O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Муҳаммад Солиҳ: “Араб баҳори Каримовга ўхшаган диктаторларга қарши қуролли курашни машруъ қилиб қўйди”

Муҳаммад Солиҳ: “Араб баҳори Каримовга ўхшаган диктаторларга қарши қуролли курашни машруъ қилиб қўйди”
406 views
18 April 2012 - 11:13

Таниқли ўзбек мухолифатчи, муҳожирликда юрган сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ BBC халқаро телерадиокорпорацияси рус тили хизмати мухбири билан суҳбатда “араб инқилоби, араб баҳори қандайдир маънода Каримовга ўхшаган диктаторларга қарши қуролли курашни машруълаштириб қўйди”, деб билдирган. “Яъни, бу ўрнак бўладиган воқеа бўлди, халқ ўз диктаторига қарши қўлига қурол олиб кураши мумкин. Биз ҳам шу йўлни танладик, дея олмайман. Аммо Каримов Андижондаги каби халқни қирғин-барот қиладиган бўлса, халқ ўзини химоя қилишга мажбур бўлади. Эҳтимол, халқ қўзғолони араб мамлакатларида каби мақомга эга бўлади”, – деди М. Солиҳ.

“Агар армия ёки ҳуқуқ-тартибот идораларининг бир қисми [халқ томонига ўтиб олса], халқни Андижондаги каби ўққа тутиб бўлмайди”, – деди Муҳаммад Солиҳ.

Қирғизистон жанубидаги 2010 йил июнь воқеалари ҳақида гапира туриб Муҳаммад Солиҳ: “Ўшда умуман олганда, этник тозалов амалга оширилган, бунинг принципиал фарқи бор. Агар Ўзбекистонда умумий қўзғолон бошланиб қолса, у этник характерга эга бўлмайди. Эҳтимол кланлар ўртасида кураш, ижтимоий табақаларда силжиш ва хаос бўлиши мумкин, аммо биз Қирғизистонда кузатганимиздек этник характердаги можаролар бўлмайди”.

“Ўзбекистон Халқ ҳаракати ҳокимиятни қўлга киритса, Ислом Каримовнинг тақдири нима бўлади?”, деган саволга Муҳаммад Солиҳ “уни халқ суд қилади ва у Ўзбекистон қонунларига биноан жазога тортилади”, деб жавоб берди. Шу билан бирга, Ислом Каримов режими билан “даҳлсизлик эвазига ҳокимият” шиори остида музокаралар ўтказилиши эҳтимолини истисно этмади: “Агар қон тўкилмай диктатурадан тинч ҳаётга, демократия тизимига ўтиладиган бўлса, мен шундай музокара ўтказилишига рози бўлардим”.

Муҳаммад Солиҳ BBC мухбирига 19 йилдан бери қувғинда яшаётганини, 1993 йилда “давлатга ҳиёнати” учун ҳибсга олинганини эслатди. Дунё ҳамжамияти босими остида уни “Тошкентни тарк этмаслик шарти билан”қамоқдан чиқаришганида, у Туркия қочиб кетди.

1999 йилда расмийлар Солиҳни Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга суиқасдда айбладилар. Ўшанда уни сиртдан ўн беш ярим йилга озодликдан маҳрум этишга ҳукм чиқардилар.

 

fergananews.com