O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мунофиқун

Мунофиқун
832 views
23 May 2021 - 13:33

Ўзбекистонда яқинлашиб келаётган сайловлар олдидан ўзбек махсус хизматлари мухолифатга қарши фитна ва тузоқларни авж олдириб юборишди. Ҳар доимгидек бу сафар ҳам асосий нишон сифатида бутун фитна қуроллари Эрк Демократик Партияси раиси муҳаммад Солиҳга қаратилган.

Фақат бу гал аввалгилардан фарқли ўлароқ Муҳаммад Солиҳ номини қоралаш кампаниясида номсиз троллар эмас балки Муҳаммад Солиҳнинг собиқ “издошлари” жонбозлик кўрсатишмоқда.

Усмон Ҳақназаров номи билан мақолалар ёзган журналист Бобомурод Абдуллаев бошлаб берган бўҳтон ва тухматлар кампаниясини бугун собиқ маҳкум Акром Малик иштиёқ билан давом эттиришга бел боғлаган.

Қуйида Акром Маликнинг Муҳаммад Солиҳ шаънини булғашга қаратилган мақоласига нисбатан истеъдодли шоир Раҳмиддин Абраев томонидан ёзилган муносабатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Сайловдан олдин шундай бир фитна кутилаётган эди. Муҳаммад Солиҳ билан мулоқотимизда у шундай фикр билдирганини эслайман: “Халқ ичида ўзгаришларга умид уйғотаётган унсурларни халқнинг хаёлидан чиқариб ташлаш, халқни чалғитиш учун бир фитна таёрлашлари муҳаққақдир.

Бундай унсур биринчи навбатда мухолифат, албатта. Шунинг учун ҳам Хидирназар Аллақулов ташаббусларига жон жаҳди билан қарши чиқаяпти ҳукумат. Бизга қарши ҳам обрўсизлантириш кампанииясини эрта-индин бошлаб юборадилар”- деб ёзганди бундан бир ой муқаддам.

Мана, бошлаб ҳам юборишди. Бу компаниясининг алмисоқдан қолган аравасини ўзбекни “қорамол” деган Абдураҳим Пўлатовдан олиб, Бобомурод Абдуллаев торта бошлади. Ниҳоят бугун бу сафга эски дўстимиз Акром Малик ҳам қўшилди. Аравани тортиш қийинлашган кўринади, ҳукумат бўйинтуруқлари бўйинларини қабартириб юборди шекилли?..

МУНОФИҚУН

Акром Маликнинг 2021 йил, 20 майда ёзилган

“СИЁСАТ, ДАВЛАТ, ҲОКИМИЯТ, МУХОЛИФАТ ВА ЧЕГАРАЛАР БУЗИЛГАН ЗАМОН” номли ёйинлаган мақоласига шарҳларим.

Акром Маликнинг ўз ҳақлилигини исботлаш учун узундан узун ёзган бу мақоласида ҳақиқатга яқин, самимийликка мойил уч-тўртта жумлани танидим.

Акром Малик: “Нафсини хафа қилмайдиган ва ўз нуқсонларини ошкора тан олишда қийналадиган бир гуноҳкор инсон ўлароқ айтишим лозимки, ҳамма давраларда ўзим улуғлаб келган одамни бугун танқид қилишим ўзим учун зарба. Менга қолса, Солиҳ ҳақида мум тишлаган бўлардим. Яқиндагина “Эрк” демократик партиясининг бўлажак лидери деб мени кўргани фахрлантирган эди. “Эрк”ка аъзо бўлиб, унинг раҳбари бўлишга тайёр эдим. Ўзим кўраётган сиёсий тугунларни ечишга ва бу майдонда адолат учун жавлон уришга шай эдим. Зулм қилувчиларни ер билан яксон қиладиган курашлар олиб боришга бел боғлаган эдим. Чунки “Эрк” сафида бўлишни шараф ҳисобладим, “Эрк” билан биргаликда халқ, давлат, дин ва миллатга буюк хизматлар билан яхшилик қилишимга зарра шубҳа қилмадим. Солиҳнинг: “Эрк” лидери сифатида сизни кўрмоқдаман, бу уфқда бошқа ҳеч ким йўқ”, – деган таклифи мени беҳад қувонтирган, қўрқитган ва ҳайратлантирган эди. Чунки сиёсий романтикам ичида “Эрк” йўлбошчиси бўлишдек орзу бўлганини яширмайман. Назаримда, бир ташкилот раҳбари бўлишим учун Аллоҳим мени етарли қобилиятлар билан сийлаган. Тўқсон тўққиз фоиз одам “Эрк”ни қабул этишимни истамади. Аксинча, замонамиздаги энг донишманд дин олимларидан бири: “Қабул қилманг, изоҳ сўраманг, тушунтиришга эса вақт етмайди”, – деди. “Эрк” сафига кириб, курашишни тавсия этган, бу партия юз йил олдин тузилиб, Туркистон мухторияти марказида бўлган “Эрк”нинг муқобили эканлигини айтган бошқа бир инсон эса соф ният эгаси эди. Бироқ дўстларимнинг деярли барчаси бу ғоямни қўлламагани учун уларнинг маслаҳатини тутдим. Отам ҳам бу ишимга қатъиян қарши турди ва: “Агар “Эрк”ка қўшилсанг, орамиз очиқ! Сени болам демайман”, – деди”…

Мен: Юқорида келтирилган парча Акромнинг ўша узундан узоқ ёзган мақоласининг энг самимий парчаси десам, рости гап, муболаға бўлмайди. Мақоланинг қолган қисмининг аксарияти Бобомурод Абдулла услубида ёзилган ёлғон ва фисқу фасоддан иборат. Гапнинг индоллоси эса шу: 2020 йилда ЭРК лидери Муҳаммад Солиҳ ўз ватанига қайтиш имконининг йўққа чиққанини кўриб, ЭРК партиясини бир ёш, эътиқодли кишига топшириш учун муносиб номзод ахтара бошлади. У мендан Акром Малик ҳақда фикрларимини сўради. Ижобий фикр билдирдим. Яна бошқалардан ҳам сўрабди кейин эшитишимча. Қолаверса, Акром Маликни ўзи ҳам яхши танир ва уни қамоқда эканлигида куйиниб ҳимоя қилганлари эсимда. У ўша вақтда камина Акром ака билан қўнғироқ орқали самимий ва дўстона гаплашардик.

Хуллас, мен бу жараённи бошидан охиригача кузатаганлардан бири эдим. Акром Малик билан ижодий яқинлигимиз боис ЭРК лидери мен билан бу жараёнда доим маслаҳат қилиб турди. ЭРК лидерининг Акромни номзод кўриши ниҳоятда самимий, тоза ният эди. У Акромда бу иш учун интеллектуал замин бор деб ўйлар эди, бу ҳакда менга ҳам очиқ айтганди. Ҳатто мендан унга “Бу ишда ёрдамчи бўлинглар”- дея илтимос қилди. Мен ҳам бу илтимосни ерда қолдирмай, тармоқда Акромнинг ЭРК лидерлигига эҳтимолий номзодини ошкора қўллаб-қувватладим. (Бу воқеа жараёнларини зарурат бўлмагунича ёйинлашни ўзимга эп кўрмайман) Қисқаси, шахсан танишувимиз баёнини шу ерда тўхтатиб, Акромнинг бугунги мақоласига баъзи шарҳларимни баҳам кўрмоқчиман.

Акром Малик: “Назаримда, бир ташкилот раҳбари бўлишим учун Аллоҳим мени етарли қобилиятлар билан сийлаган”.

Мен: “Бу иддаони ҳеч истиҳола қилмасдан эълон килаётган одамнинг Муҳаммад Солиҳни такаббурликда айблай олганига ҳайронман”.

Акром Малик: “..Солиҳнинг шеърияти ҳақида “Қувғиндаги шеърият” деган тадқиқот бошлаган эдим. У Алишер Навоийдан сўнг туркий дунёдаги туркона тафаккур соҳиби бўлган камсонли қаламкашлардан деб ҳисобладим. Унинг шеърларидаги исёни, ноодатий сатрлари, кашфий қофиялари, гўзал сўз ўйинлари, фавқулодда яширин латиф маънолар ҳайратимни уйғотар эди..”

Мен: Бу ёзилмай қолган тадқиқот китобидан менинг хабарим бор. Акром мана шу “Қувғиндаги шеърият” китобини ёзишни бошлаганда М.Солиҳ унга: “Бу китоб ҳозир кераги йўқ, сен халққа бўлаётган зулм ҳақида ёз”, деб уни тўхтатган. Акромнинг “М.Солиҳ фақат ўзини мақтаганларни севади” дегани ҳам асоссиз, уйдирмага қурилган гап.

Акром Малик: “Муҳаммад Солиҳнинг хоинлиги ўз тобелари учун қайғурмаслиги, уларни бир инструмент деб билишигина эмас, балки уларнинг исмини ҳеч қачон яширмаслиги, уларнинг сирини сақламаслиги ҳамдир”.

Мен: Агар М.Солиҳ Усмон Ҳақназаровнинг аслида Бобомурод Абдуллаев эканини сир сақламаганда эди, ДХХ Бобомуродни 2003 йилдаёқ, яъни Солиҳ унинг У.Ҳакназар эканини билган йилдаёқ ҳибсга олган бўларди. М.Солих у Ҳакназар бўлгани учун қамоққа олингандан кейингина унинг Усмон Ҳақназар эканини дунёга эълон килди. Бу билан Бобомуродни ўғри сифатида қамалиб, қамоқда ўлдирилишидан сақлаб қолди. Чунки МХХ уни стадиондан инвентар ўғирлаган бир “ўғри” деб ҳибсга олганди.

Акром: “Ўзини мусулмон деб мақтанадиган Солиҳ бу биоахлат билан нима учун дўст эканлиги қизиқ”.

Мен: Бу иддао ҳам қип-қизил ёлғон. М.Солиҳнинг ўз эътирофига кўра, одам зотида у ёмон кўрган икки жиҳат бор:

Биринчиси, нонкўрлик. Иккинчиси мунофиқлик. М. Солих бу мавзуда бутун китобларида оз бўлса-да такрорлаб келади. М.Солиҳ ўз мусулмонлигини ҳеч қачон бўрттириб кўрсатмаган. Унинг яқинларигина унинг тақволи мусулмон эканлигини билишади. Шахсан, мен уни ҳеч қачон бошига латта дўппи кийиб, мусулумонлигини намойиш қиладиган “Акром типи”даги одамлар қиёфасида кўрмаганман. Аксинча, Бобомурод Абдулла ёниб-куйиб, ҳасад билан ёзганидай, у доим “замонавий шим кийиб, қора кўзойнак тақиш”дан чекинмайдиган модерн бир инсондир.

Акром: “Мен эса фаришта эмасман. Жуда кўп хатолар қилиб келаётган бандаман. Шунинг учун Рассом Туздек бир биотурга ҳамма фитналари учун битта қилиб жавоб берсам ҳам бўлаверади. Бу Ўзбекистонинг 35 миллионлик халқини бир сафга тизилган аҳмоқ, биомасса, фикрсиз дебил деб атайдиган такаббур Акром Маликни “шунос”, “Оқ мерган” деб атаб келмоқда”.

Мен: “Рассом Тузни танимайман, у билан ҳеч қачон мулоқотда бўлмаганман. Лекин у Акром Маликни “Оқ мерган” деган бўлса, ёлғон айтмабди. Чунки Акром Малик ўзининг 2020 йил 21 ноябрда ёзиб, энг яқин дўстларига тарқатган хатида айнан шундай деб ёзган: “Қора мерган” ҳақида (Асилбек ОДИЛ тахаллуси билан) ёзарканман бу мақолалар менинг қўрқоқлигим ё хоинлигимнинг эмас, балки ДХХнинг ўзига номуносиб бўлган услуби учун бир исботдир”.

Акром бу хатни мен ёзмадим деса, унинг иймонига ишонмайман. У тилидан туширмайдиган Аллоҳдан қўрқмаган бир мунофиқ бўлади, мен учун.

Акром: КВАРТИРА ВА ОҚ “СПАРК”. Квартира мен учун тўёна қилиб берилди ва бу ижодий ишларим учун шароит эканлиги айтилди. Шахсан Президент: “Акромнинг услуби Қодирийники каби равон, у каби ёзадиган бошқа бировни кўрмаганман, уни асраш керак”, – деган. “Ўтган оғир кунларини унутсин, фақат ижод қилсин”, – дея уй бериб, ҳеч кимга билдирмасликни, бу иш холис яхшилик, савоб учун бир ҳадя эканлигини ҳам тайинлаган Президент эди”.

Мен: Албатта, ҳар бир “ҳадия”га қаршилик бир “раҳмат” бўлади. Акром бу “раҳмат”ни Каримов режимининг Бош Душмани Муҳаммад Солиҳни қоралаш билан айтаяпти. Худди ҳамтовоғи Бобомурод Абдулла уч хонали квартира учун “Президентимизга раҳмат” деб йиғлаганидай. Кейин айнан Акром каби бу “раҳмат”ни моддийлаштириб, Солиҳга шармсизларча лой чаплаганидай.

Акром: “Солиҳ Шилада қаср каби вилласида фароғатда ўтиради, унинг учун Акром Малик оловда ёнади – унинг мақсади шу. Акром Малик қамалса, менинг тарафдорим қамалди деб яна ўз нархини оширади”.

Мен: Акром билан Бобомурод бу қоралаш компаниясини биргаликда юритаётгани аёнлашиб бораяпти. Муҳаммад Солиҳнинг “Қамоқда ўтирганлар ҳисобига” бой-бадавлат яшаётгани ҳақидаги аҳмоқлар учун эртак фақат Ўзбекистондай хабардан изоляция қилинган мамлакатдагина ўқувчи топиши мумкин. Яъни, Солиҳ қанча одамни қаматса, унга шунча даромад келармиш. Душманига қарши пропагандада бундай безбетликни фашист Геббелс қилаолган, холос. Бу жумлада Акром яна ўз-ўзига зид ҳам гапираяпти. Мақоласининг охиридаги жумлага қаранг:

“Солиҳнинг ҳаётига назар солсак, унинг бутун бошли фаолияти машаққатдан иборат: Ўзбекистондан сургун, 1999 йилга феврал воқеасининг туҳмати, укаларининг қамалиши, у бош бўлган ташкилотларнинг муваффақиятсизлиги, унга эргашганларнинг умри қамоқда ўтгани, янги ҳукумат келганда ҳам Ватанга қайта олмагани”…

Мен: Акром аввал “Солиҳни виллада фароғатда ўтиради” дейди, кейин “Солиҳнинг бутун фаолияти машаққатдан иборат: Ўзбекистондан сургун, 1999 йилга феврал воқеасининг туҳмати, укаларининг қамалиши, унга эргашганларнинг умри қамоқда ўтгани, янги ҳукумат келганда ҳам Ватанга қайта олмагани”деб ҳайратга тушади. Хўш, қайси жумласи самимий бунинг? Ҳар иккаласи ҳам мунофиқнинг жумласи!

Акром: Наҳотки, яхши бир инсонга шу қадар зулм етиши мумкин? Йўқ, агар инсон буткул яхши бўлса, бу қадар кўп таҳқирлар остида қолиши ақлга сиғмайди. Чунки ҳар хорликдан сўнг мўмин учун бир иззат бор. Лекин Солиҳ ҳали иззат топа олмади”.

Мен: Бу ваъздан шундай хулоса чиқади: Муҳаммад Солиҳ ёмон одам бўлгани учун ҳам Аллоҳ уни ва унинг қариндошларини хору-зор қилди яъни Каримов эмас, Аллоҳ унга жазо бериб қўйган…

Астағфуриллоҳ, гўё зулмни Каримов эмас, Аллоҳ қилган! Астағфуруллоҳ! Бу қандай мусулмонлик?! Бу кимса Муҳаммад Солиҳнинг “айби”ни унинг олган “жазоси”га қараб исботлайди. Бу Шайтони-Лаиннинг методи!!! Бу мантиқдан 37- йилда бадарға қилинган, қатл этилган жадидлар ҳам ўзларининг “ёмонликлари учун” жазоланган. Асрлар давомида, саҳобалардан тортиб, Абу Ҳанифадан тортиб, золим ҳукмдорлар тарафидан ўз этиқодлари учун азоб чеккан бутун илм одамларига қадар, ҳаммаси “ёмон бўлганлари учун” узун йиллар ҳақоратланган ва азоб чеккан, шундайми? Исломда бундай мусулмонларнинг битта таърифи бор: МУНОФИҚУН.

Акром: “Чунки ҳар хорликдан сўнг мўмин учун бир иззат бор. Лекин Солиҳ ҳали иззат топа олмади”.

Мен: Биринчи жумла тўғри.”Ҳар хорликдан сўнг мўмин учун бир иззат бор”. Муҳаммад Солиҳнинг китобларини ўқиган инсон унинг таҳликали ҳаёти тўла иззат ичида ўтганига гувоҳ бўлади. Солиҳ: “Ҳатто қамоқ ҳужрасида ҳам Аллоҳ мени иззатли қилди. Нега? Сабабини билмайман. Фақат тинмай шукр қиламан”- дейди. Биз биламиз, ҳар қандай яхши ниятли, холис инсон Муҳаммад Солиҳнинг бу шукронасини англайди. Солиҳ иззатда, чунки ҳар хорликдан сўнг мўмин учун бир иззат бор. “Муҳаммад Солиҳ ҳақида” номли бир китоб нашр бўлган, Туркияда. Ўзбекистондаги ҳеч бир сиёсатчи (Каримов доҳил) ёки ҳеч бир ёзувчи ҳақда бундай бир китоб чиққани йўқ. Китобдаги мақолалар муаллифларининг аксарияти чет эллик илм одамлари ва сиёсий шахслар. Бу китобни ҳасадгўй Бобомурод ва Акром типидагилар ёзаётганидай “Солиҳнинг ўзи уюштирган”и йўқ.

Масалан Туркиянинг Бош Вазири раҳматли Буланд Эжевитнинг М.Солиҳнинг дўсти бўлганини ва унинг китобига сўзбоши ёзганини бутун дунё билади. Масалан, Туркиянинг яна бир Бош вазири Нажмиддин Эрбоконнинг Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги ҳужжатли филмда гапирган юксак баҳосини уюштириш мумкин эмас. Муҳаммад Солиҳ бугун ҳам Туркияда Бобомурод бориб меҳмон бўлган, кейин ҳасад билан тасвирлагани “Шиладаги виллада фароғотда” яшаяпти. Уйи ва ўзи давлат тарафидан қўриқланади. Еттита тан соқчиси бор. Қаерга борса, катта иззат-ҳурмат билан кутиб олинади. Фақат Солиҳ бу ҳаёт тарзини ҳеч қачон кўз-кўз қилмаган. У фақат душмаларга қарши такаббур, буни ўзи ҳам эътироф этади. Аммо дўстларга қарши доим дўстдир, ғамхўрдир.Буни Акром ҳам, Солиҳнинг тузини еб, тузлиғига тупураётган Бобомурод типидаги нонкўрлар ҳам жуда яхши билади. Бу кимсаларга “Солиҳ сенга нима ёмонлик қилди?” десанг довдираб қолишади. Бирданига аниқ жавоб беролмайди. Ёмонликни уйдириш учун вакт керак, зотан. Булар шунақа уйдирмачилардир. Энг тўғриси, мунофиқлардир.

Акромнинг ўз мақоласига изоҳи қизиқ:

Акром: “Ўз сафига тортмоқчи бўлиб буни эплай олмаган тўнка қиёфали ўта гўштдор бир иккиюзламачи кас: “Акромни мен уйлантирдим, унга уй олиб бердим, бунинг эвазига ДХХ учун ишлаяпти, “Спарк”ни фалончининг қўнғироғи билан олди”, – деб одамларни алдаб юрибди. Қорнини ҳаром билан шишириб, ҳамон фосиқлик ва фожирликда давом этаётган у каби қаллоблар ҳам буни ўзлари учун билиб қўйганлари маъқул”.

Мен: Бу ерда Акром журналист Саид Абдулазиз Юсуповни назарда тутаяпти. Акром унга “мени сен эмас ДХХ уйлантирди, уйни хам ДХХ олиб берди, Президентга ҳам менинг нақадар юввош йигит эканлигимни, хизматга тайёр эканимни, Президентни жуда-жуда севишимни сен эмас, ДХХ тушунтирди, кейин бунга жавобан “Спарк”ни ҳам Президент берди менга, сен эмас, қаллоб!”- дея ўшқираяпти. Аслида Акром Саид Абдулазиз Юсуповнинг “Акром ДХХ га ишлаяпти” дегани учун ғазабга тўлаяпти. Уни жунбушга келтирган шу ҳақиқат:

АКРОМ ДХХга ИШЛАЙДИ”

23.05.2021

Раҳмиддин АБРАЕВ

Манба: facebook.com