«Озодлик» радиосидан Ортиқов деган биродаримиз чиқиб, «мухолифат бир-бирига тош отишдан бошқа ишга ярамай қолди», деган жуда ёқимсиз гапни айтди. Менга ёқмади, чунки бу ноҳақ иддаодир. Мен мухолифат вакилиман, янада тўғрироғи, Ўзбекистондаги мавжуд тузумга қарши мухолифат ҳаракатининг вакилиман. Мен раҳбарлик қилаётган «ЭРК» Партияси Ортиқов айтгандай бошқа мухолифатчиларга ҳеч қачон тош отмаган ва бундан кейин ҳам отаётгани йўқ. Албатта, Ортиқовга жавоб бериш жуда ҳам шарт эмас эди, лекин ортиқовларга ўхшаган, ўзбек мухолифати ҳақида нотўғри тушунчада юрган одамлар кўпайиб бораяпти, чамамда. Бунинг олдини олиш учун, ҳеч бўлмаганда бунга ҳалақит бериш учун мухолифат нима-ю, нима мухолифат эмаслигини бир оғиз сиз билан биргаликда мушоҳада қилмоқчиман.
Менинг назаримда, «ЭРК» демократик партияси чинакам мухолифат ташкилотидир. Сизнинг бу ҳақда бошқа фикрингиз бўлиши мумкин, аммо мен шундай деб ўйлайман. Чунки Ўзбекистонда йилларча давом этган террор ва таъқибга қарамай, туҳмат ва шантажга қарамай, ўз принципларидан воз кечмаган бирор сиёсий ташкилот бўлса, бу «ЭРК» Партиясидир. Сиёсий конъюнктурага алданмай, ўзига қарши қаратилган фисқу-фасодларга жавоб бермай, фақат халқ орзу-умидларини тилга келтираётган ташкилот ҳам «ЭРК» Партиясидир. Бу хусусиятлари билан «ЭРК» Партияси мавжуд ҳукуматга энг жиддий ва энг муносиб мухолифатдир. Агар шундай бўлмасайди, ҳукумат бизни фақат Ўзбекистонда эмас, чет элда ҳам таъқиб қилмаган бўларди.
Биз беш йилдир юртдан чиқиб кетдик, аммо Ўзбекистон ҳукумати бизни ҳеч унута олмаяпти. Қайси давлатга борсак, ўша жойдан ҳам қувишга ҳаракат қилади. Ахир, бунинг бир сабаби бўлса керак, ўртоқ Ортиқов. Бугун мухолифатни танқид қилиш қулай ва хавфсиз. Уни танқид қилиш, ҳатто, фойдали. Масалан, ҳукуматга хуш кўринасиз, ишингиз юришади, ишингиз юришмаса ҳам, ҳеч бўлмаса, сизга халақит беришмайди. Аммо танқид қилар экан, адресни аниқ айтиш керак. Мен юқорида мухолифат ким эканини айтдим. Энди билмаганлар билсин, деб ким мухолифат эмаслигини айтмоқчиман: мухолифат номидан гапириб, мухолифатнинг обрўсини туширадиган кимса мухолифатчи эмас. Дейлик, фалончи халқ ҳаракатиданман, деб ўша ҳаракатнинг илдизига болта урадиган одам мухолифатчи эмас. Ёки ўша халқ ҳаракати номидан газета чиқариб, газетада халқ дардини айтиш ўрнига, дейлик, «ЭРК» Партиясига қарши фисқу-фасод нашр қиладиган одамлар мухолифатчи эмас. Ёки «ЭРК» тўғрисида Ўзбекистон КГБсига маълумот бериб турадиган, чет элларнинг идораларига чақимчи хабарномалар тарқатиб кун кўрадиган ичи қора кимсаларнинг мухолифатга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Тўғри, улар Совет даврининг сўнгги йилларида мухолифат сафида эдилар, ҳатто тоталитар бир давлатда плюрализмнинг пайдо бўлишида ижобий бир роль ўйнаган бўлишлари ҳам мумкин. Аммо бир неча йилдан бери, улар мухолифат ниқоби остида Ўзбекистон ҳукуматига ёрдам бермоқдалар. Диққат қилинг, 1991 йилдан бери бу номи маълум кимсалар ҳақида Ўзбекистон матбуотида бирорта ҳам танқидий мақола, наинки мақола, ҳатто бирор сатр ҳам босилгани йўқ.
Аксинча, Ўзбекистон Президенти бу одамларни Ўзбекистонга қайтиб келишларини таклиф қилмоқда. Шунинг учун, мухолифат дер экан, бу фарқни доим назарда тутиб гапириш керак. Яккабоғлик дўстимиз Ортиқов мухолифатга дашном берар экан, бизга «шаҳарма-шаҳар айланиб юриш жонингизга тегмадими, ватанга қайтинг энди», дея хитоб қилади. Худди биз ватандан шаҳарма-шаҳар айланиш учун саёҳатга чиққандай. Бу ошнамизга «сизга ҳам айланиш насиб қилсин», деб дуо қилиш мумкин, аммо бу унга ёмонлик тилаш бўлган бўларди. Шунинг учун ҳам унга бундай саёҳатлар сизга насиб қилмасин, деймиз. Мухолифатни бугун кучи етган-етмаган ҳамма танқид қилаяпти. Бу танқидларни эшитиб, Ўзбекистондаги бугунги қашшоқлик ва сафолатнинг ҳам, маънавий ва аҳлоқий тушкунликнинг ҳам сабабчиси давлат бошида турган ҳукумат эмас, ўз юртидан узоқда сарсон-саргордон юрган мухолифатчилар айбдор, деган бемаъни хулоса чиқади.
Аввало, ҳориждаги мухолифатчиларни «мазза қилиб юрибди», дейиш учун жуда шаккок одам бўлиш керак. Мухолифатни танқид қиладиган одам бунга аввал маънавий ҳақ қозониши керак. Мухолифат ҳаракатининг нақадар оғир, нақадар фожеали босқичлардан ўтгани ва ҳамон ўтаётганини англаш учун, ҳеч бўлмаганда, бу ҳаракатнинг ичида бўлиш керак. Нима эмиш, агар бугун сайлов бўлса, Каримов 90 фоиз овоз олармиш ва бунинг сабабчиси ҳам мухолифат эмиш. Бу башоратни эшитиб, «офарин!» дейсиз, холос.
Биринчидан, ким қанча овоз олишини бир Оллоҳу таоло билади, у кунларга етказса, кўрармиз. Фақат, мен ўйлайманки, у кунларга етказса, бугунги ҳукуматга унинг бола-чақаси ҳам овоз бермаса керак, деб ўйлайман. Чунки бу ҳукуматнинг кирдикорлари ўртада. Ҳамма кўриб турибди. Умуман, оғайнимиз Ортиқовнинг танқид қилиш усули менга янги кўринмади. Оғайнимиз икки тарафга ҳам ёмон кўринишни истамайди. У худди мухолифат ҳақида қайғураётган бир фуқародай гапиради. Айни пайтда, Каримовнинг тўқсон фоиз овоз олишини каромат қилиб, зарур жойларга ёғ ҳам суркаб қўяди… Мен «Озодлик» радиоси тингловчиларидан узр сўрайман, «Муҳаммад Солиҳ нега бир камтарин одамнинг камтарин чиқишига бу қадар аҳамият бераяпти, мухолифатни озгина танқид қилса, нима бўпти», дейишингиз мумкин.
Гап шундаки, Ўзбекистондаги узлуксиз давом этаётган иқтисодий бўҳрон, қашшоқлик, зулм ва истибдод фақат иймони заиф одамларни эмас, балки иймонли кишиларни ҳам мунофиқлик қилишга мажбур қилмоқда. Мунофиқлик бизнинг жамиятда кенг тарқалган ижтимоий касалликдир.
Ўзбекистонда 1992 йилдан кейин ижтимоий фикр ўлди. Расмий ахборот воситалари ва расмий нашр марказлари эълон
қилаётган нашрларда Ўзбекистоннинг ҳақиқий аҳволи ҳақида бирорта тўғри фикр йўқ. Кейинги уч йил ичида Ўзбекистон нашриётларидан чиққан китобларни варақлаб кўринг. Уларнинг ҳаммасида мутлақо сўзбоши бор ва сўзбошида албатта юртбоши мадҳ қилинади. Бу мадҳия бўлмаса, истисносиз, ҳеч бир китоб босилмайди. Шундай бир мамлакатда қандай ижтимоий фикр бўлиши мумкин?
Баъзи одамлар бу диққинафас ҳаводан чарчаб, бир эркин нафас олай, деб баъзи чет эл радиоларидан, дейлик, «Озодлик» ёки «Би-би-си» радиосидан гапиришни истаб қолишади. Бу мақтовга сазовор истакдир, албатта. Аммо бизнинг одамимиз бечора «Озодлик»да гапираётиб ҳам озод бўлолмайди, кўнглидагини тўкиб сололмайди, чунки эртасигаёқ уйига миршаб келади.
Раҳбарлари «исломчиларни ўз қўлим билан отиб ташлайман», деб турган мамлакатда «Озодлик»дан гапириш осон эмас. Шунинг учун ҳам «Озодлик»да чиққан одам кўнгли нозик ҳукуматни инжитмайдиган шаклда гапиришга ҳаракат қилади.
Бунинг йўли осон – мухолифатни озгина уриб кетсангиз, бўлди. Одамларнинг бу мантиғини билганимиз учун ҳам, биз мухолифатга қарши танқидларнинг кўпига жавоб бермаймиз.
Фақат яккабоғлик танқидчимизнинг сўзлари бизга жуда ҳам типик кўринди. Масалан, мухолифатнинг программаси йўқ, деган иддао Яккабоғ халқининг иддаоси эмас, Президент Каримовнинг иддаоси. Лекин мухолифатнинг кенг ва жиддий программаси борлигини Президент ҳам, бошқалари ҳам билади. Бу гапларни айтар экан, мақсадим, оғайнимиз Ортиқовга жавоб бериш эмас. Менинг мақсадим – ҳали ҳам иймонини йитирмаган инсонларни ўша эслатилган хасталик – ижтимоий мунофиқликдан сақланишга даъват қилишдир.
Оллоҳ бизга бу оғир даврдан ёруғ юз билан чиқишни насиб қилсин!
(1998)
(65)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (182-185-саҳифалар.)