“Америка Овози” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистонда илк бор расмий партиялар рейтингига доир сўровнома ўтказилган. 30 мингдан ошиқ киши қатнашган сўров натижасига кўра, Ўзбекистон Либерал демократлар ва “Миллий тикланиш” партиялари етакчилик қилмоқда.
Декабр ойига белгиланган парламент сайлови арафасида ўтказилган бу сўров 33 миллионлик Ўзбекистондаги бугунги сиёсий вазиятни тўлиқ акс эттиради дейиш қийин. Сўровномага киритилмаган, сиёсий майдондан четлатилган “Эрк” партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳ ўзбек жамиятида адолатли сайловлар ўтказилган тақдирда, мухолиф партия парламентни эгаллашига шубҳа қилмаслигини айтмоқда.
Оммавий нашрлардан бири “Kun.uz”нинг Ўзбекистондаги расмий партиялар рейтингига доир ўтказган виртуал сўровномасида 33 мингдан ошиқ киши қатнашган. Сўровномага мамлакатдаги 5 та расмий партия киритилган, мухолиф партияларга ўрин берилмаган.
Сўров натижасига кўра, 35 фоизга яқин киши Ўзбекистон либерал партиясига, 32 фоиз киши “Миллий тикланиш” партиясига овоз беришини билдирган. Қолган уч партия учун овозлар 3-4 фоиз атрофида тақсимланган. 13 фоиз иштирокчи сайловда қатнашмаслиги, 6 фоизга яқини кимга овоз бериши номаълумлигини билдирган.
Марказий сайлов комиссияси ҳозирча сайлов кампанияси юзасидан ҳам бирор баёнот берганича йўқ. Аммо қонунчиликка таянилса, парламент сайловлари декабр ойининг 22-санасига тўғри келади.
Шунингдек, сайловда мухолиф партиялар иштироки ҳам номаълум. Аммо мавжуд тақиқ олиб ташланмагани инобатга олинса, парламент сайловлари сиёсий рақобатсиз ўтадиган кўринади.
Рейтинг сўровларига киритилмаган ўзбек мухолифатининг жамиятдаги бугунги ўрни, жумладан, унинг рейтинги ҳақида ҳам, мамлакатда мухолифатга нисбатан тақиқ ва тазйиқлар олиб ташланмаган бир вазиятда аниқ фикр айтиш қийин.
Аммо мухолифатдаги “Эрк” партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистонда адолатли сайловлар ўтказилган тақдирда, мухолифат бугун ҳам катта фоиз билан ғалаба қилишига шубҳа қилмаслигини айтмоқда.
“Рейтингга киритилган партияларнинг ҳаммаси 1992-йилда ўтган президентлик сайловларидан сўнг ташкил қилинган қўғирчоқ партиялар. Рейтингда иккинчи ўринда кўрсатилган “Миллий тикланиш” партияси эса “Эрк”ка муқобил ўлароқ ташкил қилинган. Мухолифатнинг бир қанча фаоллари шу партияга ўтиб кетишган эди. Майли уларни сотқин деб айтиш шарт эмас, ўз истиқболини ўйлаб шундай қилишган. Асосийси, бу партиянинг тиргаклари ҳам аввал “Эрк”да бўлган фаоллардан иборатлигидир. Афсуски, бу партияларнинг қоғирчоқлик роли чорак асрдирки ўзгармади. Аминманки, агар рейтингга мухолифат киритилганда, бу партиялар ҳозирги фоизни ҳам ололмас эди. Бундай партиялар билан ўтадиган сайловнинг мамлакат истиқболига хизмат қилишига мен ишонмайман. Чунки Каримов режимида шаклланган бу сиёсий доирада режимни ўзгартиришга ирода ҳам, жасорат ҳам йўқ”, деган фикрда Муҳаммад Солиҳ.
Ўзбекистонда бешта расмий партия бўлишига қарамасдан сиёсий рақобат ҳақида гапириш мумкин эмас. Бир томондан, расмий партияларнинг ўзлари мухолифликка даъвогар эмас. Бошқа томондан, уларнинг ҳаммаси асосан президент ва ҳукумат сиёсатини фаол қўллаб-қувватлаб келади.
Шу маънода, мамлакатдаги сиёсий майдонда катта бўшлиқ мавжуд. Мухолифат айнан шу бўшлиқни тўлдириш мақсадида.
Муҳаммад Солиҳга кўра, агар “Эрк” партиясига декабрда кутилаётган сайловларда қатнашиш имконияти берилса, асосий тиргаги ўзбек зиёлилари, қишлоқ аҳолиси бўлиб қолаётган бу партия бирор қийинчиликсиз парламентни эгаллашига ишончи комил.
“Ўзбек халқи очиқ айтмаса ҳам, ким, қайси партия, сиёсий куч мамлакат, юрт учун жон куйдиришини жуда яхши билади. Адолатли имконият берилса, халқ шундан келиб чиқиб танлов қилади. Мен мухолифат лидери, президентлик сайловларида қатнашган мухолиф номзод сифатида буни яхши биламан. Ҳозирги вазиятда ҳам, 25 йилдан буён қувғинда бўлган, фаоллари тазйиққа олинган, ўлдирилган “Эрк” партиясига майли ярим демократик тарзда ҳам сайловда қатнашиш имконияти берилса, аминманки, 100 дан 90 кўрсаткич билан ғалаба қилади. Чунки “Эрк” бундай тажриба, қўлловга эга. Партия ташкил этилган илк йилларидаёқ ўз сафида ҳақиқий зиёлиларни бирлаштириши, улар обрўси, машҳурлиги эвазига тезда танилди. Ўшанда ҳукумат тазйиқларига қарамасдан биз президентлик сайловида қатнашдик. Илк анонслар ортидан республика радиоси мени кўрсаткичимни 100 дан 33 деб эълон қилган эди. Шундан сўнг тазйиқлар, сохталиклар бошланди. Каримов ҳисобига бюллетенлар қайтадан ёзилди. Шундан сўнг ҳукумат “Эрк” сайловда 100 дан 13 фоизга яқин овоз олганини эълон қилди. Бу ўша пайтдаги аҳоли ҳисобида миллиондан ошиқ киши дегани. Аминманки, бугун адолатли сайлов бўлиб, “Эрк” партияси бунга қўшилса, ҳар икки палатани ҳам бизнинг партия эгаллайди”, – дейди Муҳаммад Солиҳ.
Муҳаммад Солиҳ “Эрк” партияси сафидан 1991-йилда ўтган президентлик сайловларида марҳум Ислом Каримовга рақиб сифатида қатнашган. Мухолифатга нисбатан тазйиқлар ҳам айнан шу сайловлардан сўнг кучайган эди.
Мухолифат фаоллари қамоққа ташланиши, қувғин қилиниши ортидан мамлакатда мухолиф сиёсий ҳаракат тикланмади. “Эрк”партиясининг ҳам мамлакатда тақиқдалигига доир бирор суд қарори мавжуд эмас, аммо тазйиқ тўхтамаган. Партия лидери Муҳаммад Солиҳ тақиқда, унинг сурати ҳамон қидирувда бўлган жиноятчилар сафидан олиб ташланмаган.
Манба: amerikaovozi.com