O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мурод Човушнинг ҳикояси

Мурод Човушнинг ҳикояси
179 views
03 May 2020 - 13:03

МУРОД ЧОВУШНИНГ ҲИКОЯСИ

Фэйсбукда янгиликларни варақлар экан, Мурод Човушнинг бир матнига кўзим тушди.

Жуда оригинал бир мушоҳада соҳиби бу йигит.

Балки адабиётшунослар уни бугун ёки эртага “ўзбек насрининг янги юзи” дея ёзажаклар. (Балки, ёзгандирлар, хабарим йўқ). Ёзмасалар демак ўзбек адабиётида адабиётшунослик ҳали ҳам шаклланмабди.

Тўғриси, камина ҳам бу масалада адабиётимиздаги диққатга сазовор воқеаларни иҳмол эттим.Кузатишга имкон бўлмади.

Майли.

Гап шундаки, Мурод Човушнинг шу бир парча матни мени ўзбек насридан жиддий умидлантирди.

Бу матн шеър каби ўқилади.

Матоҳ тамоман метафористик.

Мистицизмга мойил, ҳатто диний ёки тўғрироғи ўзининг диний эканлигидан шубхаланган бир тафаккур.

Энг муҳими самимий, ўйин йўқ, жумлаларда зўракилик йўқ.

Ҳикоя қилаётган персонаж матн муаллифи билан бирга кетаётгандай худди.

Шубҳасиз Кафкани эслатади. Аммо бу тақлид эмас. Унда Кафканинг мистик натурализми йўқ.

Кафканинг ҳикоялари планланган тушларга ўхшайди.

Муроднинг ҳикояси планланмаган туш. Ташбиҳлари Кафканикидан порлоқроқ.

Бу матнни саҳифамиздаги йигитларга юбориш учун сарлавҳа ахтардим. Сарлавҳа жуда кўп топилди. Бу ҳам бир баҳо. Матннинг баҳоси.

Бир адабиёт ўқувчиси сифатида Мурод Човушга ўз истеъдодига жиддий қарашни тавсия этардим.

Адабиётшуносларга ҳам тавсиямиз айни; бу истеъдодга жиддий қаранг.

Муҳаммад Солиҳ

* * *

ЮЗНИ АСРАШ КЕРАК

Д.Н. бу қишлоққа тоғдан тушиб келганди ёки тоққа кетаётганда йўлидан чиқди. Унинг ўзи қайси манзилда экани ҳақда ўйламасди чунки ҳар қайси манзил унга тегишли эмасди ёки аксинча. Хуллас,бу қишлоқ аҳли ниқоб тақиб юрганини пайқаб қолди. Қишлоқ кенг ва узун эди, охири кўрингунча яна бир йил ўтар ёки беш йил, билмасди. Қишлоқ дўконларида ниқоб сотилади аммо Д.Н.нинг пули фақат озиқ-овқат сотиб олиш учун етарди – одам юзидан фарқ қилмайдиган ниқоб Д.Н. учун қимматга тушиши мумкин эди: бу қишлоқда қолиб кетишидан қўрқиб юзига лой, балчиқ суртиб қишлоқ оралай бошлади. Балки бир йил ўткандир лекин қишлоқнинг охири кўринмасди.

У қишлоқ ариғида чўмилиб юзига лойдан ниқоб “тақиб” йўл юришда давом этди.

Йиллардан бир куни у нон сотиб олиш учун дўконга кирди. Дўкон сотувчиси Н.исмли аёл эди.

-Кечирасиз! Илтимос, мени кечиринг. -Д.Н. ҳайрон қолди ва бу аёлни нега кечиришим керак, деб ўйлади.

-Кечирасизми,- Аёл сўзини қайтарди.

-Сўзланг.

-Мен “Юз китоби”номли асар ёзяпман. Сизнинг юзингиз қишлоқ аҳли юзидан фарқ қилар экан.

Аёл гапирарди-ю дунёдаги барча аёллар каби ойнадан кўзини узмасдан пардоз-андозини давом эттирарди.

Д.Н. аёл ойнасига қараб юзимдаги ниқобни шу қишлоқ тупроғидан ясаб олдим деди. Ва чиқиб кетаётиб дўконда оқ мушуклар галасини кўрди. Улар тинмай ҳаракатда дўкондаги сичқонларни қувишарди. ”Бу яхши”.

Қишлоқ ариғи ёнида тўхтаб нондан тишламоқчи бўлди. Нонда сичқон ҳиди ўрнашиб қолганди. ”Қишлоқ балиқлари ейди” деб нонни ариққа ташлади. Юзини ариқ сувига ювиб дўкон тарафга қараб секин шивирлади: ”Сизни кечирдим.”

Кейин йўлида давом этди, қишлоқнинг охири кўриниб қолганди, тўхтаб Узумзор соясида тўхтаб ёнбошлади. Ғўрадан узиб ичига ютди, баданига сал қувват кирди ва бу жойлар ҳақда билги берган одамининг энг сўнгги сўзини эслади:

-Юзни асраш керак.

У қоф тоғи томон йўлга чиққанди.

Ошиқлар аршнинг чексиз йўлида юраверадилар. Юраверадилар. Икки ён қабристон. Тупроқ. Майхона эдику бир вақт. Ҳар қандай жамият қора кўлкани асаб торлари билан ўстиради. Аммо унга қарши энг кучли қурол бор – ожизлик. Ожизлик тангри қудратининг нишон белгисидир. Ожиз одамгина кўлкага асир тушмайди. Йўлни йўқотмайди. Йўл бошловчи томонидан келаётган чақалоқ йиғисига ўхшаш овозни ўчириб қўймайди. Коинотда бўлиб ўтган тўс-тўполонларни ҳам эшитади. Кўради. Коинот ҳамма нарсани архивида сақлайди. Кейинги сафаримизда осмон зиналарини ўрганамиз. Бу тун. Хон қизи нима ҳақда ўйлаяпти экан. Ҳар қандай ўйлардан соқит бўлишим керак. Зеро, тоққа юк билан чиқиш қийин.

Мурод Човуш