билан унинг айтганларига кўнаверади. Режимнинг ҳалққа ўтказаётган зулми дунёнинг ҳеч бир мамлакатида синалмаган ва тажрибадан ўтмаган… Бунга бир неча мисоллар келтириб ўтаман.
– Ўзимизда ишлабчиқарилаётган “НЕКСИЯ” автомобилининг ички бозордаги нарҳи АҚШ доллари ҳисобида 12-17 минг. Худди шу маҳсулот қўшнимиз Қозоғистонда аранг 7 минг долларга сотилади …
– Миллонлаб ёшларимиз четда буюрилган ишни бажариб, берганига шукр қилиб, мардикорлик қилаяптилар. Мамлакатда шу ёшларнинг қўли билан барпо қилса бўладиган иш, уй-жой қурилиши муаммоси мутлақоечилмаяпти.
– Иттифоқ давридаги секция услуби билан қуриладиган оммабоп уй-жой қурилишига, панел ва қурилмалар етказиб берадиган уйсозлик комбинатлари (ДСК) аллақачон тўхтаган. Бугунги кунга келиб, Ўзбекистонда секцияли оммабоп уйлар мутлақо қурилмаяпти.
– Банклар сотувга уй-жой қураяптилар. Лекин улар қураётган иморатларнинг сотиш нархи, хусусий тартибда қурилиб, сарф-харажатлари банкники билан теппа-тенг бўлган иморатлардан 10 баробар қимматдир.
– Нима учун, инсонларимизга уй-жой қурилиш моллари ўз баҳосида сотилмайди?! Уй-жой учун, ер текинга берилмайди? Ўз иморатларини одамлар ҳусусий тартибда қурганда эди, уйлар арзон, сифатли ва кўпқурилган бўлар эди.
Режим аҳлининг сурбетлиги шунча-ки, инсон қадрини тамоман ерга урмоқдалар. Оддий тартибда бажарса бўлаверадиган ҳалқ талабини, ўзлари хоҳлаганча чалкаштириб, унинг чўнтагини хоҳлаганча бўшатаяптилар …
Ҳалқимиз матонатли ва донишманд ҳалқ. “Суймаганга суйканма,” дейди мақолларнинг бирида. Шунинг учун, ҳам ҳалқ ўз “арбоб”ларидан ҳеч нарса талаб қилмайди. Енг шимаради, ишини қилади, даромад излайди. Ўғлини ўқишга эмас, мардикорликка юборади. Оила тебратади. Топганини тўйга тўкиб-сочади …
Ўзбекнинг ташвишининг кети йўқ. Ҳалқ ғазабда! Золимларни ва президентни ўз лавозимларидан четлаштириб биладиган сиёсий кучлар топилса, ҳалқ сўзсиз ундай кучларни қўллаб-қувватлайди. Ундай кучлар бор!!!Муҳаммад Солиҳ бошчилик қилаётган Ўзбекистон Ҳалқ Ҳаркати (ЎХҲ) айнан ўша кучнинг ўзидир. Ҳозирчалик, муттаҳамлар, ўғрилар ва золимлар ўз билганларича ўз манфаатлари учун, ҳалқдан ундириб турибдилар. Мен шунга аминман-ки, ЎХҲ яқин келажакда ҳалқ ишончини қозониб, бугунги ноқонуний хукумат составини ва унинг “юртбошисини” инсоний фазилатлари юқори бўлган, иймони мустаҳкам, саводли комил инсонларгаалмаштиражак …

М А Ф К У Р А

Яралган дунё ўз интиҳосига қараб, бехато ҳаракат қилмоқда. Инсон туғилибдими, инсонликнинг азиз ва мукаррамлик мақомига эришиши ҳам унинг ўз зиммасига юклангандир. Инсоннинг бундай юксалишида ва бу муқаддас амалида Ислом таълимоти ягона манба ва йўл кўрсатувчидир …
Жамиятни эркин ривожлантирадиган ва инсон ҳуқуқларини ҳаққоний ҳимоя қиладиган, ижтимоий тузум бу – Ислом таълимотига асосланган тузумдир.Жамиятда конституциявий қонунлар билан эмас, балки шариат йўли (қоидалари) билан чинакамига адолат қарор топади.
Шу фикрларимдан келиб чиқиб, ойдин кунлар келганда, мен мамлакат ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида навбатдаги фавқулодда ўзгартиришлар киритилишини тарафдориман.
Ҳусусан:- Мамлакатда, Ислом динининг, исломиятнинг амал қилишига ҳеч қандай шартсиз шароит туғдирилиши лозим.
– Жамиятнинг асоси бўлмиш оилани эҳтиёт қилиш шарт. Яъни оила мақомини поклантириш мақсадида, никоҳсиз оилаларни иҳтиёрий равишда никохдан ўтқазиш. Никоҳсиз қовушаётган аёл ва эркаклар учун жазолар белгилайдиган қонунларга соҳиб бўлиш,
– Кўча ва майдонларда ҳам миллий қадриятларга амал қилиш ва ғарбчасига бачкана ва беҳаё кийимларни кийиб юриш каби миллий қадриятларимизга ёд одатларни чекловчи қонунлар қабул қилиш.
– Бошланғич ва ўрта таълим мактабларида, олий ўқув юртларида дин дарслари ўқитилишини ташкил қилиш; Масжидларда дин сабоқларини ўргатиш мақсадида махсус гуруҳлар ташкил қилиш,
– Мамлакатнинг барча, катта-кичик иқтисодий-ижтимоий субъектларида ва барча гуманитар ташкилотларида намозхоналар ташкил қилиш; Одамларни намоз ўқишга даъват қилиш ва шунга шароит туғдириш,
– Олий Мажлис сесияларида давлат бошқарув субъектлари корхона, ўқув муассасалари ишлаб чиқаришнинг бошланғич звенолари мажлисларида, мавзуга яраша 20-25 минутлик амри маъруф ўтказиш,
– Бошқарув ва ҳўжалик раҳбарларини танлашда хамда шаҳснинг диний эътиқодига алоҳида этибор бериш,
– Радио, телевидение орқали, мунтазам равишда оммабоп диний эшиттиришлар ва кўрсатувлар ўтқазиш,
– Бошқа миллат вакиллари билан, миллатлараро тотувлик шартларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш,
– Пулни унинг эгаси яхши кўради. И.Каримов режимида ноқонуний равишда бўлса-да, баъзи кишиларда жуда катта миқдорда пул йиғилди. Бу мулкдорлардан пуллари ва бошқа молу мулкларини мусодара қилмай, уларнинг бойликларини ва мол-мулкларини шартли равишда ўз эҳтиёжлари ва ҳалқ ҳўжалигининг керакли тармоқларида ишлатилиши таъминланадиган мажбурий қоидалар тузилиш,
– Истеъмол қилганда киши онгини боғловчи, яъни маст қилувчи ичимликларни ичиш, сотиш, четдан олиб мамлакатга киритиш қўлбола усулда ва саноат усулида ишлабчиққариш ман қилиниши,
– Порахўрликка(Коррупцияга) қарши курашиш ва бу иллатнинг пайдо бўлиш, унинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш,уларга юридик, илмий ва маънавий баҳо бериш. Жамиятни бу бизга ёд иллатлардан батамом тозалаш ва ҳаётга татбиқ қилиш усулларини ишлаб чиқиш каби фавқулодда ўзгаришлар амалга оширилиши лозим деб ҳисоблайман …

АЗИЗ ЎҚУВЧИЛАР!

Айтмоқчи бўлган фикирларимнинг ниҳоясида Сизларга, ҳалқимга ва барча адолатпарвар инсонларга Саҳобалар ўқиган дуолар билан дуо қилмоқчиман:
Дуо: Эй Раббимиз! Ораларимизни ислоҳ эт, бизни исломият йўлига ҳидоят айла, бизни зулматдан ёруғликка чиқар. Юзимизни ошкор ва яширин барча ёмонликлардан ўгир. Кўзларимизни, қулоқларимизни, қалбларимизни,ишларимизни ва фарзандларимизни бизга муборак қил, гуноҳларимизни кечир. Шубҳасиз, Сен, гуноҳларни кечирувчи ўша марҳаматли зотсан. Бизни неъматингга шукур этувчи, ҳамд айтгувчи қил ва неъматингни биздан аяма! Омин! (“Ал-Мунтаҳаб”)дан

Нуриддин Жуманиёзов
“ЭРК” Демократик партиясининг аъзоси