O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мусулмон ҳунармандлар, косиблар ва тижоратчилар (III)

Мусулмон ҳунармандлар, косиблар ва тижоратчилар (III)
164 views
22 July 2012 - 15:13

Қайси хорижий шаҳарга борсам, уни яқиндан таниш учун аввало у ердаги бозорларни айланиб чиқаман. Бозорлар шаҳарнинг кўзгуси ҳисобланади.
Пештахта ва расталарда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга ҳам эътибор бераман. Бунда ўлкамиз ишбилармонларининг, яъни, тижоратчиларининг муваффақиятларини кўраман.
1996 йилда Полшанинг собиқ Президенти Лех Валенса ҳомийлигида ўтказилган бир анжуманга қатнашиш учун Варшавага борган эдим.
Анжумандан кейин Варшава кўчаларини сайр қилдим. Шаҳарда бир қанча кийим-кечак сотиладиган дўконларга дуч келдим.
Бир дўконга кириб, узоқ давом этган суҳбатдан кейин дўкон эгасидан текстил маҳсулотларини қаердан олишларини сўрадим.
“1989 йилда Совет Иттифоқи иқирозга юз тута бошлаган бир шароитда биз озодликка эришдик. Эркин савдо-сотиқ қилиш ҳуқуқига эга бўлганимиздан сўнг Полшада тижорат билан шуғулланган кишиларнинг кўпчилиги Истанбулга кетишди. Аммо ҳозирги кунда бошқа бозорларга йўналганлар”, деди.
Нима сабабдан бошқа бозор қидиришга тушганларининг сабаби билан қизиқдим.
“Истанбулдаги тижоратчилар бизга дуруст муомала қилишмади. Жуда баланд нархлар билан мол сотишди. Бизни алдашди. Буюртма берган маҳсулотларимиз ўрнига сифатсиз моллар юборишди. Бутунлай абгор бир ҳолат эди. Шу сабабдан биз ҳам савдо-сотиқ алоқаларимизни уздик”, деди.
Шу маънода икки томондан ҳам бир қанча шикоят эшитдим. Совет Иттифоқи ва Югославия тарқалиб, мустақилликка эришган мамлакатларнинг тижоратчилари ўлкамизга оқиб кела бошладилар. Бизнинг ўлкамиздаги тижоратчилар (ишбилармонлар) эса, у мамлакатларга йўналдилар. Ўзаро борди-келди билан ривож топган муносабатлар қисқа вақт ичида ишончсизликка айлана борди ва бугунга келиб, тамоман йўқ бўлиш нуқтасига етди.
Полшадан қайтганимдан сўнг ишбилармонларимиз билан боғлиқ турли воқеалар, ҳикояларни эшита бошладим. Мертер ва Лалели бозорларини кездим. Истисносиз ҳар бир дўконга кириб-чиқдим. Дўкондорларга саломдан кейин фақат битта савол берардим:
“Сизлар мусулмонмисиз?”
Жавоб ҳам аниқ: “Алҳамдулиллоҳ, мусулмонмиз”, қабилида эди.
Диндорликларининг қай даражадалигини билмайман. Мен учун бунинг аҳамияти ҳам йўқ. Бир киши ўзини мусулмон деб биладиган бўлса, унга ишониш керак, албатта.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

Вайл (вой) бўлсин, ўлчовдан уриб қолувчиларга. Улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ оларлар. Ва агар одамларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар. Ана шулар, албатта, қайта тирилтирилишларини ўйламайдиларми? Улуғ бир кунда. У кунда, одамлар оламлар Роббиси ҳузурида тик турарлар. (Мутаффифин сураси 1 -6 оятлар)

Ҳазрати Пайғамбаримиз (Соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўлчак ва тарозидан фойдаланувчиларга қарата шундай хитоб қилганлар: “Сизлар ўзингиздан аввал келиб ўтган қавмларни ҳалок этган икки ишни зиммангизга олмоқдасиз! (Жуда эҳтиёт бўлинг!) ”
Бу васиятни менсимаган бойлик ва бойлар тоифаси вужудга келди. Тижорий маънода ниманинг эвазига бўлишидан қатъи назар ҳужумга отилган ўлкада “қисқа йўлдан (яъни, осон йўл билан) мол-дунёга кўмилиш ҳикоялари” кўпайиб, “узумини е, боғини сўрама”, мақоли тилдан-тилга кўча бошлади. Тижоратда ҳалол ва ҳаромнинг чегараси борган сари ўз аниқлигини йўқотди.
Мен бу ерда ҳалол ишлашга ҳаракат қилаётган кишиларни қасд этганим йўқ. Иш ва тижорат оламида мудҳиш бир бузилиш жараёни кетмоқда. Асосида Ислом маданияти бўлган, сўзда бўлса ҳам ўзларини мусулмон деб таърифлаётган бу инсонлар қай ҳолатга келиб қолдилар? Қандай бир таълим жараёнидан ўтилди?
Фақатгина иш ва тижорат оламида шундайми? Бугунга кунда бюрократик доираларда ҳам шундай ҳодисалар юз бераётганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Бир дўстим анча йиллар аввал бир давлат ташкилотидаги муаммосини ҳал этиш учун мутасадди маъмурга мурожаат қилади. Маъмур муаммони қонуний ҳал этишнинг бадали 50 минг лира эканлигини, лекин ғайриқонуний йўл билан 5 мингга ҳал қилиши мумкинлигини айтади. Дўстим маблағни тайёрлаб, Жума куни уни топширишга боради. Пулни беришдан аввал муаммо ҳал этилганига ишонч ҳосил қилишни истайди. Маъмур унга: “Сен пулни чўзавер, Жума намозидан кейин ҳал қиламан”, деганда дўстим ҳам пулни Жума намозидан сўнг беришлигини айтади. Маъмур эса: “Намозда фикрим пулда бўлмасин, ҳозир тўлаб қўй”, дейди.
Бу одам қанақа мусулмон бўлди, деб жуда кўп ўйладим. У намоз ичида Аллоҳ таъолога юзланганида нима ҳақда фикр қилар экан?
Бир сафар ишбилармон дўстим билан Косова ва Македонияда бўлдим. Дўстим у ердаги олиши керак бўлган ҳақларини деб борганди. Шу муносабат билан мен ҳам баъзи тижоратчи (бугунги ишбилармон)лар билан мулоқотда бўлдим. Аксарият тожирларимизнинг асосий муаммоси икки тарафлама “алдаш ва алданиш” эди. Масжидга қатнаганнинг ҳам, қатнамаганнинг ҳам, мусулмоннинг ҳам, мусулмон бўлмаганнинг ҳам аҳволи шу эди.

Аввал замонларда инсонлар косиблар, ҳунармандлар ва тижоратчиларга қараб, (улардаги одамийлик ва хайру сахони кўриб) мусулмонликни қабул қилишарди, энди эса уларни кўриб, афсуски, мусулмон бўлишдан воз кечаяптилар.
Бир насроний дўстим Исломдан жуда қаттиқ таъсирланганлигини, мусулмон бўлишга қарор қилганлигини аммо бугунги мусулмонларнинг ҳолини кўриб, улар каби бўлишдан кўра бўлмасликни маъқул кўрганнини айтиб берган эди менга.
Болалигимизда ўтган кунларга оид одил ва марҳаматли тижоратчилар ҳақида кўп ҳикоялар эшитардик. Аввалги савдогарлар ўзлари савдо қилган бўлсалар, келган харидорни ҳали савдо қилмаган дўкондорларга юборар эканлар, наҳотки, энди у кунлар афсонага айланган бўлса?!
Бобом Маҳмуд Ҳамди Дарнакбозорида бир тожир дўстига ёрдам берардилар. У пайтларда савдогарларнинг тарозидан уриб кам тортиши ёки нуқсон билан ўлчаши ақлга сиғмайдиган бир ҳолат эди. Ҳийла қилган ишлаб чиқарувчи, тикувчи, нонвой, сабзавотчи ёки оёқ кийим устаси у ерда кун кўриши амри маҳол эди. Сотилаётган молнинг яхши ва ёмон томонлари тушунтирилиб, олиш ёки олмаслик харидорнинг ихтиёрига қолдириларди. Ҳунарманд бўлиш жуда қийин эди.
Энди эса очкўзлик, масъулиятсизлик, ёлғон, ҳийлакорлик, риёкорлик… авж паллага кириб бўлди.
Ўтган замонларда ҳийлакор тижоратчилар бўлмаганми? Албатта ундайлар ҳам бўлган, лекин нисбатан қараганда жуда озчиликни ташкил этган ундайлар.
Шахсий масалада ўзига тегишли, давлат масаласида давлатнинг шамъини ёқиш тушунчаси ва “Нил дарёси бўйида бир қўйни бўри еса, унинг ҳисобини Аллоҳ таоло Умардан сўрайди” деган тушунчалар наҳотки хаёлга айланиб улгурган бўлса?!
Ислом тарихининг олтин саҳифаларидан ўрин олган ёхуд Аҳмад Жавдат Пошонинг “Тазкиралар”ида ёзилган косиблар, ҳунармандлар ва савдогарлар, Ислом динининг энг пешқадам таблиғчилари қаерда қолди энди?
Ислом динининг ҳаёт билан боғлиқ таълимотлари ўзгардими? Аллоҳ таолонинг амрлари таъсир қилмай қолдими? Охират кунидаги ҳисоб ўртадан кўтарилдими бўлмаса?
Рамазони Шарифингиз муборак бўлсин.

 

Муаллиф: Сулаймон Гундуз

yenisafak.com