Алихонтўра Соғуний
ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 235
(давоми)
РАСУЛУЛЛОҲНИНГ БЕТОБ БЎЛИШЛАРИ-4
Рабиъул аввал ойининг ўн иккиси душанба куни эди. Туғилишлари, ҳижратлари, вафотлари шу ой, шул кунда бўлди. Онамиз ҳазрати Оишанинг қучоғида ўлтириб, бошлари кўксида туриб жон бердилар. Соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Шу чоғда ғойибдан бир овоз келди: «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ, Эй уй эгалари! Ҳар бир жонлик нарса ўлим шарбатини ичмасдан қолмайди.
Дунёда қилган яхши амалнинг ажри охиратда берилади. Мусибат кўрувчиларнинг Худо олдида ажрлари улуғдир. Ўлганнинг ўрнини ўзи тўлдиргай. Аллоҳнинг ёрдамига ишонинглар, ўлим-мусибатга сабр қилингларким, улуғ савобга эга бўлурсиз. Сабрсизлар ажр-савобдан қуруқ қолганликдан ҳақиқий мусибат шуларга бўлғай».
Ҳазрати Али:
— Бу овоз эгаси ҳазрати Хизр алайҳиссаломдур, Расулуллоҳнинг хонадонларига таъзият қилиб келмишдурлар, — дедилар.
Сўнгра Расулуллоҳни сарирдан олиб ерга ётқиздилар. Устларига парда ёпдилар. Оламни қоронғулик босиб, Мадина ичи йиғига тўлди. Кўп кишилар ақлдан тойиб, ҳоллари ўзгарди.
Ҳазрати Умар ҳушсиз, ҳазрати Усмон тилсиз бўлдилар. Абдуллоҳ ибн Унайс қаттиқ қайғуриб вафот бўлди. Мунофиқлар қувонишиб, бош кўтаришди. Ҳаммадан бардошлик бўлиб турган ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ эдилар. Кўнгли ғам, кўзига ёш тўлган, йиғи товуши гоҳи кўтарилган, гоҳи кўксида бўғилган ҳолда келиб, Расулуллоҳ устларига кирди. Юзларини очиб:
— Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ, — деб юз-кўзларини ўпди. — Тириклигингизда қандай пок эдингиз, ўлганингизда ҳам шундай покдурсиз. Яхшилик сифатларингизни санаб қандай тугата олғайман, қайси кўз ёшим билан сизга йиғлагайман? Ўтган пайғамбарлар ўлганларида тўхталмаган осмон алоқаси, сизнинг вафотингиз билан ердан энди узилди, агар ўлим иши ихтиёрлик бўлса эди, сиз учун бизлар жонларимизни фидо қилар эдик.
Ё Муҳаммад, Парвардигоринг олдида бизларни ҳам эслагин, сенинг кўнглингда бўлайлик, — деб яна юзларидан ўпиб, вой дўстим, вой меҳрибоним, деб йиғладилар.
Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг шижоати шу куни ҳаммага маълум бўлди. Шижоатнинг маъниси эса, даҳшатлик кунларда, ўлим мусибати тушганда бардошлик бўлиб, ўзини йўқотмай туришдир.
Инсон мусибати ичида Расулуллоҳнинг вафотларидан улуғ мусибат йўқдур. Мунинг зарбаси бутун мусулмонларга, балки ҳамма оламга етди. Ҳазрати Алидек шери худо бўлган зот ҳам қўл-оёқлари жонсиз бўлиб, ўлтириб қолдилар. Ҳазрати Умардек соясидан шайтон қочган зот ҳушсизланиб, қўли қиличининг сопини тутган ҳолда масжид ичида у ёқдан бу ёққа югуриб:
— Расулуллоҳни ким ўлди деса у мунофиқдур. Расулуллоҳ ўлгани йўқ, лекин Парвардигорнинг олдига кетди. Мусо пайғамбар ҳам Худо олдига бориб қирқ кундан кейин келган эди, у зотни ҳам қавми ўлди, деган эдилар. Худо ҳаққи, Расулуллоҳ қайтиб келади. Мунофиқларни ўлдириб жазоларини бермасдан туриб, дунёдан кетмайди, — дер эди.
Бутун Мадина халқи масжид атрофига йиғилган эдилар. Расулуллоҳнинг ўлими уларга қаттиқ таъсир қилган эди. Расулуллоҳ ҳаётларида фоний дунё билан боқий дунёнинг алоқаси боғланмиш эди. Худодан ваҳий келиб туриши улуғ қудрат нишони бўлиб халқ кўзи олдида мўжизаларнинг кўриниши эрса боқий оламнинг аломатлари эди.
Буларни келтирган зот Расулуллоҳ бўлганлари учун бу ишларни кўзлари билан кўриб турган халқ у зотга ўлимни раво кўришмай ўлишларини узоқсиниб, ўлсалар ҳам дунёда узоқ яшаб умматларининг бутун ер устида ғалаба қилганларини кўриб, исломият ҳукмини оламга юргизиб, бутун ишлар бажарилгандан кейин ўлсалар керак деб ўйлашган эдилар. Тўсатдан бундай даҳшатлик мусибатнинг бирданига бўлиб қолиши мусулмонларни қаттиқ қўрқитмиш эди.
Шундоқ бўлса ҳам ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг тадбири остида бу даҳшатлик мусибатни тинчлик билан ўтказа олдилар.
Ҳаммадан илгари Расулуллоҳни ўринларига халифа тайинлаш зарур эканини эслатдилар. Чунки Мадина мунофиқлари орқали ички ва ташқи душманлар бу даҳшатлик воқеадан фойдаланиб қолишлари мумкин эди.
Шунинг учун ҳаммадан бурун бу ишга киришдилар. Дарҳол Абу Бакр Сиддиқ даҳшат босиб турган халқ ичидан туриб минбарга чиқдилар. Расулуллоҳдан кейинги энг кучли нотиқлардан эдилар. Мақомга, аҳволга лойиқлаб ҳамд-санодан кейин шундай дедилар:
— Эй одамлар! Ҳар ким Муҳаммадга ибодат қилиб, унинг бандаси бўлса, билсинким, Муҳаммад ўлди. Агар Аллоҳга ибодат қилиб, Аллоҳнинг бандаси бўлса, Аллоҳ ўлгани йўқ, у доим тирикдур. Аллоҳ Қуръонда айтган: «Вама Муҳаммадун илла расулун қод халат мин қоблиҳир русулу афаин мата ав қутилан қалабтум ала аъқобикум ва ман янқолиб ала ақибайҳи фалан яззурралоҳа шайъан васаяжзиллоҳуш-шокирин».
Яъни «Муҳаммад бир инсондан чиққан пайғамбардур. Мундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтганлар. Шунга ўхшаб бу ҳам ўтади. Агар Муҳаммад ўлса ёки ўлдирилса, яна орқангларга қайтиб кофир бўласизларми? Ким динидан қайтар экан, унинг зиёни ўзига бўлади. Аллоҳга зарар етказа олмайди. Ким динини сақлаб, унинг қадрини билар экан, Аллоҳ ажрини беради».
Худо Қуръонда хабар бермишдур: «Иннака маййитун ва иннаҳум маййитуна». Яъни «(Эй Муҳаммад,) сен ҳам ўлурсан, сендан илгариги пайғамбарлар ҳам ўлганлар». Яна Қуръонда айтган: «Кулли шайъин ҳоликун илла важҳаҳу лаҳул ҳукму ва илайҳи туржаъуна».
Яъни: «Аллоҳдан ўзга ҳамма нарса ҳалок бўладур. Ҳукми анингдур, Аллоҳга қайтасизлар».
Яна айтган: «Куллу ман алайҳа фанин ва ябқо важҳу роббика зулжалали вал икроми».
Яъни: «Эр устидаги барча нарса фоний бўлур, иззат-ҳурмат эгаси бўлган ёлғиз Аллоҳ қолур». Яна Қуръонда келган: «Куллу нафсин зоиқатул мавти ва иннама туваффавна ужурокум явмал қиёмати». Яъни: «Ҳар бир жонлик нарса ўлим шарбатини татийди, ажр-савоблари тамоми ила қиёмат кун берилади».
Тўрт ёрнинг бошлиғи, Расулуллоҳнинг энг яқин кўрган дўсти ва қайноталари Абу Бакр Сиддиқдан бу таъсирлик сўзларни эшитгандан сўнгра, даҳшат босиб, ҳайронликда турган кишиларнинг ҳушлари ўзларига келиб, кўзлари очилди.
Ҳазрати Умар:
— Шу юқоридаги оятларни Қуръондан ўқиб юрган бўлсам ҳам, мусибат даҳшати босганликдан буни ҳеч кўрмаган, ўқимагандек бўлиб қолган эканман. Қачон Абу Бакр Сиддиқ муни минбар устида ўқидилар эрса, шунда ҳушим ўзимга келиб: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун»ни ўқиб ўзимга тасалли бердим.
(давоми бор)