O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мухолифат тарихидан бир лавҳа

Мухолифат тарихидан бир лавҳа
341 views
14 May 2013 - 16:09

М У Р О Ж А А Т

25.01.1997 й. Тошкент ш.

Илгариги Совет Иттифоқи ҳудудида рўй бераётган сиёсий жараёнлар ривожи олган йўналишнинг умумий мезонларини чуқур таҳлил қилган ҳолда ва атрофлича мулоҳаза юритиб,

Мазкур йўналишнинг Ўзбекистон халқига даҳлдор жиҳатлари келтириши эҳтимол бўлган салбий оқибатлардан чуқур ташвиш билдириб,

Истиқлолимизни мустаҳкамлашга, унинг ташқи тажовуз ва таҳликага нисбатан бардошлилигини оширишга у ёки бу сабабларга кўра ҳалал бериб келган ички муносабатлар ҳам эндиликда ушбу бош мақсад йўлидаги ҳамкорликка ўгирилишига жиддий заруратни ҳис қилиб,

Мухолиф мафкуралар, қарама-қарши қарашлар, бир-бирига зид эътиқодлар кураши ва бирлигининг бунёдкорлик қудратини ишга солиш, бузғунлик қувватидан қутулиш кечиктириб бўлмайдиган долзарб масалага айланганидан келиб чиқиб,

Идора тизимидан кутиш мумкин бўлган самарани мухолифатсизлик дарди тубдан чеклаб қўйиши ўз исботини Совет идора тизими мисолида топганини инобатга олиб,

Истиқлол йўлининг тараққиёт ва аксилтараққиёт йўналишларини бир-биридан фарқлаб берадиган мезонлар мавжудлигидан ва улар мажмуасида ҳақиқатга муносабат белгиларининг муҳимлигидан келиб чиқиб,

“Эрк” партияси, ўзининг сайлаб қўйилган марказий раҳбар органи сиймосида, тубандаги ташаббуслар билан Муҳтарам Президент Жаноблари Сизга мурожаат қилишни, Сизнинг давлатимиз идора тизими ишидан қониқмаслик изҳор қилувчи, сиёсий мухолифатга зарурат мавжудлигини билдирувчи баёнотларингиз қалбдан эканига ишонч билдириб, сўз ва эътиқодда эркин, қўрқув ва муҳтожликдан озод фуқаролар сони камайишини кўпайиш томонга ўгириш учун лозим бўлган бошланғич тадбирларни баён этишни лозим топди. Улар қуйидагилардан иборат:

  1. Ёлғонга қарши умумялпи кураш эълон қилиб, ёлғоннинг мафкуравий илдизлари чуқур бўлган шаклларидан иборат уйдирма жиноят, буюртма ҳукм, зўрма-зўраки иқрор, қалбаки обрў, соҳта ҳисобот, ноҳақ жазо, исботсиз баҳо, далилсиз тасдиқ, илмсиз олимлик, ўлчамсиз ўлчов, мезонсиз ажрим каби иллатларга, ҳақиқатнинг қадрсизланиши чуқурлашиб боришига барҳам беришга, ҳақиқатнинг бунёдкорлик қудратини ҳаётда тобора кенгроқ қўллашга, унинг қадр-қиммати узлуксиз ошиб боришини таъминлашга қаратилган фармон, қонун, қарорлар ишлаб чиқиш ва ишга тушириш.
  2. Умумялпи сиёсий оқлов(реабилитация)  эълон қилиб, сиёсий сабаблар туфайли вужудга келган мухожирлар, маҳбуслар, ишсизлар, уйсизлар, 1917 йилдан бери ўтган муддатда турли хилдаги қатағонлар қурбони бўлган бошқа гуруҳ фуқаролар қатағондан илгариги яшаб ва ишлаб турган жойларига қайтишларига, ўз фаолиятларини қайта тиклаб Ўзбекистон истиқлолини мустаҳкамлашга томон кескин йўналиш берган ҳолда эркин давом эттиришларига кафолат яратиб беришга  қаратилган фармон, қонун, қарорлар ишлаб чиқиш ва ишга тушириш.
  3. Умумхалқ руҳий бирлиги эълон қилиб, илгари расман қайд қилинган ё қайд қилишга тайёргарликда бўлган, лекин турли сабабларга кўра ҳозирда иш фаолиятлари чеклаб ё тўхтатиб қўйилган сиёсий партия, сиёсийлашган ҳаракат, уюшма, жамоа, бирлашмалар, уларнинг нашрлари ўз фаолиятларини қайта тиклаб Ўзбекистон истиқлолини мустаҳкамлашга томон кескин йўналиш олган ҳолда эркин давом эттиришга кафолат яратиб беришга, тортиб олинган мол-мулки, жиҳозларини қайтиб беришга, жамиятда ўзаро кечиримлилик, тоқатлилик, ҳамкорлик руҳини сингдиришга қаратилган фармон, қонун, қарорлар ишлаб чиқиш ва ишга тушириш.

“Эрк” Демократик Партияси Марказий Кенгаши
Тошкент, 1997 йил, 25 январ
1997 йил, 10 феврал  куни “Озодлик” радиоси ўқиб эшиттирди

uzbekistanerk.com