Бир гуруҳ русийзабон ўзбеклар ( атамани қаранг!) рус тилига давлат мақоми берилишини сўраб, Ўзбекистон раҳбарига мурожаат қилибди. Илгарироқ буларга ўхшаган яна бир гуруҳ Ўзбекистонга Русиядан бир неча минг рус тили ўқитувчисини олиб келиб, уларни ўзбек халқига кенг миқёсда русча ўргатишга жалб қилишни илтимос қилиб чиққан эди хукуматдан. Бу воқеалар бир-бири билан боғлиқ бўлмаслиги мумкин эмас. Чунки, бундай тоифа одамларнинг ташаббус билан чиқишлари Ўзбекистоннинг яқин тарихида ҳеч кўрилмаган бир ҳолдир. Мадомики, улар бир ташаббусга бел боғлаган эканлар, билинг-ки, уларнинг орқасида уларнинг белини боғлаган одамлар бор, акс ҳолда, ҳокимият қаршисида қаттиқроқ нафас олишдан ҳам қўрқадиган бу тоифа бундай иддаоли чиқиш қилишга журъат қилмаган бўларди.
Албатта, улар: “Ҳурматли президент, сиз бизга оёғингизни ялашни таъқиқлай олмайсиз, бу бизга нисбатан адолатсизликдир!”, деган шаклда президентга қарши “исён” қилишлари мумкин, зотан, бунга ўхшаган “исёнкор”ларни Советлар пайтида ва кейинроқ И.Каримов зулмати ҳукм сурган пайтларда кўп кўрдик. Бу “исёнкор” лаганбардорларнинг ўз жонбозликларида давлат раҳбари соғлиғи ва сиҳатини ҳатто давлат раҳбарининг ўзидан ҳам ҳимоя қилиш даражасида ақлдан озишлари мумкинлигини кўп кузатганмиз. Аммо давлат тили масаласи мазкур тоифа журъат қилиб ўртага ташлайдиган масала эмас, агар булар шу нарсага журъат қилган бўлслар, демак, уларнинг орқасида давлат миқёсидаги кучлар мавжудлиги шубҳасиздир.
Агар ҳақиқатан ҳам давлат мустақиллигига таҳдид солувчи бундай ғайри миллий овозлар бугунги ҳукумат тарафидан уюштирлаётган ва дастакланаётган бўлса, у ҳолда, Мирзиёев президентлик мақомига келганидан кейин “ислоҳотчи” сифатида қозонган озми-кўпми обрўйини ҳам тўла йўқотиши мумкин. Бундай иши билан у тарих саҳифасида ҳатто халқни ва мамлакатни абгор қилган диктатор Каримовдан ҳам тубанроқ ўринга қўйилиши эҳтимолдан узоқ эмас. Нега-ки, ҳатто миллат душмани Каримов ҳам рус тилини давлат тили қилишни хаёлига келтирмаган эди. Албатта, бу унинг давлат мустақиллиги учун қайғурганини англатмайди. 1990 йил баҳорида ўтказилган Иттифоқ референдумида ўзбек халқини СССРнинг сақлаб қолиниши учун овоз беришга чақирган ва кейинроқ Мустақиллик Декларациясига тиш-тирноғи билан қарши турган Каримовдай одамни мустақиллик курашчиси деб гумон қилиш кулгулидир. Ўзи асосан русча гапирган ва ўзбекчани чала-чулпа билган Каримовнинг рус тилини давлат тили қилмаганининг ягона сабаби – унинг дикататор сифатидаги ўз шахсий мустақиллигини сақлаб қолиш истаги эди. Рус тилига давлат мақоми берилиши Русиянинг унинг ишларига (давлатнинг ишларига эмас!) аралашишини қулайлаштиришига унинг ақли етарди.
Хуллас, Мирзиёев тарих саҳифаларида: “У ҳатто қонхўр Каримов ҳам қилмаган ишни қилди – давлат мустақиллигига зарба берди”, қабилидаги иснодли баҳо олмаслиги учун рус тилига давлат мақоми бериш сингари бугун кўтарилаётган фитналарга зудлик билан чек қўйиши керак бўлади.
Мақсуд Бекжон