Мустақиллик байрами ҳар йили бўлгани каби яна Мустақиллик майдонида кўринишда давлатнинг бир гуруҳ намоёндалари, аслида эса халқимизни асир олган диктатуранинг жиноятчи тўдалари (кланлари) вакиллари тарафидан нишонланади. Ўзбек халқи эса бугун мустақиллик шарофатидан узоқ, зулм тузумининг зарбаларидан мазлум ва паришон ҳолдадир. Ўзбекистон мустақил бўлгандан бери ватанимизда икки дунёқараш вакиллариринг муросасиз кураши давом этиб келмоқда: Булардан биринчиси, кечагина Коммунизни ҳимоя қилганлар, иккинчиси эса эркинлик ва адолат дунёқарашини танлаганларнинг йўлидир. Ўзбекистон Халқ Ҳаракати мана шундай эркинлик ва адолат йўлининг тамсилчисидир. Диктатор Каримов 21 йилдан бери мана шундай эркинлик йўлини танлаганларни йўқ қилишга уриниб келаётган бўлсада, аммо бунинг уддасидан чиқа олгани йўқ. Мустақиллик эълон қилингандан кейин ўтган даврда Ўзбекистондаги диктатура ва мухолифат орасидаги кураш ушбу сўзларимизнинг далилидир.
Диктатор Каримов ўзи раҳбарлик қилган йилларда Ўзбекистонни дунёнинг энг репрессив (эркинликни бўғадиган) давлатига айланди. Бу зулм режими сиёсий ислоҳотларни йўққа чиқарди, мамлакат иқтисодини барбод қилди, ижтимоий адолатни ўлдирди, мамлакатнинг маданий ва маърифий ривожланишини ўн йилларча орқага суриб юборди.
Аммо бизнинг тақдирдан нолишга ва эркинлик учун курашишдан бир лаҳза бўлса ҳам чекинишга ҳаққимиз йўқ. Инсон ва жамият ўз хатосини тушуниб етиш ва ундан амалий хулосалар чиқаришга мукаллафдир. Шу маънода Ўзбекистонни тараққиётга бошлашда мухолифатнинг асосий кучи бўлган ЎХҲнинг амалий таклифларини яна бир марта эслатмоқчи эдик. Бу эслатма айни пайтда мухолифатнинг амалий таклифлари йўқ, деган танқидга ёки ЎХҲ қандай ҳаракат ўзи, деган саволга яна бир марта жавоб беради, деган умиддамиз:
1.ЎХҲнинг асосий мақсади унинг низоми ва дастурида ифодалангани каби ҳозирги Каримов диктатураси ўрнига эркинлик, ҳуқуқ ва адолатга асосланган фуқаровий жамият қуришдан иборатдир. Бу жамият ижтимоий ҳаётнинг бутун соҳаларида Каримов тузумининг акси бўлади. Яъни, биз қурадиган жамиятда халқимиз эътиқодий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва маърифий эркинликларга эга бўлади. Хуллас, ЎХҲ мамлакат бошқарувига келадиган бўлса, Каримов диктатурасига барҳам берилади ва худди 1990 йилларнинг бошларида бўлгани каби ватанимизда ижтимоий сиёсий ҳаётнинг бутун сохаларида эркинлик ва ошкоролик шамоли эса бошлайди.
2.ЎХҲ айни пайтда жамиятдаги эркинликнинг ижтимоий хаосга, яъни эркинлик шароитида ўртага чиқалиган турли ижтимоий гуруҳлар орасидаги ўзаро тўс тўполонларга айланиб кетмаслиги учун ҳам чора тадбирлар олади. Чунки диктатор Каримовнинг 21 йиллик мустабид режими инсонларимизни эркинликка чанқоқ қилиб қўйди. Бундай шароитда ўзларига чегарасиз эркинлик истаган ижтимоий табақалар орасида зиддиятлар ва тўс тўполонлар чиқиши мумкин. (Бундай ҳолга йўл қўймаслик учун олинадиган тадбирлар қуйида моддалар ҳолида келтирилган.)
3.Инсонларга сўз, фикр, эътиқод, турли жамиятларга ва ҳаракатларга аъзо бўлиш, эркин тадбиркорлик ва тижорат билан шуғулланиш, оммавий ахборот воситалари таъсис этиш, мамлакатда ва хорижий давлатларга саёҳат қилиш эркинлиги берилади. ОВИР визаси бекор қилинади, қўшни давлатлар ва Ўзбекистон билан визасиз сафарларни йўлга қўйишни истаган давлатлар билан бу масалада шартномалар тузилади. Жамиятда эркинлик ва инсон ҳуқуқларига амал қилишда инсонларнинг ҳаёти, эътиқоди, ақли, мол мулки, шараф ва номусларининг дахлсизлиги, келажак наслларнинг соғлом бўлишлигини таъминлаш асос қилиб олинади.
4. Сиёсий ҳаракатлар ва партиялар кўпфикрлилик ва конструктив (ижобий ташаббус) муқобиллик шароитида фаолият олиб борадилар. Ижтимоий ҳаётнинг қайси соҳасида (диний, сиёсий, миллий, иқтисодий, маданий маърифий) бўлмасин радикал кайфиятда бўлган ҳаракатлар ва партияларнинг фаолиятига қонуний тўсиқлар қўйилади.
5.Давлат ҳокимияти ҳар 5 йилда бир марта ўтказиладиган эркин сайловлар натижасида шаклланади. Олий Мажлис, Ижро Ҳокимияти ва Маҳкама (Суд) ҳокимияти давлат ҳокимиятининг негизини ташкил қилади. Сайловлар ўтказиш ва давлат ҳокимияти тармоқларининг салоҳиятлари асосий қонунда белгиланади. Давлат ҳокимияти тармоқларидан ҳеч бирининг мутлақ ҳокимиятга эга бўлишига имкон берилмайди. Олий Мажлис ва Ижро Ҳокимияти орасидаги келишмовчиликлар Олий Маҳкама (Суд) қарори билан ечимга боғланади.
6.Жамиятда миллатлар ораси муаммо чиқмаслиги учун Ўзбекистондаги барча миллат вакиллари тенг ҳуқуқлар билан таъминланади. Миллатпарастлик, яъни бир миллатнинг бошқа миллат вакиллари тарафидан камситилишга ва хўрланишига йўл қўйилмайди. Барча миллат вакилларига ўз она тилларини, миллий урф одатларини ўрганиш ҳаққи таъминланади. Шу билан бирга ўзбек тили давлат тили мақомига эга бўлади.
7.Маълумки Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми Ислом динига эътиқод қилади. ЎХҲ Ислом динини ўрганиш ва тараққий қилдиришнинг мўътадил йўли тарафдоридир. Диний маърифат (яъни Исломни ўрганиш) ва мусулмонларнинг ўзаро иттифоқига эришиш бу соҳадаги устувор вазифа ўрнида кўрилади. Ушбу мўътадиллик йўлини ҳаётга тадбиқ қилишни мувофиқлаштириш ва ҳукуматга амалий тавсияларда бўлиш учун бу соҳада мутахассисликка эришган кишилар, яъни уламоларнинг Кенгаши тузилади. Бу Кенгаш янги ҳукумат билан ҳамкорлик қилишни ўз зиммасига олади. Дин масаласидаги барча ихтилофлар ва тушунмовчиликлар мана шу Кенгашнинг тавсиясига кўра ҳукуматнинг амалий тадбирлари билан ечимга боғланади. Кишиларнинг ўзлари истаган шаклда диний жамоалар ва ҳаракатлар тузиб олишига, бу орқали мусулмонлар орасида ихтилоф ва жанжал чиқаришларига имкон берилмайди. Дин масаласида ҳаддан ошиш, мазҳабпарастлик, бидъатчилик, жамоатпарастлик муаммоларини ечимга боғлашда Уламолар Кенгашининг қарори асос сифатида кўрилади.
8.Эркин тадбиркорлик, фермерлик ва тижорат билан шуғулланиш қулайлаштирилади. Солиқ ва божхона сиёсати қайта кўриб чиқилади ва улар эркинлик шароитига мослаштирилади. Кичик ва ўрта даражадаги корхоналар бутунлай хусусийлаштирилади. Давлат фақат стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналарнинг фаолиятини назорат қилади.
9.Қишлоқ аҳлига ҳам эркин тижорий ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга имкон яратилади. Фермерлар ҳақиқий маънода ўз мулкларига эгалик қиладилар. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва уларни сотиш хусусийлаштирилади. Пахта етиштиришда маълум муддат давлатнинг режалаштириш ва маҳсулотни сотишда мувофиқлаштириш салоҳияти сақланиб қолади. Ўзбекистондаги фожеали экологик вазиятни ҳисобга олиб, мамлакат иқтисодиётида қишлоқ хўжалигининг оғирлиги аста секинлик билан ўзгартириб борилади. Тижорат, тадбиркорлик, енгил саноатни ривожлантириш, замонавий техника ва алоқа воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш иқтисоддаги устувор йўналишлар сифатида кўрилади.
10.Мактабларда дунёвий ва маънавий илмларнинг бирга ўргатилиши йўлга қўйилади. Бу билан ёш авлодларнинг илмли, тарбияли, ахлоқли, ватанига садоқатли бўлиб етишишлари таъминланади. Ўқувчиларнинг қобилиятларига қараб уларнинг олий маълумотли ёки турли соҳаларда уста мутахассислар бўлиб етишишлари учун имкон яратилади.
11.Соғлиқни сақлаш соҳасида давлатнинг бошқарув ва мувофиқлаштирувчи роли сақланади. Табиатни қўриш, сув, ҳаво ва озиқ овқат маҳсулотларининг тозалигини таъминлаш орқали профилактик тиббиётнинг (соғлом ҳаёт тарзи ва касалликларнинг олдини олишнинг) роли кучайтирилади.
12.Жамиятнинг негизини ташкил қиладиган оилани сақлаш ва унинг ролини ошириш давлатнинг устувор вазифаларидан бири сифатида кўрилади. Ҳомиладор аёллар ва ёш болали оналар нафақа билан таъминланади. Хотин қизлар жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзолари сифатида кўриладилар, уларга илм олиш, ишлаш ва бошқа ижтимоий фаолиятлар олиб боришда тенгҳуқуқлик таъминланади.
13.Ижтимоий адолат дини, миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги билан таъминланади. Кексалар, болалар, шу жумладан етимлар ва ногиронлар давлат ҳимоясида ва таъминотида бўладилар.
14. Давлат органларидаги ва маҳаллий ҳокимият тармоқларидаги қонунбузарлик, таъмагирлик, порахўрлик каби иллатлар тугатилади. Бу аввало қонуннинг устунлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамияти тамойилларини яхши ўрганган, ахлоқий ва маънавий жиҳатларни ўзида мужассамлаштирган янги дунёқарашдаги кадрларни тайёрлаш орқали амалга оширилади.
15.Давлатнинг ташқи сиёсати унинг манфаатларига мос равишда олиб борилади. Халқимиз билан қон қардош бўлган Ўрта Осиё давлатлари билан чегаралар очилади. Бу давлатлар билан умумий иқтисодий, ижтимоий ва ташқи сиёсат олиб бориш кун тартибига келтирилади.
ЎХҲ ушбу таклифларининг амалга ошиши билан қисқа муддатда мамлакатимиз ижтимоий ҳаётнинг бутун соҳаларида (дин, сиёсат, иқтисод, ҳуқуқ, таълим тарбия ва ҳк) Каримов диктатурасининг фожеали оқибатларидан қутулади ва Ўзбекистон шитоб билан тараққий қилиш йўлига киради, деб ишонамиз. Шу тарзда диктатурадан фуқаровий жамиятга ўтиш тугалланиб, халқимизнинг эътиқодий, миллий ва умуминсоният тараққиётининг ижобий қадриятларига асосланган адолатли, эркинлик ва ҳуқуққа асосланган тузумни доимий қилиш учун имкон яратилади.
ЎХҲ Тарғибот Бўлими
28 август 2012 йил