O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мурод Човуш. “Ҳеч” (2)

Мурод Човуш. “Ҳеч” (2)
164 views
21 February 2013 - 10:57

murod_karimМаҳмуд Қидиров редакция биносидан чиқиб, журналистларнинг доимий ўтирадиган кафеси томон юрди. Кафе ишхонанинг ёнгинасида, Маҳмуд Қидировнинг ўзи санагани бўйича уч юз қадам чиқади. Кафега яқинлашди. Ичкарида Абдуҳолиқ Қалқон ва Денгиз Наимов ароқ, шекилли, ичиб ўтиришган экан. Кафега киргиси келмади. Кофе ичмоқчи эди. Орқага қайтди. Автобус бекати томон юра бошлади.

Темур парки ичидан ўтмайди. Парк ичида кекса дарахтлар унга ҳадеб эслатишади. “Шунинг нима кераги бор?”

Ўзбек чоли ҳассага суянади. Маҳмуд Қидиров ҳассага суянмайди. Кекса дарахтлар Қидировга ҳассани эслатишади. У дарахтларни тушунади. Дарахтларни кимдир тушуниш керак-ку. Йўқ, унинг ўзи кекса дарахт, умрини ўтаб бўлган, баргини тўкиб бўлган, томири қуриб бўлган, яшашга, бўй чўзишга кучи қолмаган.

Ёш дарахтлар кафеда ўтиришибди. Уларга ҳаваси келади. Ва ҳаваси келмайди. Улар билан гаплашгиси келади. Ва гаплашгиси келмайди. “Фойдаси йўқ. Яшашнинг фойдаси йўқлигини билиш учун етмиш уч йил яшашимга тўғри келди. Англашнинг бемаънилигини билиш учун эҳ-ҳе қанча китоб ўқиш керак бўларкан”.

Костюмининг ички ўнг чўнтагидан конфет олиб оғзига ташлайди. Автобус ана-мана келиб қолса керак. Ана-мана келиб қолмаса ҳам майли, бир соат ёки икки соат келмасин.

Шошилаётгани йўқ. Шошилиб бўлди. Олдин китоб ўқиганда, оғзида эриётган конфетнинг таъмига маза қилгандай, миясида адабий қаҳрамонларнинг ҳаракатини англаб ҳиссиёти жўшарди.

У бекатгача нима ҳақда ўйлаб келганини эсламоқчи бўлади. Нияти, аслида ичидаги тушкун кайфиятни йўқотмоқчи. Бу ҳиссиётни сўзга, кейин гапга айлантирмоқчи эмас. “Ёлғизликдан” деб қўяқолади, холос.

“Ҳа-я, нима ҳақда эди? Йўқ, ҳеч нарса ҳақда ўйламабман-ку”.

Юзида табассум югурди, ўтиб кетди. Бу конфетнинг ширинлигидан. Одам ўзини ҳар замон алдаши ҳам керак-ку.

Бирдан Толстой эсига тушади. У қаёққа қочиб кетганди? Ўлимидан қочганмиди? Йўқ. Хотинидан ҳам қочмади. Ўзидан қочдими? Шундай деса ҳам бўлади. Толстой ёнувди, ёниб кетаётганди. Миясида тўпланган ҳашорат — фикр ёна бошлади. Бу ёнғин уни адойи-тамом қилди. Ёнғинни ўчиришнинг иложи топилмади. Иложи ҳам йўқ-да. Эй, тўхта, иложи бор. Буни ўйлаб кўриш керак. Айтганча, аёллар ўзига суиқасд қилишса олов қўйиш усулини танлайди.

Қизиқ. Ўтган ҳафта хоразмлик бир аёл ўзига олов қўйибди. Ким айтди? Эсимда йўқ. Нега олов?

Заҳар ичиб ўзини ўлдирса, маъқулроқмасми? Заҳар нархи қиммат турса керак. Арқон билан-чи?

Йўқ, бу қийин жараён — арқон топиш керак, уни шифтга боғлаш, оёқ остига стул, э, бу — узун кечади, вақт ўтади, қарабсиз-ки, жаллод ниятидан қайтади. Олов яхши усул. Эгнига бензин сепиб гугурт чақса бўлди. Тамом. Ниятдан қайтиш ҳам кеч бўлади. Бир зумда ёниб кул бўлади.

Толстойга раҳмим келади. Миясида фикрлар тўлиб-тошиб кетганди. Қай бирини тўғри-нотўғри эканлигини билмади. Одамни бунчалик севиш ҳам керак эмас. Кўникиш керак эди, Толстой. Лев, нега кафега кирмадингиз? Абдуҳолиқ Қалқон кафеда ўтирган экан, Денгиз Наимов билан.

Нима қипти? Ўзим ҳам билмайман! Алдаяпман. Биламан. Нима қипти. Анови Денгиз Наимми?

Ҳа, маст. Боши эгик. Метрога томон кетяпти. Унга ачинаман. Мен унга ачиниш учун етмиш уч йил яшадим. У менга ачинади. Ана-мана ўлади, деб ўйласа керак. Шундай ўйлайди. Нима қипти. Мен унга вазифамни ўтаб бўлдим. Ва тескариси — менга у. “Мен дунёга келдим.

Вазифам бировларнинг кўнглини овламоқ”. У шуни ҳис қилган ёки билганми — бировларнинг кўнглини кўтариш тубанлик, билган. Шоир. Бир сатр шеър ҳам ёзмапман. Қизиқ. Автобус келди. Вазифасини ўтаяпти. Қани, Лев Николаевич автобусга чиқамиз. Қидиров автобус тўрига бориб бўш ўриндиққа ўтиради. Толстойга ёрдам бермоқчи. Толстойни кафеда ўтирган ёш дарахтлардан қутқармоқчи. Уф. Толстой ўлиб кетса бўлмайди-ми? “Мияси айниган чол”.

Эшитдим. Наимов айтди. Улар кафега кираётганимни кўришмади, кўришдими? Атайлаб айтдими? Мени кўриб.

Ёмғир ёғаётган экан. Кўрмапман. Сезмапман. Эътибор қилмаганман. Йўқ, уни қабул қилишга вақтим бўлмаган. Ёмғир ҳам вазифасини ўтаб бўпти. Йўқ, бу менинг ҳиссиётим ёмғирга нисбатан вазифасини ўтаб бўлди. Ёпирай. Тангрим. “Бегона” Камю. Мен фақат ўқибман. Фикрлашга вақт ажратмапман. Демак ҳали яшашга ҳаққим бор. Яшаса бўлади. Миям озиқланишига овқат мўл.

Ҳа. Маҳмуд Қидиров юзидан табассум югуриб ўтиб кетади.

Шляпасини пешонаси томон туширади. Кўзини оёқ кийимига қаратади. Йўловчилар “мияси айниган чол” ўйлашмасин. Нима қипти. Кулса. Товуш чиқармай кулди-ку. Қаёққа кетяпман.

Толстой. Маъно топилди-ку. Ўзимни алдаяпман. Қаёққа кетяпман? Уйга. Мени уйда ҳеч ким кутмайди. Кутмоқлик — одат. Лекин сени кимдир кутишини хоҳлашинг нима? Одатмас. Яшаш — одат. Лекин яшашдан чарчаш — одатмас. Қайси маънода. Қариган дарахтнинг шохлари қарсиллаб синиши. Дарахт шохи устимга ағанаб тушади. Қўрққанман. Парк ичидан ўтмаганим.

Оғриқдан қўрқаман. Ҳамма қўрқади. Ҳамма худодан қўрқади. Нима учун? Дарахтнинг шохи синмасин учун. Ичимда нима синди? Ишончми? У ҳар куни синади. Ҳар лаҳза яна тикланиб яна вазифасини ўтайверади. “Ўзингизни ўзингиз алдайсиз”миш. Абдухолиқ Қалқон айтди. Рост.

Ҳамма ўзини алдайди-ку. Аслида одамни шу қутқаради. Алдаш одамда умид уйғотади. Умид образ. Одамнинг бадиий тимсоли. Тимсолда чегара йўқ, охири йўқ ва кўринмайди. Кўринди дегунча — шохлар синар-синмас — янги образ пайдо бўлади — янги шохлар ўсиб чиқади.

Қидиров шляпасини пешонаси, кўзи томон яна туширади. Табассумини автобусдаги йўловчилар кўрмасин. Унга лақаб қўйишган. Бугун билди. Наимов юзига айтди: сиз Антиборхес. Ёзиш демак ёзувчининг латиф олами тажалли қилиши. Мен уялиб қолишим мумкин. Қидиров шляпасини сал орқага суради. Йўловчиларга қарайди. Ҳамма ўз хаёли билан овора. Ҳеч ким унга қарагани йўқ. Миллатда шундай ҳолат бор. Нега? Бир-бирига сездирмайди.

Ёки сезиладиган объектнинг ўзи йўқми? Юрак бўм-бўшми? Тавба қилдим. Тавба қилдим.

Хоразмлик аёл ўзига ўт қўйибди. Ўт қўйиш одат. Муқаннадан қолган. Аҳ, хизмати шу бўлди.

Аёлларга олов билан ўзини ёқишни ўргатди. Ҳамма аёлларимизнинг қонида ўзига ўт қўйиш ёзилган. Ёки ёвга ўлик танасини ҳам топширмасликми? Номус. Нега номус? Номус одам хаёлининг жирканч маҳсулотидан. Бизда фақат хаёл ишлайди. Мен шляпамни туширдим.

Менга одат. Яна бошқача — бошқаларда фикр эмас, ёмон хаёл уйғотмай, дейман. Уларни биламан. Ўзимни. Фақат хаёл ишлайди. Улар бор-йўғи объект. Субъектга қачон айланишади?

Қачонки, қачон шляпамни кўтариб, ҳов анови кампирга тиржайсам, шунда “жаноб, мен сизга кимнидир эслатдимми?”, деса, мен “йўқ, хоним, менда транс ҳолат бўлди, шекилли” жавоб қайтарганимда, у аввали хомуш тортиб сўнг юзида табассум югуради ва мени ўргана бошлайди.

Менинг кийимимга қарамайди, шляпамга қарамайди, оқарган сочимга қарамайди, чўтир юзимга қарамайди.

”Бу ажойиб инсон нима ҳақда ўйлаяпти” ўйлайди. ”Сўрасаммикан, йўқ, бу шарт эмас”… Шундай давом этади. Ёки бошқача. Асосийси – кампир мавжудлигини ҳис қилиб туради. Ва мавжудлигини билдиришдан уялмайди. Чунки унинг мияси эркин, мустақил дунё. Дунёнинг ҳар қаричи кампир томонидан бошқарилади. Қачон шундай бўлади, хаёл? ”Автобус деразасидан қараб кетсанг узоқ-узоқларга кетар хаёлинг” Рауф ёзган. Ана шоирларимиз ҳам хаёлланишади.

Хотиним билан ажрашганим. Сабаби аслида шундай. Қандай эди? Мана бундай: мен уни, унинг борлиғида акс этган воқеъликни билдим. Унинг борлиғи онггига фақат хаёлга озиқ бўладиган — хаёл ишлаб чиқарадиган маҳсулот етиштириб берарди. Бу маҳсулот борлиғини ташкил қилади. Маҳсулот ҳеч нарсадан иборат. Ҳа, ҳа ҳеч нарсадан. Чунки унинг борлиғини ўзи йўқ эди. Агар қўпол қилиб айтадиган бўлсам — шундай.

Кейин нима бўлди? Нима бўларди. Унинг борлиғини хаёл ташкил қилади. Тарих унинг миясида (борлиғида) хаёлда сузиб юради. Унинг мияси (борлиғи) дунёни тасаввур қилибгина ўзича тушуна бошлайди. Ва бу ўзича тушуниш КАТТА ХАЁЛдан иборат, холос, эди. Хаёл ёнидаги кишини сотишга мойил. Хаёлнинг жиловини ушлаб бўлмайди. Натижа қандай бўлади? Хиёнат.

Ҳеч бўлмаса ички хиёнат. Унинг мияси (борлиғи) мендан бошқа, бошқа борлиқ акси билан банд бўлади. Борлиқ одамнинг бирдан-бир ягона илоҳий дунёси. Лекин хотинининг борлиғи ўрнидаги хаёл эди. У товуқмияга мен-да таъсир ўтказолмадим. Менда нима айб? Айб хотинимда ҳам эмас. Айб Зулқарнайнда, унинг файласуфларида. Мен ўзимни алдаяпман.

Абдуҳолиқ чин айтди. ”Афлотун ғояси бизга мос келмайди. Бизнинг табиатимиз аввал ҳаракат қилишни, масалан, йўл юришни, йўл юрилгандан сўнг нима учун йўл юрилганлиги ҳақда фикр юритишни талаб қилади.”

Чунки миямизда, ҳар битта миллатда бўладиган, нуқтадек нарса йўқ, йўқолган. Унутилган.

Шунинг учун аввал уй қурамиз, иморат битгандан сўнг ”нима учун уй қурдим?” деган саволни ўзимизга берамиз. Аввал туғиламиз, кейин нима учун туғилдик? деган саволни ўзимизга берамиз. Отам тирик бўлганда сўрардим: нима учун ўн битта фарзанд туғдирдингиз, бу қўзичоқларни қандай боқаман, деб ўйламадингизми? ”Ҳа, ўғлим худо бергани-да”, дерди агар тирик бўлганида. Бу саволга ундан жавоб олишим учун тирик бўлиши шарт ҳам эмас. Хўш, борлиқдаги (миядаги) ўша нуқта — уруғ нима бўлиши мумкин? Унинг рангги қанақа? Агар бор бўлганда! У йўқ. Балки бор? Нуқта, масалан, ёмғир томчиси билан миядаги борлиқни боғлайдиган восита — билиш. Ўзбек қандай билади? Ёки қандай англайди?

Маҳмуд Қидиров уф тортади. Уф-ф, уф-ф. Нигилистлар менга таъсир ўтказиб қўйишибди-ку.

Абдухолиқ фикри тўғридир. Нимайди: ҳаракат — одам борлиғи, тамом, қадимги туркнинг биздан фарқли хусусияти шу, дейди. Денгиз Наим қўшилмайди: “Ҳаракат ва борлиқ параллел, бир-бирисиз мавжуд эмас“. Мен нима девдим шунда. Эсладим: илоҳий дунёни рад қилманг.

Шунга ўхшаш гап айтдим. Нега шунга ўхшаш? Шунақа девдим. У нима деб жавоб қайтарувди?

“Руҳ воситасиз ҳаракат қила олмайди”. Сиз ўйлаган ўлимдан кейинги ҳаёт йўқ ва шунга ўхшаш. Ҳақиқатан, восита бўлиши керак-ку, танани ўрнини босадиган.

Уф-ф…

(Давоми)