Ёзувчилар уюшмасининг эски раиси Комил Яшиннинг Дўрмон Ижод боғидаги дала-ҳовлиси шоир Муҳаммад Юсуфга ижарага берилади. Муҳаммаджон уюшмада Ёшлар бўйича янги раис Абдулла Ориповнинг ўринбосари эди. Ҳозирги ёшлар эшитадиган тўйбоп-оммабоп қўшиқчиларнинг асосий репертуари Муҳаммад Юсуф шеърларидан ташкил топган бўлса-да, ўзини “қўшиқчи шоир” деб аташса фиғони фалакка чиқиб кетарди: “Мен Акмал Пўлат даражасида тубан шоирми… Ёнғин Мирзо бирорта эсда қоладиган шеър ёзганми… Нормурод акани қўшиқчи-шоир деса бўлади!” деб ўзини оқлай бошларди. Муҳаммад ўзини қанчалик оқласин-оқламасин, қўшиқчи-шоир сифатида мухлислари шуурига ёш авлод қўшиқчилари репертуари орқали кириб боради.
Ижод боғи меҳмонхонасининг учинчи қаватидаги 52-хонада муқим яшаб турардим. Бир куни хонамда машинка чиқиллатиб ўтирсам, Муҳаммаджон оқ кўйлак, қора костюм-шим кийиб, бўйинбоғ тақиб олган ҳолда хонамга кириб келди.
–Шаҳарга кетяпман, “Барака Топкур” ёшлар билан учрашув қилар экан. Бормасам бўлмайди, шекилли. Абдулла ака ишга кетишидан олдин дачамга шофёри билан келиб, астойдил тайинлади… Икки блок XAN, яна нима опкелай?
–Машинкамга уч-тўртта “13” лента керак.
–Қаерда бўлади?
–ЦУМда трамвай бекати томондан кирилса, ўнг қўлда канцтовар бўлими бор…
–Бўпти, тушундим. Икки пачка қоғоз ҳам опкеламан, – деб билагидаги соатга қараб қўяди. Костюми чўнтагидан бир шода калит чиқариб диванга отиб юборади. – Дачаники… Холодильникда егулик бор, ишингиз тугаши билан дачага бориб енгилроқ тамадди қилиб, дам олинг. Мен димламабоп бозорлик қилиб келаман. Ўзим қўлбола димлама қиламан. Ҳеч кимни чақирмаймиз. Ё вилоятлардан келган бирорта таниш-билишдан борми?
–Йўқ, Матназар акани Чирчиқдан музикант жўраси келиб опкетди.
–Майли, ўзимиз ўтирамиз. Безовта бўлманг, ишингиз якунлаб қолдими?
–Бор ҳали.
–Шошмасдан ишлайверинг.
–Хай.
Кетди.
“Тико” машинаси бор эди. Насиягами, қарзгами олган эди, чамаси.
Доим ижодий ишлар билан машғул бўладиган Шукур ака (Холмирзаев), устоз Саид Аҳмад, Тўлапберган оға, ҳатто Муҳаммад Юсуф ҳам ёзув-чизув билан банд бўлган одамни ҳуда-беҳуда безовта қилишмасди. Димлама пишириб ўтириш масаласини бир ҳафта олдин келишиб қўйган эдик: тусмол қилишимча, “Барака Топкур” Хайриддин-пайриддинлар ёзиб берган нутқ матнини алмойи-жалмойи ўқиб бериб, обдон бошни қотирган мажлисдан сўнг Муҳаммаджон битта-яримта эзмакаш таниш-билиш тузоғига илиниб қолмасдан қочишни режалаштириб қўйган бўлса керак. Ўзаро маҳрам гапларимиз бор эди.
Яшин бободан қолган дала-ҳовли саҳнида учта одамнинг ҳам қучоғи етмайдиган икки туп улкан тол бор эди. Тол остига пастак иккита сўри қўйилган. Сўриларда тўрттадан одам бемалол ёнбошлаб мароқли гурунг босиши мумкин.
Ёзаётган нарсам учун нонуштагача тўрт-беш соат, тушгача яна тўрт-беш соат қатъий ажратишим шарт эди. Тушдан сўнг сайр этиб келиб, эртаси куни қиладиган ишимнинг аниқ режасини қоралаб қўярдим; токи саҳарда машинка қопқоғини очган заҳотим нимани ёзмоқчи бўлсам, жонли манзаралар, жонли одамлар кўз олдимда яққол намоён этиб туриши лозим. Вақтимни қизғаниб ошхонага тушликка ҳам тушмадим, дала-ҳовлига бориб тамадди ҳам қилмадим: агар Муҳаммаджон бозор-ўчар қилиб эртароқ қайтса, ҳечқиси йўқ, сўриларга якандоз ташлаган бўлса, бирпас ёнбошлаб ётса, осмон узилиб тушмайди.
Ҳайтовур, Муҳаммаджон кечки салқин билан шаҳардан қайтади. Бу пайтда сўрида мизғиб қолган эканман, рўпарамга келиб тўхтаган “Тико” шарпасини ҳам сезмадим. Қачонки ташқаридаги водапроводдан шариллаб оқаётган сув товуши Шоҳимардонда Кўксой ёқасидаги қиморбозлар чойхонасида чўталчининг югуриб-елиб юрганини зимдан кузатиб ўтирган ҳолатимда бирдан сергак тортаман. Беихтиёр чап томонимга ағдариламан.
–Тол сояси тоза бўлади, бирпас мизғисангиз ҳам уйқуга тўйиб уйғонасиз, – деди Муҳаммаджон сўри четига ўтириб пиёз, картошка, шолғомларни арчиб тозалаётган пайтида.
–Келдингизми?
–Эртароқ келардим, лекин “13” лента ЦУМда йўқ экан, ГУМга бориб топдим, бирйўла Чорсу бозорида харажат қилдим.
–Учрашув қалай бўлди?
Муҳаммаджон пиқ этиб кулиб юборди.
–Қизиқ бўлди; Барака Топкур анави Хайриддин ҳожи, Муртазоқуллар қуроқ болишдек ямоқ солиб – бир-бирига мос тушмайдиган иқтибослар тиқиштириб ёзиб берган чучмал нутқни тутилиб-туртиниб ўқияптию мен ўзимни босолмасдан қиқир-қиқир куляпман, ён-веримдаги СНБ агентлари хўмрайиб еб қўйгудек бўлиб менга ҳадеб қараяпти; кошкийди мен уларнинг башарасидан қўрқадиган аҳмақ бўлсам! Қарасам, бор товушда қаҳқаҳа отиб юборсам, Барака Топкур каловланиб нутқини ҳам охирига етказалмай қолиши мумкин, мажлис ҳам бузилиб кетади… Шу учун Барака Топкур товушини эшитмаслик учун кафтим билан ўнг қулоғимни маҳкам ёпиб, кўзимни ҳам бир нуқтага ниқтаб хаёл суриб ўтиравердим. Хайрият, қулоғимга Барака Топкур товуши кирмай қўйди. Кўзим ҳам илиниб қолган экан; бир пайт икки ёнимда ўтирган агент болалар елкамга қайта-қайта нуқияпти. Нима бўлди? – деб сўрадим талмовсираб.
–Юртбоши боядан бери сизга савол беряпти, лекин эшитмаяпсиз-ку!
–Қанақа савол?
–Туринг ўрнингиздан, шоир ака!
–Хўп, деб ўрнимдан турдим.
–Хўш, ёшларнинг севимли шоири Муҳаммад Юсуф, қани айтинг-чи, шу айтилган муаммоларни ҳал этиш учун яна нималар қилсак бўлади? – деб савол берди Барака Топкур.
–Барака Топкур ёшлар сиз чизган чизиқдан адашмай тўғри йўлдан юрса, келажаги буюк давлат албатта қурилади, Ислом Абдуғаниевич!
–Сиз шунга ишонасизми? – деб сўради.
–Сиз нима десангиз шу, – деб юбордим нохос. Залда ўтирган икки минг йигит-қизлар бирданига гулдурос солиб кулиб юборса бўладими!
–Нега кулади? – дедим ўмганимни кўтариб.
–Барака Топкур айнан ёшларни лоқайдликда айблаб, боядан бери куйиб-пишиб танқид қилаётган экан. Мен эшитганим йўқ-да!
–Кейин нима бўлди?
–Ўтиринг, ёшларнинг севимли шоири Муҳаммад Юсуф, деб ўзи ҳам кулиб юборди. Бир нарсага ҳайронман, Набижон, президент аппаратига каламушдек ўрнашиб олган ходимлар ёзиб берган докладни қийналиб ўқиб бергандан кўра, ўзи эркин гапириб қўя қолса бўлмасмикан?
–Э-ээ… – деб қўл силтадим. – Гапириш учун ҳам журъат керак-ку!
–Барака Топкур нимадан қўрқади?
–Хато гапириб қўйишдан қўрқади.
–Йўғ-э!
–Аниқроғи, рост гапириб қўйишдан қўрқади.
–Бу гапингиз тўғри, – деб Муҳаммаджон масаллиқларни идишларга солиб ўрнидан туради.
–Қарашиб юборайми?
–Раҳмат. Ўзим димлама қилиб бераман. Сиз орқа ўриндиқда турган нарсаларни хонангизга ташлаб келинг, йўл-йўлакай Шавкат аканинг дачасидан хабар олиб қайтарсиз.
“Тико”нинг орқа ўриндиғида турган сигарет, қоғоз, лента ва ҳар хил консервалар тўлдирилган халтачаларни кўтариб меҳмонхонага кетдим.
Меҳмонхонанинг иккинчи қаватига кўтарилиб №21 хона эшигини тақиллатмасдан кирдим-да, Шукур аканинг ёзув столида бир жуфт “13” лента, бир пачка (500 дона) қоғоз, тўртта мол гўшти консерваси қолдирдим. Қоғоз ўрами устига “Қачон дуэлга чиқамиз, Дантес?.. Ҳафта охирида Яшин бобо харобасида секундантим Н. Б. билан тушда кутаман – Ҳабаш Пушкин (имзо)” деб ёзиб, имзо чекиб қўйдим.
Ижодкорлар меҳмонхонасида Шукур ака ҳам, мен ҳам хонамизни қулфламас эдик. Ичкаридан машинка чиқиллаши эшитилса, асло бир-биримизни безовта қилмасдик, фақат ошхонада кўришардик. Одатда, Шукур ака бўш пайти кун бўйи қоронғи тушгунча боғчасида куймаланиб юрарди; кечки овқатга етиб келишга улгурмаса, ошпаз Равшанбек устоз улушини қоровулга қолдириб кетарди.
Шукур ака хонасида иккита милтиқ деворга хоч (кресть) шаклида ўрнаштириб қўйилган бўлиб, биттаси расмона ов милтиғи, иккинчиси эса қушларни қўрқитиб, пистон отадиган (Тирларда болалар ўйнаб ўйинчоқ ютиб оладиган) “Мантикрес” эди.
Муҳаммаджонга ҳам КГБда ишлайдиган андижонлик зобит ошнаси (шоир унга “Дукчи Эшон” деб мурожаат қиларди ҳазиллашиб; унинг аниқ исмини жиян Комилжон ё Муроджон укамиз билса керак) чумчуқ-майна отадиган “Мантикрес” совға қилган; эркатой кенжаси Мадина дачага келиб қолса, уни эргаштириб боғ оралаб чумчуқ овлаб юрарди ва Шукур аканинг хонасида ов милтиқлари борлигини билиб, ундан мерганлик сирлари бўйича сабоқ беришини бир неча марта илтимос қилганди. Ёзув столи устида турган “ашёвий далиллар”га кўзи тушган Шукур ака ўзини ким д у э л г а чорлаётганини дарҳол англайди, албатта.
Муҳаммаджон димламани додлатиб юборибди! Масаллиқ дид билан танланган: қўчқор умуртқасию думғазаси қозон остига босишдан олдин бир соат тузлаб қўйилади, сўнг совуқ сувда яхшилаб ювиб олинади. Артиб тозалаб қўйилган шолғом, сабзи, булғор қалампири, аччиқ кўк қалампир, кашнич, саримсоқ, қирмизи Юсупов помидори, карам, қизил картошка, жамбил, ошрайҳон, кабачка, оқ пиёз қават-қават қозонга босилади. Қозон остида олов гуркиратиб юборилмайди, милтиллатиб ёқиб қўйилади.
Ошхонада турган стол ташқарига олиб чиқилди. Дастурхон ёздик. Ўртадаги тахтакач устига қозон чиқарилди. Тарелка, сопол коса, бир чойнак кўк чой, пиёла, қошиқ, санчқи, қоғоз дасмол; ювилган помидор, кўк қалампир, бодринг муҳайё қилинди.
Қозон қопқоғи очилган заҳоти димлама ҳиди гуп этиб димоққа урилди.
–Олинг-олинг дейиш йўқ, – деб Муҳаммаджон қопқоқни сўри четига элтиб қўйди-да, капкирда қозонни кавлаб, чуқур тарелкамизни тўлдириб димлама сузиб берди. – Кимга керак бўлса, ўзи солиб олаверади. Билмиллоҳ…
Деярли чорак аср муқаддам Муҳаммаджон ихлос билан пишириб дастурхонга қўйган димлама эсимга тушса, ҳамон иштаҳани қўзғатиб юборади. Худо раҳмат қилсин, Аллоҳим қудрати билан Муҳаммаджон фирдавс боғларида юрса ҳам дорилфанода ўзи пиширган лазиз таомни эслаб қолса, ҳойнаҳой: “Ношукурчиликка йўймагайсан, Парвардигорим, икки дунёни ҳам мукаммал этиб яратиб қўйган бўлсанг, ожиз бандаларинг у дунёни соғиниб бу дунёдан, бу дунёдан ҳайратланиб юрганда у дунёни гоҳида қўмсаб қолса, на қилсин ахир!” деб наъра тортиб юборса, илло, Эгам Ўзи кечиргай.
Дастурхон йиғиштириб олинди. Стол ошхона дарчасига тақаб қўйилди. Ичкаридан телевизор кўтариб чиқилиб, тўгарак тагликдаги икки шохли хонаки антенна телевизор устига ўрнатилди. Яшин бобо меросхўри ҳадя этган чўкиб қолган иккита эски креслони ёнма-ён қўйиб телевизор томоша қилдик; парламент сайловида Шаҳрихондан номзоди қўйилган Муҳаммаджон кузатувчилар ҳисоб-китоби бўйича иккинчи турда етмиш тўрт фоиз овоз олиб депутатликка сайлангани аниқ бўлгач, тонг чоғида каратэчилар тренери Мақсудали аканинг “Жигули”сида Марҳаматга бориб Юсуф отадан суюнчи олганимизни эслаб кулишдик.
–Отам биздан кўра кўпни кўрган тажрибали одам эди-да! “Қўлингга депутатлик гувоҳномаси тегмагунча шошмагин, Муҳаммаджон!” деса, икковимиз ҳам ишонмаганмиз. Уч кундан кейин Мақсудали ака шом чоғи ҳовлимизга келиб, сандалда ўтирган хонамизга бўшашиб киргандаёқ: “Шошган қиз эрга ёлчимайди!” деб аския қилганим эсингиздами? – деб кулади Муҳаммаджон.
–Эсимда. Аммо ўшанда ҳам тўлиқ ишонмаганман; ўртадаги фарқ жуда катта эди-да!
–Э-э, аслида, президент сайловида Солиҳ ака ҳам Барака Топкурни 73:27 ҳисобида абжағини чиқариб қўйган экан, рост!
–Дукчи Эшон айтганми? – дедим.
–Қайдан билдингиз?
–Иккинчи турга қолганингиздан кейин Мақсудали аканинг пахта заводидаги спорт залида ёш каратэчилар мусобақасини томоша қилиб ўтирган чоғимиз сизни директор ҳузурига чақириб қолишади. Ҳайрон бўлиб боргансиз, ҳайрон бўлиб қайтгансиз…
–Эсимда. Дукчи Эшон телефонда: “Ҳисоб 27: 73 бўлади, дўст, тўполон қилмасдан Тошкентга қайтавер, Сирдарёга бориб балиқ овлаймиз”, деса, ўлай агар, ишонмагандим.
–Мен ҳазил деб ўйлаганман.
–Э-э-э! – деб қўл силтаб туриб кетади, телевизорда кино бўлаётган канални спорт дастурига ўзгартириб қўяди. – Ўн дақиқадан сўнг профессионал бокс бошланади… Тарвуз кетадими?
–Йў-ўқ.
–Водапровод остида турибди, – деб нимқоронғи гараж томон ўтиб кетади.
Бокс бошлангунча тарвузни тилимлаб баркашга солиб сўрига келтириб қўяди. Чорак қисмини холодилникка қўйиб чиқади.
Қоронғи тушиб қолади.
Сўрида тарвуз еб ўтирганимизда бокс бошланади. Профессионал боксчиларнинг саралаш учрашуви экан.
–Ғолиб боксчи чорак финалда андижонлик Артур билан учрашади, – деди Муҳаммаджон. – Олмонияда уни мухлислари “қирол” дер экан.
–Ўзбекчани тоза гапирар экан.
–Ҳа. – Бирдан кулиб юборади. Қўлида турган тилим тарвузни баркаш четига қўйиб: – Отамнинг қизиқ одати эсимга тушиб кетди, – деб гапини давом эттирди: – Бултур отам икковимиз ишком остига жой қилиб, шунақа пайтда телевизор кўриб, гаплашиб ўтирган эдик. Онам ҳовлида куймаланиб юрган эди; айланиб келиб бир нарсани сўради, отам жавоб бермасдан қўл силтади, бирпасдан кейин онам айланиб келиб отамнинг ёнига ўтириб яна савол берди, бу гал отам жавоб бериб ўтирмасдан тескари шапалоқ билан онамнинг юзига тарсаки туширди. “Вой ўлай!” деб юборади онам ва индамай туриб уйга кириб кетади. “Тинчликми, ота? Нимага урдинг?” деб сўрадим аста. “Мана энди тинчлик бўлади, – дейди отам пинак бузмай, – битта гапни уч марта сўраганидан кейин жимгина бориб дамини олса бўлмайдими? Йўқ, тўртинчи марта яна ўша гапни қайтариб, албатта бир тарсаки еб қониқарли жавоб олмаса ичи жойига тушмайди-да, улим”, дейди отам тушмагур! – Қаҳқаҳа отиб юборади.
–Сизлар ота-онани ҳалиям сенсирайсизларми?
–Бегоналар олдида баъзан сизлаб қоламиз ўзимизни замонавий кўрсатиш учун, лекин ота-онани бизда ҳамма сенсирайди.
–Етмишинчи йилларгача бизда ҳам кўпчилик ота-онасию ака-опаларини ҳам сенсирарди, аммо мактаб болалар тарбиясини бузиб ташлади; ҳозир камдан-кам ўғил бола ота-онасини сенсирайди.
Бирпас боксни томоша қилиб ўтирдик.
–Жингалак соч Солиҳ аканинг ёшлигига ўхшар экан, яхши уришяпти. Шу йигит ютади, – деб муштумига туфлаб қўйди. – Наригиси Барака Топкурга ўхшайди, пихини ёрган қари хўроз.
–Пихини ёрган қари хўроз ҳакамларни қўлга олиб қўйган бўлса, калтак еса ҳам ютиб кетади, – дедим. – У очиқ жангдан қочяпти, кучи етмаслигини билиб турибди.
–Шундай… – Муҳаммаджон сигарет тутатди. – Ўқувчи пайтимда отам онамни аямасдан кўз остини кўкартириб қўяверарди. Жуда ғашим келарди. Ўзимча мен хотин олсам, ҳар куни оқшомда Фузулий девонини аслиятда ифодали ўқиб бериб кўнглини овлайман, деб ният қилардим.
7-раундда Барака Топкур ияги тагидан кучли зарбани ўтказиб юборади, довдираб бориб арқонга елкаси билан урилади; Солиҳ Ака (Жингалак соч) қизишиб кетиб арқон ёнига боради, қўлларини азот кўтариб шошилинч ғалаба нашидасини сураётганда, э-э воҳ, ҳийла ишлатиб ўзини сўлжайиб қолгандек кўрсатиб турган Барака Топкур ҳакам ҳисобни очмаганидан фойдаланиб жонланадию бирдан мушук мисоли сапчиб рақиб ияги остидан бор кучи билан зарба бериб, икки қадам орқага чекинади; чалқанча йиқилаётган Жингалак Сочни ҳакамга кўрсатиб тиржайиб туради.
–Точно Барака Топкур экан бу мараз! – деб шоир яна сигарет тутатади. – Солиҳ ака эса мана шу Жингалак Соч каби гўлгина рақиби калла қўйишга ҳозирлик кўраётганини хаёлига келтирмасдан қучоқ очиб истиқболига бораверарди…
Оғзидан тутун пуркаб бориб телевизорни ўчиради.
– Юринг, бирпас айланиб келамиз.
Пастак омонат панжара тўсиқни суриб йўлкага чиқдик. Чап томонга юрдик; ёзувчиларнинг шафтолизор боғчалари оралаб сайр этмоқчи бўлдик. Муюлишда жадал келаётган Мирпўлат Мирзога ногаҳон рўпара келиб қолдик. Сўрашдик.
–Йўл бўлсин? – деди у. – Бемаҳалда нима қилиб юрибсизлар?
–Тўкилган уч-тўртта шафтоли териб келмоқчимиз, – деди Муҳаммаджон.
–Қоронғида ойдек кўринар экансиз, – дедим кулиб.– Ўзингизга йўл бўлсин? Штабга шошилинч донос етказиб берасизми ёки Раисдан хуфя топшириқ олиб қайтасизми?
Мирпўлат ака кулиб юборади.
–Ҳам унисини, ҳам бунисини дўндириб келаман шу кетишда! – деб хандон уради. – Юринглар, Абдулла акадан девон янгиликларини эшитиб қайтамиз.
–Раҳмат, салом айтинг, – деди Муҳаммаджон.
–Энг сўнги янгиликни ҳали Абдулла ака ҳам билмайди, – дедим жўрттага.
–Ростданми? Қанақа янгилик экан? – деб яқинроқ келади Мирпўлат ака.
–Муҳаммад Солиҳ Олмонияда профессионал бокс билан шуғулланишни бошлабди; ҳозиргина биринчи расмий учрашувини ўтказди – юнонистонлик Исламус Каримус деган олтин камар даъвогарини еттинчи раундда нокаут қилиб ташлади, барака топсин! – дедим кўтаринки руҳда.
–Э-э, табриклайман! – деб қўлини чўзади Мирпўлат ака. Қўл сиқишамиз. – Мен тезроқ бориб Абдулла акадан суюнчи олай бўлмасам! – деб эски иссиқхона томон йўл олади. – Бўпти, йигитлар, соғ бўлинглар!
Биз шафтолизор томон кетдик. Жамол Камол ҳовлиси ёнидан ўтаётганимизда:
– Солиҳ ака номини бекор тилга олдингиз-да! – деди Муҳаммаджон норози бўлиб.
–Ҳазиллашдим-ку, нима бўпти!
–Ҳазиллигини Мирпўлат ака ҳам билади, лекин ҳозироқ бориб Абдулла акага шу гапни қўшиб-чатиб албатта айтади, мана кўрасиз!
–Йўғ-э!
–Барака Топкур ёқтирмайдиган ҳар қандай одам Абдулла аканинг шахсий душмани ҳисобланади, дўстим!
–Лекин Абдулла ака пашадан фил ясамаса керак-ку, – дедим ишонқирамай.
–Э-э…
Ёзувчилар дала-боғчалари оралаб ўтиб, Саид Аҳмад ҳовлиси ёнида хайрлашдик: мен меҳмонхонада қолдим, Муҳаммаджон боғчасига кетди.
Тўрт кундан кейин кўришдик.
–Мен сизга нима дегандим! – деб ўпкалади Муҳаммаджон. – Эртаси куни Абдулла ака кабинетига чақириб: “Қоравойга нима дедиларинг? – деб ўсмоқчилади. Эсимда йўқ, десам: – Боғ директори Амир Тўра эрталаб Саид Аҳмаддан Новча шоирнинг сайланмаси Олмонияда чоп этилибди деган гап топиб келди-ку!.. Қоравой Новча ҳақида мишмиш тарқатиб юрибди… Бизнинг даврамиздан чиққан ҳар қандай узун-қулоқ гап тўхтовсиз Қудахонага етиб боради, Қудахона эшитса, Девон хабар топади…” деб гинахонлик қилди устоз.
–Уюшма раисининг бошқа иши йўқми? – дедим энсам қотиб. – Мишмишларни териб борадиган бачкиларни атрофига тўплаб олган экан-да, устамон уста!
–Давлат идораларининг иши ҳам шу-ку! – деб қулочини ёзади Муҳаммаджон. – Сиз бирор жойда муқим ишламайсиз-да, шу боис ҳозирги аҳволни билмайсиз.
–Нима қиламан ишлаб?
–Тўғри қиласиз ишламай, одамлар майдалашиб кетган.
–Биламан, – дедим. – Эркин Аъзам учрашиб қолган заҳоти, “Маънавият” директорида қанча пул бор деб ўйлайсиз?” деган саволни ўртага ташлайди.
–Ростданми? – деб сўради ишонқирамай Муҳаммаджон.
–Ҳа.
–Қанча пули бор экан?
Кулиб юбордим:
–Менга нима! – дедим. – Ўша нашриётнинг ўзи бир пулга қиммат бўлса, директори гўр бўлармиди!
–Тўғри айтасиз. Эркин Аъзамнинг ўзи ҳам бачкана одам.
–Лекин Суннат Аҳмад икки юз минг доллар сармоя тўплаб олганини аниқ билади.
–Йўғ-э, доим ҳаётдан нолиб юрадиган ўша дамариқда икки юз минг доллар пул бор эканми?
Елкамни қисиб ҳайрон бўлиб Муҳаммаджонга қарадим:
–Бачкана одамлар муҳитида ўшалар даражасида ўйлайдиган бўлиб қолар экансиз-да, жўра! – дедим.
–Шу-да.
Кечки пайт Арғин қишлоғи марказига бориб жайдари табака тановул қилиб қайтдик.
Бир куни чошгоҳ маҳали пиёдалаб темир йўлга яқинлашиб қолган эдим; ёнимдан ғизилаб ўтиб кетган қора машина нарироқда тўхтаб, орқасига тисарилиб келди. Энгашиб олд эшикни очган ҳайдовчи:
–Шаҳаргами? – деб сўради. Жавобимни ҳам кутмай: – Ўтиринг, – деди.
Шофёр кўзимга иссиқ кўринди. Салом бериб ўриндиққа ўтираётганимда орқа ўриндиқда ўнг бурчакка тиқилиб бужмайиб ўтирган Абдулла акага кўзим тушди. Саломлашдик, сўрашдик. Оғзида нос бор, шекилли. Яхши гапира олмади.
Катта йўлга чиқиб, Дўрмонга яқинроқ бекатдан бир оз ўтиб машина тўхтади. Шофёр машинадан тушиб ўнг томондаги кўчага жадал кириб кетди. Абдулла ака олд ўриндиқлар орасида турган суви бор баклашкани олиб эшикни қия очиб оғзини уч-тўрт марта чайиб туфлади. Охирги марта ғарғара қилди. Баклашкани жойига қўйиб, дастрўмоли билан лаб-лунжини артиб олди. Мен ўтирган ўриндиқнинг орқа тарафига ўмганини қўйиб, ўнг қўли билан эшик тепасидаги тутқичдан ушлаб:
–Набижон, иним, мен саксонинчи йилда Мадаминбек тўғрисида илҳом билан достон ёзганман. Табиатан мен сентиментал одам эмасман, лекин ўзим ёзган достонни ўқиб ўзимни тутолмасдан хўнг-хўнг йиғлардим. Қирқ кеча йиғладим, ҳеч ўпкамни босолмадим. Охири Яссавий турбасини тавоф этгани кетдим. Бир ҳафтадан кейин қайтиб келсам, достоним йўқ; уйимизни ағдар-тўнтар этиб ташладим – йўқ достон, тополмадим. Қўлёзмам олтмиш саҳифа эди. Бир-икки саҳифа бўлса, китоб-китоб орасига яшириб қўйилган шеърий машқни йўқотиб қўйиб, қаердалиги эсга тушгунча уч-тўрт кун хуноб бўлиб юриш мумкин. Бир кун қидирдим – йўқ, бир ҳафта қидирдим – йўқ… Ўзим ҳам ҳазилакам портламаган эдим-да! Ҳамма-ҳаммаси ҳиқилдоғимга келган эди: қирққа кириб яна ёлғон ғояларнинг маддоҳи бўлиб умримни шамолга совуриб юбораманми? Арзийдиган ғоя учун ҳаётимни тикмайманми? Ўлимга арзийдиган ғоя йўлида қурбон бўлган зотлар ёнига борганимда уларнинг юзига қандай қарайман? Юз қаролик бўлмаслиги учун парвардигори олам, эҳтимол, қиёматда мени шариф зотлар билан дийдорлаштирмас… Оромимни йўқотдим… Ахийри “Нажот қалъаси”ни ёздим. Нима учун шуни ёзганимни битта ўзим биламан, битта Оллоҳ билади, Набижон… Марказқўмга Отанинг ўзи чақирди. Тунда қора “Чайка” Гогол ҳайкали ёнида мени кутиб турган экан. Ота тансоқчисини махсус юборибди. Кетдик. Хизмат йўли орқали Марказқўм боғчасига ўтилди. Ота хонаки кийимда наъматак орасидаги хилват суҳбатгоҳда бошини чангаллаб ўтирган экан. Қадам шарпасини пайқаб қўли билан рўпарасидан жой кўрсатди. Минғирлаб салом бердим, бошини силкитиб қўйди… Орадан қанча фурсат ўтди, билмайман. Ота бошини кўтарди; кўзёшлари юзларида қотиб қолган эди, юзларида ажал муҳрини кўрдим… Қўрқиб кетдим… “Абдуллажон, достонингизни етти марта ўқидим, “Адашган руҳ” жони-жаҳонимни адар-тўнтар этиб юборди… Узоқ йил илгари Эркин ёзган “Руҳлар исёни” жонимни куйдирган эди… “Адашган руҳ” Тур тоғида яна бир қоя бўпти. “Руҳлар исёни” ҳам пурвиқор қоядир. Икки қоя орасида қолдим… Етти жойдан экспертиза хулосаларини келтириб беришди. “Буни ўқиса Чўлпон ҳам йиғларди, Усмон ҳам йиғларди, Элбек ҳам йиғларди… Бошқаларни қўяверинг. Менинг кўзёшим ҳисоб эмас, икки қояга бошимни уриб йиғлаб ўтирибман, холос. Айтинг, Абдуллажон, мен нима қилай?” деди Ота мўлтираб. Кўзларидан дув-дув ёшлар тўкилди. Менинг кўзларимдан ҳам дув-дув ёшлар тўкилди… Мен нима дейишим мумкин эди? Кўзёшларимиз қуригунча юм-юм йиғладик. Охирида: “Достонимни сизга, сизни Оллоҳга топширдим, Ота!” деб хайрлашдим… Орадан уч ой ўтгач, ҳозир Олмонияда Артур Григорян атрофида ўралашиб юрган Новча шоир (Муҳаммад Солиҳ.Н.Б.) уйимга йўқлаб борди. “Абдулла ака, ўзингизни бунчалар пастга урманг, уят бўлади! Мукофот учун ёзган бўлсангиз, айтинг, қанча пул керак сизга?” деб обдон мени калака қилиб кетди. Ўлмас достоним – “Адашган руҳ” Отанинг қўлида гаровда турган бўлса, Отанинг ўзи КГБ қўлида гаровда турган бўлса, Новча шоир қандай каромат кўрсатиши мумкин ахир, иним!”
Чорак соатдан сўнг ҳайдовчи бир литрлик қорамтил баклашкани кўтариб келади; жойига ўтириб сув идишни Абдулла акага узатади.
–Ўзи бормикан? – деди раис.
–Салом айтди.
–Саломат бўлсин. – Қопқоғни очиб ҳидлаб кўради. – Мен фақат шу Қодирия маҳалласида қўлбола нос қиладиган Холмирза носкашдан бир ойга етадиган носимни ғамлаб оламан. Чекасизми?
–Йўқ.
–Чекишни умуман ўрганмаслик керак.
–Ҳайдайверайми? – деди шофёр ички кўзгудан орқасига қараб.
–Иним, сизни қаерга элтиб қўяйлик? – деб сўради Абдулла ака.
–Навоий, ўттизга кетяпман.
–Навоий кўчасига ҳайданг, аравакаш, – деб ҳайдовчи елкасига нуқиб қўйди Абдулла ака. Машина қўзғалди. – Қирол Артурга мураббийлик қилиб Новча қандай каромат кўрсатар экан? – деди мен ўтирган ўриндиқни қучоқлаб. – Ўзи ҳам профессионал бокс мусобақаларида қатнашиб, роса калтак еб ахийри ногирон бўлиб қолгани ростмикан?
Кулгим қистади. Наҳотки, Мирпўлат ака топиб келган лоф аралаш мишмишларга ростакамига ишонган бўлса?
–Мирпўлат Мирзо, Азим Суюн, Турсун Али билмасмикан? Улардан сўраш керак, – дедим.
–Э-э, улар балони ҳам билмайди! Ўзлари ўртамиёнадан ҳам паст нусхалар бўлса, кўча-кўйдан топиб келадиган гаплари гўр бўлармиди…
–Уч оға-ини ботирлар кунда-кунаро сизни йўқлаб боришади, шекилли.
Абдулла ака ўзини орқага ташлаб қўл силтайди.
–Иброҳимбек, Анвар пошо ҳақидаги китобингиз нима бўлди?
–СНБ идораси тақриз ёзиб берган, аммо “Шарқ” нашриёти Девондан Пароканд Мирзо рухсат беришини кутиб, карахт бўлиб қолган.
–Уюшмада муҳокама қиламиз, қўлёзмани Раҳимжонга элтиб беринг. Келаси ҳафтада Проза кенгашида “Чингиз афандига мактублар” муҳокама қилинади, тамом.
–Раҳмат, – деб Навоий ўттизда машинадан тушдим.
Қўлёзмани ўн кундан кейин уюшмага элтиб берсам, беш кундан сўнг котиб Раҳимжон Отаули: “Китобингизни муҳокама қилдириб нима қиласиз? Уюшмадан хат олиб борсангиз, бирорта нашриёт бепул босиб берармикан? Ҳозирги замонда мушук бекорга офтобга чиқмайди-ку, Набижон!” деб дангал гапни айтди. Қўлёзмани индамасдан қайтариб олиб кетдим.
Муҳожиротда Муҳаммад Солиҳ профессионал бокс мусобақаларида қатнашиб юргани ростмикан?
Сирожиддин Саййиднинг хонасида ижодий тергов.
Набижон Боқий