O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Муҳаммад Солиҳ: “бир пайтлар Афғонистонга урушга кетишни истаган йигитларнинг бугунги орзуси нима экан…”

Муҳаммад Солиҳ: “бир пайтлар Афғонистонга урушга кетишни истаган йигитларнинг бугунги орзуси нима экан…”
28 views
28 November 2012 - 18:12

Суратда: Чехословакия, 1968 йил сентябрь ойи, Австрия чегарасида разведка пайти. Муҳаммад Солиҳ (чапдан биринчи) 19 ёшли аскар йигит Совет Армияси сафларида Чехословакия ишғолида қатнашган…

Муҳаммад Солиҳ билан интернет орқали тез-тез суҳбатлашиб туришимизни илгари ҳам айтган эдим. Биз бундай мулоқотларда сиёсат ҳақида мутлақо гаплашмаймиз десам, менга ишонинг.

Биз Муҳаммад Солиҳ билан Ўзбекистонда ўтган кунларимиз, бедард ва беташвиш талабалик йилларимиз ҳақида кўпроқ гаплашамиз. Энди ҳеч қачон қайтиб келмайдигандек туюлган, олисларда қолган жонажон Ватан билан боғлиқ мунис ва маҳзун хотираларга бериламиз…

Бу гал Муҳаммад Солиҳ кутилмаганда “Дунё ўзбеклари”да чоп этилаётган “Оқланмаган ишонч қиссаси”нинг Андрей Сахаровга бағишланган бобини эслаб, “Москвадаги сессияда Афғон урушига қарши чиққан Академикка ўзбек халқи номидан заҳрини сочган хонимда эмас айб, уни шунга мажбур этган Ўзбекистон раҳбарларида эди, Сиз эса уларнинг кўрсатмаси асосида нутқ ирод этган Казакова хонимни танқид қилгансиз…” деб қолди.

Сўнг бир ҳикояни айтиб берди.

“Ўтган асрнинг 80-йиллари бошларида Тошкентнинг Қорақамиш мавзесида, бетондан қурилган бинонинг икки хонали бир доирасида ижарада яшардик оиламиз билан. Уйга кўп меҳмон келарди, аксарияти адабиёт одамлари бўларди албатта. Бир куни бир ёш йигит келди. Романтик, самимий йигитча эди, журналистика факултетининг талабаси экан. Шеърга қизиқарди, аммо ҳар келганида, шеърдан кўра кўпроқ Афғонистондаги урушдан гапирарди, ўша ёқларга кетишни орзу қилаётганини айтарди. Тўғриси, менга ундаги радикализм ёққанди ўшанда. Аксарият ёшлар маригинал хою-ҳаваслар пешида сарсон чопаётган бир даврда, бу ўсмир “Афғон халқининг озодлиги учун” урушга боришни орзу этаётганди. Бу хусусда мендан маслаҳат сўраётганди.

Мен унга Афгонистон ўзбекнинг миллий давоси эмас, аксинча, бу урушда бизнинг ўзбекларимиз, тожикларимиз ва бıшка мусулмон биродарларимиз ўлдирилаяпти, бу уруш Совет Империясининг уруши, биз шу империянинг бир мустамлакасимиз, бу империя учун урушга бориш ақлли иш бўлмайди, дедим. Йигитча тез тушунди, шундан сўнг уни кам учратдим. Кейинрок у шоир сифатида танилди, яқинда исмини файсбукда учратиб қолдим, бу бир пайтлар Афғонистонга урушга кетишни орзу қилган йигитларнинг бугунги орзуси нима экан, ажабо, деб ўйладим..”

Муҳаммад Солиҳнинг бу ҳикоясини тинглаб, Москвада – СССР Халқ депутатларининг тарихий биринчи съездида академик Андрей Сахаровнинг “Афғон уруши нотўғри бўлди. Бунинг учун, ҳалиям кеч эмас, бутун дунё ҳамжамияти олдида узр сўрашимиз керак!” деган сўзларини эшитганимда ажиб ҳайратларга ошно бўлган эдим.

Биз – коммунистик тарбия таъсирида камол топган ёшлар учун академик олимнинг бундай шаккоклиги у пайтларда тушунарсиз эди.

Орадан анча йиллар ўтиб, бу тузум қулаганидан кейингина Сахаровнинг ўша айтган гап-сўзлари нечоғлик жасорат ва узоқни кўра билган башорат эканини англаб етдик.

Ажабо, қарангки ўзимизнинг Муҳаммад Солиҳ ҳам таниқли ва машҳур академик ҳали съездда бу гапларни айтмаган саксонинчи йиллардаёқ бу урушнинг адолатсиз эканини айтган экан. Унинг қуйида келтираётган шеъри ҳам айнан шу ҳақда.

Зотан, бу шеър ҳам ҳали Андрей Сахаров нутқ ирод этмаган 1986 йилда ёзилган экан…

«Эрк» сўзи

Отаси эмасмикан «эркак» сўзининг?

Шундай бўлиши мумкин,

Фақат – ўтган замонларда.

«Эрк» сўзида, балки,

Умуман маъни йўқдир,

«Эрк» сўзи шунчаки

Ўлаётган аскарнинг бўғзидан чиққан

«Ҳиқ»иллашдир?

Шундай бўлиши ҳам мумкин,

Фақат Aфғон томонларда.

Биз учун эса,

Эринчоқ одам тўқиган сўздай туюлар у,

Шунчалар қисқа:

Эрк.

1986

1980-йилларда Афғонистондаги адолатсиз урушда озодлик учун ўлаётган афғонистонликлар – пуштунлар, тожиклар, ўзбеклар, туркманлар, ҳазаролар – эди.

Совет аскарлари эса – ишғолчи армия аскарлари эди. “Тилчининг дегани” шеърининг тагмазмунида Совет Ўзбеклари учун “эрк” сўзи ҳали том маъноси билан етиб боргани йўқ, деган киноя мавжуд. Ағфон озодлигини ўйлаб, ўз озодлигини (совет мустамлакасини) ўйламаган ўзбек, кинояси мавжуд.

Хўп, бугун “эрк” сўзининг мазмунини англаш савиясига етдими, халқимиз?

Муҳаммад Солиҳ “бир пайтлар Афғонистонга урушга кетишни орзу қилган йигитларнинг бугунги орзуси нима экан, ажабо деб ўйладим…” деганида шу фикрни айтмоқчи бўлди назаримда.

Исмат Хушев

http://dunyouzbeklari.com