Ўзбекистонда мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг укаси Муҳаммад Бекжон озод бўлиши ҳақидаги гап-сўзлар ортидан унга қарши маҳкама бўлиб ўтгани маълум бўлди.
“Эрк” партияси Бош котиби Отаназар Ориповнинг Муҳаммад Бекжон адвокатига таяниб, Озодликка айтишича, маҳкама 18 январ куни бўлиб ўтган.
Маҳкамада давлат қораловчиси қамоқхона ички тартибини бузганликда айбланаётган Муҳаммад Бекжонни 4 йилу 8 ойлик муддатга озодликдан маҳрум қилишни сўраган.
– Биз адвокат жўнатган эдик. Адвокат “дело” билан танишди. Муҳаммад Бекжонга қарши уч маҳбус кўрсатма берган. Улар Муҳаммад Бекжонни ҳақоратли сўзлар айтиб, уриб-сўкканликда айблашган. Адвокат бунинг бўҳтон эканлигини исботлашга ҳаракат қилди. Ҳозирча ҳукмни қўлимизга олмадик. Унга қанча беришгани ҳозирча номаълум, деди Орипов.
Отаназар Орипов билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:
57 яшар Муҳаммад Бекжон 12 йилдан бери панжара ортида қолмоқда.
У 1999 йил февралида Тошкентда юз берган портлашлардан кўп ўтмай Украинада ҳибсга олиниб, Ўзбекистонга топширилган.
Ўзбекистондаги маҳкама уни Тошкентдаги портлашларга алоқадорликда айблаб, 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган эди.
2003 йилда Муҳаммад Бекжоннинг жазо муддати 3 йилу 8 ойга қисқартирилган эди.
Ўзбекистондаги тажрибага кўра, қамоққа ташланган сиёсий маҳбусларнинг жазо муддатлари турли важлар билан узайтириб келинади.
Лекин, Муҳаммад Солиҳнинг яна бир укаси Рашид Бекжон шу йилнинг март ойида қамоқхона тартибини бузганлиги важидан Навоий шаҳридаги қамоқхона карцерига ташланганидан кўп ўтмай кутилмаганда озодликка чиқарилган эди.
52 ёшли Рашид Бекжоннинг 12 йиллик жазони ўтаб бўлганидан сўнг озодликка чиқарилиши ғарб билан мулоқотни қайтадан бошлашга уринаётган Ўзбекистон ҳукуматига халқаро босимларнинг натижаси ўлароқ кўрилган.
Муҳаммад Бекжон маълум муддат Қорақалпоғистонда жойлашган “Жаслиқ” жазони ижро этиш муассасасида сақлангани боис оғир турдаги сил касаллигига чалинган.
2005 йили Муҳаммад Бекжон озод бўлиши ҳақидаги гаплар тарқалди, ҳатто у жазони ўтаётган Қашқадарёдаги муассаса раҳбари буни тасдиқлаган эди ҳам, аммо кўп ўтмай қарор ўзгаргани маълум бўлди.
Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати “Эрк” партиясининг қамоқдаги бошқа фаолларига нисбатан ҳам амнистия қўллашдан бош тортиб келади.
Тошкент портлашларида айбланган таниқли адиб Мамадали Маҳмудов жазо муддати тугагани ва соғлиги ёмонлигига қарамай, ҳануз қамоқда қолмоқда.