O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мустақиллик нима?

Мустақиллик нима?
148 views
16 March 2017 - 20:13

Шукур Жаббор

Ҳикоя

Дўстларимнинг салмоқли қисмини чоллар ташкил қилади. Улар билан гапим қовушиб, яхши келишаман. Балки ўзим ҳам аллақачон чолга айланиб бўлгандирману буни сезмаётгандирман.

Қишлоқда Қодир бобо деган яхши дўстим бор. У ёз пайти кўч-кўронини кўтариб далага чиқиб капа қуриб, полиз экинларини экади. То қиш-қировгача капасидан бери келмайди. Шу инсонни йўқлаб бордим. Мен борган куни Муниса деган қизи болаларини етаклаб келиб қолди. Биз капада суҳбат қуряпмиз, қизи ўша жойда қурилган тошдан қурилган ўчоқда бизга овқат пиширяпти, Гулшан деган ширин невараси эса биз эзма чурукларнинг гурунгимизга қулоқ солиб ўтириб зерикиб кетди. Ахийри:

– Бобожон бекинмачоқ ўйнайлик, -деди қизча.

– Ҳозир эмас. Меҳмон бор. Кейин ўйнаймиз, -деди Қодир бобо. Қизча эса ёшига хос эркалик билан:

– Йў-йў-йў ўйнаймиз! Йў-йў-йў…-деб бир оёғини ерга тапиллатиб уриб туриб олди. Шунда мен:

– Бекинмачоқ ўйнамаганимга анча бўлди. Мендан хижолат бўлманг. Ёшлигим эсимга тушиб кетди. Келинг, ўйнасак ўйнай қолайлик. Росса бекинмачоқ ўйнагим келиб турибди,-дедим.

Бекинмачоқ ўйнашга келишдик.

Гулшан кўзини беркитиб санай бошлади: бир, икки, уч… Биз Қодир бобо билан ўша ердаги қамишзор ичига кириб яшириндик. Яширинаётиб ўзим ҳам завқланиб кетдим. Ортимга қарасам Қодир бобо йўқ. Қизчадан яширинча Қодир бобони қидира бошладим. Қамишзор оралаб аста борар эканман, шундоқ ёнимдаги бир тутам қамиш шитирлагандай бўлди. Қарасам Қодир бобо қамиш остида пиқиллаб йиғлаб ётибди. Бекинмачоқ ўйнаётган қария бесабабдан бесабаб йиғлаб ётса ғалати бўларкан. Қалбини очиб йиғи сабабини билиш учун мен ҳам аввал чўккалаб, кейин ётволиб, эмаклаб бориб Қодир бобони туртиб, пичирладим:

– Нега йиғлаяпсиз?..

Қодир бобо ҳам менга тақлид қилиб пичирлаб гапира бошлади:

– Бир иш эсимга тушиб кетди. Хув аграном бўлиб ишлаётган вақтим эсимга тушиб кетди. Бунгаям қирқ йилча бўлди-ёв. Пахта иши билан чақув бўлиб, мени тергов қилишди. Бўйнимга катта камомадни ёзишди. Қамаладиган бўлдим. Бир ўрис офицер мени уриб кўп қийнади. Кейин қамоққа олиб кетаётган жойларида ўша офицерни уриб, ўчимни олиб, ҳеч кимга билдирмай қочдим… Энди ушлаб олишса бўйнимга яна истатя қўшилишини билганим учун жон ховучлаб қочдим. Одамлар кўзи тушмайдиган жойлардан юриб, кунни кеч қилиб қишлоққа етиб келдим… Уйга кирмадим. Мени қидириб уйга келишларини билардим. Шунинг учун мана шу қир-адирларда жон сақладим. Ейишга овқат йўқ. Анави кўлдан балиқ тутиб хомлигича еб, кун ўтказдим. Кундузи ҳеч кимга кўринмай ётиб, кечаси овга чиқаман. Худонинг раҳми келдими, бир куни амакимнинг ўғли Носир шу ердан ўтиб қолди. Носирни имлаб чақириб, аҳволимни тушунтирдим. Носир уйдагиларга мен ҳақимда хабар бериб, тинчлантирибди. Укумат уйга бир милиса минан бир салдатни соқчиликка қўйибди. Носир ҳар куни яндама йўлдан юриб, яширинча менга овқат ташийди. Эхх, у кунлар… Бир куни бирор нарсани сезишган шекилли милисалар шу ергача қидириб келишди. Мен ҳозир қандоқ яшириниб ётган бўлсам, ўшандаям худди шу ерда, ҳа худди шу ерда шу қамишнинг тагида ётгандим милисалар шундоқ тепамга келиб қолишди. Нафас олсам эшитиб қолишади, деб нафас олмай ётибман. Ҳатто сезиб қолмасинлар деб дукурлаб ураётган юрагимдан ҳам ховотирланиб ножам бўлганман. Ҳатто биттасининг оёғи менга тегиб кетай деган… Ҳаммаси Худодан экан. Кўришмади. Агар Худо истамаса кўришмаслигига иймон келтирганман…

Қодир бобонинг пичирлаб айтган бошидан кечирган воқеалари шу нуқтага етганда қизча бизни топиб олди ва:

– Топволдим! Топволдим!..- деб қувончдан ирғишлади. Шунда мен қизчага қараб шундай дедим:

– Эх қизалоқ, яхшиям ҳозир сен топволдинг! Агар бобонгни қирқ йил аввал милисалар топволганда нима бўларди?! Унда сен ҳам, ойинг ҳам йўқ эди…

Қизча билан етаклашиб, қамишзордан чиқиб кела бошладик. Қодир бобо эса ўйин тугагани эсида йўқ, шивирлашга ўрганиб қолибми, ўша хирилдоқ пичирлаш оҳангида деди:

– Яхшиям мустақилликка етишдик! Ўзинга шукур!..

Кеч тушгач акамнинг уйига қайтдим. Жиянларим билан кечқурун телевизор кўриб ўтирибмиз. Телевизорда мухбир кўчадаги ёш-яланглардан “Мустақиллик нима?” деб савол бериб интервью оляпти. Мустақиллик ёшига етмаган ва у нима эканлигини ҳис қилолмайдиган бир ўсмир-йигит “Мустақиллик бизага котта имконият берди” деди. Яна бири – ўша навбатдан ташқари съездда мустақиллик эълон қилинганда гўс бўлиб ўтирган ва сукунат ичра “Хах ахир қарсак чалмайсизларми?!” дейилгандан сўнг қўрқиб-писиб бошқаларга тақлид қилиб чапак чалган молфахм депутатнинг боласи: “Мустақиллик бу олий неъмат!” деди. Мустақиллик ўзи нималигини тушунмаган яна бир калтафахм депутатлардан бирининг қизи мухбирнинг саволига навбатчи гапларни гапириб бидирлаб кетди…

Шунда… (шунда шартта ўрнимдан туриб “Хах мустақиллик ҳақида тушунчангдан ўргилдим! Мустақиллик ҳақида ўзининг соҳибларидан, уни бутун вужуди билан ҳис қиладиганлардан интервью олмайсанми?!” деб телевизорни кўтариб ташқарига улоқтирдим.)

Албатта, бу қавс ичида ёзганларимни хаёлимда бажардим. Аслида эса акам узатган чойни олиб, хўплаб, ёнимдаги жиянларимга ясама илжайиш билан қараб, ҳамма кўрсатуви ясама бўлган қутинг ўчкур ёлғончи қутига мажбуран тикилдим, холос…

(Бўлган воқеа асосида ёзилди)

Манба: facebook.com