ҚАЙТА ҚУРИШ ЙИЛЛАРИДА ЁЗИЛГАН МАҚОЛАЛАР
(1985-1991)
“МУҲАББАТНОМА” ХУСУСИДА
XV-асрда ўз шеърияти билан туркий ва форсий дунёни тўлдирган Алишер Навоийнинг улуғ келбати ундан олдин ўтган шоирларни бир қадар тўсиб қўйди.
Биз Атоий, Саккокий, Хоразмий ёхуд Лутфийнинг шеърларини ўқир эканмиз, беихтиёр уларни Навоий билан қиёслаймиз. Агар шу қиёс бўлмаганда эди, юқорида саналган ҳар бир шоиримизни дунё шеъриятининг энг кучли намояндалари билан тенг қўйиб, ўрганган бўлар эдик. Мен буни фақат афсус билан эмас, фахр билан ҳам айтаяпман.
Начора-ки, шеърий анъанамизнинг мақоми юксак, мезони — улуғ. Бу мезон — Навоийдир. Лекин шу улуғ мезон орқали қараганда ҳам, суҳбатимиз мазуси бўлмиш Хоразмийнинг “Муҳаббатнома”си ўз кучини йўқотмайди.
Бундан деярли олти ярим аср муқаддам битилган бу асар, аввало, ўзининг баркамоллиги билан, тилининг бугунги тилимизга ниҳоятда яқинлиги ва соддалиги билан ҳайратга солади.
Аё номеҳрибон аҳди бақосиз,
Жаҳон елдек, умр гулдек вафосиз.
Қаму ёқут иринли, сўзи дурлар
Вафосизликни сиздан ўрганурлар.
Бу сўзлар тизими нафақат бизга, балки, бутун туркий элатларга тушунарлидир. Тасаввур қилинг, бугун туркийда сўзлагувчи 100 миллионлик халқ олти юз йил аввал ёзилган шеърни бемалол ўқиб, завқланиши мумкин.
Албатта, бу, биринчи галда, туркий тилнинг табиатидаги халоскорлик консерватизм шарофатидир. Ҳамма тилларда ҳам бир қадар консервативлик хусусияти мавжуд. Бу камчилик эмас, фазилат. Бу тилнинг ўз-ўзини ҳимоя қилиш усулидир. Шу маънода туркий тил дунё тиллари ичида ниҳоятда ўзига хос: уни кейинги минг йиллик тарихига боқсак, бошқа тилларга нисбатан, у жуда кам ўзгарган.
Масалан, тахминан Хоразмий даврида яратилган славян халқларининг ёзма ёдгорлиги “Игор жангномаси”ни бугун руслар, украин ва белоруслар ҳам таржимада ўқишади.
Аммо бу муқоясадан туркий тил ривожланмапти-да, деган хулоса чиқмаслиги керак. Тилимиз ўнинчи асрдаёқ энг бой тиллардан бири эди. Буюк аллома Маҳмуд Қошғариш ўзининг “Девону луғатит турк” асари сўз бошисида шундай деб ёзган эди: “Бу китобни тузишда Халил ибн Аҳмаднинг “Китобул айн” асарида тутилган тартибни қўллаш фикри бор эди. Бу тартиб икки улоқчи от сингари араб тили билан пойга қилиб, ундан ўзиб бораётган турк тилини тўлиқроқ ёритиш учун ҳам зарур эди”.
Аммо туркий тил ўзини қанчалик ҳимоя этмасин, у тарих чорраҳаларида жуда кўп бошқа тиллар билан алоқада бўлди ва уларга таъсир ўтказди, уларнинг таъсиридан баҳраманд бўлди. Эҳтимол, шу сабабдан ҳам тилимиз асрлар давомида гўзал, энг бой тиллардан бўлиб келмоқда. Айни пайтда тилнинг заҳматкаш ҳаммоллари — шоирлар, ёзувчилар, тилимизни авайлаб, софлигига путур етказмай асрдан-асрга олиб ўтишган. Шу улуғ “ҳаммоллардан” бири Хоразмийдир. “Муҳаббатнома”нинг ўнинчи бўлагидан икки сатр келтираман
Манга ишқинг йўлида қон кўринур,
Юзинг ойнасида жон кўринур.
“Қон” ва “жон” сўзи шеъриятимизда жуда кўп қофияланган. Бугун ҳам қофияланмоқда. Лекин бу содда, жўнгина қофияни бутун бир фалсафага бўйсундирмоқ фақат чинакам шоирнинг қўлидан келиши мумкин.
Биринчи сатр ишқ йўлидаги машаққатни ифодалайди, иккинчи сатрни таҳлил этмоқ учун Хоразмий яшаган давр зиёлисининг дунёқарашини англамоқ зарур, ўша давр фикрида етакчи оқим бўлган тасаввуф ғояларидан хабардор бўлмоқ керак.
Маъшуқнинг юзида ўз жонини кўраётган ошиқ — ўзини ҳақ кўзгусида томоша қилаётган инсондир. Яъни, бу ўша қадим фалсафанинг янги, оригинал талқини: инсон мутлақо ҳақиқатнинг акс садоси, илмий тил билан айтганда, у ҳақнинг эмонатсиясидир. Қизиғи шундаки, сўфизм ғояларини билмаган ўқувчи бу сатрларни ўқиб ўзича таъсирланиши мумкин, ақл билан эмас, ҳиссий идрок билан таъсирланиши мумкин:
Манга ишқинг йўлида қон кўринур,
Юзинг ойнасида жон кўринур.
Ваҳоланки, шоир Хоразмий ҳам “Муҳаббатнома”ни ёзар экан, биринчи навбатда, ўша ўқувчи кўз ўнгида тутиб ёзган ва ёр образида, шубҳасиз, реал қиз тасвирланган:
Ақиқинг суҳбатингдан жон қилур сўз,
Қамардек чеҳрангга боқса қамар кўз.
Урур наргизларинг новакни жона,
Кулар чеҳранг чечакдек арғувона.
Муҳаббат нори жондин кетмади ҳеч,
Қўлим сим олмангизга етмади ҳеч.
Саройдин борди Чин-Мочинга човинг,
Қиё боқсанг бўлур арслонлар овинг!
Бу парчадаги бадиий қувватни мазмундан ташқари, товушлар гармонияси янада кучайтиради. “Саройдан борди Чин-Мочинга човинг”, “Кўзлар чеҳранг чечакдек арғувона” сатрларидаги “ч” товуши такрорланар экан, ғаройиб мусиқани зоҳир этади.
“Қамардек чеҳрангга боқса, қамар кўз” мисрасида иккита “қамар” сўзи ишлатилади, аммо улардан бири от, яъни “ой”, иккинчиси эса, “қамашмоқ” феълини ифодалайди. Сўзни бундай аниқ, моҳирона, айни пайтда илҳом билан ишлатиш учун улкан сўз устаси бўлмоқ керак.
1988
(30)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (149-151-саҳифалар.)