[soundcloud id=’43403791′]
Ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳга кўра, Британия ва Ғарбнинг Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш борасида Ўзбекистондаги тузум билан ҳамкорлиги бир марталик ва узоқни кўзламаган ҳамкорликдир.
Би-би-си билан суҳбатда Муҳаммад Солиҳнинг айтишича, хавфсизлик манфаатларидан келиб чиқаётган Ғарбнинг жорий сиёсати минтақадаги демократик кучларга нотўғри мужда йўллайди.
Афғонистондан хорижий кучларни олиб чиқиш муддати этиб 2014 йил белгиланган.
Аммо охирги йилларда хорижий кучларнинг асосий таъминот йўли бўлган Покистоннинг қавмлар назоратидаги ҳудудларига ишонч йўқолди, жангарилар таъминот юклари ортилган карвонларга кўп бора ҳужумлар уюштирди.
2011 йил ноябрида Покистон-Афғонистон чегарасини Афғонистон ҳудудидан НАТО кучлари ҳаво ҳужумига тутди, оқибатда 24 Покистон чегарачиси ҳалок бўлган.
Бунинг ортидан Покистоннинг АҚШ ва НАТО билан муносабатлари ёмонлашди, Покистон ўз ҳудудидан ўтувчи таъминот йўлини ёпиб қўйган.
Ушбу вазият Афғонистондан чиқиб кетиш тараддудини кўраётган ҳамкорларни “ўз нигоҳларини Афғонистоннинг шимолига қаратишларига” ундаган.
Ўзбек-Афғон чегарасидаги Термиз аэропортида Олмония кучлари жойлаштирилган.
Қирғизистоннинг Бишкек аэропортидаги “Манас” аэропортида АҚШнинг транзит маркази жойлашган.
Ғарблик сиёсатчилар Россиянинг Ульяновск шаҳри аэропорти бўйича, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудларидан фойдаланиш бўйича музокараларни кучайтирганлар.
Йил бошидан буён Тошкентга ҳам қатор НАТОга аъзо мамлакатлар сиёсатчилари ташриф буюрдилар.
Британиядаги таҳлилчиларга кўра, охирги вақтда Британия ҳукумати аъзолари Ўзбекистонга тез-тез сафар қилиб туришибди, бироқ айнан қандай масалалар ҳақида ўзаро келишилаётгани сир тутилмоқда.
Бир неча кун олдин Британия ҳукуматининг нуфузли аъзоси, иқтидордаги консерваторлар партияси раисдоши Баронесса Варси Ўзбекистонга уч кунлик сафарда бўлиб қайтган.
Британия матбуотида Ўзбекистон ҳукумати ўз ёрдами эвазига Британия ҳукумати олдига мушкул талаблар қўйгани ҳақидаги мақолалар пайдо бўлди.
Халқаро ташкилотлар ва ўзбекистонлик фаоллар Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлиги учун Ғарб сиёсатчиларини икки стандарт сиёсатини юритаётганликда айбламоқдалар.
Фаолларга кўра, Ғарб Афғонистондан қўшинларини олиб чиқишда Ўзбекистонга муҳтожлиги борлиги учун ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг жамиятни демократлаштиришни истамаётганини кўриб кўрмасликка олмоқда, инсон ҳуқуқларининг қўпол поймол этилиши ҳолларига кўз юммоқда.
Мухолифат етакчиси Муҳаммад Солиҳ айтишича, Ғарбнинг ушбу ҳамкорлиги Ўзбекистон ҳукуматининг “давом этаётган репрессияларини яширишга хизмат қилади”.
“Ғарб сиёсатчилари бу ҳамкорликка мажбур бўлаётганларини тан олаётганлари яхши, бироқ биз демократия ва инсон ҳуқуқларини ҳам ҳимоя қилаяпмиз, деб айтишнинг кераги йўқ”, дейди Муҳаммад Солиҳ.
Жаноб Солиҳ айтишича, “Араб баҳори”нинг таъсири Ўзбекистонда ҳам сезилди, бу руҳий-психологик таъсир.
“Халқимиз кўрдики, золимлар билан, диктаторлар фақат курашиш мумкин”, дейди Муҳаммад Солиҳ.
Бироқ унга кўра, бундан 1 йил олдин тузилган Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг “танлаган кураш йўли тинч йўл”.
BBC