O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мурод Човуш. «Ҳеч» (5)

Мурод Човуш. «Ҳеч» (5)
150 views
27 February 2013 - 12:05

murod_karimЧоллар чой ичаверишади-ичаверишади. Улар ўлимни кутишади. Унинг келмай қолишини мўъжиза билишади ва бу мўъжизага ишонишмайди, чунки билишади: яқин кунлар, ойлар, йиллар ичида ўлишади. Бемаънилик, маъносизлик.

Ўтган куни чойхонада ўтирганимизда ёнимиздаги сўрида қариялар валақлашиб ўтиришувди. Гўё бу дунёдаги вазифаларини аъло даражада бажариб бўлишгандек, бир-бирига латифа айтишиб, маъносини чақар-чақмас бир-биридан ўтказиб кулишади. Агар олдимизда ўзбек тилини билмаган одам бўлса, бу чоллар ким қаттиқ ва баланд кулишдан пойга ўйнаяпти, деб ўйлаши мумкин. Мен ҳам аввалига шундай ўйловдим. Улар аслида нима учун «қаҳ-қаҳ«лаб кулишаётганини билишадими? Латифани мен ҳам эшитдим. Унда ҳеч бир кулгули жой йўқ.

Ёнимдагилар ҳам эшитишди. Ёнимда йигит ва қиз. Уларнинг ёнида чол турибди. Чоллар метрога кам тушишадими? Нега? Шу чолдан сўрайми, агар шу чолдан сўрасам «Худонинг иродаси-да, болам», дейди. Бу жавоб мени қониқтирмайди. Шунинг учун кунлаб ёки йигирма соатлаб ухлайман-ухлайвераман. Уйғониб қолишдан қўрқаман. Чолларнинг чой ичишига ва чойхонадаги «қаҳ-қаҳа»сига ўхшаш ҳолат. Ичимда бир мавжудот бор, тасаввуримда у гап охирида қўйиладиган кичкина нуқтага ўхшайди, тинмай ҳаракат қилади. Мени гап тузишга ундайверади. Мени фикрласин дейди, балки у ўзининг мавжудлигини сақлаб қолиш учун курашар. Уйқу — менинг бирдан-бир халоскорим менга ширин хаёл — туш инъом этади. Туш — бу хаёлнинг давоми. Қариялар кўп туш кўришади. Сабаби ўтган умрларини хаёлида кўп эслашади. Ҳалиги қора нуқтанинг гап ясашини хоҳлашмайди. Ҳа, чолларга ўхшайман, аммо фарқ равшан — мен ҳали яшайман-яшайвераман. «Ҳеч сўнмасин ёнган чироғинг». Менинг шамим ипининг сўнгги нуқталари ёнгунига қадар ўлимнинг устидан хўп куламан  — унинг табиати устидан ҳар хил ҳукмлар чиқаравераман. Ўлим — ичимда ҳаракат қилаётган ўша қора нуқта. Мен ўлишни ҳам хоҳламайман, яшашни ҳам хоҳламайман. Чоллар ўлимни ҳам хоҳлашмайди. Яшашни ҳам хоҳлашмайди. Мен ухлайвераман. Тушим ўзича ҳаракат қилади.

Унда мен иштирок этмайман. Фақат томоша қиламан. Менинг ҳам ҳақнинг бир зарраси бўлиб қолгим келади. Одам қариганда тангрига айланиб қолади, демоқчи эмасман. Йўқ-йўқ.

Тушдаги воқеалар иродамга гоҳида боғлиқ равишда ривожланади. Бунинг менга қизиғи йўқ. Мен туш кўришнигина яхши кўраман. Ёмон, даҳшатли туш кўрсам қиёмат-қойим бўлгандек, уйғониб кетаман. Фақат туш кўриш учун ухламайман. Одамзотга хаёлга эрк бериш ёқади. Энг ёқимли машғулот. Қанийди, йигитнинг қизи (у ниҳоятда чиройли ва таъбимга мос) билан бекатда ёлғиз, икков бўлиб қолсак, атрофда ҳеч ким, ҳеч қандай шарпа бўлмаса-ю, унинг қўлидан ушлаб ўзим томон тортсам, унинг юзида табассум пайдо бўлиб сўнг лабим лабига тегса-ўпишсак, «бу ер ноқулай жой, меникига борамиз» десам, қиз, исмини билишим шарт эмас, ўпишишдан тийилмай, бошини «ҳа» дегандай қимирлатса. Чойхонадаги чоллар ўлишни репетиция қилишарди. Мен ҳам шанба, якшанбада. Энди ҳар куни. Ишдан бўшадим-ку. Йўқ, бу бошқа нарса — мен фикрлашни хоҳламайман. Фикрлаш — уруш, қақшатқич уруш-ки натижада енгиласан, у манзилга олиб бормайди, унинг орқасидан юраверасан-юраверасан, гўё у сенинг изингдан келаётган кўринади-ю шу сабаб фикрлаш-яшаш сенга уйқудан уйғониб ишга бориб келишдай осон ва содда туюлади, ёки сақич чайнашдек — эрмак, шунақа деса ҳам бўлади, аксинча чолларга ҳавасим келади; улар урушдан чарчаб урушмай қўйишган, ўзларига ўхшашади. Улар ўлимни кутишади, лекин ўлиш учун ҳаракат қилишмайди. Уларга ҳавасим келади ва ҳасад қиламан. Сабаби етмиш-саксон йил яшаб қўйишди. Мен яна камида ўттиз-қирқ йил яшашим керак. Шунинг учун ухлашни ёқтираман. Ухласанг, ухлайверсанг. Икки юз йил ухлаб қолсам. Қорда ухлаб қолишганидек. Уйқудан уйғониб «мени қутқар» десам. Чунки англаган бўламан, абадий ухлашнинг иложи йўқ, бир кунмас бир кун уйғонасан, аждарҳо уйқудан уйғонганидек ва вақтдан ташқарига чиқишга интиласан ва ҳали, минг афсуски, вақтинг кўп, масалан, боя, кафеда Собит Маҳмудий «вақтим камиди, ишга боришим керак» деганда ҳайрон қолувдинг, ҳам ҳавас қилувдинг, биласан, ўйламай қўйсангда лаҳзаларни енга олмайсан, баттар вақтга асир тушасан. Бўшлиқ, бўм-бўш ҳаво — бу вақт. Ўаракат бўшлиқда содир бўлади, вақтнинг кўринмас асли, томири — бўшлиқ. Ўттиз-қирқ йил — мана менинг бўшлиғим. Уни тўлдириш зиммамда. Рауф Турсунқул ўттиз ёшга тўлган куни айтган экан: шунча йилни қандай яшадим, яна қандай яшайман. Ақлли одам бунақа оҳангда гапирмайди. Ақлли одам фикрлашни канда қилмайди, шунинг учун ундан ақлли гаплар чиқади. Ақлсиз одам ҳам фикрлайди-ку, мана мен, фикрламаслик ҳақида фикрлаяпман.

Қиз сумкасидан китоб чиқарди. У китобни варақлай бошлади, аввалига йигитига табассум ҳадя қилди. «Менга хиёнат қилганнинг кўзига қарай олмайман». Қизиқ, йигит нима ҳақда ўйлаяпти, қанча ўйламасин менинг унга нисбатан уюштирган хиёнат тўла хаёлотимни билиб ололмайди, миясини ҳар қанча уринтирмасин йигит эр кишига берилган табиатнинг ишонч деган ашқоли таъсиридан кечиб ўтолмайди. Аёл киши эр кишининг ана шу ашқолидан қурол сифатида фойдаланади. Одамзотни ўрганиш ёки билиш жуда ҳам осон. Одамзотнинг қариси ниқоб кийишдан чарчаб қолади. Шунинг учун қари одамларни кўп кузатаман. Аёлнинг ичкарисини кампирлар ҳаракатидан билса бўлади.

Кампирлар ўлишга тайёргарлик кўриш ўрнига меҳрибончилик билан шуғулланишади. Масалан, менинг момом ана-мана жони узилай деб турибди, менга эртак айтиш билан машғул эди. Мен эса унинг ўлиб қолишини қўрқиб кутардим, чунки бу мудҳиш ва оғир ҳолат тез ўтиб кетса менга яхши-ку. Аёл-ку майли, кампирлар ҳам хаёлини йиғиштириб юришади. Ўз хаёлига ўзлари бош. Аёл зоти ҳеч қачон хаёлини ошкор қилмайди. Улар алла ёки эртак айтишади, холос, ёки миясида қайнонасининг қачон, қайси пайт ўлиб қолишини таваккал қилиб, яна бу ўй-қилмишидан тавба қилиб, юрган-яшаётган келини хатти-ҳаракатини пойлоқчи — детективдек пойлагани-пойлаган. Қиз — бўлажак кампир китобини ўқишда давом этмоқда. «Менга ёрдам беринг» десам ҳам кўзини китоб саҳифасидан йигит боши қанча қийшаймасин барибир кампир бояги китобини ўқишда ҳар қанча ўйласам-да менда ҳеч нарса йўқ ҳатто қизнинг сочини силаб хайрлашмадим кимдир «уф» тортди у — мен аввал қўрқдим китобда ваҳимали кеча тасвири қиз йигитнинг қўлидан ушлаб айтишга осон хаёлда осон демоқчийдим у мени тушунмади лекин ҳайрон ҳам қолмади қизиқди кейинги саҳифа очилди хат бор-йўғи бир бет «ҳа» мен ёзувдим сизгамас бу китобни ажнабий ёзувчи ҳали ўлмаган нега унда хатни қабртошига қўйиб бу эртак демак йигит кулмайди ўқиб бўлгач табассум қилди сўнггида юзига сўроқ белгисига ўхшаш кўзи қанақадир чунки олдиндан бир нима дейиш худо агар хоҳласа бу иш яхши бўлмади йигит китобни унинг гапи ҳечам кулгули эмас эртага ўтаман кутаман у бормадими олиб келинг девди айтувдими кетиш керак қаёққа кейингисига тушасизми ҳа майли яхши боринг йўлда одамлар ухлаб қолибман тузук озроқ сувга қўшиб аттанг энди қандай бор…

Менинг ҳолатимга ҳайрон қолманг, тирноғимни қайчи билан қачон олганимни эслай олишим қийин, агар сиз мендан сўрасангиз, айтаман, ҳозир кўрганингиздек, кечаю кундуз тинмасдан ўсаётган тирноғимни оқ-сариқлашган ва қариётган тишим билан ўзим билар-билмаган, мана ҳозирги, сиз кўрган ва ўйлайманки бошқалар кўрмади, ҳар ҳолда, метро — жамоат жойи, жамоатни ҳурмат қилиш керак, дейсиз, кўзингиздан шундай маъно ўқидим, лекин Абдухолиқ Қалқон «одамлар олдида тиш билан тирноқ олиш ҳурматсизлик бўлса» сизга шундай деган бўларди, «демак ҳурмат тиш билан тирноқ олмасликда экан», куларди, Рауф Турсунқул кулмасди, унинг кулганини кўрмаганман, биламан, йигитингиздан пинҳон, сиз билан пана-панада учрашганимизда менга қандай қилиб чиройли табассум қилиш лозимлигини ўргатар эдингиз, ҳа майли, гап сизнинг қачон охирги марта йиғлаганлигингизда ҳам эмас, аммо йиғлаб ҳам туриш керак. Рауф Турсунқул шунда пиёз арчаётиб «биз, чиройли ҳайвонлар, ўт еймиз» деб гапиради, кейин пиёладаги ароқни ичиб,  мен бозордан олиб келган кўкатни аввал ҳидлайди, биламан, унинг ҳайвон, масалан, от ёки ҳўкизми бўлиб қолгиси келади, лекин бу унинг орзуси эмас, бу шунчаки, гоҳида у «менинг ичимда шайтон бор» деб қорни тарафини кўрсатганида семиз қўй сўйилган ердаги қон ҳидига ўхшаш манзара менинг хаёлимда пайдо бўлади ва Собит  Маҳмудий пиёлаларга яна ароқ суза бошлайди. Манзара шакллана боради.

Ҳар битта одам — бу манзара. Менинг манзарам сизга ваҳимали туюлади ва тирноғимни қайчи билан олишни жуда-жуда истайман худди сизни хоҳлаганимдек сизга майлим, масалан, эртага-да ўз кучида қолади бироқ тирноқни қайчи билан қирқишни унутаман, бу касалликми, — асло, тиш билан олинган тирноқ деб сиз мендан воз кечишингизни, аниқроғи, кўнглингиз қолишини билиш осон лекин биз бир-биримизни танишгаку танимаймиз ҳатто исмимизни билмаймиз, бу ҳам майли, Рауф Турсунқулга «Ҳаёт шуми?» дейман, у жавоб бермайди, кўм-кўк ўтларни еб бошлайди.

Яхши қиз, китоб ўқиш кўкат емоқдан-да гўзал ҳаракат, аммо бора-бора бу ҳаракат қарийди, балки қаримас, лекин шуни билиб қўйсангиз ёмон бўлмасди, сизга ҳам, менга ҳам маслаҳатим шу. Агар сиз билан бир куни тўсатдан танишиб қолсам, тасаввур қиламан, бу яхши иш бўларди, ҳарҳолда китоб ўқишдан яхшироқ ва сизга «Гўрўғли» достонини куни кеча ўқиб тугатганимни ва ундаги воқеалар аслида бу шунчаки восита, тўғриси, сиз менга  ҳам кераксиз, ҳам керак, сиздаги ҳаяжон, менга ишонинг, ўтиб кетади. Онангни эмгир Гўрўғли ҳаётдан ниманидир топди, мен шу нимани ҳеч ушлолмаяпман. У қабрда ётганда гўр тешиклари орқали ўтган қуёш нурлари менга таъсирини ўтказмайди ёки таъсирини ўтказади, чунки Рауф Турсунқул кўкатни еб бўлиб «кеча хўп ўйладим, нега мен бу ердаман, нега ва нима иш қилаяпман ва айтдим, турмада бўлишим мумкин эдики, ёки (унинг гапини бўлади Абдуҳолиқ Қалқон) нима учун айнан шу ҳақда ўйлаяпман. Биласизми одам ўзига ўзи муаммо». Мен бу ҳақда ўйлаганим йўқ, ўшанда, аммо яшаш қизиқарли бўлгани учун яшаяпман, қизиқ, Маҳмуд Қидиров ғалати гапларни гапиради, масалан, мана бу гапи: тангри ҳар бир миллатни маълум бир ҳодиса билан синайди. Қайсидир миллат дунёга пайғамбарлар туғиб беради. Бировига катта ақл беради, бошқасида инқилоблар абадий давом этади. Худо ўзбекка эса эр-хотин можаросини берган ва ҳоказо.

Биласизми, хоним афандим. Албатта сизнинг қўлингиздан тутаман. Бу ҳақда кўп гапиришим мумкин, бундан фойда йўқ, демак, фойда кўзлашни бошладимми, яшашим қизиқ кеча бошлайди, сиздан илтимосли ўтинчим мени қутқаринг, йўқ, мен бошқа гап айтмоқчи эдим, кўзингизга қараб қолиб айтадиган гапим эсимдан чиқди, мени кечиринг, барибир кечиринг, ҳеч бўлмаса олдиндан кечириб қўйинг.  Лекин барибир Гўрўғлига тушунмайман. Ҳар замон ўйлаб қоламан, балки менда ҳам ғирот бўлганда мен ундан мени қутқаринг демасдим, хаёл эркнинг майдони, бу гапда жон бор, қачонки яшашинг сенга фойда келтирмаса, хотининг бўлмаса, боланг бўлмаса ёки улар бўлсаю ҳаётингдан кўнглинг тўлмаса. Қачондир мен шундай ўйлардим. Мен нега ароқ ичиб ўтирибман. Бундан фойда ҳам йўқ, фойдасизлик ҳам. Ароқ кайф ҳам беради, кайф ҳам бермайди. Шунчаки ўтирибман. Менга ҳеч нарса керак эмас. Менга ҳеч нарса керак эмаслиги учун ҳам ароқ ичиб ўтирибман. Шу ҳақда ўйлаётувдим, нима десам, сиз менга кўнгил қўясиз, аммо шуни билиб қўйинг, сизнинг хаёлингиз мени заррача бўлса-да ташвишга солмайди, сизга айтмовмидим, хаёлни, айниқса, ўзганинг хаёлини тутиб бўлмайди.

Хаёл бор-йўғи эркнинг майдони. Энди билгандирсиз нима учун менга Гўрўғли ҳам ёқади ва ёқмайди.

Яхшиси хиёбонга борайлик, қабристон яқин экан, аслида дунё улкан хиёбон, менга ишонаверинг, сизни зериктирмайман, лекин майсага ёнбошлаб олиб ўзим зерика бошлашим мумкин, илтимос қўрқманг. Мен  сизга айтганманми йўқми, эсимда йўқ, биласизми, вақт бўшлиқ ва ёлғизлик. У кўпинча менга ёқади. Ҳозир эса, ростини айтай сизга, мени ёлғиз қолдирманг, вақтимни тўлдиринг, анови Собит Маҳмудийми?

“Собит, орқамдан пойлаб юрибсизми? Пойлоқчиликдан бошқа қиладиган ишингиз йўқми, Сизни қайси жин урди. Сизга бу ерда бало борми? Кетинг бу ердан.”

“Ҳай-ҳай, Наимов, намунча қизишасиз”. “Ҳа, нима демоқчисиз, қани тўқинг. Рауф Турсунқул билан кетаётувдим денг, кейин бир пайт шоир йўлда “Мустақиллик” метросига етар-етмаси тўхтаб қолиб шеър ўқиб кетди ва отга айланиб қолди, деб айтинг. Мана бу учликни ҳам қўшиб қўйинг, мен ишонай. Ақлимни қаритдинг чиритдинг. Менда вафо бор сен бевафо менга зулмингни кўрсатдинг. Шуни ўқиб отга айланиб қолдими”.

“Худди шундай. Ғиротга айланиб қаёққадир елдай учиб кетди. Орқасидан қувдим. Лекин етолмадим”. “Нимага алдайсиз, етиб келибсиз-ку”. “Қандай етиб келаман. Ғиротга етиб бўладими. Кейин қаёққа етиб келишим керак эди? Нима деяпсиз, ҳеч тушунмадим. Абдухолиқ, сиз тушундингизми?” “Гўрўғли ҳам шу ердами, балки анови ёки ҳой анови қабрдан чиққан бўлса керак. Ғироти ҳам шу ерда. Аввал ошиқ ўйин ўйнанглар. Гўрўғли ошиқларингизни ютиб олиб ёш боладай қувонсин”.

Хоним афандим! Қаёққа кетдингиз, яхшиси бу ёққа келинг, хушёр бўлинг, қабрни босиб ўтманг.

Танишинг бу киши — Собит Маҳмудий бирга ишлаймиз. Нега ҳаяжонланасиз? Ҳа-я, қўрқманг. Қабристондан қўрқиш керак эмас. Сизга тушунмадим. Нега қўрқасиз? Ҳозир сиз метрода йигит-соқчингиз билан-ку, илтимос, йиғламанг, ҳеч ким сизни зўрламоқчи эмас. Ҳозир метродасиз-ку.

Қабристонда сизга “Гўрўғли” достонини лўнда қилиб айтиб бермоқчи эдим. Собит Маҳмудийни бу ерда учратаман, деб ўзимдан кутмагандим, ғоят қизиқ, худди тушдай, аммо ўнгимда, биз уни кўриб қолганимиз икков учун ҳам яхшиликкадир, ким билади, балки у бўлмаганда нима бўларди, Абдухолиқ ҳам шу ерда экан. У сумкамда вино бор, дейди. Собит Маҳмудий “ичамиз” деб икки кўзини юмиб яна очади. Улар майса устига ўтириб олишади. “Афсуски, пиёла йўқ, шундоқ шишаси билан кўтариб ичаверамиз”. Абдухолиқ ичишни бошлаб беради. Собит давом эттиради ва винодан ярми бўшалган шишани менга узатмоқчи бўлади. Мен куламан ва “ичмайман” дейман. Иккови “тушунмадик” дейишади.

“Сизлар орқамдан пойлаб юрибсиз, худди айғоқчидек, яна пойлоқчиликни ёмон кўрамиз, дейсиз”. Мен улар ёнига ўтириб оламан. “Ичасизми, — Абдухолиқ шериги қўлидан шишани олади ва менга бермоқчи  бўлади. — Адашмасам, қабристонга кетяпман, деб ўзингиз айтувдингиз, қандайдир, исми эсимда йўқ, лекин исмининг охири “пари” эди. Шуни кўргани.

Биз сизни кафеда анча кутдик. Чамаси бир соатча, а, Собит?” Собит Маҳмудий боши эгик, кўзи юмилган, жавоб қайтармайди. “Рости шундай деганманми, алдаманг, концертга боряпман, деб мен айтганим йўқми?” “Аввалига шундай эди, кейин айниб қолдингиз ёки маст бўлдингиз.

Наимов ўйлаб иш қилиш керак, сиққанча ичишни ўрганинг. — Абдуҳолиқ шишадаги винодан хўплайди ва менга узатади. — Сумкамда яна бор. Манг ичинг, ўзингизга келасиз”.

“Абдухолиқ, сиз менга ишонмайсизми? Ростдан парининг олдига келувдим. Исми Ойхон. Сизлар келмасдан Ойхон билан гаплашиб ўтирувдим. У сизларни кўриб қабрига кириб кетди”.

Собит Маҳмудий кўзини очади. Менга томон жиннихонадан қочиб чиққан одамни  учратгандек ҳайрон қараш қилади. “Кўзингизга кўринган бўлса керак. Бу кўп ичишнинг аломати. Яна ким билади? Мен парилар ҳақда кўп эшитганман. Абдуҳолиқ, у балки  ҳақиқатдан кўргандир?”

“Парилар қабрда яшашмайди, биринчидан, у бизни калака қиляпти, иккинчидан, учинчидан, қани қабри — кўрсатингчи? Биз ҳам Ойхон пари билан суҳбат қурайлик. Уни вино билан сийлашимиз мумкин”. “Мен сизларга уни таништиришни хоҳламайман. Унинг ўзи ҳам сизларни кўраман, деб кўзи учиб турган эмас. Ҳозиргача Ойхон ҳақда ҳеч ким билмасди. Мени жинни ёки маст ўйлашмасин, деб бор сирни айтдим”. “Наимов, бу ҳол узоқ давом этиши мумкин эмас. Биз — сизнинг дўстларингиз. Сизга ёрдам бермоқчимиз, холос. Сиз жинни эмас, албатта, нега қизишасиз, фақат, Ойхонни бизга ҳам кўрсатинг” — Собит Маҳмудий шундай гапириб, аслида унинг ўзи қизиша бошлайди. Абдуҳолиқ Қалқоннинг қўлидаги шишани олиб оғзи томон кўтаради, лекин ундаги винони ичмайди, шишани майса устига секин, ёнбошлатиб қўяди ва Денгиз Наимовга яна гапира бошлайди. “Қабрдан фақат Гўрўғли тирик чиққан. Чунки у қабр ичида туғилган. Парисини аллақайси тоғда учратади. Майли, сизни гапингизга ишонадиган бўлсак, унда сиз нима қилмоқчисиз. Сизнинг келажагингиз бизни хавотирга соляпти; мен жўрамга нимадир уриб қолишини истамайман. Яна бу гапни ўзингизга қаттиқ олманг, сизга яхшилик тилайман, бор-йўғи шу. Агар Ойхонни кўрсатмасангиз ҳам сиз ҳақда ёмон фикрга келмаймиз. Агар хоҳласангиз, уни бизга таништиринг”.

“Собит мени маст ёки томи кетиб қопти деб ўйлаётган бўлсангиз, адашасиз. Маст эмасман, кейин томим жойида. Ойхонни чақириб келишим мумкин. Лекин у келмайди. Қабрдан чиқмайди. Сизлардан қўрқади. Сизларга у ҳақда бекор гапирдим. Агар Ойхон тўғрисида айтмасам мени аҳмоқ ўйлардингиз ва тушунмасдинглар. Энди эса тушунишни хоҳламаяпсиз ёки мени жиннига чиқариб ўтирибсиз”. “Наимов, ҳеч ким сизни аҳмоқ демаяпти. Қабристонда нима қип юрибсиз? Шундан хавотирдамиз. Мен уйимга, Собит ҳам бола-чақасининг олдига бориш ўрнига изингиздан юрибмиз. Бизни ҳам тушунинг. Агар парингиз қабридан чиқиб олдимизга келмаса биз маликангиз ҳузурларига боришимиз мумкин. Мен ҳеч қачон парини кўрмаганман, қизиқ, улар ҳам одамга ўхшашадими?” “Мен икковингизни ҳам тушунмаяпман.

Йўқ, йўқ. Аслида тушуняпман. Бу сизларнинг қизиқишингиз, Ойхонни кўриш. Мен уни сизларга кўрсатмоқчи эмасман. Бунинг иложи йўқ. Балки иложи бордир. Бор ҳам. Аммо мени тушунинг. Мен бир нарсадан ҳадиксирайман ва шу нарсадан қаттиқ қўрқаман, яна ўйламанг у баҳона қидиряпти, деб, асло, мен бу ҳақда гапирмоқчи эмасман. Мени тушунмаяпсиз. Яна баттар тушунмай қоласиз”. “Наимов, бундоқ тушунтириб гапиринг. Умр тугаб бораяпти ҳам, (Собит Маҳмудий майсага ёнбошлатиб қўйган вино шишасини қўлига олади. Ярмидан кўпи ичилган вино шишасига қараганча охирги гапини такрорлайди). Умр тугаб бораяпти ҳам “Мени тушунинглар, мени тушунинглар” деб дунёга аюҳаннос соласиз. Адашмасам, бизга сирингизни ошкор қилдингиз, демак бизга ишонасиз, бунинг учун раҳмат. Ёки билмадим. Ёки бизнинг устимиздан бизни аҳмоқ деб аслида ўзингиз аҳмоққа айланиб қоляпмиз. Биз эмас, сиз бизни тушунинг, сизни мен ва Абдуҳолиқ ақлдан озган деб ўйлашимизга йўл қўйманг. Шунинг учун икков сиздан боядан бери илтимос қилиб ўтирибмиз. Сиз ўзингизни ёмон вазиятга солиб қўяяпсиз. Охири ҳадиксирашни бошладингиз. Нимадан ҳадиксирайсиз? Агар сизни тушунмаётган бўлсак, марҳамат, тушунтириб беринг. Денгиз, сизга ёрдам бермоқчимиз, холос.

Нимадан ҳадиксираяпсиз? Нима, Ойхон бизнинг олдимизга келмаслиги мумкинми ёки сизнинг бизга тўқиган сирингиз ёлғонлиги билиниб қолишидан ҳадиксираяпсизми? Кечирасизлар, сизларга чўпчак айтиб бердим, деб қўяқолинг, ўзингизни ва бизни қийнаб нима топасиз, тушунмайман. Яхшиси бу ердан кетайлик. Сиқилиб кетдим. Яшаш жонга тегди. Одам ҳаёти ёлғон билан чинни ажратишга сарфланар экан. Уларни бир-биридан фарқламай қўйсанг яшолмайсан. Яшаса бўлади. Мен бундай яшолмайман. Уйга бораман, хотин лақиллаб бошлайди. Мен эшитмайман, гапини чинини чинга, ёлғонини ёлғонга ажратишни бошлайман.

Кўчада ҳам шу, ишда ҳам шу аҳвол. Бу аҳвол қачон тугайди?” Собит Маҳмудий винодан хўплайди. Кейин Абдухолиқ Қалқондан сигарет сўрайди. Абдухолиқ бошини қимирлатади. Мен унга сигарет узатаман. Гугурт чақаман. Ўзим ҳам сигарет чека бошладим. Собит “винодан ичинг”, дейди. “Раҳмат, ичмайман”. “Раҳмат, ичмайман. Яхшиси, бу ердан кета қолайлик.

Ўзимни ёмон ҳис қиляпман. Одам касалхонага борса қаеридир оғриётганини ҳис қилади. Бошқаларга ҳам шундай бўладими,  билмайман, қабристонда, аксинча, ҳеч қайси аъзонг оғриётганини сезмайсан, ёки касал бўлса-да, бу ерда тузалиб кетади, чоғи. Фақат одам ўзини аллақандай ёмон, худди соҳилга чиқиб қолган балиқ ҳолатидай мушкули энди осон бўлмаслигига ишончи юз карра ошади ва вақт, бор-йўғи, вақт бизни хоҳлаган тарафига судраб-судраб охири оғзимиздан сўлагимизни оқиздиради. Қабристон мана шуни англатиб қўяди.

Кетайлик”. “Фалсафа сўқишни бас қилинг, Наимов! Бухорога уч юз йил аввал кўчиб келган одамнинг авлодига ўхшайсиз. Бировнинг ишончидан фойдаланиш бунчалик эмас. Сизни шарлатан деганда Қидиров адашмаган экан. Вақт-вақт дейсиз, тупурдим вақтга. Собит, аслида биз — аҳмоқ, бу – шарлатаннинг орқасидан келмаслигимиз керак эди.” “Абдухолиқ, қизишманг жўра. Денгизнинг бугунги қилиғи менга ҳам ёқмаяпти. Начора, балки у тўғрисини гапирётгандир? Денгиз, ростдан ҳам кетгингиз келяптими? Унда бу жойдан кетамиз шуниси маъқул”. “Сизларни бу ерга биров чақирувдими, ўзи? Сизларни бу ерга мен чақирдимми? Нима учун менга ипак қуртдай осилиб олдинглар? Мени тинч қўясизми-йўқми? Ойхон бу дунё-у дунё ҳеч қачон олдингизга келмайди. Тамом-вассалом. Аслида, мен икковингизга ишонмайман, ҳеч кимга ишонмайман. Лекин ишонмаслик қўлимдан келмайди. Ишонмай дейман-у ишониб қўйганимни ўзим ҳам билмай қоламан ёки билмайман — нима дейишни ҳам. “Денгиз, нима деяпсиз? Тушунтириб гапиринг, рости икков ҳам англамадик. Абдухолиқ, сиз бирор нарса тушундингизми? Денгиз сизни чиндан жин урганга ўхшайди. Бошда бунга бошим унчалик қовушмаётувди.” “Мен маст эмасман, Собит. Томим кетиб қолгандир, эҳтимол. Метродан чиқиб консерватория томонга юрдим. Собит, консерваторияга бораётувдим. Босаётган қадамимни санаб кетаётувдим”… “Яна бошлади. Собит, бу аҳмоқ яна эски гапини бошлади. Сиз йўғингизда кафеда бунинг алжирашини милён марта эшитдим. Яхшиси бу ердан кетайлик. Вино ҳам тугади.”

Ҳей хоним афандим. Юринг. Қабристондан кетамиз. Бу ер сизга ёқиб қолди, чоғи. Менинг ухлагим келяпти. Сизни хиёбонга олиб бораман, девдим. Бормайлик. Бошим оғрияпти. “Ҳей, Собит Маҳмудий, сизга бошқа пайт гапириб берсамчи? Эшитишни истасангиз, албатта”. “Келишдик”, дейди Собит Маҳмудий.

(Давоми бор)