Ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ 1992 йил бошида Козоғистонда бостириб, Тошкентда яширин равишда тарқатган “Давлат сирлари” китобида илк даъфа мустақилликни “мустақуллик” деб атаб, сиёсий адабиётга янги ибора киритган эди.
Ўша пайтда бу бир сўз ўйинига ўхшаб кўринган ва баъзилар Муҳаммад Солиҳдан хафа ҳам бўлишган эди. Аммо, мана, 25 йилдан кейин бу сўзнинг “ўйин” эмаслиги маълум бўлди. Қуйидаги шу кичик бир манзара бунга катта далил була олади, марҳамат, ўқинг.
Таҳририят
Мустақиллик байрами яқинлашгани туфайли, йўллардаги бутун постлар кучайтирилган. Ҳар доимгидек, байрам муносабати билан халқнинг тинчлиги бузилиб, пайтавасига қурт тушиб қолган. Ҳукуматнинг хурмача қилиқларидан тўйган одамларнинг “байрам” деган сўз меъдасига теккан.
Йиллар бўйи олиб борилган бездириш сиёсати туфайли улар мустақилликка душманга бўлгани каби муносабатда бўлади. Тошкентда ундан ҳам баттар. Бир гуруҳ ҳукумат бошидаги ва хавфсизлик ташкилотлари учун уюштириладиган бу ов халқ учун кони зарар.
Байрам арафасида тижоратчиларни хавфсизлик баҳонасида ғорат этадилар. Уларнинг дўконларига бостириб кириб қўлларидан товарларини тортиб оладилар. Шу учун кўравериб кўзи пишган кўпчилик шу кунларда ишни тўхтатиб туради. Кўпчиликлар ҳар эҳтимолга қарши товарларини кимса билмас жойларга яширадилар….
Вилоятларда эса режим посбонлари ундан ҳам ажабтовур ишларга қўл уришмоқда. Хусусан вилоятлардан биридаги муҳбиримизнинг хабар беришича, мустақиллик байрами муносабати билан бутун Республикада овчиларнинг қўлидаги қурол-яроғлар йиғиштириб олиниши буюрилган экан.
“Ички ишлар бошқармасида бўлганимда, буни ўз кўзим билан кўрдим. Ҳудудлардаги собиқ миршаблар ва посбонлар ўзларига бириктирилган овчиларнинг милтиқларини келтириб топшираётган эдилар”, – дейди у.
Айтишларича, туманларда мингдан ошиқ расмий рўйхатга олинган қурол-яроқ бор экан. Овчилар бошлиғининг айтишича, республика миқёсида уларнинг сони икки юз мингтадан кам эмас экан. Уларнинг йиғиштирилиши сабаби, кимса билмас халқ ичидаги сиёсатдан норози гуруҳларнинг уларга эга бўлмасликлари, байрам арафасида ишкал чиқармасликлари учун экан.
ЎХҲ ахборот бўлими