O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Муқим Маҳмуд: Гўзал Бегимнинг “КЎКРАК ЧЎНТАГИМДАГИ ДАРАХТ” мақоласи ҳақида

Муқим Маҳмуд: Гўзал Бегимнинг “КЎКРАК ЧЎНТАГИМДАГИ ДАРАХТ” мақоласи ҳақида
164 views
23 December 2019 - 14:44

Ҳозиргина Гўзал Бегимнинг “КЎКРАК ЧЎНТАГИМДАГИ ДАРАХТ” номли “Шоир Муҳаммад Солиҳга конвертсиз хат”ини Бону билан биргаликда ўқидик.

Талабалик пайтларимизни, талабалар ётоқхонасида хонама-хона юриб, Муҳаммад Солиҳнинг китобларини қидириб топиб, олиб чиқиб кетишганини, огоҳлантиришганларини, пўписа қилганларини эсладик.

“Китобни йўқотиб қўйишдан, ҳарфларининг ўчиб кетишидан, титилиб кетишидан қўрқарди у қиз. Охири у китобни титилиб, йиртилиб, ўғирланиб кетишидан пана бир жойни топди. Бу ердан шоирни ҳам, китобни-да энди ҳеч ким ўмара олмаслигига у қаттиқ ишонарди. Юрагини узиб ташлаш керак эди бу учун! Чунончи, бу юрак “Орзу фуқароси” билан лиммо-лим эди”.

Шу сатрларни ўқир эканман, қамоқдан чиққанимдан кейин Қирғизистонга ўтиб кетганим ва у ерда ҳам қамалиб қолганим ёдимга тушди. Ўшанда мени Ўзбекистонга бериб юборишларига ва тўппа-тўғри Жаслиққа ташланишимга шубҳа қилмас эдим. Жаслиқда эса Қуръон ўқишга рухсат берилмаслигини ўйлаб, ҳибсдаги етмиш кунимни Қуръондан етти пора ёд олишга сарфлаган эдим. Юрагимдан юлиб олишолмайди-ку, ичимда такрорлаб юравераман-да, деган режа билан шундай қилгандим.

Хуллас, Жаслиққа тайёргарлик қилиб юрган бир пайтимда қамоқдан чиқиб, Швецияга келганман. Алҳамдулиллаҳ.

Мен Зангиотадаги махсус зонада ўтирганман. Оддий маҳбуслардан кўра СПП, ГАДлари кўпроқ бўлган бир қип-қизил зона эди. Қизиғи шундаки, шу зонанинг кутубхонасидаги “Шарқ юлдузи”нинг бир сонида айнан мана шу шеър бўларди. Кўп маҳбуслар уни ўқиганлар. Бу шеърни мен ўшанда ёд олгандим.

Аллоҳ ошкор қилмоқчи бўлса, ҳеч қандай куч яшира олмаслигига шунинг ўзи етарли далил эмасми?!

ОРЗУ ФУҚОРОСИ
( 1986 йил )

Гарчанд йироқ насабим- наслим,
Бу дунёдан минг- минг розиман.
Мен бу ерлик эмасман асли ,
Мен — орзунинг фуқоросиман .

Мен бу ерга келганим ҳамон
Тутқаздилар дарров қўлимга
Умр учун бир рухсатнома ,
Бир йўлланма битта ўлимга .

Дунёда энг мунис аёлни
“Шул заифа онанг ” дедилар,
Учқур отли , учқур хаёлли
Мард йигитни “отанг” дедилар .

Қўл чўзишиб бепаёнликка ,
Дедилар : “Шул эрур ватанинг ! “—
Бағрим бўлди тилка ва тилка
Кўзимдан ёш потради менинг !

Шундай экан недан қўрқайин ,
Ҳаммаси бор , нечун ўйланай —
Рухсатнома қўлимда тайин —
Чўнтагимда эса йўлланма !

Муқим Маҳмуд