2015 йил 12 ноябрь куни 22 йиллик қамоқдан озод қилинган Ўзбекистон демократик ҳаракати фаоли¸ собиқ депутат ва Муборак шаҳар собиқ ҳокими Мурод Жўраев мураккаб операция учун Германияга боришга муҳтож. Аммо, у ички ишлар ва МХХ унинг чиқиш визаси олиш имконини турли йўллар билан тўсиб келаётганини айтмоқда.
Мурод Жўраев – Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларида мамлакатда демократик бошқарувни шакллантириш учун курашиб¸ умрининг 22 йилини қамоқда ўтказишга маҳкум этилган собиқ депутатдир.
Ўзбекистон қамоғида энг узоқ ўтирган сиëсий маҳкумлардан бири саналган Мурод Жўраевнинг қамоқдан соғлиғи абгор аҳволда уйига қайтганига бир ярим йилча бўлиб қолди.
Қамоқдан чиққанидан кейинги бир йил давомида ҳар босган қадами учун маҳаллий милиция бўлимига ҳисоб бериб туришга мажбур бўлган собиқ депутат¸ бир йилдан сўнг ўз ҳаракат эркинлигининг тикланишига умид қилган эди¸ аммо бу умидлар ҳозирча ўзини оқламаган.
Собиқ депутатнинг рафиқаси Холбека Жўраевга кўра¸ Мурод Жўраевга мураккаб жарроҳлик амалиëти кераклигини айтган Тошкентдаги нейрохирурглар¸ унга Ҳиндистон ëки Европа давлатларидан бирига боришни тавсия этган.
Аммо, Холбека Жўраевнинг айтишича¸ Ўзбекистондан чиқиш визасини олиш¸ Мурод Жўраев мисолида¸ амалга ошириб бўлмас ишга айланган:
– Қамоқдан чиққанларидан кейин¸ бир йил давомида назоратда бўлдилар ва ҳатто, касалхонага борсак ҳам¸ милиция ходимларидан рухсат олиб¸ қайси касалхонага¸ нима сабаб билан бораëтганлари ҳақида отчëт бердик. Тошкентга ҳам бормадилар. Бир йилдан кейин надзор тугади. Кейин соғлиқларини тиклаш учун ëрдам сўраб, элчихоналарга мурожаат қилдик. Германия элчиси у кишини уйга келиб кўриб кетувди. Элчи Германияда операция қилдиришга ëрдам берамиз¸ фақат ОВИР визасини олинг¸ деди. Биз 24 апрель куни Қашқадарë вилоят Ички ишлар бошқармасига ҳамма ҳужжатларни топширдик. Бир ойча ўтиб¸ суддан ажрим олиб келинг¸ деб телефон қилишди. Тошкентга бориб¸ суд ажримини олиб келдим. Ундан кейин¸ Муборак профилактика бўлимидан рўйхатда туриш-турмаслиги ҳақида справка олиб келинг¸ дейишди. Бу ерда эса¸ 22 йил қамоқда ўтирган Жўраевнинг яна камида 15 йил милиция назоратида қолиши ва шу боис¸ унга ОВИР визаси учун справка берилмаслигини айтишди¸ – дейди собиқ депутат¸ Муборак шаҳрининг собиқ ҳокими Мурод Жўраев рафиқаси.
Мурод Жўраевга хориж чиқиш рухсатномасини олиш учун яна 15 йил кутиш лозимлиги ҳақидаги баëнотнинг қайси қонун ëки қарорларга асосланганини расмий тизимлардан ўрганишнинг ҳозирча имкони бўлмади.
Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган “Эзгулик” инсон ҳақлари ташкилоти фаоли Абдураҳмон Ташанов собиқ маҳкумлар¸ хусусан¸ сиëсий маҳкумларнинг хорижга чиқишга рухсат бермаслик ҳақида ички ишлар ва хавфсизлик тизимларида низом бўлган тақдирда ҳам¸ уни конституция ва қонунларга зид эканини айтади:
– Ўзбекистон конституцияси ва қонунларига кўра¸ озодликдан маҳрум этилмаган шахс барча ҳуқуқларга эгадир. Бу ҳақлар эса¸ жазо муддатини ўтаб бўлган одам¸ хусусан¸ сиëсий маҳкумларга ҳам бирдек тегишли бўлиши керак. Аммо¸ ҳозирча Ўзбекистонда сиëсий ислоҳотлар бўлгани йўқ¸ на сиëсий мухолифат ва на фуқаролик жамиятига нисбатан муносабат ўзгаргани йўқ. Ҳамма нарса эски сиëсат инерциясида давом этаяпти. Мурод Жўраевга муносабат ана шу инерциянинг бир кўриниши¸ холос¸ – дейди ҳуқуқ фаоли.
Озодлик билан суҳбатда Холбека Жўраева¸ Ислом Каримов буйруғи билан қарийб 22 йил қамоқда ушланган эри¸ гарчи Каримов ўлимидан олдин озодликка чиқарилган бўлса-да¸ Мирзиëев даврида ҳам нафақат Мурод Жўраев¸ балки унинг фарзандларига нисбатан босимнинг ҳам ўзгаришсиз давом этаëтганини айтади ва бунинг учун МХХ ни айблайди.
Каримов даврининг энг танилган сиëсий маҳкумлари – ëзувчи Мамадали Маҳмудов¸ собиқ депутатлар Мурод Жўраев ва Самандар Қўқоновлар озодликка чиқарилганига қарамай¸ уларнинг ҳаракат эркинлиги чекланганича қолмоқда.
Мамадали Маҳмудов ва Муҳаммад Бекжоннинг хорижга чиқиш визаси берилиши учун барча инстанцияга қилган мурожаатлари¸ Мурод Жўраевники каби¸ натижасиз қолмоқда.
Бу учала таниқли сиëсий маҳкум¸ Шавкат Мирзиëев бошлаган айрим ўзгаришларни олқишлаган ҳолда¸ умрининг энг сермаҳсул йилларини қамоқда ўтказишга ҳукм этилган Каримов мухолифларига нисбатан муносабат ўзгаришига умид билдирган эди.
Манба: “Озодлик” радиоси