O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мушоҳада қилинг, азиз биродар!

Мушоҳада қилинг, азиз биродар!
179 views
21 August 2013 - 9:36

“Иккиюзламачининг икки юзи бор!” – дейдилар. Шунинг учун ҳам одатда кимларгадир нисбатан “иккиюзламачи” деган сифат берилади, кайсики, бу сифатни ҳар қандай миллат ва ҳар қандай элат хушламаса керак. Иккиюзламачиларнинг аниқ дўсти ҳам йўқ, ҳамда душмани ҳам бўлмайди. Гоҳида улар ўзларини кимгадир дўст қилиб кўрсатишса, худди шундай муваффақият билан ўша дўстнинг мухолифига ҳам “дўст” бўла олишади. Баҳона ҳамиша тайёр: “бу менинг муаммом эмас”.  Эҳтимол, бироз янгилишаётгандирман, бироқ дини Исломда иккиюзламачиларни “мунофиқ” деб аташади. Ислом дини рўёбга келиб, ҳали мусулмонлар катта қудратга айланиб улгурмаган кезларда ёлғондакамига мусулмон бўлганлар ҳам кам учрамаган ва уларнинг асосий мақсадлари, мусулмонларга уларнинг ичидан туриб зарба бериш бўлганди. Шунинг учун бўлса керак, Аллоҳ ўзининг шариатида мунофиқнинг жазосини кофирникидан ҳам баттароқ қилиб белгилайди.

Албатта камина Ислом илми соҳиби эмасман, лекин ҳаёт деб аталмиш бир доно муаллим борки, ундан олган ҳаёт илми сабаб нималарнидир тушуниб етдим. Шуни билдимки, инсон юзини муқаддас Қиблага қаратгани билан ҳам унда айтарлик ўзгаришлар содир бўлмас экан. Дин инсонни ўзгартира олмайди!  Бордию хато фикр қилаётган бўлсам мени Аллоҳнинг ўзи ислоҳ қилсин дейман холос.

мыслитьЯқинда Озодлик радиоси тўлқинларида камина билан АҚШ да яшайдиган, ўзини Аҳмад Раҳимиов деб таништирган  шахс орасида бир баҳс бўлиб ўтди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, гарчи Озодлик радиоси бошловчиси биз бир биримизни баҳсга чақирганлигимизни айтиб ўтган бўлсада, аслида мени Аҳмад Раҳимов баҳсга чорлаганди. Мана бу линк остидаги мақола ва унга унга битилган шарҳларни эринмай кўздан кечириб чиқсангиз бунга тўлиқ амин бўла оласиз:  facebook.com/groups/karimovket.

Энди Аҳмад Раҳимов деяпману, Facebookда мен билан талашиб тортишиб, боз устига кўча гаплари билан ҳақоратлаб ташлаётган шахс Мирраҳмат Мўминов эди. У Facebookда ўзини шундай таништиради. Кўриб турганимиздек, бир шахс ўзини икки ном билан  таништирмоқда ва уни иккиюзламачи десак бўлар. Аслида эса бундай ҳам эмасдир. Бу шахснинг аниқ исми ҳам бор ва уни биз билмаймиз. Шунинг учун ҳам мақола давомида уни Кимсан деб атамоқчиман. Бунақа исм ўзбекларда бўлган ва мумкин ҳозирда ҳам бу исм остидаги йигитлар учраса керак. Хуллас Озодликдаги баҳсда шахси номаълум бўлган мухолифим Кимсан Кимсанович ҳам бўла қолсин.

Кимсан каби “донолар” кўпчилик орасида ўзининг “доно” фикрларин илгари суриб боради ва улар гоҳида муваффақият ҳам қозонишади. Қачонки уларни қўллайдиганлар топилиб қолса, тағин “сенинг сўзинг ҳақ сўз” деб қолишса бўйлари арпа бўйи баробар ўсиб қолади. Шунда “кимсанлар” худди текинга хўрозча ҳалво олган боладек – “Мана, кўрдингми? – дея шодланишади ҳам. Аслида улар бошқаларга шу зайлда намуна бўлишаркан, одамларни ўз ортларидан йўқлик сари етаклаётганларини ҳам билишади. Билишсада, ўз сўзларидан ҳам қайтмайдиган қайсар бўлишади.

Азизлар, камина сизларга, қолаверса жами мусулмонларга нима ёмонлик қилгандимки, бунчалар нафрат ва бунчалар ҳақорат қиласизлар? Масалан, ўзини Ислом илмининг соҳиби эканлигини даъво қиладиган биродаримиз Кимсанда бошқаларга намуна бўлгулик даражадаги тарбияни ҳам кузатмадик. Камина билан Facebookда “пачакилашган” бу диний “олим” мени сенсираб “кофир”, “қанжиқнинг қули” каби ҳақоратлар билан ҳам  “сийлади”. Тағин бу воқеа рўзаи Рамазон ичида бўлиб ўтди. Одатда мусулмонлар рўза ичида бошқаларни ҳақоратламайдилар ва уришмайдилар ҳам. Агар кимдир уларга нисбатан бирор ҳақорат қўллаб қолса “узр, мен рўзадор эдим” дея жавоб беришлари лозим.

Динимиз шуни тақозо этади. Мендек диндан “узоқ”, ҳаттоки Кимсан айтганидек “кофир” одам ҳам Исломнинг бу талабларини билсамда, Кимсанжоннинг ўзи билмас экан.   Бас, шудай экан, бир неча сурани ёдлаб олган бундай одамдан нима кутиш мумкин? Ҳар нарса, фақат муқаддас дини Исломни эмас! Аммо биз шунчалар “номусулмон” бўлганимиз билан ҳам, “мусулмонларнинг” оғзидан бемалол чиқиб кетаверадиган ҳақорату ҳамоқатларни қила олмаймиз. Чунки тарбиямиз шунақа. Агар шу тоифа тарбият олган Кимсан мусулмон бўлса, унда  биздаги тарбия – бу ноисломий тарбия экан.

Бу “биродар” мени Коммунист деб ҳақорат қилишга ҳам уриниб кўрди. Ўйлайдики, бундан жаҳлим чиқади. Йўқ, коммунист бўлмоқлик мен учун шараф, шунчаки вақтидан илгари, яъни ҳали коммунистлар сафига кирмай туриб мени бунақа атаётганларидан бироз хижолат бўлишим мумкин. Ҳар неки, коммунистлар осмондан чалпак ёғишини кутиб ўтиришмай, ҳар қайси мамлакатда бўлсин,  фаоллик билан сиёсий кураш олиб боришмоқда. Мақтовга арзигулик ҳолат эмасми бу?

Азизлар, камина бир неча йилдирки, хорижда яшаётган юртдошларимни сиёсий кураш майдонига тушмоқликка даъват этиб келдим ва охир-оқибат, даъватни қилишликни тўхтатдим. Чунки фойдаси йўқ ҳаракат экан бу ва афтидан, бизнинг элга озодлик эмас, қуллик кераклигига тўлиқ амин бўлдим. Буни қарангки, қўлларимиз ўрта асрлардаги ҳақиқий қуллик занжирдан озод бўлганлигига неча аср ўтган бўлсада, аммо ўша тутқунлик занжирлари қалбларимизда ҳамон шалдираб турибди. Афсуски, бу қуллик занжири ҳам авлодлар қалбларидан кейинги авлодлар қалбларига мерос бўлиб ўтиб келмоқда. Қаерда, қачон, ёки ўзбекнинг қайси авлодига етганда бу занжирнинг қулфи ечиларкин, буни билгувчи эмасман.

Мен билан суҳбатда бўлган ўзбекистонлик қочқинлардан бири Ҳайит Ғофир шундай гап қилиб қолди: “Ўзбекистонликлар қўллари ва оёқларига солинган қуллик занжирлари билан фахр қиладиган даражага тушиб қолганлар. Аммо улар озод бўлишликни исташмайди деб ўйласак хато қиламиз. Бизни кимлардир озод қилиши керак. Балки АҚШ, мумкин Европадир. Фақат ўзимиз унда иштирок этмасак бўлди”.

Ким билсин, балки бизни Шайтон-ул лаъйиннинг ўзи озод бу диктатурадан озод қилсачи? Унга ҳам розимиз, фақат мурғайиб ўтирган ўрнимизда осуда қолсак бўлди. Бизнинг ғайратимиз шунга етади ва бизнинг шиоримиз ҳам айни шунақа!

Камина сизларни сиёсий курашга чорлар эканман, сизнинг устингиздан бошқа одамлар ҳукм қилмасинлар, сизнинг устидан бошқалар сиёсат юризмасинлар деган мақсадда қилгандим бу ишларни. Лекин нима учундир бу кўринишдаги чақириқларим куфр бўлиб чиқаверди(?).  Албатта бунда кимлардир сиёсий фаолсизликка ҳам чақириқлар қилиб туришди ва шундоқ ҳам қўрқув исканжасида яшаётган ўзбекларнинг юрагига тағин ҳам кучлироқ воҳима солиб борди. Бу каби тескари натижага олиб борадиган фаолият ҳали ҳам давом этмоқда.

Ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб ака Ёқубов каминанинг “шарафини”  ҳимоя қилиб мақола битган инсон бўлдилар. “Мусулмон ўзбеклар ҳақида” дея сарлавлаланган мақола остига ҳам турли шарҳлар ёзила бошланди. Унда Rumiy деган ном остида қолдирилган шарҳни жуда ажойиб деб топдим. Шарҳ муаллифи марҳум Нажмиддин Эрбақаннинг сўзини келтирибди: «Сиёсатга қизиқмайдиган мусулмонларни, мусулмонларга қизиқмайдиган сиёсатчилар бошқаради». Бу аччиқ бўлсада, аммо айни ҳақиқат! Мусулмон одам нафақат Қуръонни, нафақат Ҳадисларни, балки ўз шаънини ҳам ўйлаши керак эмасми?

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, бир катта пода қўйни биттагина оч бўри ҳуркита олади. Керак бўлса битта қолдирмай ёриб ҳам ташлайди. Қўй битта бўладими, бир сурувми – фарқи йўқ, у барибир қўй! Шунинг учун ҳам оч бўри у билан ҳисоблашмайди, балки ўз нафсини қондириш учун қўйларни гарданига тишларини ботираверади.

Ўзингизга бир назар ташлангчи, мусулмон биродар, фақат Қуръон ўқиш, уни ёдлаш, ҳаттоки ҳадисларни бўлсада ёдлаш билан нималарга эришдингиз?  Rumiy айтаётганидек аҳволга тушиб қолмаганлигингизга ишончингиз комилми? Эътибор қилинг, дунё сиёсатида исломий мамлакатлар, қолаверса мусулмонларнинг ўзлари ҳам иккиламчи, ҳаттоки учинчи даражадаги қатламлар ролни ўйнайди холос. Улар билан биров ҳисоблашаётгани йўқ. Кези келганида мусулмонлар  қаерлардадир портлашлар, қотилликлар уюштириб нимагадир нисбатан ўз норозиликларини изҳор қила олишади, шунда ҳам бунда мутлоқ айбсиз одамларни  ўлдириб юборишади. Шуми ўйлаб топганимиз?

Оддий мисол,  америкалик пасторлардан бири  Джонс Терри Қуръонни ёқди ва бунинг оқибатида Ислом мамлакатларида норозилик чиқишлари бўлиб ўтди. Афғонистонда эса бу ишга мутлоқ алоқаси бўлмаган, инсонпарварлик ёрдамларини тарқатиб юрган одамларни ўлдириб юборишди. Гўёки, бу билан Қуръонни ёққан пастордан қасд олинди.

Қизиқ, нега АҚШ да яшайдиган биродаримиз Кимсан  Джонс Террининг ёнига бориб, жуда бўлмаса унинг афтига тупирмади экан? Майли ўлдиришга уринмасин, майли тан жароҳати ҳам етказмасин. Балки АҚШ газеталарида бирорта мақола эълон қилгани бордир? Бироқ Кимсан каби “муллалар” фақат ўз халқига, ўз миллатига қарши гап ота олишади холос. Бошқаларнинг олдида эса тиззаси қалтирайди.

Сайтимизда фаол  шарҳ қолдирувчилардан бири ўзини “Андижонлик” деб таништиради ва у ҳам негадир каминани нохолисликда айблайди. Ҳурматли Андижонлик холислик, ёки нохолислик деганда нима тушунаркин?  Масалан, суд жараёни бормоқда ва судя айбланувчининг айбсизлиги исботини ҳар қанча келтирмасинлар ҳам, судланувчини айбдор деб топади ва камида ўн йиллик жазо тайинлайди. Мана буни суднинг нохолислиги десак мутлоқ муболаға бўлмайди. Ёки футбол майдонида ўйин бормоқда ва судя қайсидир бир томоннинг ўйиндаги нуқсонларига кўз юмади, бошқасини эса қўллайди. Бу унинг нохолислиги белгисидир! Холислик ва нохолислик икки ўртани очиқлашда ва ҳалол ҳукм чиқармоқликда бўлади.

Тағин журналистикада ҳам бу тушунчани қўллаш мумкин. Мисол қилиб оладиган бўлсак, парламента қайсидир бир қонун юзасидан тортишув бормоқда ва депутатлар икки гуруҳга ажралиб қолган. Журналист ҳар икки томон иддаосини ҳам тинглашга мажбур. Чунки у холис!  Акс ҳолда, яъни бир томон фикрига таянса унда журналистни нохолисликда айблаш мумкин.

Камина мақолаларимда ўз фикримни ёзарканман, нега мени нохолис деб аташмоқда? Ахир тортишаётган икки томон орасида турмаяпманку, шунчаки сизларни сиёсий фаол бўлмоқликка чақираяпман холос. Аниқроғи, чақираётгандим. Ҳозирда эса, юқорида эслатиб ўтганимдек – бу фойдасиз машғулот бўлганлиги учун чақириқларни тўхтатганман.

Ислом дини ҳам холисдир. Ҳар неки, пайғамбаримиз (САВ) келтирган дин холис эди ва барча мусулмонлар учун баробар эди. Ҳозирда ўша дамдаги муқаддас динни кўраяпмизми? Аниқроғи, мусулмонларимиз динимиздаги ўша холислик талабига жавоб беришаяпптими? Йўқ! Негадир уларни бошқалар бошқариб туриши керак. Тез-тез келтирадиганим, Ислом дунёси янги давримиздан ортда қолиб кетгани. Янги технологияларни ишлаб чиқариш нарироқда турсин, биз борларини ҳам ишлатишни билмаймиз. “Аллоҳ беради”га жуда ўрганиб қолган эканмизми – мана, бераяпти(?). Қўлимизда табаррук қилиб кўтариб юрадиган оддийгина мобиль телефонимиз қандай ишлашини ҳам тасаввур эта билмаймиз, лекин у бизда борлиги учун шукроналар қиламиз.

Пайғамбаримиз Муҳаммад саъллолоҳи аълайҳи вассалам мўминларга қарата “Агар илм Хитойда бўлса ҳам уни бориб ўрганинг” дегандилар. Ўргандикми? Йўқ! Мана оқибат, бизни қай ҳолга солишаяпти. Ҳали босиб олишади, ҳали сургун қилишади. Бир қарасангиз, ўз биримизни ўз биримизга қарши қайрашади ва биз урушиб ҳам кетамиз. Нималарга эришдик, азиз биродар?

Ўзбекистонда диктатура авамбор ўзбек мусулмонларини қийратаётган экан, уларни халос қилиш талаби билан бир мактуб ёзишга ҳам қодир бўлмай қолганмиз. Эмишки, Аллоҳнинг ўзи қиёматда бу одамларга жаннатидан жой бераркан. Қизиқ, нега бирингиз Европада, бошқангиз АҚШда сарсон юрибсиз. Жаннатга кириш осон эканку. Ўзбекистонга қайтиб борсангиз бас, шундоққина аэропортдаёқ қўлингизга кишан солиб, кейин жаннатга йўллаб қўйишади. Аммо негадир сиз буни истамайсиз. Ким ёлғончи? Сизми ёки Ислом диними? Ҳар неки, дини Ислом ёлғон бўлмаса керак! Мен шундай гумондаман.

Мен ўз мақолаларимда динни ҳам камситмадим, сизни ҳам ҳақорат қилмадим. Шунчаки юзингизга ойна тутдим ва унда ўз аксингизни кўриб даҳшатга тушдингиз. Камина шунинг учун дин душмани бўлдимми ёки бошқа бирор сабаб ҳам борми? Ўйланг, мушоҳада қилинг. Кейин гапиринг.

Тўлқин Қораев
Швеция