Психиатрларнинг бир тажрибаси бор. Бир хонага бешта киши ўтқазилади. Психолог улар билан ўтказилажак тажриба ҳақида аввалдан келишиб олади. Сўнгра хонага ҳеч нарсадан хабари йўқ бир кишини киритадилар ва психолог унга оқ қоғозни кўрсатиб, унинг қайси рангда эканлигини сўрайди. Табиийки, одам қоғознинг ранги оқ эканлигини айтади.
Шунда психолог қолган 5 та кишига айни саволни беради. Улар навбатма-навбат, ғоят жиддий қиёфада қоғознинг қора рангда эканлигини таъкидлайди. Қоғознинг асл рангини айтган бечора одам бунга жаҳли чиқади, аммо атрофдагиларнинг юзидаги ифодани кўриб, ўз кўзидан шубҳалана бошлайди: кўзимга бир бало бўлди-ёв, деб ўйлай бошлайди. Савол-жавоб яна бир-икки марта такрорланганидан сўнг, шўрлик одам қоғознинг оқ рангда эканлигидан жиддий шубҳалана бошлайди.
Психиатрларнинг бу ўйини тоталитар давлатлардаги матбуот ўйинига ўхшайди. Тоталитар тузум матбуоти оқни қора, қорани эса оқ дейиш учун мухбирлар лашкарини ишга солади. Бу мухбирлардан ҳеч бири тўғрини гапирмайди ва мабодо тўғрини гапирган бирортаси чиқса, унга дарҳол телбага қарагандай қарашади. Ва бу шўрлик одам ҳам атрофига боқиб, юқоридаги айтганимиз тажрибадаги шахс каби, ўзининг тўғрини сўйлаганидан шубҳалана бошлайди.
Ўзбекистон жамоатчилиги кейинги тўрт йил давомида шу гипноз остида яшади. Лекин мен бу гипноз таъсири у қадар кучли бўлганига ишонмайман. Агар бу таъсир бўлган бўлса ҳам, бугун у тугади. Бугун жамоатчилик ташқаридан кўрингани каби ғафлатда эмас. Матбуот, телевидение ва радио, бутун расмий ва норасмий маддоҳларнинг сайрашларига қарамай, халқнинг тузум ҳақидаги фикрини бугун очиқ эшитиш мумкин. Далада ёки цехда, кўчада-кўйда, чойхонада-тўйда, трамвай ёки автобусда айтилаётган аччиқ ва истеҳзоли сўзлар тузумга берилган ҳақиқий баҳо.
Фақат ачинадиган бир нарса бор. Халқдан бир неча қадам олдин юриши керак бўлган зиёлиларимиз қаерга ғойиб бўлди?
Улар ғойиб бўлгани йўқ, кўринмаяптилар, холос. Улар бугун халқнинг олдида эмас, орқасида бораяптилар, шунинг учун ҳам кўринмаяптилар. Уларнинг билдирган фикрлари ва ёзган мақолалари, шеърларини ўқиб, кошки шу биродарларимиз жим турса, кошки ҳеч нарса ёзмаса эди, дея беихтиёр «оҳ» чекади киши.
Чунки улар нима гапирса гапирсин, нимани ёзса ёзсин, ҳаммаси мавжуд мустабидликка хизмат қилади, холос. Бу қадрдон дўстларимиз «Ўзбекистонда ҳақиқатни ёзиш мумкин эмас, чунки цензура бор, зулм бор», дейишади.
Тўғри, Ўзбекистонда ҳақиқатни ёзишнинг имкони йўқ. Лекин бу вазият сизга ёлғонни ёзиш ҳуқуқини бермайди-ку! Халқни алдаш, ўша ўзингиз тан олган зулмни хаспўшлаш ҳуқуқини бермайди-ку! Майли, ҳақиқатни ёзманг, лекин ёлғонни ҳам ёзманг, деб сиздан илтимос қилаяпмиз. Қаранг, бизнинг газеталаримиз ҳукумат ва унинг раҳбарига маддоҳликда бир-бири билан мусобақа қилмоқдалар, аммо халқ бу мусобақани томоша ҳам қилмайди. Халқ бу чиркин ўйиндан нафратланади, шунинг учун ҳам бу заволли нашрларнинг тиражи 10 мингдан ошмайди.
Бир пайтлар халқ наздида ҳақли равишда мўътабар бўлган шоир ва адабиётчилар энди кун сайин ўз обрўсини йўқотмоқда. Ҳатто совет замонида ўз қадр-қимматини сақлаб қола олган баъзи ёзувчиларимиз бугун бир золимнинг шарафсиз маддоҳларига айландилар. Улар бўйнимга медаль оссин, дея ергача энкайишади, ишдан ҳайдалмайин, дея ғаддорнинг қўлини ўпишади.
Бу танқидни бевосита менга яқин бўлган ёзувчи ва шоир синфига айтаяпман. Чунки улар зиёлилар ичида ўз фикр ва ғоясини халқ ичида ёйишга қодир бир синфдир. Қолганлар – олимлар, физика ёки химия олимлари, археолог ёки тарихчи олимлар – улар, минг афсус, бугун тижорат билан шуғулланмоқдалар. Чунки зиёли маоши билан оила боқиш қийин. Минг афсус, илмнинг бизда қадри йўқ, минг афсус, олимларимизга ҳомий йўқ, дейман. Бошқа тарафдан, яхшиямки, бу олимлар ёзувчи эмас, ёзувчи бўлсайди, улар ҳам тинмай ёлғон ёзишга мажбур бўлардилар, дейман.
Чунки қашшоқликдан бир кун қутулиш мумкин, аммо ёлғоннинг асоратидан қутулиш осон бўлмайди. Бу асорат вируси бизнинг фарзандларимизга ҳам юқиш таҳликаси бор.
Менинг бу хил гапларимни эшитиб, баъзи биродарлар ҳафа бўлишади. «Ўзинг панада туриб, хавфсиз жойда туриб, бизни танқид қиласан», дейишади. Аввало шуни айтишим керакки, мен тўғри сўзни айтиш учун ҳеч қачон хавфсиз жой ахтармадим. Хавфли жойларда ҳам тўғри сўзни айтишга баҳоли-қудрат ҳаракат қилдим. Агар айтишга имкон бермасалар, бу жойни дарров тарк этдим. 1992 йил менга Парламентда сўз бермаганлари учунгина депутатликдан истеъфо қилдим. Ўзбекистонда кечган сўнгги кунга қадар ИИВнинг ертўласида терговчига сўроқ берганда ҳам тўғрини гапирдим. Ва ниҳоят, Ўзбекистондан чиқиб кетар экан, яна ўша ўзим тўғри деб билган фикрни айтиш имконига эга бўлиш учун чиқиб кетдим.
Асло ва асло айшу-ишрат учун ватанни тарк этганим йўқ.
(25.12.1997)
(59)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (172-174-саҳифалар.)