O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мухаммад Солиҳнинг «Фарғона» агентлигига суҳбати

Мухаммад Солиҳнинг «Фарғона» агентлигига суҳбати
296 views
16 May 2013 - 20:27

Таниқли ўзбек сиёсатчиси, мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳ “Фарғона” ахборот агентлиги бош муҳаррири Даниил Кисловга суҳбат берди. М.Солиҳ келажакда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг вориси ким бўлиши, Республикада воқеалар ривожининг қандай кўринишини кутиш мумкинлиги, ҳамда “ўзбек маликаси” дейилаётган Гулнора Каримованинг тахтни эгаллаш имконлари ҳақида сўзлади.

* * *

Muhammad_Salih– Сиз Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг муҳтамал юрак хуружи ҳақидаги хабарнинг асосий манбааси бўлдингиз. Бундай маълумотни қандай қўлга киритдингиз? Қандай манбаалардан фойдаландингиз? Бу манбааларга қанчалик ишониш мумкин ва ушбу юрак хуружининг сабаблари ҳақида Сизга нималар маълум?

– Биз бу юрак хуружи ҳақида (хуружнинг) эртаси куни хабар топдик, бу хабарни текшириб, тасдиқлаб, сўнгра чоп этдик, бунинг учун орада яна ўн беш соат ўтди. Бу хабарни бир неча фарқли манбааларимиз тасдиқлади, булар у ёки бу тарзда Ўзбекистон ҳукумати билан боғлиқ манбаалар. Биздаги маълумотларга кўра, И.Каримов юрак хуружига йўлиққан куни қизи Гулнора билан ўртада жанжал бўлиб ўтган.

Воқеа бундай бўлган. Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ), яъни Рустам Иноятов президент қизини обрўсизлантирувчи материалларни И.Каримовга тақдим этган, ва бу материалларнинг Россия матуботига юборилиши кутилаётган бўлган. МХХ эса уларнинг чоп этилишини “олдини олмоқчи” ва шу билан “Каримов оиласи шаънини” сақлаб қолмоқчи бўлган. Каримов дарҳол қизини чақирган ва ўртада жанжал бошланган. Қизининг эса отасига нисбатан ўта адабсиз, салкам муштлашадиган даражада “эркин” тутиши сир эмас. Ва у ҳам отасининг бундай зарба олишига қисман бўлса-да айбдор.

Мен ҳақиқатан ҳам шундай воқеа рўй берганига аминман, шунинг учун бу хабарни чоп этдик. Бироқ, бу юрак хуружи атрофида бунчалик шов-шув бўлишини тахмин этмагандим. Ахир бундай дардга ҳар ким ҳам чалиниши мумкин-ку.

– Нима учун Каримовнинг муҳтамал юрак хуружи ҳақидаги хабар халқаро ОАВни ларзага солди?

– Чунки, агар Каримов ўша пайтда вафот этганида, унга сарфланган барча “сиёсий сармоялар”, унинг номи билан боғлиқ истиқболлар – айниқса Америка тарафи кутган истиқболлар – барбод бўларди. У ҳолда нафақат Ўзбекистонга, балки бутун Марказий Осиёга йўналган халқаро стратегия ва тактикани ўзгартиришга тўғри келарди. Чунки, мамлакатдаги барча жараёнлар бирор сиёсий гуруҳ билан эмас, биргина Каримов билан боғлиқ. Ҳамма хавотир ва саросимага тушиб қолганининг биринчи сабаби шу. Сабаби – Каримовни хуш кўргани эмас, балки АҚШнинг Афғонистон билан боғлиқ келажак беш йиллик режалари, Каримовнинг тўсатдан кетиши билан Оқ Уйнинг тинчи йўқоларди. Модомики Америка тинчини йўқотса, бутун дунёда тинчлик йўқолади, жумладан, Россияда ҳам.

Эҳтимол, Россиянинг ҳам Каримов борасида ўз режалари, унинг Оқ Уйга қанчалик садоқатли экани ҳақида, Обама ва АҚШ маъмуриятига муҳаббати қанчалик собит экани ҳақида мулоҳазалари бордир. Россияга ҳам Каримов керак. Шунинг учун Путин ундан қанчалик нафратланмасин, у билан қучоқлашиб, ўпишиб тураверади.
Ислом Каримовнинг ўзи бир “режим-одам”. Бунақа яккаҳокимлик дунёнинг ҳеч қаерида, ҳатто араб дунёсидаги тоталитар давлатларда ҳам йўқ.

– Агар Каримов тўсатдан ҳокимиятдан кетса, воқеалар ривожини Сиз қандай тахмин эта оласиз?

– Менимча, Каримов ўлиши биланоқ Ўзбекистондаги кланлар ва молиявий-сиёсий гуруҳлар ўртасида жанг (аслида аллақачон бошланиб кетган жанг) авжига чиқади ва (бу гуруҳларнинг) бирор вакили ўз номзодини қўяди. Бугун амалда фақат икки клан – Тошкент ва Самарқанд клани мавжуд, Фарғона клани эса анча заифлашган ва Тошкент аймоғи билан киришган. Ўзаро ички қарама-қаршиликда улардан бири устун келади, ва эҳтимол, улар Шавкат Мирзиёев ва Рустам Азимов билан ўзаро келишади. Булар айни кланга мансуб шахслар, аммо ўзаро адовати бор, чунки иккиси ҳам олий тахтга кўз тиккан.

Бундан бошқа вариантлар ҳам бўлиши мумкин. Жумладан, халқ қўзғолиши, кўчага чиқиб кетиши мумкин. Гарчи бугун бу эҳтимолдан йироқ туюлар, аммо араб диёрларидаги воқеалар нимадан бошланганини эсланг – ҳаммаси оддий нарсадан бошланган эди.

Ва учинчи вариант – энг кам эҳтимолли, бироқ энг тинч вариант. Бу кланларнинг энг кучли таъсирга эга бирор вакили чиқиб, мамлакатда демократиялаштиришни таклиф этади: келинглар, мухолифатни таклиф этайлик, гуруҳлараро ўзаро ички низоларни бас қилайлик, миллий тотувлик йўлида ҳаракат қилайлик, дейди. Бу – биз умид қилаётган “юмшоқ”, яъни қонсиз ўтишдир.

Кланлар ўтиш давридаги муваққат президент номзодини қўллашга келишади, бу номзод ўз бетараф мавқеи билан барча тарафларни қониқтирадиган бўлади.

Кейин мамлакатда сиёсий тарангликни бартараф этиш ва жамиятда миллий тотувликка эришиш учун, мамлакатга мухолифат лидерларини киритадилар, улар халқ олдида оқланади, ва шу билан Каримов ҳукмронлигидан норози бўлган омманинг қўлловига эришган бўлади. Бу вариант – бизнинг жамият учун энг хавф-хатарсиз вариантдир.

Ўзбек мухолифати ҳар уч вариантга тайёрланмоқда.

– Ўзбекистонда “каримовсизлаштириш” жараёнини бошлай оладиган кишилар борми бугун?

– Каримов бор экан – ундай одамлар йўқ. Аммо Каримов ўлгач, бунга жазм қиладиган кишилар топилади. Чунки Каримовни ҳамма ёмон кўради, ҳатто ҳокимиятга келишида ундан қарздор одамлар ҳам. Улар бир нарсани аниқ билади: “ота” истаган пайтда уларни сотиб юбориши мумкин. Бугун ҳокимият тизимидаги одамларнинг зеҳнияти деярли ўхшаш, шунинг учун ҳам улар ҳокимиятда қолган. У ерда ягона умумий модель шу: пастдагини топтаб, тепадагини қўлини ўпиш. Шу билан бирга, уларнинг барчаси психологик беқарорлик ҳолатидадир, ва айнан мана шу ҳолат бундай шахсни юзага келтириши мумкин.

– Бугун режим ўлароқ Каримовни дастакламоқдалар, жумладан Европа ва Америка ҳам. Сизнингча, Каримов кетиши билан Ғарб кимни танлайди?

– Америка учун энг мос номзод бу – Рустам Азимов. Агар Гулноранинг ҳужумларига Азимов “дош бера олса”, унинг имконлари ёмон эмас. Каримов уни ўзининг америкапараст вориси ўлароқ Москвага олиб борган ва Путинга таништирмоқчи бўлиб, “ўнг қўли” тарафида ўтқазган эди. Бу Путинга бир мессаж эди, аммо унга бу мессаж ёқмади. Путинга русияпараст номзод лозим, шунинг учун Кремль Мирзиёевнинг келишига умид қилади, у яқин вақтларгача “Россиянинг одами” Алишер Усмонов билан боғлиқ эди. Тошкентдаги авария ва Усмонов жиянининг ҳалокати – бу русияпараст номзодга берилган зарба бўлди. Ва бугун Мирзиёев ортиқ заиф.
Яна бир номзод бор. Бу – Гулнора. Албатта, Каримов мамлакатни айнан унинг қизи бошқаришини истар, чунки қизи отасини ҳеч бир ҳолатда сотмаслигини билади, гарчи ҳар қанча ёмон кўрса-да. Аммо Гулнорани бугунги мулозимларнинг бирортаси қўлламайди, шунинг учун Каримов ўлимидан кейин унга насиба йўқ.

– Сизнингча, нима учун Гулнора дабдабали пиар-акциялар уюштирмоқда?

– Шу йўл билан у ҳокимият чўққисига чирмашаяпти. У ҳали-ҳануз бундан умидвор. Каримов ўзга “ворис”лар тарафига шаъмалар қилаяпти, аммо қизи ҳақида оғиз очгани йўқ. Афтидан, ота билан қизи ўртасида ўзаро келишув бордай: мен ўз қартамни очмайман, сен ҳам ўз-ўзингни реклама қилаверасан. Шундай қилиб, қизи ўзича сиёсат юргизади, отаси – ўз ўйинини давом эттиради. Албатта, Каримов ўзи истаган ва унга энг маъқул бўлган номзод бу – Гулнора, чунки охир-оқибатда у Мирзиёевга ҳам, Азимовга ҳам ишонмайди. Аммо Каримов ҳозирча ўз танловини билдираётгани йўқ.

2013 йил 12 май,
Истанбул

“Фарғона” Ахборот Агентлиги
Рус тилидан ЎХҲ сайти таҳририяти таржимаси