O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мурожаатнома

Мурожаатнома
179 views
16 December 2017 - 20:07

Ўзбекистон Республикаси президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига!

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165 моддаси 3 қисми “а” банди билан айбланиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган, 1952 йилда туғилган маҳкум Турғунов Аъзам Олимович томонидан

М У Р О Ж А А Т Н О М А

Мен, Турғунов Аъзам Олимович, 1952 йилда Тошкент шахрида туғилганман.Миллатим ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқаросиман.Маълумотим олий. Оиламда 4 нафар фарзандларим, 9 нафар набираларим бор. Фарзандларим ҳам олий маълумотли, ўзларининг ҳалол меҳнати билан баҳоли қудрат ўз оиласини таъминлаб келмоқда.

Муҳтарам Президент жаноби олийлари!

Мен жиноятчи эмасман!!!

Аммо, жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг 2006 йил 23 октябр кунидаги хукмига кўра, ЖКнинг 165 моддаси 3 қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилганман.

Мен дастлабки терговда ҳам, ҳар иккала инстанция судларида ҳам ўзимга қўйилган айбларга иқрор бўлмаганман, уларни тўлиқ рад этганман. Сабаби, мен мазкур жиноятни содир этмаганман. Ушбу ҳолатни Қорақалпоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ( ИИВ, прокуратура, суд, МХҲ ) органлари томонидан мендан ўч олиш мақсадида уюштирилган жиноят иши деб биламан ҳамда туҳмат ва бўҳтондан иборат фитна деб ҳисоблайман.

Мен суднинг асоссиз ва ноқонуний хукмидан норози бўлиб, шу вақтга қадар Олий суд, Бош прокурор ва Омбудсман номига 30 дан ортиқ шикоят аризалари ёзганман, аммо бир мартагина бўлса ҳам қонунда белгиланган тартибда жавоб олмаганман. Омбудсман С.Рашидова ҳам, У.Муҳаммадиев ҳам мени аризаларимга жавоб беришни ўзига эп кўрмаган ёки шунга салоҳияти етмаган. Хаттоки, С.Рашидова шу масала юзасидан мени оила аъзоларимни қабул қилишдан бош тортган.

Бинобарин, мен ушбуни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 35- моддаси, 93 -моддаси 1- қисми ҳамда Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси 6- моддаси таъкидларига ҳамда қуйидаги эътирофларга таянган ҳолда ёзмоқдаман.

Ушбу иш юзасидан ёзган кўпгина шикоят аризаларим тегишли инстанцияларга етиб бормаган ёки йўқотиб юборилган, етиб борганларига ҳам қонунда белгиланган тартибда жавоб берилмаган. Жумладан, 2016 йил август ойида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Бош прокурори номига назорат тартибида ёзилган шикоят аризаларим ҳамда Қорақалпоғистон прокурори Е.Т.Каипбергенов номига ёзган “ очиқ хат “ ҳам худди шу тарзда беному нишон йўқотилган.

Мазкур мурожаат мен томонимдан Ўзбекистондаги энг юқори ва ҳолис даражадаги инстанцияга битилаётганлиги мен учун ҳою ҳавас эмас, балки мажбурийлик ҳолатидир. Чунки, мен ҳибс этилганимдан буён ўтган қарийиб 9 йилдан кўпроқ вақт мобайнида мен томонимдан тегишли инстанцияларга ёзган назорат тартибидаги шикоят аризаларим ё қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилмаган ёки тегишлилигига кўра жўнатилмаган ёҳуд шунчаки, йўқотиб юборилган.

Мен ўзимга нисбатан дастлабки тергов айблов ҳулосасидан, ҳар иккала инстанция суди қарорларидан, шунингдек, мени шикоят аризаларим юзасидан Олий суд ва Бош прокуратуранинг шу иш бўйича берган ҳулосаларидан тўлиқ ва мутлоқо норозиман. Улар асоссиз, нотўғри ва ноқонуний бўлганлиги учун қуйидагиларга кўра бекор қилиниши лозим бўлади.

1. Менга қўйилган айбловлар амалдаги тегишлича қонунлар асосида мутлоқо текшириб ҳам кўрилмаган, исбот ҳам қилинмаган. Судлов босқичлари фақатгина Қорақалпоғистон прокуратураси ва ИИВ томонидан олиб борилган тергов даврида тўпланган ва мутлоқо текшириб кўрилмаган номақбул далиллар асосида қурилган “ Айблов ҳулосаси “ даги битиклар доирасида иш юритган. Шу боисдан ҳам суднинг айблов ҳукми терговчи тузган “ Айблов ҳулосаси “ матнига нафақат сўзма сўз, балки имловий хатоликлари билан ҳам мувофиқ ҳолда чиқарилган. Бу билан дастлабки тергов ва судлов босқичлари, энг аввало, Инсон ҳуқуқлари Умумжахон Декларацияси 10- моддаси, Ўзбекистон Конституцияси 14,15,16,112- моддалари, ЖКнинг 4,5,7,8,9,16- моддалари, ЖПКнинг 11,22,23- моддалари, шунингдек, 455- моддаси 1,5,6- бандалари талабларини мутлоқо менсимасликларини ошкора намойиш этган.

2. Суд мухокамаси бир ёқламалик, ваколатини суиистеъмол қилиш усутунлиги остида ўтган. Гарчи, мамлакат Конституцияси 26- моддаси ҳамда ЖПКнинг 106, 426, 91- моддаси 1- қисми ва бошқа моддаларида қонунийлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида суд жараёнларида замонавий фан ва техника ютуқларидан фойдаланиб,аудио видео ёзувлар қўллаш мумкинлиги кўрсатилган бўлсада, суд бу тадбирга рухсат бермаган. Бу билан судлов ҳайъати ўзи учун олдиндан белгилаб олган ноҳолислик позициясини яшириш мақсадида ўз ваколатини Конституциявий принцип ва қонун талабларидан устун қўйган.

3. Тергов даврида тўпланган ва “ Жиноят иши “ га тикилган материаллар орасида терговчилар томонидан қалбакилаштирилган бир қанча хужжатлар мавжудлиги жиноят иши буюртма асосида соҳталаштирилганлигини яққол кўрсатиб турибди. Жумладан:

а). Ушбу жиноят иши 2005- йил 11- июл куни қўзғотилган, орадан роппа роса уч йил ўтгач, яъни 2008- йил 10- июл куни О.Хўжабоев исмли шахсдан менга қарши жиноят иши қўзғотишга асос бўладиган аризани ёздириб олишган. Бу эса, терговчи С.Исмоилов дастлабки терговда устимга қайноқ сув қуйиб юборишдан олдин, “ бу ердан энди чиқиб кетолмайсиз, сизни илинтириш учун уч йил овора бўлдик, ҳар қандай ҳолатда ҳам судьялар бизга ишонади ”, деган писандаси асосли эканлигини кўрсатади.

б). “ жабрланувчи ” О.Хўжабоев 2008- йил 10- июл куни ёзган аризасида: “… 2008- йилнинг май ойининг охиридан 10- июлга қадар тўхтовсиз телефон қилиб безор этиб юборди, мени сувга чўктириш, укамни ўлдириш, уйимни ёқиб юбориш, онамни ишдан бўшаттириб юбориш билан қўрқитиб пул талаб қилиб келди ”, деб ёзиб берган. Аризани қабул қилиб олган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи (аввалига ИИВ, сўнгра прокуратура, кейинчалик Нукус шахар ИИБ ) органлари ходимлари аризада келтирилган маълумотлар хақиқатга мос келиши ёки келмаслигини аниқламасдан, ЖПКнинг 85, 87, 94, 95- моддалари талаби асосида тезкор суриштирув ҳаракатлари ўтказмасдан, ўлдираман, сувга чўктираман, ишдан бўшаттириб юбораман деб таҳдид қилган бўлсам, шунга ишонса бўладиган асослар, яъни одамлар қалбига қўрқув ва даҳшат соладиган қуролим бор йўқлигини ёки қандайдир жиноий уюшмага раҳбарлик қиладиган “ авторитет” эканлигимни ёҳуд кимнидир ишдан бўшатиб юбориш ваколатига эга бўлган маъсул мансабдор шахс эканлигимни, ёки бўлмаса, жуда бўлмаганда “жабрланувчи”ни сувга чўктириб юборишга қурби етадиган жисмоний ҳолатимни тасдиқлайдиган ҳамда иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган аломатларни аниқламасдан, ўрганмасдан, ҳар томонлама текширмасдан, ҳолисона ҳуқуқий баҳо бермасдан, шошма- шошарлик билан тезкор тадбир ўтказиб, 2008- йил 11- июл куни зудлик билан мени қамоққа олишган.

в). Ҳолбуки, дастлабки тергов мобайнида суриштирув органлари томонидан ЖПК нинг 87 -ва 330 -моддаларида белгилаб қўйилган ва кечиктириб бўлмайдиган суриштирув тергов ҳаракатлари – далилларни йиғиш, жиноятга тайёргарлик кўраётган шахсларни ва жиноят аломатларини аниқлаш мақсадида замонавий илмий – техника воситалари ёрдамида зарур чора – тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш каби асосий вазифаларни бажарилмаган. Жабрланувчига нисбатан зўровонлик, товламачилик ва бошқа кўринишдаги ҳуқуққа хилоф ҳаракатлар хавфи мавжуд бўлган ҳолларда ЖПК нинг 170-модда- си талабига асосан шунга мувофиқ радиотехника ва электроника аппарат- ларини қўллаган ҳолда телефон сўзлашувларини эшитиши ва ёзиб олиши мумкин эди. Аммо, суриштирув-тергов органлари иҳтиёрида техника ресурслари ва инсон омиллари, вақт нуқтаи назаридан чексиз имкониятлари бўла туриб, ҳақиқатни аниқлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган ана шу процессуал ҳаракатларни ҳам бажармаган.

г ). Бундан ташқари, аризада кўрсатилган 1,5 ой вақт мобайнида мен Манғитда бўлмаганман. Бу даврда мен Тошкентда, Наманганда, Сурҳондарёдаги суд жараёнларида иштирок этганман, шу орада Тошкентда бир ҳафта касалҳонада ётганман. 2008-йил 8-июл куни Нукус Университети собиқ ректори К.Утениязов- нинг илтимоси билан шу Университет декани А.Утениязовнинг суди жараёнлари- да иштирок этиш учун Нукусга келганман. Агар аризада кўрсатилганидек, май ойини охиридан 10-июлга қадар тинимсиз телефон қилиб, безор этиб юборган бўлсам, лоақал. Манғитда бўлган оҳирги – 8,9, 10, 11- июл кунлари бир марта бўлса ҳам “ жабрланувчи ” О.Хўжабоевга ёки унинг онаси – бозор паттачиси Т.Казаковага ёки гувоҳ Ш.Ешчановга ёҳуд жуда бўлмаганда “ жиноий шеригим ” Ҳ.Салаевга телефон қилганлигим ёки улар билан учрашганлигим ҳолати аниқланмаган. Аксинча, Ш.Ешчановни ўзи менга тинимсиз телефон қилиб, укасини ишида ёрдам беришимни сўраб илтимос қилган. Мен ҳар қанча рад этишимга қарамасдан, қайта ва қайта келиб, чойҳонага меҳмондорчиликка таклиф қилган.

д ). “ Жабрланувчи ” О.Хўжабоев дастлабки терговда юзлаштириш жараёнида ва ҳар иккала инстанция судларида аризани ўз иҳтиёри билан ёзганлигини, уни ИИВ вазирига шахсан ўзи топширганлигини таъкидлаган бўлсада, нима учун аризани яшаш жойидаги ИИБ ёки прокуратурага топширмасдан,ўзидан 100 км узоқликда- ги Нукус шахрига келиб, айнан вазирнинг ўзига топширганлигини, буни қандай амалга оширганлигини, аризани қачон ва қаерда ёзиб, қачон ва қандай қилиб вазирга топширганлигини, ИИВ биноси қаердаа жойлашганлигини ва уни ташқи кўриниши қандай эканлигини, вазирнинг кабинети қаерда жойлашганлигини ва уни қабулига кириш учун қандай процедурадан ўтиш кераклигини тасвирлаб, баён қилиб беролмаган. Ҳаттоки, аризани матнини ҳам эслаб, айтиб беролмаган. Юзлаштириш пайтида буни унга терговчи А.Куттибаев айтиб туриб ёздирган. Эътиборли томони шундаки, О.Хўжабоевнинг аризаси “Х-3/ 10.07.2008й ”. гриф-махфийлик белгиси билан қандайдир С.Абдиевга “ қонуний чора кўриш учун ” туширилган, у эса аризани Қорақалпоғистон прокурори Ҳ.Ҳалилов иҳтиёрига юборган. ( и.м. !-жилд, 3-бет).

Аммо, ИИВ нинг аризаларни рўйхатга олиш китобида О.Хўжабоев исмли шахснинг аризаси регистрация қилинмаган. Чамаси, ушбу буюртма жиноят ишининг ташкилотчилари ва ижрочилари аввалига “пора бериш” жиноятини режалаштирган кўринади. Шунинг учун бўлса керак, улар “пора-08” деб химиявий ишлов берилган пул купюраларини аввалдан тайёрлаб қўйишган, аризани ҳам шунга мувофиқ ёздириб олишган. Шунинг учун ҳам ИИВ нинг маъсул ҳодими С.Абдиев аризани тегишлилиги бўйича прокуратурага ўтказган. Прокуратура терговчиси М.Тлеумуратов ушбу жиноят ишини уюштиришда маъсул бўлган шахслардан маҳсус топшириқларни олгач, бир мунча ҳовлиқиб қолган ва ариза бўйича қонунда белгилаб қўйилганидек дастлабки суриштирув ҳаракатларини ўтказмасдан, шошма-шошарлик билан мени қамоққа олган. Кейинчалик, мен пора олувчи ва пора берувчи шахслар тоифасидан эмаслигим маълум бўлгач, кечаси соат 2 ларда прокуратура биносида меникўз ўнгимда пул купюраларини серия рақамларини қайта ёзиб, шу ерга зудлик билан Нукус шахар ИИБ ТБ бошлиғи подполковник А.Куттибаевни чақиртириб олиб, жиноят ишини унга топширган.

Ҳурматли Шавкат Миромонович !

Мен ўзимни қамоққа олинишим эпизодида ушбу уйдирма жиноят ишини буюртмачилари, ташкилотчилари, ижрочилари томонидан йўл қўйилган қонун бузилишлари ҳолатини биринчи инстанция судида ҳам, апелляция инстанциясида ҳам аниқ ва ишончли далиллар билан кўрсатиб берганман. Аммо, ҳар иккала инстанция судларида менга айб эълон қилиш ва жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўладиган айб ва жиноят таркиби қонунда белгиланган тартибда шакллантириб берилмаган. Мен назорат тартибида ёзган шикоят аризаларимда дастлабки терговда ва ҳар иккала инстанция судларида йўл қўйилган ўндан ортиқ процессуал хато ва камчиликларни, қонуннинг қўпол бузилиши ҳолатларини қонунда белгиланган тартибда асослаб, баён қилиб берганман. Аммо, Бош прокуратура ва Олий суднинг ваколатли маъсул мансабдор шахслари мени қонунан асосли важларимни синчковлик билан ўрганмасдан, ҳар томонлама текширмасдан, ҳолисона ҳуқуқий баҳо бермасдан, ҳаттоки ўқиб ҳам кўрмасдан, худди ўргатилган тўтиқушлар каби:

“….. айби исботланган…..
“…….. тўғри квалификация қилинган…..
“……… қонуний жазо тайинланган……” деган мазмунда стандарт, мавҳум ва мужмал кўринишдаги жавоб бериш билан чекланиб қўя қолган.

Мен ўз аризаларимда суд ҳукмини тўғрилигини шубҳа остига олувчи 20 дан ортиқ асослантирилган важлар келтирга бўлсамда, Бош прокурор ҳам, Олий суд раиси ҳам ана шу важларимни асослилигини рад этувчи ёки суд хукмини тўғрилигини тасдиқловчи биронта ҳам аниқ ва ишончли далил келтирмаган. Булар етти карра Бош прокурор ёки ўн етти карра Олий суд раиси бўлган тақдирда ҳам бундай далил келтира олмасдилар, сабаби, мени ёки умуман кимнидир нимададир айблаш ва жиноий жавобгарликка тортиш учун аввало, ўша жиноятни ўзи содир этилган бўлиши керак. Ёки, жуда бўлмаганда, уйдирма жиноят ишини сохталаштирганда одамлар ишонадиган қилиб “ўхшатиб қўйиш” керак эди. Аммо, мазкур “карам шўрва” ни пиширган ташкилотчилар ва ижрочилар нўноқликлари ва “тупой”ликлари боис шуни ҳам қойил қилмаган.

Судлов босқичларида ноҳолислик, қонунларни оёқости этишни ўз амалиётида очиқчасига асос қилиб олганлар. Қўйилаётган айбловлар нафақат уйдирма, ҳатто ҳеч бир хуқуқий меъёрлар- га мос келмайдиган шаклда малакалантирилган. “Жабрланувчи” ва гувоҳлар томонидан менга нисбатан бир-бирини инкор этувчи кўргазмалар берилган бўлиб, улар баъзи ҳолатларда мени айбимни эмас, аксинча, айбсизлигимни тасдиқлаб келсада, судлар ўзига ҳос сурбетлик билан уларни ҳам айблов хукми учун асос қилиб олган. Бу эса тергов даврида бўлгани каби суд муҳока- малари ҳамма босқичларида худди ХХ асрнинг 30-50-йилларидаги каби “қамалиши шарт” деган жирканч ва манфур ақидага амал қилинганлигини кўрсатади.

Суд ўз навбатида ишга ҳолисона ёндошмасдан, ишдаги ҳолатлар юзасидан ҳақиқатни аниқламасдан, аниқлашни ҳам ҳоҳламасдан, суд этикасини қўпол равишда бузиб,амалдаги қонунла- римизни менсимаслиги ёки билмаслиги, ўз хизмат вазифасига совуққонлиги, инсонлар тақдирига бепарволиги, давлатимиз раҳбари томониданўзига билдирилган юксак ишончни суиистеъмол қилиши оқибатида қўпол суд хатолигига йўл қўйган – бир қатор процессуал нормалар бузилиши оқибатида олинган номақбул далилларга асосланиб, суднинг ноқонуний, асоссиз ва нотўғри хукмини чиқарган.

Мен бундай ҳолатни нафақат ўзимга, балки оилам шаънига қаратилган оғир хақорат, қолаверса, Ўзбекистон президенти олиб бораётган оқилона ва одилона давлат сиёсатига қарши қаратилган уйдирма деб биламан ҳамда одил судловга қарши қаратилган жиноят деб ҳисоблайман.

Ушбу жиноят ишига бевосита дахлдор бўлган Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон ИИВ, проку- ратура ва суд органлари маъсул мансабдор шахслари, терговчилар С.Исмаилов, А.Куттибаев, Т.Каримбаев, прокурорлар М.Тлеумуратов, А.Бекманов, М.Холмуратов, Ҳ.Ҳалилов, Г.Қодиров, С.Саматов, Ж.Наримбетоа, Э.Таджиев, И.Есеркапов, Е.Каипбергенов, судьялар Б.Урумбаев, К.Муханов, Бахиев, Кудияров, Ш.Ражапова, А.Раззакова, К.Аджибаев, А.Туреев, К.Ералиев, Д.Суюнова, И.Муслимов, Ш.Раҳманов, Н.Акбаров, Ш.Газиевлар мазкур қилмишлари учун жазоланмасликларини аниқ билганлари ҳолда виждонсизларча ўта сурбетлик билан ҳаракат қилганлар – мутлоқо айбсиз фуқарони соҳта далиллар асосида жиноий жавобгарликка тортиб, ноқонуний равишда узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаганлар.

Ушбу жиноят иши бўйича хақиқатни аниқлаш, мени поймол қилинган хуқуқ ва эркинликла- римни тиклаш, адолатни қарор топтириш асосий вазифаси бўлган собиқ Бош прокурор Р.Қодиров, Олий суднинг собиқ раиси Б.Мустафоев, собиқ Омбудсман С.Рашидова ҳар қандай қуюшқондан чиқиб кетган мазкур фавқулодда ҳодисага нафақат кўз юмиб қўяқолган, балки уни имкон қадар ҳаспўшлашга уринган.

Ишончим комил, вақти келиб хақиқат юзага чиқади, адолат қарор топади. Лекин, менга ва оила аъзоларимга етказилган руҳий азобларни, маънавий изтиробларни ҳеч ким, ҳеч қачон ва ҳеч нарса билан қоплаб беролмайди. Аммо, суд хатолигига барҳам беришга ҳали ҳам кеч эмас, зеро ушбу жиноят иши юзасидан хақиқий айбдор шахслар жазога тортилиши муқаррар.

Мен атиги бир варақ қоғозга “мен жиноятчи эмасман” деб ёзиб берганлигимни ўзи ҳар қандай хуқуқий демократик давлат ёки очиқ фуқаролик жамиятида қонунларни тўғри ишлатили- шини назорат қилувчи , қонун устиворлигини таъминловчи прокурор ёки одил судловни амалга ошириши керак бўлган судья учун огоҳликка ундовчи хавф-хатар сигнали сифатида таъсир кўрсатиши керак эди. Айниқса, мамлакатимизда барча соҳаларда, шунингдек, инсон хуқуқлари соҳасида туб ислоҳотларни бошлаб юборган Сиздай давлат раҳбарини мени ушбу фарёдим анча сергаклантиради деб умид қиламан.

Муҳтарам Президент жаноби олийлари !

Мен жиноятчи эмасман !!!
Мен буни комил ишонч ва ёруғ юз билан такрор ва такрор баралла айтишим мумкин. Аммо, бир нарса мени чуқур ўйлашга мажбур қилади ва ташвишга солади. 2015-йил юртимизда “Кекса- ларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинди. Қадимда бу юртда кексалар ҳақиқатда ҳам сўзсиз эъзозланган. Бунинг учун алоҳида Фармон, директива ва маҳсус чора тадбирларга ҳожат бўлмаган. Мени ёшим ҳозир 66 да, 2008-йил 11 июл кунидан қамоқдаман. Фарзандларим менсиз турмуш қуриб, оилалик бўлишяпти, невараларим менсиз улғайишяпти, яқинларимни яхши-ёмон кунларида уларнинг ташвишу қувончларига шерик бўлолмаяпман. Аммо, шу давр мобайнида қотиллик, босқинчилик, жинсий тажовуз, наркотик ва одам савдоси, фирибгарлик, давлат мулкини талон-тарож қилиш каби ўта оғир жиноятларни содир этиб, 15-20 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ашаддий жиноятчилар инсонпарварлик далолатномаси асосида 5-6 йилдан кейин озодликка чиқиб кетишяпти ва яна такроран жиноят содир этиб, қайтиб келишга ҳам улгуришяпти. Мен эса, ҳеч қандай жиноят содир этмаган бўлсамда, соҳта айбловлар билан ҳали-ҳануз қамоқдаман.

Қандай жиноят содир этганман-ки, менга бу қадар оғир жазо қўллашса ?!

Айбим нима эдики, менга нисбатан бу қадар адолатсизлик, шафқатсизлик қилинса?!

Кимнинг “арпасини хом ўрган” эканман-ки, менга қарши ИИВ, МҲХ, прокуратура ва суддан иборат давлат “махина”сини қарши қўйган бўлса?!

Қани эди, ана шу органлар ҳақиқий жиноятчиларга қарши мана шундай кўламда шижоат, жонбозлик қилсалар, мамлакатимизда жиноятлар салмоғи сезиларли даражада камаярмиди ?!

Мен ўз шикоят аризаларимда суд хукмини тўғрилигини шубҳа остига олувчи 20 дан ортиқ важларимни қонунда белгилаб қўйилган тартибда асослантириб берганман. Афсуски, шу аризаларимни назорат тартибида кўриб чиққан Бош прокуратура ва Олий суднинг ваколатли маъсул мансабдор шахслари ана шу важларимнинг лоақал биттасига бўлсада, қонунда
белгиланган тартибда асослантирилган, аниқ ва ишончли қарши далил ( контраргумент) келтира олмагаганлар.

Мен аввалги шикоят аризаларимда ушбу жиноят ишининг буюртмачилари кимлар, унинг ташкилотчилари кимлару ижрочилари кимлар эканлигини, кимлар режалаштиргану кимлар соҳталаштирганлигини, тергов ва суд жараёнлари қандай олиб борилганлигини, уларда йўл қўйилган қўпол қонун бузилишлари ҳолатларини асослантириб, тўлиқ ва батафсил баён қилиб берганман. Аммо, ана шу ўтган 9 йилдан кўпроқ вақт мобайнида на Бош прокурор ва на Олий суд раиси мени жиноят содир этишдаги айбимни аниқ ва ишончли далиллар билан кўрсатиб беролмаган, мени жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўладиган жиноят таркиби қонунда белгиланган тартибда шакллантириб берилмаган.

Шундай экан, апелляция, кассация ва назорат инстанциялари нима учун жорий қилинган?! Қонунлар ва қонун нормалари нима учун ишлаб чиқилган ?! Конституция нима учун қабул қилинган ва нима учун Ўзбекистон президенти Конституция ва қонунлар устиворлигини таъминлаш юзасидан гарант қилиб кўрсатилган ?! Агар ушбу таъкидлар ҳеч нарса эмас экан, уларга ҳеч ким, айниқса, қонун устиворлигини таъминлаш муқаддас вазифаси ва бурчи бўлган ИИВ, МҲХ, прокуратура ва суд органлари айнан ўзлари риоя қилмас эканлар, дастлабки терговдаги ҳар қандай таъкид биринчи инстанция судидан Олий судгача, энг қуйи прокурордан Бош прокуроргача бўлган инстанцияларда синчковлик билан ўрганилмаса, ҳар томонлама текширилмаса, ҳолисона ҳуқуқий баҳо берилмас экан, одамларни терговма тергов, судма –суд овораю сарсон қилмасдан, худди мустабид тузумнинг қатағон йилларида бўлгани каби, дастлабки терговдаёқ, “ хукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ”, ( приговор окончательный, обжалованию не подлежит ) деб ёзиб юбораверса бўлмасмиди ?! Ё бунинг учун кимдир эътироз билдирармиди ?! Ёки бунинг учун кимдир жазоланармиди ?!

Масаланинг ачинарли томони шундаки, ҳуқуқий демократик давлат, очиқ фуқаролик жамияти, конституциявий тузум қураяпмиз деб, дунёга аюҳаннос солаётган, дунёда ўзини энг бахтли мамлакатлардан бири деб эълон қилган юртда рўй бераётган ана шундай ноҳуш воқеалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ( ИИВ, МҲХ, прокуратура, суд ) органлари томонидан содир этилаётганлигидадир. Бу ҳолатни “қонундаги ўзбошимчалик, зўровонлик”(беспредел в законе или насилие в законе), сифатида баҳоланиши, янаям аниқроқ ифода қиладиган бўлсак, одил судловга қарши, демократик идеалларга қарши, қолаверса, Сиз муҳтарам Президент олиб бораётган оқилона ва одилона давлат сиёсатига қарши содир этилган жиноят деб ҳисоблаш мумкин.

Лекин, бир нарсани тан олиб айтишим керак, роппа-роса 80 йил муқаддам Чўлпондай буюк шоирни аввал отиб ташлаб, кейин суд хукмини чиқарган юртда менга нисбатан бўлаётган муносабатни бир мунча инсонпарварлик ва бағрикенглик намунаси сифатида баҳолаш мумкин. Ахир, дастлабки терговдаёқ устимдан қайноқ сув қуйиб, ўлдириб юборишлари, терговчи Саламат Исмаилов таъкидлаганидек, “ энди бу ердан тирик чиқмаслигим” ҳам мумкин эди-ку!

Қонун устиворлигини таъминлаш юзасидан хуқуқни муҳофаза қилувчи органларига юксак ишонч билдирар экан, Ўзбекистоннинг 1-президенти И.Каримов ўз маърузаларида :
“ одамлар очликка, муҳтожликка чидаши мумкин, лекин адолатсизликка асло чидай олмайдилар. Айниқса, адолат ўрнатиши керак бўлган маъсул мансабдор шахслар ўзлари адолатсизликка йўл қўйсалар, бундай ҳолатни асло кечириб бўлмайди. Энг хавфлиси шундаки, одамлар тақдирига бепарволик, лоқайдлик, номақбул иш усуллари оқибатида, биз оддий, умуман олганда қонунларга итоат этувчи фуқароларни нотўғри жазолаб, улардан хукуматга ҳам, қонунларимизга ҳам ишонмайдиган норози одамлар тоифасини ўз қўлимиз билан яратамиз. Бу эса, кўп ҳолларда тузатиб бўлмайдиган вазиятларни келтириб чиқариши мумкин. Яна шуни афсус билан тан олишимиз керакки, ҳали-бери қонунчилигимизда ҳам, қонунларни қўллаш фаолиятимизда ҳам кўриниб турибдики, суд-тергов тажрибасида баъзан умуман тоқат қилиб бўлмайдиган мантиқсизликларга йўл қўйилмоқда”, деб огоҳлантириб айтган гаплари бежиз эмас.

“Адолатли суд ва ҳақиқат бўлмаган жойда давлат қароқчилар тўдасига айланади”,
( В отсутствии правосудия и справедливости государство преврашается в шайку разбойников ) деган эди IV-асрда яшаган қадимги Рим сенатори ва буюк давлат арбоби Августин Аврелий.

ХI-асрда яшаган буюк юртдошимиз Амир Темур, “ куч зўровонликда эмас, куч-адолатдадир” деб хитоб қилган.

ХХI –асрга келиб юртбошимиз И.Каримов, “адолат эса қонун устиворлигидадир” деб таъкидлаган.

Кўриб турганингиздек, адолат, ҳақиқат ва қонун устиворлиги мавзуси турли маконда ва турли замонда яшаган давлат арбобларининг доимо диққат марказида бўлиб келган.

Муҳтарам Президент жаноби олийлари !

Мен жиноятчи эмасман!!!
Тўғри, мен мухолифатчиман, нодавлат хуқуқ ҳмоячисиман. Аммо, мен Ватанимга, халқимга ва шу халқ сайлаган Президентимга душман эмасман. Ривожланган ҳуқуқий демократик давлат – ларда соғлом оппозиция, соғлом рақобат иқтисодда ҳам,сиёсатда ҳам жамиятни ривожланиш сари ҳаракатлантирувчи асосий омил ҳисобланади. Халқнинг, жамиятнинг хақиқий душманлари – бу бўлар-бўлмасга қарсак чалиб, ёлғон маълумот тарқатувчи, ҳар мақомга йўрғаловчи буқаламун маддоҳлардир. Аслида, ана шунақалардан эҳтиёт бўлишимиз керак. Хаққоний танқид соҳта маддоҳликдан афзалдир.

Мен бутун онгли хаётимни мустақиллиги, халқимиз озодлиги йўлига бағишлаганман. Ҳусусан, 1986-87 йилларда Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари И.Усмонхўжаевга ва “Совет Ўзбекистони” газетасига “ очиқ хат” билан мурожаат қилиб, унда :

– давлат идораларида ўзбек тилида иш юритишни;
– давлат мадҳиясидан “ассалом, рус халқи…” деган мисраларни чиқариб ташлашни;
– мактаб ўқувчилари ва талабаларни пахта йиғим-терим ишларидан озод қилишни;
– Конституцияга мулк эркинлиги, эътиқод эркинлиги, сўз эркинлиги каби ўзгартиришлар киритишни;
– Мактабларда Ислом динини фан сифатида ўқитилишини;
– Жума кунини дам олиш куни деб белгиланишини ва бошқа шу каби ўша пайтда пишиб келаётган оғриқли муаммоларни ечиш таклифи билан чиққан эдик.

90-йилларнинг бошларида бир гуруҳ эркчилар билан Мустақиллик Декларациясини таҳрир қилиш, уни Олий Советга овозга қўйиш учун тақдим этиш, депутатлар билан тарғибот – ташвиқот ишлари олиб бориш жараёнларида озми-кўпми ўз ҳиссамни қўшганман.

Мустақиллик йилларида ҳам бир нечта амалий таклифлар билан чиқиб, уларни хаётга жорий қилганман. Ҳусусан, кўп қаватли уйларда аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган ЖЭКлар ўрнида ўзини ўзи бошқариш идоралари ташкил этиш ва шу идоралар қошида уй-жойлардан фойдаланиш ширкатлари тузиш ташаббуси билан чиқиб, буни амалда Қора қамиш 2/4 мавзесида биринчилардан бўлиб қўллаганман. Бу ташаббусимни ўша пайтдаги коммунал хўжалик вазири В.К.Михайлов, Тошкент шахар хокими ўринбосари Р.Шоабдураҳмоновлар ҳар томонлама маъқуллаб, қўллаб-қувватлаган эдилар. Бу хақда “Ассалом, Ўзбекистон” ва “Ахборот” дастурлари 20 дақиқалик кўрсатув ҳам тайёрлаган эди.

Аммо, вазир В.К.Михайлов башорат қилиб :”билиб қўй, ташаббус жазоланади, бошлаган ишинг аҳоли учун ҳам, давлат учун ҳам бир мунча фойдали, буни республика миқёсида ҳам кенг қўлласа бўлаверади.Аммо, улар сени бемалол ишлашингга қўйиб беришмайди, чунки сен уларни “ёғли нони”ни тортиб олдинг. Ё улар сени ўлдириб юборишади, ёки бўлмаса қамаб юборишади” ( Они не дадут тебе спокойно работать, они тебя убьют или, в крайном случае, посадят. Потому, что ты отобрал у них жирний кусок), деб огоҳлантирганидек, эндигина куртак ёйиб, халқнинг хурмат-эътиборини қозонаётган ташаббусни ёпиб ташлаб, ўзимни қамаб юборишди.

Бундан ташқари, Тошкент шахар экологиясини яхшилашга оид лойиҳамни ҳамда хуқуқни муҳофаза қилувчи ( ИИВ, МҲХ, божҳона, солиқ департаменти, прокуратура ва суд ) орган- ларида коррупцияга қарши назорат мониторинги ўтказиш ҳақидаги лойиҳаларимни Сорос фонди ҳам маъқуллаган ва катта миқдорда грант ажратишни ваъда қилган эди.

Сўнгги вақтларда фуқароларнинг хуқуқий онги ва хуқуқий маданиятини ошириш, шунингдек, қонун устиворлигини таъминланишида жамоатчилик назоратини ўрнатиш юзасидан фаолият юритганман.

Ҳурматли Шавкат Миромонович !

Мен жиноятчи эмасман !
Минг афсуски, Қорақалпоғистон хуқуқни муҳофаза қилувчи ( ИИВ, МҲХ,прокуратура,суд ) органларига жойлашиб олган бир тўда нопок кимсалар уюштирган тухмат ва бўҳтондан иборат жирканч ва тубан уйдирманинг қурбони бўлганман.

Мен буни ўзимнинг назорат тартибида ёзган шикоят аризаларимда аниқ ва ишончли далиллар билан кўрсатиб берганман. Ўзимга қўйилган айбловларга мутлоқо иқрор бўлмаганман. Бу айбловларни тўлиғича уйдирма, шунингдек, суд хукмини эса, конституциявий принципларга ҳамда жиноят ва жиноят процессуал қонунчилиги талабларига ва нормаларига буткул хилоф деб биламан. Зеро,айблов ҳам, хукм ҳам менинг шахсим ва касбий фаолиятимга нисбатан уюштирил- ган ғаразли мақсад негизида тузилган, деб ҳисоблайман.

Менга нисбатан қўйилган айбловлар, шу асосида чиқарилган суд хужжатлари ўз мазмун-моҳиятига кўра, энг аввало, конституциявий принципларга асосланган жиноий ва жиноят-процессуал қонунчилиги талаблари ва нормаларига, Инсон хуқуқлари Умумжахон Декларацияси, Қийноқлар ва ғайриинсоний муносабатлар, шафқатсиз муомалага қарши Конвенция тамойилла – рига тўлиқ хилоф равишда иш юритилганлигини кўрсатади.

Зеро бу борада Халқаро Амнистия ташкилоти, Ўзбекистон инсон хуқуқлари “Эзгулик” жамияти каби нуфузли ташкилотларнинг “Баёнот”лари, “Пресс релиз” лари, ҳисобот ва ёзма муносабатларида, АҚШлик ўндан ортиқ сенатор-конгрессменларнинг мурожаат хатларида ҳам аниқ таъкидлар билдирилган.

Муҳтарам Президент жаноби олийлари !

Мен жиноятчи эмасман !!!
Ҳеч қандай айбим бўлмасада, мана деярли ўн йилдирки ҳамон қамоқдаман. Шу боис, дунёда ва юртимизда содир бўлаётган ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ўзгаришлардан бир мунча бехабар қолдим. Аммо, Сизнинг ва бошқа номзодларнингсайловолди Дастурингиз билан имкон қадар танишиб чиқишга муяссар бўлдим. Шунингдек, ИИВ.прокуратура, судьялар корпуси ҳамда диний идора ҳодимлари билан бўлган учрашувларингизда сўзлаган маърузаларингизни зўр иштиёқ ва синчковлик билан ўқиб чиқдим. Бошлаган оғир ва мушкул, шу билан бирга саҳоват- ли ва ҳайрли эзгу ишларингизда Сизга Аллоҳдан сабр, мадад ва куч-қувват беришликни сўраб қоламан.

Такрор айтаман, мен муҳолифатчиман, маддоҳ ёки лаганбардор эмасман. Агар озодликда бўлсам, янгиланиш ва ривожланиш йўлидаги ҳар қандай эзгу ишларингизни маъқуллайман, имкон қадар ўз билимим, малакам, куч-қувватим доирасида қўллаб-қувватлайман, аммо адолатсизлик, сохтакорлик, коррупция ва зулмнинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз курашаман. Мени хаётдаги шиорим (кредо) шундан иборат. Адолатсизлик билан ё курашилади ёки ҳамкорлик қилинади, учинчи йўл бўлиши мумкин эмас.

Ўзингизга ҳам маълум, адолатли суд ва ҳақиқат бўлмаган жойда давлат қароқчилар тўдасига айланади.Қароқчилар тўдасида қонун эмас, куч ва зўровонлик хукмролик қилади. Зўровонлик бор жойда ақл-заковатга, аҳлоқ-одобга ўрин қолмайди, худди советлар тизимидаги маъмурий-буйруқбозлик каби. Шунингдек, ижтимоий ҳимоя таъминланмаган юртда экстремизм пайдо бўлади. Бу социологиянинг асосий қонунларидан бири ҳисобланади. Жамиятнинг ривожи, давлатнинг равнақи, халқнинг фаровонлиги йўлидаги ўта хавфли бўлган ана шу иллатнинг кушандаси эса адолат бўлиб, давлат бошқарувида, айниқса, мехнат ва неъмат тақсимотида одилликни тақазо этади. Адолат эса, қонун устиворлигидадир. Қонун устиворлиги давлат Президенти томонидан кафолаеланиши Конституцияда белгилаб қўйилган.

Сўнгги йилларда юртимизда жиноятлар кўламининг тобора кенгайиб бораётганлиги, айниқса наркотик савдоси, қотиллик, жинсий тажовуз, босқинчилик, одам савдоси, давлат мулкини талон-тарож қилиш, фирибгарлик каби оғир ва ўта оғир жиноятларни тез суръатлар билан урчиб бораётганлиги, айниқса, хотин-қизлар ва болалар ўртасида жиноятлар салмоғини кўпайиши, шунингдек, хуқуқни муҳофаза қилувчи (ИИВ, МҲХ, прокуратура, суд ) органлари томонидан содир этилаётган жиноятлар кўлами тобора кенгайиб бораётганлиги, шунингдек, ишсизлик, фоҳишалик, коррупция каби социал иллатларнинг тез суръатлар билан ўсиб бораётганлиги вазиятни янада хавфли тус олишига сабаб бўлмоқда.

Айниқса, асосий миллий бойлигимиз ҳисобланган кўпгина йигит-қизларимиз шундай бахтли ўлкани ташлаб, биздан ҳам бахтсизроқ бўлган давлатларги иш излаб чиқиб кетаётганлиги, аксарият аёлларимиз чет элларда асосан фоҳишалик билан шуғулланиб юрганлиги мамлакатимизда ижтимоий ҳимояни заифлигидан, конституциявий кафолат йўқлигидан, маънавиятимиз тубанлашганлигидан далолат бермайдими ?!

Кўпчилик Ўзбекистонда хақиқат йўқ , деб ўйлайди. Бу – нотўғри тушунча. Аслида,хақиқат- бу Ҳақнинг сўзи, Ҳақнинг иродаси ва у ҳамма ерда мавжуд, бепоён Космосдан тортиб атом ядроси ичигача кириб борган. Фақат уни излаш, топиш, Хақиқат учун курашиш керак. Нохақлик- ка қарши, адолатсизликка қарши,хақиқатни бузиб кўрсатувчиларга қарши ё курашилади ёки ҳамкорлик қилинади. Миллатнинг саодати унинг қайси йўлни танлаганлигига боғлиқ.

Биз менталитетимизга ҳос бўлган мақтанчоқлик, манманлик билан “ дунёда энг,.. дунёда энг..” дея ҳарчанд мақтанмайлик, ҳаёт хақиқати барибир ўз сўзини айтади. Буюк Гёте таъкидлаганидек : “назария қуқруқдир дўстим, аммо яшнар ҳаёт дарахти…”. Охир-оқибат ҳақиқат юзага чиқади, адолат қарор топади. Буйруқ билан, зўровонлик билан ҳаёлни хақиқатга айлантириб бўлмайди, соҳтани ҳақиқий деб сингдириш мумкин эмас. Ахлат ўра устига гилам ёйиб, устидан қимматбаҳо духи сепиб қўйилсада, ундан таралаётган қўланса ҳид шу жойда нимадир жойида эмаслигини (что-то не то… эканлигини) билдириб туради.

Ахир, бир замонлар “ Ер айланади…” деганлиги учун ҳам давлат бошқарувидаги жохил кимсалар буюк олим Джордано Брунони тириклайин ўтда ёқиб юборганлар. Бошқа бир олим Галилео Галилейни қийноқлар остида шу фикридан қайтишга мажбур қилганлар. Қийноқ азоб-лари жонидан ўтиб кетган кекса олим ўз қарашларидан воз кечган, лекин инквизация судидаги охирги сўзида: “ мен айланмайди деганим билан у тўхтаб қолмайди-ку, барибир, айланаверади-ку”, деган. Дархақиқат, Ер ҳали ҳамон айланаяпти-ку ! Зўрама-зўраки дабдабавозлик, соҳтакор-лик, маддоҳлик, ўзини-ўзи мақташ, ёлғончилик, бўлар-бўлмасга қарсаквозлик каби иллатлар ҳеч қачон ижтимоий хаётда ҳам, сиёсатда ҳам ҳеч кимга на обрў ва на бир фойда келтирмаган. Арзимас ёлғон билан ҳаспўшланган кичик бир муаммо кейинчалик жамиятга зиён етказувчи жиддий бир хавфга айланиши мумкин. Касални яширсанг, деганларидек, агар биргина шахс ўзини касаллигини яширса, бу балки ўзи учун хавф солиши мумкин. Агар, шундай ҳолатни бутун бошли жамият миқёсида кўрадиган бўлсак, бу- жамиятни таназзулга юз тутишига сабаб бўлиши мумкин.

Мен Эйнштейннинг кўпчилик тушунмайдиган нисбийлик нисбийлик назариясини тушунаман, Максвеллнинг электромагнетизм тенгламаларини тушунаман, синхрофазатронни ишлаш принципини биламан, Да Винчи кодини, қолаверса, Кони ва Плеваколарнинг юриспруденциясини тушуна оламан. Аммо, Ўзбекистон хуқуқни муҳофаза қилувчи ( ИИВ, суд МҲХ, прокуратура ) органлари ходимлари фаолиятини асло тушуна олмадим. Уларга баъзан ачинаман, баъзан улардан нафратланаман. Қачон улар ҳам ҚОНУН деб гапиришни, ҚОНУН билан ишлашни ўрганади. Ахир, прокурор дегани порахўрар дегани эмаску !

Ҳурматли Шавкат Миромонович !

Мазкур муассасадан туриб Сизга мурожаат қилишликни ўзи кимларгадир эриш туюлар. Кимдир буни нодонлик деса, яна кимдир хавфли таваккалчилик дейди. Лекин, айни дамда кимларнингдир фикри мени қизиқтирмайди. Шу пайтгача ҳаётим йўлида учраган барча чиғириқлардан эсон-омон ўтиб келдим. Одамлар дахшатга тушадиган қашшоқликни ҳам, ҳавас қиладиган бойликни ҳам кўрдим, турли соҳаларда турли мансаб лавозимларда ишладим. Коммунистик тузум алдамчи тузум эканлигини англаб етганимдан буён шу тузумга қарши курашиб келдим.

Ёшлигимда биздан ҳам Махатма Ганди, Нельсон Мандела, Вацлав Гавел, Лех Валенса каби ўз халқини, миллатини озодлик сари, саодат сари бошловчи дарғалар чиқармикан деб орзу қилардим. Доимо буюк бобокалонларимиз билан мақтанганимизда, орадан йиллар ўтгач авлодларимиз ҳам биз хақимизда шундай эслармикан деб ўйлардим. Лекин, ҳеч қачон нима учун кечагина “халқ душмани” бугун қаҳрамонга айланганлигини, кечаги доҳий эса бугунга келиб ваҳший бўлиб қолганлиги ҳеч кимни қизиқтирмасди. Бу ёлғонлар қачон барҳам топаркин деб ўйлардим. Шоир айтганидек :

Элни тўйдиришдан турма тўлдириш
Одамни тахқирлаш каби осон иш-
Қамамоқ тухматлаб-тирик ўлдириш,
Бир чеким нос чекиб тупурмоқдек жўн !
Маддоҳлар, сотқинлар суварак сифат
Номуснинг нарҳи бир жез медал фақат,
Ҳатто, шуҳам талош, шунга ҳам навбат,
Ҳамият эгнида эски йиртиқ тўн !
Дабдабали шиор – таъкидлар бисёр,
Амалда тазйиғу таҳдидлар бисёр,
Хақталаб Мазлумлар, шаҳидлар бисёр,
Шоирлари сўқир -, Дарғалар – жунун !……..

Ўзбекистон телевиденияси жиноят ишлари бўйича Юнусобод ва Чилонзор туман судларида ўғрилик, босқинчилик жинояти содир этган жиноятчиларни жазо тайинламасдан, озодликка қўйиб юборилаётган лавҳалар намойиш қилинди. Бу балки яхшилик аломатидир, аммо, нима бўлганда ҳам жиноятчи жазоланиши керак эди. Ҳар ҳолда булар саҳнада ўғрилик ролини ўйнаб берган театр артистлари эмас, балки ҳақиқатдан ҳам оғир жиноят содир этган жиноятчилар эди.

Мен бу билан Ўзбекистон суд-хуқуқ тизимида ўтирган алломалар нима демоқчи бўлганликларини тушунмадим, лекин мен каби адолат йўлини, хақ йўлини, ҳалол турмуш тарзини танлагани учун ҳам қамоқҳоналарда азоб чекаётганларни қисмати нима бўлади ?!

Давлат номидан иш юритувчи айрим нопок кимсаларнинг ножўя фаолиятига тўғаноқ бўлаётганлиги учун, хақиқатни гапирганлиги учун, ўзгача фикрлагани учунгина қамалганларни тақдири нима бўлади ?!

Хақиқат изловчи журналистлар ва хуқуқ ҳимочилари Дилмурод Саид, Соли Абдураҳмон, Фаҳриддин Тиллаев, Исроил Холдорларнинг тақдири нима бўлади ?!

Хақни деган Абдуллоҳ Мухторов, Лутфиддин Муҳиддинов, Абубакир Кенжаев, Шерзодбек Назарбеков каби илмли, билимли, инсонлар тақдирини ким ҳал қилади ?!

Ойбек, Умид, Ғиёсиддин, Ғайрат, Шуҳрат, Шавкат, Тоҳир, Тўлқин, Руҳиддин,Аваз…..

Буларни ўнлаб, юзлаб, миглаб исмларини келтириш мумкин. Булар ўзларининг илми, билими, ахлоқ-одоби, касб-ҳунари, салоҳияти, юксак маънавияти билан жамиятимизда тобора чуқурлашиб бораётган маънавий бўшлиқни тўлдириши мумкин эди-ку !

Буларни айби маддоҳлик, соҳтакорлик қилолмаганлигида, иккиюзламачи бўлмаганлигида. Буларнинг айби ҳалол турмуш тарзини, Ҳақ йўлини танлаганлигида, мустақил фикрлаганлигида! Ҳақиқатга кўчадиган бўлсак, айнан шулар эмасми миллатнинг юзи, ор-номуси, ифтиҳори, келажаги….. Соҳтакор маддоҳларнинг ноғорасига ўйнамаганлиги учун ҳам улар қамоқда. Зиндонбанд бўлсаларда улар қул эмас, ҳақиқий озод инсонлар. Қалби пок, вужуди ҳур инсонлар ана шулар, аслида. Кимнидир қул қилиб, ўзингга тобе қилмоқчи бўлсанг, унга НОН ва НАВО бергин дейишади.( … дай ему ПИЩУ и ЗРЕЛИЩА, и он будет твоим рабом). Ана ўша емишдан ва маишатдан ўз нафсини тия олганларгини ҳақиқий озод инсонлардир.

Муҳтарам Президент жаноби олийлари !

Мен жиноятчи эмасман!!!
Мен қандайдир мансабга, лавозимга, обрўга даъвогарлик қилиш ниятидан йироқман. Шунингдек, қандайдир бойлик ёки шон-шухрат ҳам мени қизиқтирмайди. Шунингдек, қандайдир мақтов, мурувват ёки орден-медалларга ҳам мухтож эмасман. Илмда ҳам, спортда ҳам, меҳнат фаолиятимда ҳам, шахсий хаётимда ҳам баъзилар ҳавас қиладиган, баъзилар хасад қиладиган мавқега эришдим. Ўз вақтида виждоним буюрган ишни қилдим, бунинг учун оилам, фарзандларим, невараларим олдида юзим ёруғ. Иймонимни бутун қилишликни ёлғиз Аллоҳдан сўрайман. Аммо, атрофингизда кимдир маддоҳлик қилиб, қарсаквозлик қилиб турса, ёлғон ҳисобот, сохта маълумот бериб, Сизни ҳам, халқни ҳам чалғитиб турган бир вазиятда кимдир ҳақиқатна гапирса, буни нимаси ёмон. Ахир, ёлғон эмасми, барча иллатларнинг онаси ?! Ахир, жамиятни тубанликка, ҳалокатга етакловчи офат ҳам айнан ана шу ёлғон эмасми ?! Шундай экан, шоир айтганидек,

Индамак мумкинмас, мумкинмас сира,
Ҳамоқат хайқирса, боқилса ўғри!
Фаҳш юрса менман деб тоза, бокира,
Тўғрилиги учун қамалса тўғри!
Индамак мумкинмас, мумкинмас сира….

Атрофингизда бўлиб турган номаъқул ишларни, адолатсизлик кўра била туриб, индамасликни ўзи ҳам қандайдир маънода жиноят, гуноҳ. Мен ўзимни ва мен каби ноҳақ қамалганларни бегуноҳ деб айтолмайман, ҳаммамиз ҳам Аллоҳнинг хузурида қайсидир даражада гуноҳкормиз ва бунинг учун Унинг олдида жавоб берамиз.

Сиздан ягона илтимосим – мен ва мен каби ноҳақ қамалган “айбсиз айбдорлар”ни оқлаш, яъни реабилитация қилиш учун ҳақиқатни юзага чиқариш ва адолатни қарор топтириш мақсадида Олий суд, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, ИИВ, Омбудсман ва Олий Мажлис суд-ҳуқуқ масалалари бўйича комиссияси, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ҳамда мустақил журналистлар, Ўзбекистонда ва чет элларда фаолият юритаётган нодавлат инсон ҳуқуқлари ташкилотлари иштирокида очиқ суд преценденти ўтказишга рухсат беришингизни сўрайман.

Мен судни адолатсиз ва ноқонуний хукми билан ўзимга ноҳақ тайинланган жазо муддатини ўтаб бўлдим. Фақат Ўзбекистонда кашф қилинган буюртма жиноят иши ва “точковка” усулида мени деярли 10 йил қамоқҳоналарда сақлаб келишди. Агар яна “мурувват” кўрсатишса, яна шу усулда “раскрутка” қилиб юборишар. Мен шу вақтга қадар қилмишимдан пушаймон бўлиб, афвнома ёзиб беришга мажбурлашди. Лекин, мен жиноятчи эмасман-ку !!!Қайси қилмишим учун ёки қайси айбим ёҳуд жиноятим учун пушаймон бўлишим керак. Мен фақат бир нарсадан – ана шундай нопок кимсалар билан бир ҳаводан нафас олаётганлигимдан пушаймонман, ҳолос!

Ўз сўзларим ва дастхатим билан ёзилган ушбу мурожаатим Сиз жаноби олийларини бефарқ қолдирмаслигига ишонаман ва умид қиламан.

Махкум Турғунов Аъзам Олимович
Қашқадарё вилояти Қарши шахри
Шайх Али қўрғони 49-ЖИЭК
02.09.2017 йил.

P.S. Ушбу мурожаатим маълум каналлар орқали Сизга етиб келгунига қадар мен 7 октябр куни озодликка чиқдим, лекин бу мазкур мурожаатимнинг моҳияти ёки салмоғини ўзгартирмайди.