Оврупо Комиссияси Раиси Жозе Мануэл Баррозо жанобларига
Белгия Қироли Альберт II га
Жорий йилнинг 24-январида сизлар ўзбек мазолими Ислом Каримовни қабул этишга шайланмоқдасизлар.
Наҳотки, бу кишининг 2005 йилда Андижонда намойишчи халққа қарши уюштирган оммавий қатлиомини бу қадар тез унутдингизлар?
Бу қатлиомга қарши санкциялар уйғулаган эдингизлар, аммо бу зот сизлар қўйган талабларнинг битта параграфини ҳам бажармаганди.
Шунга қарамасдан, сизлар бу “санкция”ларингизни бекор қилдингизлар.
Гўё Каримов содир этган жиноятлари учун тавба қилгандек.
Гўё у ҳур фикрли инсонларни таъқиб қилишни тўхтатиб,мингларча мухолиф ва диндорларни зиндон озод этди. Гўё Каримов режими уларга қарши қийноқларга барҳам берди, гўё Ўзбекистон ниҳоят озодлик ва ҳуррият сари юра бошлади.
Гўё сизлар берган жасоратдан илҳомланган режимнинг давлат терорини янада оширганини кўрмаяпсизлар. Гўё сизлар Каримовнинг мафия Тўдабошиси билан ҳамкорлиги хақида АҚШ элчиси Пурнеллнинг(WikiLeaks) рапортини ўқимагансизлар. Гўё сизлар интизорлик билан кутаётган бу зотнинг қизлари Гулнора ва Лоланинг ўзбек халқидан ўғирлаган миллионларини сизнинг ёнгинангизда, Швейцарияда (WikiLeaks) сақлаётганини билмайсизлар.
Баррозо жаноблари!
Биз сизни камералар олдида диктатор билан бирга ўзингизни кўз-кўз қилишдан олдин бир ўйланиб кўришга чақирамиз. Бу диктаторнинг сизларга берадиган Афғонистон коридори эвазига ғурурингиз бўлган демократия ва ҳуррият каби қийматлардан воз кечмасликка даъват этамиз.
Қирол Жаноби Олийлари! Умид қиламиз-ки, бир золим билан бир сафга туриб, қиролларга хос олийжанобликка доғ туширмаяжаксиз. Акс холда, сизларнинг ҳаракатингизнинг “Real politics” ниқоби остидаги макиавеллизмдан ҳеч бир фарқи қолмаяжак.
Ўзингизга келинглар:Сизлар ҳимоясиз аёлларнинг ва норасида болаларнинг қотили пойига гилам тўшаш учун шайланaяпсизлар. Сизлар шарафсиз бир зот учун шараф маросими тайёрламоқдасизлар!
17.01.2011
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (480-481-саҳифалар.)