O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мусулмонларнинг ихтилофлари ҳақида баъзи мулоҳазалар

Мусулмонларнинг ихтилофлари ҳақида баъзи мулоҳазалар
175 views
20 March 2013 - 13:24

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

images (9)Интернетда мен укам, у ҳам мени акам деган биродаримнинг ватанни жиҳод қилиш мақсадида тарк қилган, кейин эса ўзаро низоларга тушиб, бир бирига зулм қилган ва бир бирларини “қўй каби” сўйган мусулмонлар ҳақидаги “лавҳаларини” ўқим ёқамни ушладим…

Нима бўлаяпти ўзи мусулмонлар орасида? Бу биринчи савол. Иккинчи савол эса, ҳозир ҳамма нарса аралаш қуралаш бўлиб кетган, яъни калаванинг учини топиш деярли имконсиз бўлиб кўринаётган бугунги кунда Ислом динининг ва мусулмонларнинг ижтимоий -сиёсий ҳаётдаги ўринлари қандай бўлиши керак?

Мусулмонлар Аллоҳ таолонинг сўнгги Китоби Қуръони Каримга ва сўнгги пайғамбари Муҳаммад (сав)га эргашган умматдирлар. Бу асли, яъни эътиқоди ва амаллари бир уммат аммо доимо ихтилоф қилган, қиладиган, бу ихтилофлари қонли низоларгача етиб борадиган умматдир …Бу умматнинг саҳобалари уларни Ҳақ йўлга даъват қилган, тарбиялаган, тазкия қилган (поклаган) пайғамбар алайҳиссалом вафот қилишлари билан ихтилофга тушган ва ҳатто саҳобаларнинг ўзлари ўзаро урушиб, бир -бирларини қатл қилишгача борган эдилар…

Шунинг учун ҳам Қуръони Каримнинг Ҳужурот сурасида шундай марҳамат қилинган:

“Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг. Агар улардан бири иккинчисига тажовуз қилса, сиз тажовуз қилганига қарши, то у Аллоҳнинг амрига қайтгунича урушинг, агар қайтса, бас, ўрталарини адолат билан ислоҳ қилинг. Одил бўлинг, албатта, Аллоҳ адолат қилгувчиларни суядир. Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, биродарларингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз.” (Ҳужурот сураси 9 ва 10 оятлар)

Яъни, мўминлар ўзаро урушиб кетишлар мумкин бўлгани каби, уларнинг орасини ислоҳ қилиш ҳам мумкиндир, мумкин эмас вожиб ҳамдир. Мен аслида мана шундай ислоҳ тарафдориман, гарчи бугунги фикр ва ахборот тўс -тўполонида бу имконсиз бўлиб кўринаётган бўлсада…
Менинг учун мазҳаб тортишмалари бироз жиддиятсизлик бўлиб кўринади. Чунки Маккага, Мадинага, Оврупога, Америкага борганимда сунний тўрт мазҳаб вактилларининг бир жамоатда намоз ўқиганликларига гувоҳ бўлдим. Баъзи мусулмонлар фақат намознинг бошида, баъзилари намознинг ичида ҳам такбир келтирадилар, имом Фотиҳа сурасини ўқигандан кейин баъзилари овозларини чиқариб, баъзилари эса овоз чиқармай “омин” дейдилар, баъзи мусулмон биродарларнинг соқоллари узунроқ, баъзилариники эса қисқароқ эди…Бундай мазҳабларнинг аралаш қурулаш бўлиб кетганидан ҳеч ким ранжигани ҳам йўқ, бир -бирларини қўйдай сўйиш у ёқда турсин, ҳамма мусулмон, ҳамма ўзаро биродар, ҳамма ўзаро иттифоқ…

Бу маънода мен умумий мазҳабчиликдан, яъни ҳар кимнинг ўзи истаган мазҳаб қоидалари билан амал қилиши тарафдориман. Худди Макка ва Мадинада миллионларча мусулмонлардан ҳар ким ўзи билган ва ўрганган шаклда амал қилганлари каби. Муҳими бу амаллардаги фарз ва вожибларни ерига келтириш ва энг муҳими мусулмонларнинг Аллоҳ таоло уларга фарз қилган ўзаро биродарчиликларини қўришларидир.

Бир пайтлар Мисрда мусулмонлар таровеҳ намозини саккиз ракат ёки йигирма ракаат ўқиш масаласида ихтилоф қилган ва ҳатто бу сабаб билан жанжаллашишга бориб етган эканлар. Улар бу масалада ўша замоннинг имоми Ҳасан Ал Банна раҳимаҳуллоҳдан фатво сўраганларида, у киши таровеҳ намози суннат, биродарлик эса фарз, деб жавоб бериб мусулмонларни яраштириб қўйган экан…

Демак, истаганлар учун нақлни асос олиб, ақлни ишлатиб ислоҳ йўлини топиш мумкин экан. Бу қоидага ўзларини салафий, мазҳабчи, ҳизбчи, сўфий (нафсни тазкия этиш маъносида, ваҳдати вужуд маъносида эмас) ва яна кимлардир, дея атаб юрганлар қачон эргаша бошлайдилар?
Мусулмонлар қачон жузьий масалалардаги бундай ихтилофларни йиғиштириб, уларнинг бу дунё ва охиратда тақдирларини ҳал қиладиган масалаларга ўтадилар? Мен бу ҳал қилувчи масалаларнинг “ўрта йўл” қоидасида ва доирасида ҳал қилиниши тарафдориман. Аммо назаримда ҳизбчилар, салафийлар, мазҳабчилар, сўфийлар ўрта йўлни эмас, чекка йўлни танланганга ўхшайдилар. Яъни, ҳам ким ўз чеккасида туриб, қарши тарафга тош отишга ҳаваскормикин ажабо? Бу тош отишда ёки қилич қайрашда ҳавойи нафсларнинг иштироки қай даражада экан?

Ўрта йўлдан гапирганимда орамиздан бири дабдурустдан “биласизми фақатгина фоҳишалар ва мунофиқлар ҳаммага ёқишга уринадилар , деб қолди.

Начора ҳар ким ўз бурчагидан тош отганда, тошларнинг каттаси ўртада туриб, ҳаммани муросага даъват қилаётганга тегар экан. Бу одобсизликни эшитиб, ўзимни эшитмаганга олдим, ақлсизлик ва ва мантиқсизликни сийнамга чекиб, бу одам нима демоқчи ўзи, дея ўйланиб қолдим. Ўйланишимга ҳам ҳожат йўқ эди, зеро у “мафкурасини” аллақачон эълон қилганди. Унга кўра “Ислом дини бизга ҳеч нарса бермаган, мусулмонлар эса ҳеч қачон одам бўлмайдилар, шунинг учун ҳам чора ғарб демократиясидадир…”.

Яъни, чора фоҳишалик ва мунофиқликни расмийлаштирган ва ошкора ҳолга келтирган ғарб тузумидадир, шунинг учун ҳам мусулмонларни муросага давъат қиладиган ўрта йўлга ҳожат йўқдир…

Дин масаласида баъзиларнинг тўртинчи синф ўқувчилари ҳам осонгига тушуниб оладиган маърифий дарсга эҳтиёжлари бордир. Бунга кўра дин уч хилдир:

Ғарбдаги дин, яъни таркидунёчилик дини. Бу динда дунёвий қадриятларга ўрин йўқдир, фикрлаш, моддани (табиатни) тадқиқот қилиш, сиёсат билан шуғулланиш, иқтисодни ўрганиш, уйланиш ҳаромдир. Бу диннинг шиори умрни черковларда таркидунёлик қилиб, роҳиблик ва роҳибалик билан ўтказишдир. Бу динга кўра инсон амалга оширадиган ҳамма ишлар гуноҳдир. Илм ўрганиш, дунё ишлари билан шуғулланиш, оила қуриб, жинсий муносабатда бўлиш буларнинг барчасига гуноҳ ишлардир. Зотан, бу диннинг илоҳи (аслида Ийсо ас. Аллоҳнинг пайғамбарларидандир) бу дунёга инсонлар қилган гуноҳларнинг жазосини чекиш учун келган…

Иккинчи дин эса биринчи диннинг зиддидир, яъни унинг шиори моддапарастлик (материализм), таркиохиратчиликдир. Бундай динга кўра инсон Аллоҳга ишонмаса ҳам бўлаверади, ишонган тақдирда ҳам илоҳий ҳақиқатларга эргашмаса ҳам бўлаверади. Муҳими кўпроқ пул, мол -мулк тўплаш, бу йўлда бошқаларни алдаш, бошқаларга зулм қилиш, ўзини инсон ўрнида кўриб, ўзгаларни қул қилиш бу диннинг фалсафасидир. Бундай динда гуноҳ ва ҳаром деган тушунчаниннг ўзи йўқдир. Барча тубанликлар, яъни ёлғон гапириш, зулм қилиш, ахлоқсизлик, судхўрлик, фуҳш ишлар “ҳалолдир”. Шунинг учун ҳам бундай динда тавбага ўрин йўқ, инсон қалби эса ўлик эт парчаси, шоир тили билан айтганда сийнадаги юкдир.
Мана шундай ботил динларга даъват радикалликдир, диний фундаментализмдир, бундай динни дунёга устун қилиш учун уруш олиб бориш ёки бу дин йўлида инсонларни ўлдириш (Ироқ ва Афғонистонда бўлгани каби) террорчиликнинг айни ўзидир
Учинчи ва ҳақиқий дин мана шу икки диннинг ўртасидаги мувозанатли, яъни моддий ва маънавий қадриятларни бир орага келтирган, ибодатни вожиб қилгани каби муомалатларни, яъни сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маърифий, ҳуқуқий ишларни ҳам жоиз қилган Ҳақ динидир. Бу динда ибодатга ҳам, илм ўрганишга ҳам, оила қуришга ҳам, ижтимоий фаолиятга ҳам рухсат берилгандир. Бу динда ҳалол ва ҳаром ишлар ва нарсалар аниқдир. Гуноҳ қилганлар самимий тавба қилиб, гуноҳларидан воз кечсалар Аллоҳ таоло уларни мағфират қилиши баён қилингандир. Мана шу Ҳақ диннинг номи Ислом динидир.

Албатта бу ерда зикр қилинган уч хил диндан бошқа динлар ҳам мавжуддир. Булар инсонлар ўзлари ўйлаб топган сохта илоҳларга, яъни бутларга эргашадиганларнинг динларидир. Ҳайвонларни, оловни, қуёшни илоҳ қилиб олганлар каби…

Инсонлар турли динларга эътиқод қилишлари мумкинлигидан Қуръони Карим ботил дин вакилларига қарата “Лакум динукум валийадиин”, сизнинг динингиз сизга, менинг диним эса менга (Муҳаммад сав. га ва умматларига) деган. Демак динларнинг ҳаммаси бир гўрдир, дейиш ҳам жоҳилликнинг чўққисидир. Бу оқ билан қора, кеча билан кундуз орасида фарқ йўқ дейишни билдиради аслида. Ҳамма динлар бир гўрдир, шунинг учун ҳам ягона чора ёмон тузумларнинг яхшиси бўлган Демократияда дейиш ҳам мана шундай жоҳилликнинг кўринишларидан биридир.

Ҳолбуки демократия ва Ислом орасидаги фарқ ўртатадир. Демократияда ҳокимиятни ўртага қўйиш ҳам, ҳукуматни тузиш ҳам мусулмон бўлмаган, тўғирироғи француз инқилобидан кейин атеистлашган ғарблик халқларнинг ёки динларидан осонгина воз кеча оладиган бошқа халқларнинг ўзлари таъсис қилган “ҳақларидир”. Исломда эса ҳокимиятнинг эгаси Аллоҳ таоло, ҳукуматни тузиш эса мусулмон халқнинг вазифасидир. Бу қоида Мисрнинг янги Конституциясида “қонуннинг манбаи Ислом шариати, жамиятдаги тузум эса демократиядир” шаклида ўрин олган….

Аллоҳ таолонинг ҳокимияти нимани билдиради? Бу ақидада тавҳидни (Аллоҳнинг ягона Илоҳ ва Роб эканлигини), сиёсатда Аллоҳга, Пайғамбар (сав)нинг суннатига, мусулмонларнинг шўроси қарорларига ва улар сайлаган раҳбарларга итоат қилишни, ҳуқуқда дин, жон, ақл, мол мулк, ирс (насаб) ва номуснинг дахлсизлигини, иқтисодда фоизхўрлик (рибъо ёки судхўрликнинг) таъқиланишини, оилавий ҳаётда, мерос масаласида исломий қоидаларга эргашишни, таълимда моддий ва маънавий илмларнинг биргаликда ўқтилишини билдиради…

Мусулмонлар мана шу асосий қонунларга кўра ўзларининг ҳукуматларини тузиш ҳуқуқларига эгадирлар. Яъни, мусулмонлар мана шундай илоҳий “Конституция” доирасида эркиндирлар, ўз фикрларини сўзлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, эркин матбуот ташкил қилиш, турли жамоатчилик уюшмалари тузиш, сиёсий кураш олиб бориш, сайлаш, сайланиш, сайланган раҳбарларни танқил қилиш каби ҳуқуқларга эгадирлар…Бир сўз билан айтганда Исломий жамият ўз Асосий Қонунига (ғарб тушунчасида Конституциясига) эга бўлган, ҳукуматни тузиш ишларида мана шу “Конституцияни” асос олиб, эркинликларни ва адолатни йўлга қўядиган фуқаровий жамиятдир. Бу ерда фуқаровийликдан мақсад мусулмонларнинг ўз ҳукуматларини тузишларидаги эркинликлари ва фаолликларидир, яъни ҳукумат ишини динимизда ўрни бўлмаган оилавий қиролликларга, диктаторларга, динни ўзининг мулки қилиб олган роҳибларга (яъни руҳоний тоифаларга) тарк қилмасликларидир…

Мусулмонлар жузъий масалалардаги ихтилофларга ёпишмай, ўзларини дин пешволари қилиб кўрсатаётган тоғутий саройларнинг “уламоларининг”, яъни жибтларнинг (Нисо сурасининг 51 ояти) ёқаларига ёпишсалар анча яхши бўларди. Тоғут инсонлар Аллоҳ таолодан бошқа ибодат ва итоат қиладиган барча нарсалар, инсонлар ва тузумлардир. Тоғутлар ўзларининг ҳавойи нафслари йўлида, хусусан Фиръавн каби сиёсий мақсадлари, яъни тахтлари, саройлари, олтинлари йўлида инсонларни диндан узоқлашадилар. Жибтлар эса тоғутлардан ҳам тубанроқ ва хавфлироқ кимсалардир. Чунки улар тоғутий саройларнинг уламоси сифатида жонбозлик кўрсатадилар, Аллоҳ таолонинг ризосини эмас, ўзларига саройларидан жой берган тоғутларнинг ризосини кўзлаб ваъзлар, хутбалар айтадилар, фатволар берадилар. Яъни, жибтлар дин номидан инсонларни диндан узоқлаштирадилар. Буларга ўрнак ўзимизда Абдулазиз Мансур, Сурияда имом Бутий каби кимсалардир. Булар дин номидан золимларни қўллаб-қувватлаганлари учун ҳам золимларнинг энг хавфлиларидирлар…

Инсонлар Ислом дини ва мусулмончилик масаласини ҳам яхши тушуниб олишлари керак, деб ўйлайман. Ислом динини Аллоҳ таоло мукаммал қилган, шунинг учун ҳам бу динда хато ва камчилик бўлмайди. Мусулмончиликнинг шакллари эса инсонларнинг динни қандай тушунишларига боғлиқ. Бу масалада биринчи нуқта агар инсонлар имонларига кўра яшамасалар, яшашларига кўра имон этишларидир. Иккинчи нуқта эса жуда кўпчиликнинг Исломнинг ўзгармас ҳақиқатларига қараб мусулмонман деганларга баҳо беришлари эмас, инсонларнинг мусулмончиликларига қараб Ислом динига баҳо беришларидир. Ҳолбуки Ислом соф ва содда диндир, инсонлар эргашиб кетган мусулмончилик шаклларида эса турли бидъат, хурофот, ширк ва бошқа жоҳилий хусусиятлар мавжуддир…

Масала менинг назаримда, яъни эътиқодимда ва амалларимда шунчалик оддий, тушунарли, мўътадил, мувозанатли, моддий қадриятларни ҳам, маънавий қадриятларни ҳам ўз ичига оладиган қулай масаладир. Ҳозир Ўзбекистонда на мусулмонларга, на да демократларга эркинлик бермаётган, эркинлик истаганларнинг бошини ёраётган, қамоққа ташлаётган, турли азобларга дучор қилаётган ва ҳатто ўлдираётган бир диктаторлик бор. Аммо бу золим ва ғаддор тузумнинг ҳам ниҳояси кўриниб қолди. Шунинг учун ҳам халқимиз вакилларининг Ислом ва демократия масаласида қулай ва мўътадил йўлни тезроқ ўрганишларига ва бу йўлда имкони борича кўпроқ инсонларимизнинг иттифоқ бўлишларига эҳтиёж бор. Мана шунда ўз“бурчакларидан” туриб, қолганларга тош отаётганларнинг тош бўронидан, яъни диний, сиёсий, ижтимоий ва бошқа масалалардаги ихтилофларнинг зарарларидан қутулиб қолишимиз мумкин….

Намоз Нормўмин,
20 март 2013 йил.