Исломий Ҳамкорлик Ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари Туркманистон пойтахти Ашхободда йиғилиб, аъзо давлатлардаги қочқинларнинг ўз она Ватанларига кўнгилли равишда қайтишлари учун лозим шарт-шароитларни яратиш масаласини муҳокама этишмоқчи.
Британияда жойлашган Уруш ва Тинчликни ёритиш институти тарқатган хабарларга кўра, “Мусулмон дунёсидаги қочқинлар” номли халқаро анжуман Бирлашган Миллатлар Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги билан ҳамкорликда уюштирилмоқда.
Йиғин чоғида энг асосий эътибор Яқин Шарқ ва Марказий Осиё давлатларидаги қочқинлар билан боғлиқ вазиятга қаратилиши айтилмоқда.
Институт келтирган маълумотлардан аён бўлишича, бутун Марказий Осиё назарда тутилганда, бугун минтақадаги қочқинлар ва сиёсий бошпана изловчиларнинг сони 10.000 га етган.
Улардан аксариятининг афғонлар, чеченлар ва уйғурлар экани айтилади.
Инсон Ҳуқуқлари ва Қонун Устиворлиги халқаро бюросидан Денис Живаганинг таъкидлашича, хавфсизлик – Марказий Осиёдаги қочқинлар тўқнаш келаётган асосий муаммодир.
“Биз барча халқаро конвенцияларга зид равишда, қийноқлар ва бошқа ноинсоний муносабатларга маҳкум этиб, тузумнинг таъқибидан қочиб юрган инсонларнинг ортга қайтарилиши ҳодисаларига гувоҳ бўлганмиз”, дейди фаол.
Жаноб Живаганинг айтишича, Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари қочқинлар муаммосига инсонпарварлик эмас, балки сиёсий масала сифатида қарайди.
“Шу боис ҳам, қочқинлар учун ҳеч қандай реал кафолат йўқ”, дейди у.
Ўзбекистондаги аҳвол
Айрим ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон мустақиллиги ортидан муҳожиратга юз тутган фуқароларнинг сони бир неча юз мингдан, бир неча миллионга етган.
Кимларидир тирикчилик, бошқалари эса жон қайғусида ўз ватанларини тарк этган ўзбекистонликларни бугун дунёнинг деярли ҳар бир қитъасида учратиш мумкин.
Ва ўтган йиллар мобайнида уларнинг сафлари талабадан тортиб, шифокор, ўқитувчидан тортиб, ёзувчи-шоирга қадар ранг-баранглашиб улгурган.
2005 йил 13 май ойидаги Андижон қирғини эса, мамлакатда қолган деярли барча эркин фикрли зиёлилар, мустақил журналистлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мухолифат аъзоларини оилавий бўлиб Ўзбекистонни тарк этишларига мажбур қилган.
Ўзбекистонлик таниқли шоир Ёдгор Обид йигирма йилдан буён муҳожиратда яшайди.
Ҳозир Австриядан бошпана топган шоир сиёсий таъқиблар туфайли Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган ва сиёсий қочқин мақомини олган.
Ёдгор Обид, “Бу каби халқаро анжуманлар бирор бир амалий натижа беришига ишонмаса-да, айнан мусулмон давлатлари томонидан қочқинлар масаласининг кўтарилаётганини муҳим воқеа деб ҳисоблаши”ни айтади.
Аммо, унга кўра, “йиғин иштирокчилари қандай қарор қабул қилишмасин, бугунги мавжуд режимни ўзгартириб, шахсан ўзининг Ўзбекистонга қайтишига шароит яратиб беришолмайди.
“Бунақа таклифлар менга ҳукумат тарафидан кўп бўлган. Лекин натижа бутунлай бошқача бўлиб чиққан. Шунча воқеалар бўлиб ўтгандан кейин ҳам, Ўзбекистонда ҳам, Туркманистонда ҳам, умуман, собиқ Совет Республикаларида ҳеч қанақа ўзгариш бўлгани йўқ. Сиёсий ўзгариш ёки одамлар, фуқаролар, ватандошларга нисбатан ҳеч қанақа ўзгариш бўлгани йўқ”, дейди шоир.
У, “Ўзбекистондаги бугунги тузум тубдан ўзгарган тақдирдагина, ортга қайтажаги”ни айтади:
Ўшлик қочқинлар қандай фикрда?
Қирғизистон жанубида 2010 йил июн ойида юз берган қонли низолар ҳам ўн минглаб кишиларнинг муҳожиратга юз тутишларига сабаб бўлган.
Аксарияти ўзбеклардан иборат қочқинлар бутунбошли оилалари билан ўз уй-жойларини тарк этишга мажбур бўлишган.
Улардан аксарияти бугун Россия ёки Туркиядан бошпана топишган.
Маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар орасида келиб чиққан ўша тўқнашувлар юзлаб инсонларнинг умрларига зомин бўлганди.
Минглаб уй-жой ва тижоратларга ўт қўйилганди. Юз минглаб одамлар эса, дарбадарликка юз тутишганди.
Орада кечган вақт давомида қочоқлардан аксарияти ортга, ўз уйларига қайтишган.
Аммо, халқаро ташкилотларнинг ҳисоб-китобларига қаралса, улардан 60.000 га яқини ҳануз Қирғизистон ва дунё бўйлаб дарбадарликда ҳаёт кечиришмоқда.
Қочоқлардан аксариятининг ўзбеклар экани айтилади.
Икки йилдирки, Туркиядан бошпана топган ана шундай қочоқлардан бири биз билан суҳбатда, “Қирғизистонда тинчлик бўлиб, бироқ келиб, безовта қилмаса ва ҳақиқат бўлган тақдирдагина” ортга қайтган бўлиши мумкинлигини айтади.
Лекин, унга кўра, шунда ҳам она Ватанига бир умрга қайтиш истаги йўқ.
“Қирғизистонда, мисол, кечки соат олти, еттилардан кейин дадил, бемалол бошингизни кўтариб, юролмайсиз. Бориб, келганлар ҳаёт тинч, яхши, аммо барибир ҳам одамларнинг юрагида қўрқув сақланиб қолган, дейишяпти. Тўғри, Ватан, қумсайсиз, кетгингиз келади, аммо юз берган воқеаларни эслагандан кейин, фикрингиздан қайтасиз. Энди, ҳазилакам нарса бўлмади-да. Қўрқинчли, даҳшатли ҳодисалар бўлди”, дейди у:
“Мусулмон дунёсидаги қочқинлар” масаласига қаратилган халқаро анжуман эса, шу йилнинг 10-11 май кунлари бўлиб ўтади.
Йиғинда Исломий Ҳамкорлик Ташкилоти Ташқи ишлар вазирларидан ташқари, ўнлаб халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари ва йигирмадан ортиқ давлат кузатувчиларининг иштирок этишлари кутилмоқда.
Айни ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мусулмон давлатларидан бўлган аксарият қочқинлар шу пайтга қадар асосан Оврўпо мамлакатларидан бошпана олиб келишган.