O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Муҳаммад Солиҳ: “МЕНИНГ ПАНТУРКЧИ”ЛИГИМ ВА “ШАРИАТЧИ”ЛИГИМ

Муҳаммад Солиҳ: “МЕНИНГ ПАНТУРКЧИ”ЛИГИМ ВА “ШАРИАТЧИ”ЛИГИМ
27 views
21 August 2013 - 9:04

(Матннинг асли Туркия жамоатчилигига қарата Туркия туркчасида ёзилган эди)

Совет даврида ўзбек коммунистлари каминани  «миллиятчилик» ва «пантуркист»ликда айблагандилар “Солиҳ Ўзбекистонни Рус Оғамиздан ажратиб, жарга олиб бораяпти!”,  дея ваҳима қиларди бир коммунист раҳбар. Бу коммунист бугун Ўзбекистоннинг Президенти.

Яъни,  аввал бу одам Ўзбекистон мустақиллигининг очиқча душмани эди, бугун Ўзбекистоннинг «миллий қаҳрамони» эмиш.

Aвваллaри  бу зот  бизни «пантуркист» деган бўлса, бугун «динчи, шариатчи» деб айбламоқда.

Чунки замон ўзгарди.

Чунки бугун ўзлари «пантуркист» бўлдилар (“Туркистон умум уйимиз”),  бизга «шариатчилик»ни беришди.

Чунки шариатчи бўлиш бугун хавфли. Аммо пайт келади, «шариатчилик»ни ҳам ўзлари оладилар, сиёсий конъюнктура ўзгариб, шариатчи бўлиш престижли бўлса, бас.

Ўзбекистон Президенти бир неча йилдирки, менга қарши ҳақорат ва айбловларини Туркия матбуотига ҳам сиздира бошлади.

Шу кунга қадар бу айбловларга қарши турк матбуотида ўзимни ҳимоя қилмадим, бу ёзув ҳам ҳимоя матни эмас. Ўзбекистон Президентининг кимлигини у минтақани таниган киши яхши билади. Аксинча, Туркияга бир оз ўзимни таништиришим керакка ўхшайди, деб ўйладим.

Ҳа, мен – туркистонликман. Туркистоннинг маъноси «турклар яшаган ўлка» демакдир.

Руслар бу ўлкани ишғол этгандан сўнгра унинг отини ҳам ўзгартирдилар, уни беш парчага айириб, беш исм бердилар. Бу кунги Ўрта Осиё жумҳуриятлари ўша руслар берган исмлар билан аталмоқда. Булардан бири Ўзбекистондир, мен ўша бўлгаданман.

Яъни бугунги ибора ила айтсак, бир ўзбек туркиман.

Турклигиндан ҳеч қачон уялмаган бир турк.

Турклигига ҳамиша шукр этган турк.

Айни пайтда, ҳеч қачон Турклигидан ғурурланмаган бир турк.

Сизга бу уч туйғудан, УЯТ, ШУКР ва ҒУРУР деркан, нимани назарда тутганимни тушунтираман аввал.

Ғарбий Туркистон халқи 135 йил рус асоратида қолди. Бу 135 йилнинг 30 йили гоҳ оловланиб, гоҳ сўниб турган мустақиллик учун жанглар билан кечди. Исёнлар, қўзғолонлар доим қонли равишда бостирилди. Фақат руслар бу давр ичида бир сония ҳам осойишта ухламай олмади.

Туркистонликлар 135 йил интенсив бичимда маданий ва этник ассимилационга тобе тутилдилар, манқуртлаштирилмоқ исталди, рус тилини билмаганлар яхшироқ ишга кириш ҳаққидан маҳрум қилинди. Русчани дуруст билган ўзбек – ақлли, талаффуз билан гаплашгани – қолоқ, ўзбекча гаплашгани эса жоҳил саналди.

Фақат Туркистон турклари на она тили туркчадан, на урф-одатларидан ва на қадим маданиятларидан воз кечдилар. Бир ҳовуч манқуртни истисно қилганда, қолоқ десалар ҳам, жоҳил десалар ҳам русчада талаффуз билан гаплашмоқдан, тўғрироғи, ўзининг турклигидан асло уялмади бу қайсар қавм.

Камина ўша қавмдан келганман,  юқорида «уялмаслик» деганда ҳам ўша уялмасликни назарда тутгандим.

Бизни уялтирмаган Оллоҳга шукрлар  бўлсин!

Бу шукр туйғуси, миллатимнинг яқин икки минг йиллик тарихига қараганимда янада ортади.

Бу тарих сахифаларида «Биз аҳмоқ туркларни гўзал сўзлар билан алдадик!», дея ёзишлари мумкин. «Туркларни бир-бирига қайрадик!», «Туркларни елкасидан ханжар урдик!» деб ҳам ёзишлари мумкин, лекин ҳеч бир муаррих «Турклар бизни сотди», «Турклар мунофиқ», «Турклар сўзини тутмади», «Турклар иймонсиз қабила», дея ёза олмаганлар.

Мени шу шарафли қавмга мансуб яратгани учун Оллоҳга шукр этаман.

Юқорида «шукр туйғуси» деганимда буни назарда тутгандим.

“Ғурур”га келсак, мен туркликдан ғурур туймайман, ғурурлана олмайман, чунки турклик, турк бўлиб туғилмоқ – менинг хизматим эмас. Мени ҳам, қолган туркларни ҳам яратган Оллоҳу таолодир. Унинг яратгани бир махлуқ билан ғурурланмоққа ҳеч кимнинг ҳаққи йўқдир.

Агар бир рус ёки хитойлик, бир англосакс ва ёки бир ҳабаш ўз ирқи билан ғурурлансалар, бу уларнинг иши. Уларга қарши менинг қуролим  уларники каби ғурур эмас, балки яна ўша Турк тилим бўлажакдир, бундан ортиғини уларга раво кўрмайман.

Менинг  наздимдаги “туркчилик”нинг ҳудуди, чегараси бу. Менинг олган тарбиям будир.

Ҳа, турклар бегоналарга нисбатан доим очиқ кўнгилли ёндоша билган, ўзидан бўлмаганни хўр кўрмаган. Уйига келган меҳмон олдига бор-йўғини қўя олган нодир, камёб миллатлардан биридир. Аммо мен бундан ғурурланмайман, бунга шукр этаман холос.

Мен ўз нафсини танишга ҳаракат қилаётган, аммо ҳозирча таний олмаган бир одамман. Бу айтганларимни ўзини танишга уринган ҳар ким англайди.

Агар ўз нафсимизни танисак, бу бизни мўъжизалар асри бўлажак 21-аср бўсағасида тураркан, унинг технологик жозибасига асир тушмоқдан қутқариши мумкин.

Айни пайтда, бу ирқчиликка тойиб кетмасдан, миллий қадриятларимизни сақлашга, мутаассиблик қилмай туриб, диний муқаддасотимизни асрашга ҳам ёрдам бериши мумкин.

Айтмоқчи бўлганим, инсоният 21-асрни юксак технология асридан кўпроқ «Юксак аҳлоқ асри»га айлантириш нияти билан бу аср бўсағасига келса, яхши бир бошланғич бўларди. Айтмоқчи бўлганим, сиёсатнинг тамалида ҳам аввал аҳлоқ, ҳар нарсадан аввал аҳлоқ бўлмоғи керак.

Давримизнинг сиёсатчилари ўз мағлубиятлари сабабларини ҳар нарсадан ахтариши мумкин, аммо ҳеч қачон аҳлоқсизликдан ахтармайдилар. Чунки аҳлоқсизликни сиёсий ҳаётга зарар берадиган бир нарса ўлароқ кўрмайдилар, уни сиёсатда нормал ҳодиса сифатида баҳолайдилар.

Бу қараш, афсуски, Ғарб каби, Шарқда ҳам, секуляр давлатлар каби, теократик режимлар сиёсатида ҳам қабул қилинган нарсадир.

Аслида, бироз чуқурроқ ўйласак, давлатларнинг инқирози ва жамиятларнинг чўкишига асос сабабнинг УМУМИЙ АҲЛОҚСИЗЛИК бўлганини кўрамиз.

Муайян бир давлатнинг инқирози ёки йўқ бўлиши сабабларини тарихчилар ва ижтимоиятчилар, қанчалик «ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий таъсирлар» ўлароқ санасалар ҳам, бу таъсирнинг илдизлари ТОТАЛ АҲЛОҚСИЗЛИКка бориб тақалганини кўрмайдилар ёки кўришни истамайдилар.

Давлатларни кемириб йўқ қилган, уларнинг шафқатсиз кушандаси бўлган «зулм», «адолатсизлик», «коррупция ва порахўрлик» – ҳаммаси АҲЛОҚСИЗЛИКдан келиб чиққан оқибатлардир.

Римни вайрон этган Нерондан тортиб, бугун Ўрта Осиёни сафолат ва фуқаролар урушига судраётган коммунист диктаторларга қадар – ҳаммаси АҲЛОҚСИЗЛИКнинг зурёдларидир.

Бунинг тескарисига, тарихда туркларнинг идорасидаги давлатларнинг дунёга рафоҳ ва тинчлик таратган даврларга боқиб, бу давлатларда сиёсий авторитет ва унинг бошқаргани жамиятнинг юксак аҳлоқий мезонларга мутаассибларча амал қилганликларини кўрамиз.

Бу ўрнаклар, бу тарихий дарслар кўзимизнинг олдида турар экан, бизнинг сиёсий система ва давлат моделлари чорраҳасида гарангсиб, саросимага тушиб туришимизнинг ўзи ғалати.

Албатта, биз қуришни орзу этганимиз Давлат бир ҳуқуқ давлати, бир демократик давлатдир. Аммо унинг тамалига аҳлоқий қадриятларни қўймас эканмиз, демократия – анархияга, ҳуқуқ – сафсатага айланиши ҳеч гап эмас.

Бугун Турк дунёси тоза аҳлоқ соҳиби бўлган сиёсатчиларга ва аҳлоқли сиёсатга жуда, жуда ҳам муҳтождир.

Бу эҳтиёжни қондирмоқ моддий ва иқтисодий эҳтиёжларга чора топмоқдан ҳам муҳимроқдир. Бу эҳтиёж қондирилсагина «турк дунёси бирлиги» каби тушунчаларни жиддий шаклда тортишмоқ мумкин. Йўқса, ўз қавмига зулм қилиб турган «ўзбекбоши» ёки «туркманбоши» чиқиб «марҳамат қилингизлар, Туркистон бутун туркларнинг уйи!» деса, бунга ҳеч ким инонмайди. Ёки исми порахўрлик ва коррупцияга булғанган бошқа бир лидер чиқиб, «Адриатик денгизидан Чин садди (Хитой девори)га қадар Турк дунёси бор!» дея ҳайқирса ҳам бировга таъсир этмас.

Турк дунёси интеграцияси тўғрисида бугунгача қилинган гап, отилган нутқлардан бир нарса чиққани йўқ. Аксинча, лидеримизнинг «водка» ютумлаб сарф этган лофлари ва Туркияга келиб Турк халқларининг Қурултойида анъанавий «босқондаги темирга болға уриш маросимлари» ТУРКЛАР БИРЛИГИ каби қутлуғ ғояни жўнлаштириб (примитивлаштириб), қадрсиз қилди, холос.

“Умумтурк Алифбоси” каби осон амалга ошиши мумкин бўлган бир тадбирни эплай олмаган бу «лидер»лар бундан жиддийроқ масалаларни қандай идрок эта билсинлар?

Бундан 10-15 йил аввал «Асир Турклар» деган бир шиор бор эди. Америкадаги Турк жамиятлари мустамлака остида яшаётган Туркистон туркларининг ҳақларини талаб қилиб, Нью-Йорк кўчаларини тўлдириб намойишга чиқардилар, фақат Советлар Бирлиги тарқаб, у ердаги турклар (қозоқ, қирғиз, туркман, ўзбек) мустақилликка эришганларидан сўнг бу шиор ҳам ғойиб бўлди.

Ваҳоланки, асир бўлган фақат Совет турклари эмас, Урумчида, Шарқий Туркистонда яшаган миллионларча уйғур қардошларимиз ҳам асир эдилар. Кaркукда, Шимолий Ироқда яшаган туркман биродарларимиз ҳам асир эдилар; улар бугун ҳам асирдирлар.

Агар биз бир-биримизни ҳимоя қилмоқчи бўлсак, буни ҳар қандай бир суперқувватнинг сиёсий конъюнктураси чегарасида эмас, ҳақиқий миллий шуур билан, нима қилаётганимизни билиб қилмоғимиз керак.

Раҳбарларимиз қардошларимизни эзаётган золимлар билан ишбирлиги қилмоқдалар, чунки ўзлари ҳам золимдирлар. Мен сивил қурилишларга, жамиятларга, уларнинг кўнгилли аъзоларига мурожаат қилмоқдаман. Фақат сизлар бир ишни қилишларингиз мумкин. Фақат турк жамоатчилиги Урумчидаги, Кaркукдаги туркларга қарши бошланган қатлиомни тўхтатиш мумкин.

Тибетликлар ўзларига уйғуланган Хитой зулмини дунёга эшиттира олди, жамоат ташкилотларимиз ҳам Хитой ҳукуматининг Уйғур туркларига, Саддoмнинг Ироқ туркларига қарши қилган зўравонликларини, ваҳшийликларни дунёга эшиттиришлари зарур.

Мен пантуркчи эмасман, фақат Турк қавмларининг бир куни ўзини англаяжаги, ҳатто бир куни бирлашажагига ишонган бир идеалистман.

Бундай бирликдан дунёга зарар келса, нари борса, Оврўпа Бирлигидан келгани қадар келиши мумкин.

Агар бу бирликдан дунёга фойда келса, «ОБ»дан келган фойдадан кўпроқ келади, деб умид қиламан.

Бу бирлик қурилса, Оврўпа Бирлиги ўлкалари жойлашган ҳудуддан кенгроқ ҳудудга тинчлик, фаровонлик ва истиқрор ҳоким бўлажакдир.

Буни тасаввур этмак, буни орзу қилмоқ на гўзал машғулот, билсангиз…

Мен, баъзан турк газеталари ёзгандек, шариатчи эмасман.

Фақат Оллоҳга инонаман. Агар инонмоқ шариатчилик бўлса, ўзбекларнинг аксарияти шариатчидир. Уларни коммунист режим атеист қила олмади, энди Каримов уларни атеистга айлантирмоқчи, аммо бекорга овора бўлади.

У ерларда бир-икки ўзлигини танимаган, алданганлар чиқиб «мен ваҳҳобийман», «мен xизбчиман» деб, диктатор тегирмонига сув қуйиб,  унинг диндорларга қилаётган зулмининг янада шиддатланишига сабаб бўлди.

Аммо на бу жоҳиллар, на-да Каримовнинг атеизми (худосизлиги) ўзбекларни йўлдан адаштира олади. Ўзбеклар –  Туркистон турклари – муслимон ўлароқ Пайғамбаримиз (с.а.в)  буюрган мўътадил йўлни танлаганлар. Улардан фундаменталист (тубдандинчи) чиқармоқ мумкин эмас. Худди атеист чиқармоқ мумкин бўлмагандай.

Айтмоқчиманки, Туркистонда «юртбошилар» айтган «тубдандинчилар» йўқ.

Бизда «тубдандинсизлар» бор. Бу эски коммунистлардан иборат бир кичик гуруҳ, жамият учун таҳликасиз, дейиш мумкин.

Фақат бу «тубдандинсизлар»дан баъзиларининг давлат тепасида бўлиши кейинги йилларда ўлкамизнинг барқарорлигини бузгани ҳақиқатдир.

Улар ҳам «тубдандинчилар» каби «Ўзлари»дан бўлмаган ҳар қандай одамни душман санаб, уни йўқ этишга уринади доим.

Бугун Ўзбекистон зиндонларида қийноқ ва исканжа кўраётган мингларча муслимон бор, уларнинг ягона айби у фанатикларга ўхшамаганидир.

Мен ҳам уларга ўхшамаганим учун юртимни тарк этишга мажбур бўлдим. Ғарбнинг нозу неъматларидан баҳраманд бўлиш учун ўлкамни тарк этганим йўқ. Ёки Туркиядан бошпана сўраб, бу қардош ўлкани ноқулай аҳволга солмоқ учун ҳам эмас.

Бизнинг Туркиядан ёрдам кутганимиз тўғридир, аммо олган ҳеч бир ёрдамимиз йўқ, бундан xафа бўлаётганимиз ҳам йўқ.

Бизнинг ягона истагимиз, Туркия  «Ташқи Турклар»ни унутмасин. У ердаги режимлар билан халқ ўртасидаги нозик фарқни вақтида илғаб олсин ва ўз стратегиясини шу фарққа кўра қурсин.

Албатта, «Ташқи туркларни» аввал Оллоҳ, кейин яна ўша «ташқи турклар»нинг ўзлари қутқаражакдир. Фақат янги давлат қурилар экан, ёнингда қардошларинг нафасини ҳис этмак гўзал бир туйғудир.

Менинг бутун “пантуркизм”им шу нафасни эшитмак орзусидан бошқа нарса эмасдир.

 

(07.10.2000. Осло, Норвегия)