O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Муҳаммад Бекжон: Дарвозадан чиққанимдан кейин озодликка чиққанимга ишондим

Муҳаммад Бекжон: Дарвозадан чиққанимдан кейин озодликка чиққанимга ишондим
161 views
24 February 2017 - 17:50

Қарийб 18 йил Ўзбекистон қамоқхоналарида ўтирган журналист Муҳаммад Бекжон очиқликка чиққанидан сўнг 2 кун ўтса ҳам кўзига уйқу келмаётганини айтди. “Эрк” газетаси собиқ муҳаррири Бекжоннинг билдиришича, қамоқхона эшигидан ташқарига қадам қўймагунча озод бўлишига шубҳа билан қараган.

Журналист сўнгги беш йилни Зарафшондаги 48 – сонли жазони ижро этиш муассасасида ўтказган.

“Чиқишимдан икки кун олдин ўзини бошқармаданман, деб таништирган бир ходим келиб мен билан суҳбатлашди. Бир соатларча суҳбатлашиб ўтирганимизда, мабодо чиқиб қолсангиз юқорига қандай илтимосларингиз бор, деб сўради. Мен Тошкентдаги уйимни қайтариб беришларини ва шу пайтгача Ўзбекистонга келишига виза берилмаётган Америкадаги болаларимга виза беришлари ҳақида айтдим. Ўшанда озодликка чиқишимни билдим”.

Бошқармадан келган ходим ўзини ва қайси идорадан келгани ҳақида маълумот бермаган. Аммо у келиб кетганидан сўнг Муҳаммад Бекжонга соч ўстириш учун рухсат беришган.

“Соч ўстиришга рухсат беришгандан сўнг, чиқаришар экан, деб ўйлай бошладим. Аммо яна шубҳа уйғона бошлади. Яна олдинги сафаргидек бўлмасмикан деган хаёлларга бордим. Ўтган сафар ҳам Косондалигим вақти 2011 йилнинг декабр ойида кетишим керак эди. Сочимни ўстиришга рухсат беришиб, ҳатто суддан ҳам ўтгандим, лекин яна беш йилга узайтиришди”.

– Чиқадиган куним эрталабки текширув вақти мени олиб кетишди. Кийинтириш хонасига олиб келиб кийимларни берди. Озодликка чиқадиган бошқалар билан бирга соат 12 гача кутиб ўтирдик. Соат 12 да штабга чақиришди. Ходимлар, биз ҳам сиздан кўпроқ кутиб ўтирибмиз, жавоб келса кетасиз. Агар мабодо жавоб келмаса, ўзингизни йўқотиб қўйманг, деб тайёрлашди, дейди Муҳаммад Бекжон.

Бир соатнинг ичида озодликка чиқиш тўғрисида узоқ кутилган жавоб келган. Шундан сўнг журналистни озодликка чиқариш расмиятчиликлари бошланган. Ҳужжатлар тўлдирилган ва озодликда сарфлаш учун давлат томонидан белгиланган ёрдам пулларини олган.

“Қамоқхона маъмурлари дарвозадан чиққунча мени кузатиб қўйишди, видеоларга олишди. Дарвозадан чиққанимдан кейин озодликка чиққанимга ишондим”.

Ташқарида журналистнинг яқинлари кутиб олишган. Қамоқхона томонидан бириктирилган ходим уларни Хоразмдаги милиция пунктига келгунча кузатиб келган. Милиция идорасида яна ҳужжатлар тўлдирилган ва журналист яқинлари билан уйига кетган.

Унинг айтишича, Зарафшондаги қамоқхона нозирлари унга яхши муносабатда бўлган.

“Қаттиқ ҳаёжонда бўлганим учун икки кундан бери ухламаяпман.Ҳозирча ҳеч қандай режам йўқ, икки-уч кун дам олиб кейин ўйлаб кўрамиз”.

Муҳаммад Бекжон уйини қайтариш ва фарзандларининг Ўзбекистонга келишига изн бериш борасида ҳукуматдан сўраган илтимосига ҳануз жавоб олмаганини айтди.

У Америкага болалари олдига боришдан кўра, уларнинг Ўзбекистонга келишини кўпроқ истаётганини билдирди.

“Менда ҳали Ўзбекистон паспорти ҳам йўқ. Жиноий ишимда Қирғизистоннинг четга чиқиш паспортини қолдиришган. Ички ишлар вазирлигида менинг Совет паспортим бор эди, Тошкент пропискаси билан. Уни олиб қолишиб, Қирғизистон паспортини қолдиришган”.

Журналист 2002 йилгача қийноққа тутилганини айтади.

“2002 йилгача қийноқларнинг барча турини қўллашди. Ўша йили Жаслиқда оёғим синган. Қулоқларим ҳозир ҳам яхши эшитмайди. 2002 йилдан кейин қийноқларни тўхтатишган”.

Тошкентдаги АҚШ элчихонаси журналист Муҳаммад Бекжоннинг 18 йилдан сўнг озодликка чиққанини олқишлаган.

“Унинг оиласи бағрига қайтганини кўришдан хурсандмиз. Муҳаммад Бекжоннинг озодликка чиқарилишини Ўзбекистон ҳукумати томонидан қўйилган ижобий қадам дея баҳолаймиз. Ўзбекистонни узоқ муддатдан бери қамоқхоналарда қолаётган бошқа журналист, фаол ва диний маҳкумларни озод қилиб, ушбу руҳда давом этишга чақирамиз”, – дейилади элчихона томонидан тарқатилган хабарда.

Жаҳондаги тутқинликда энг узоқ сақланган журналист

Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотига кўра, 62 ёшли Муҳаммад Бекжон дунёдаги энг узоқ муддат қамоқда қолаётган журналист ҳисобланади.

У мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг укаси ва “Эрк” рўзномасининг собиқ бош муҳарриридир.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг ҳукумат тепасига Шавкат Мирзиёевнинг келиши жамоатчиликда сиёсий айбловлар билан қамалган маҳкумлар нисбатан ўзгача муносабат бўлиши кутилаётган эди.

АҚШ элчихонаси 2016 йилнинг 3 октябр куни Муҳаммад Бекжоннинг туғилган куни билан табриклаган ва уни “шубҳали айбловлар билан қамоққа ташланганини” билдирганди.

Журналистларнинг халқаро ташкилоти ушбу рўзнома ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муаммоларни ёритган мустақил Ўзбекистондаги илк нашрлардан бири бўлганини қайд этган.

1999 йилги Тошкент портлашларидан Ўзбек режими ўз танқидчилари овозини ўчириш мақсадида фойдаланди ва қийноқлар остида Муҳаммад Бекжон терроризмга алоқадорлигини тан олишга мажбур бўлди, дейилади “Чегара билмас мухбирлар” баёнотида.

Муҳаммад Бекжон ва яна бир ўзбекистонлик журналист Юсуф Рўзимуродов 1999 йил Тошкент портлашларидан кейин Украинада қўлга олиниб, Ўзбек ҳукумати талаби билан ватанига экстрадиция қилинган.

Олти ой ўтгач, уларга тақиқланган газета ва материаллар чоп этиш ва тарқатиш, тақиқланган сиёсий намойишларда қатнашиш ҳамда ҳукуматни ағдаришга уриниш каби айбловлар қўйилган.

Маҳкама жараёнида Бекжонов ва Рўзимуродов ўзларига қўйилган айбларни рад этиб, қийноққа солинганларини айтишган.

Маҳкама Муҳаммад Бекжонни 15 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган, 2003 йилда унинг жазо муддати 3 йил 8 ойга қисқартирилган эди.

2012 йил январда жазо муддати ниҳоясига етишидан олдин Ўзбек маҳкамаси Бекжоновни қамоқхона тартибини бузганликда айблаб, унинг жазо муддатини яна беш йилга чўзган.

Шу йил март ойида Навоийдаги қамоқхонада турмуш ўртоғини бориб кўрган Муҳаммад Бекжоннинг аёли Нина Бекжонова унинг саломатлиги жуда ёмонлашганига гувоҳ бўлган.

Ўшанда Нина Бекжонованинг айтишича, турмуш ўртоғи сил касаллигидан азоб чекмоқда, грижасини олиб ташлаш учун жарроҳлик амалиёти зарур.

Муҳаммад Бекжон мухолифатдаги “Эрк” партиясининг раҳбари, Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг укасидир.

Манба: bbc.com/uzbek