Бугун 1 август 2019 йил пайшанба куни Хоразм вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи катта терговчиси У.А. Юлдашев ҳузурида шу йил 26 март куни Тошкент халқаро аэропортида мендан олиб қўйилган Муҳаммад Солиҳ ва Муҳаммад Бекжонларнинг 8 номдаги китоблари юзасидан Х. Сулаймонова номидаги суд экспертиза маркази мутахасиси Солиева, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университет мутахассислари И. Эргашев, А. Муҳаммадиева, М.Артиков, Б.Тўйчиев, Н. Абдуллаева, К. Мирзааҳмедов, А. Мусаевлар томонидан чиқарилган хулоса билан танишиб чиқдим. Саккиз бетдан иборат экспертлар хулосаси икки қисмдан иборат: таҳлилий хулоса ва якуний хулоса.
Таҳлилий хулосада экспертларнинг саккиз нафари ҳам мазкур китоблар ҳақида бошдан охир салбий фикр билдирган. Аммо якуний хулосада терговчи томонидан қўйилган:
1)Тақдим этилаётган китобларда диний-экстремистик ғоялар мавжудми?
2)Конституцион тузумга қарши, қонуний ҳукуматни куч билан ағдаришга даъват этувчи чақириқлар мавжудми? 3)Халқнинг тинчлигини бузишга ва урушга ундовчи чақириқлар мавжудми? ва ҳоказо саволларнинг барчасига “мавжуд эмас” деган ижобий жавоб берилган.
Мен экспертларнинг таҳлилий хулосаларида келтирилган фикрларни кескин рад қилдим ва 5та жойига эътироз билдириб, фикрларимни ёзма равишда тақдим қилдим.
Экспертлар фикрига кўра:
1.Муҳаммад Солиҳ И. А. Каримов давридаги камчиликларни бўрттириб кўрсатган.
2.Муҳаммад Солиҳ И.А. Каримов шахсини обрўсизлантиришга ҳаракат қилган.
3.Муҳаммад Солиҳ жамиятимиздаги муаммоларни ёритишда холис ёндошмаган. Атайин ёмон қилиб кўрсатишга уринган.
4.Муҳаммад Солиҳ китоблари фақат танқидий фикрлардан иборат бўлиб И.А. Каримов даврида юртимизда юз берган ижобий ўзгаришлар умуман тилга олинмайди.
5.Муҳаммад Солиҳ китобларини оммага тарқатиб бўлмайди, улар ёшлар онггига салбий таъсир кўрсатади.
ЭКСПЕРТЛАРНИНГ ТАҲЛИЛИЙ ХУЛОСАЛАРИГА ЖАВОБИМ:
1.Президентимиз Ш.М.Мирзиёев И.А.Каримов давридаги жиноятларни шафқатсиз очиб ташлади. У Муҳаммад Солиҳдан ҳам ўтказиб танқид қилди. Муҳаммад Солиҳ китобларида келтирилган танқидий фикрлар бугунги кунда ўз тасдиғини топмоқда.
2.Муҳаммад Солиҳнинг танқидий қарашлари И.А. Каримов шахсига эмас, президент сифатида йўл қўйган камчиликларига қаратилган. Мен Муҳаммад Солиҳ китобларида ё ўзи билан мулоқотларимда И.А.Каримов шахсига нисбатан беҳурматлик қилганига гувоҳ бўлмаганман. Экспертлар Муҳаммад Солиҳни И.А.Каримов шахсини обрўсизлаштиришга ҳаракат қилишда айблашибди. Аммо, ўзлари Муҳаммад Солиҳ шахсини обрўсизлантиришга тиришаётганини сездириб қўйганлар.
3.Экспертларнинг ўзлари Муҳаммад Солиҳ ва Муҳаммад Бекжон китобларини таҳлил қилишда холис ёндошмаганлар, уларни атайин ёмонотлиқ қилишга уринганлар.
4.Ш.М.Мирзиёев “қарсакларнинг даври ўтди” дея муваффақиятлар билан мақтанишни бас қилиб, камчиликларни рўй-рост очиб ташлашга чақираётган бир даврда мухтарам экспертларимиз ҳамон эскича фикрлашдан воз кеча олмаётганидан дарак беради.
5.Экспертлардан бири Муҳаммад Солиҳ китобларини оммага тарқатишни зарарли деб хулоса берибди. Биронта китобнинг зарарини тасдиқлаб бутун бир мамлакат аҳолисига ўқишни таъқиқлаб фатво чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Битта экспертнинг шахсий фикри давлат сиёсатини белгилаб бера олмайди. Гарчи у мутахассис бўладими, аллома бўладими, ким бўлса ҳам.
Ҳали шундай кунлар келадики, бугун Муҳаммад Солиҳ китобларини ўқиш ёшлар учун зарарли деб айтаётган домлаларимизнинг ўзлари шу китоблар орқали ёшларни имтиҳон қиладилар.
ТАҲЛИЛИЙ ХУЛОСА ҲАҚИДА МЕНИНГ ХУЛОСАМ:
Муҳаммад Солиҳ ва Муҳаммад Бекжон китоблари ҳақида чиқарилган таҳлилий хулосалар экспертларнинг шахсий фикрлари бўлиб, уларни мен юридик жиҳатдан қонуний кучга эга эмас деб ҳисоблайман. Таҳлилий хулосада келтирилган фикрларни рад этаман. Мазкур китобларни ўқиш ва тарқатиш Ўзбекистон Республикаси Олий суди қарори билан таъқиқланмагунча, мен уларга қўйилган ҳар қандай таъқиқни тан олмайман.
ТАКЛИФИМ:
Муҳаммад Солиҳ ва Муҳаммад Бекжон китоблари ҳақида аниқ хулосага келиш учун уларни умумхалқ муҳокамасига қўйишни таклиф қиламан. Агар Ўзбекистонда адабиёт чинакам халқчил бўлса, барча давлат идоралари халқ хизматида бўлса мазкур китоблар масаласини халқ ҳукмига ҳавола қилайлик.
Юқорида кўрсатилган эътирозларим ва таклифим расмий баённомада қайд этилди.
Мен якуний хулосага асосланиб китобларни қайтариб беришини терговчидан сўраганимда, у таҳлилий хулосага таяниб китобларни бера олмаслигини айтди. Менинг таҳлилий хулосага норозилигим инобатга олиниб қайтадан экспертиза тайинланадиган бўлди.
Маҳмуд Ражаб
шоир ва журналист