Шавкат Мирзиёев истеъфосини талаб қилиб чиққанимдан кейин баъзи хорижий матбуот вакиллари менга мурожаат қилишиб, видеомурожаатда келтирган иддаоларимга қўшимча маълумот ва далиллар сўрашди.
Айни пайтда далил истамаганлар ҳам бўлди.
Масалан, Ўзбекистондан гапирган журналист Шароф Убайдуллаев “Муҳаммад Солиҳнинг мурожаатидаги иддаоларининг аксарияти тўгри”, дея эътироф қилиш жасоратини кўрсатди.
Шунга қарамай, сўз берганим учун “Сардоба” омбори қурилиши ва бошқа масалалар юзасидан баъзи қўшимча маълумотларни эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман.
Сўзни “Сардоба” сув омбори қурилишидан бошлайлик:
Уни қуриш ғояси, аввал айтганимдек, ўша пайтдаги Бош вазир Шавкат Мирзиёевдан чиққан.
Лойиҳани 2008-йилда президент Каримовнинг олдига олиб кирган шахсан Мирзиёевнинг ўзи бўлади.
Лекин Каримов янги сув омборининг унумдорлиги паст бўлган Сирдарё ва Жиззах вилоятларида фойда келтиришига ишонмаган. Аммо Мирзиёев: “Бу вилоятлардаги ерлар унумсизлиги тупроқдан эмас, сувсизликдан. Сув бўлса, у ерларда ҳосил мўл бўлади”, деб Устозини авраган.
Каримов: “Бюджетда бундай қурилишга пул йўқ”, деганда, Мирзиёев: “Пулни ўзим топаман”, деб, кредит
жалб қилишини билдирган.
Каримов ундан, “Сирдарё вилояти ҳокими Абдураҳим Жалолов билан маслаҳатлаш, унинг рухсатини ол”, деб кутулган.
Мутахассислиги ирригатор бўлган Абдураҳим Жалолов эса Сардоба сув омборини қуришга рухсат бермаган.
Чунки Мирзиёевнинг лойиҳаси бўйича омборни нисбатан баланд ва ўзлаштирилмаган, аммо ҳосилдор ерга қуриш мўлжалланган эди.
Сирдарё вилояти ҳокими бу ерларни келажакда томчилатиб суғориш технологияси билан ўзлаштириш мумкинлигини айтган. Бундан ташқари, “Сардобада тупроқости сувлари яқин ва бундай ҳудудларда сув омбори қуриш хатарли” деган Мирзиёевга.
Мирзиёев бу тажрибали мутахассиснинг маслаҳатлари ва огоҳлантиришларига қулоқ солмасдан, уни ишдан олиш йўлларини излай бошлаган.
2009-йил сентярь ойида Шавкат Мирзиёев устози Каримовга: “Сирдарё ҳокими талабаларни пахтага олиб чиқишда сусткашликка йўл қўймоқда”, дея ёмонлаб, Абдураҳим Жалоловнинг ишдан олинишига эришади.
Бу фитнада унга ҳар сафаргидек “тутинган ака”си, президент девонининг бошлиғи Зелимхон Ҳайдаров кўмаклашиб юборган.
Аслида, Сирдарё вилояти ҳокими Абдураҳим Жалоловнинг бор айби бир мутахассис сифатида “Сардоба” омборининг қурилишига қарши чиққани бўлган.
Жалолов Мирзиёевнинг ярим миллиард долларлик режасига ҳалақит берган яъни.
Мирзиёев Жалоловдан бўшаган лавозимга ўзининг одами Ойбек Ашурматов тайинланишига эришади.
Ашурматов ҳам Сирдарё вилояти ҳокими курсисига ўтириши биланоқ Мирзиёев истаган рухсатни беради.
Шундан сўнг Мирзиёев президент Каримовнинг олдига кир,б, Сардоба сув омборини қуришга президент ижозатини олади.
Мирзиёев лойиҳа сметасида кўрсатилган 404 миллион долларни Хитойнинг “Эксим-банк”и (The Export-Import Bank of China / China Exim Bank)дан олган.
Кредит музокараларини бошидан охиригача Мирзиёевнинг ўзи олиб борган. Тендерни ўзининг талабалик йилларидаги ҳамхона дўсти Абдураҳим Сангинов ва унинг ўғилларига топширган.
Аслида Шавкат Мирзиёев Сангиновларнинг компаниясини бош пудратчи қилмоқчи бўлган. Лекин Сангиновларнинг компанияси Бош пудратчи бўлиш талабларига жавоб бермагани (махсус техникаси ва ишчи кучи камлиги) учун бош пудратчилик “Ўзбекистон темир йўллари”га берилган.
Лекин Бош пудратчи бўлса ҳам, Раматовнинг қурувчилари субпудратчи Сангиновлар улгура олмаган участкаларини қуришган холос. Яъни “Темир Йўллар”га арзимас чақаларни беришган. Миллионларча долларлар эса Сангиновларга берилган.
“Сардоба” сув омбори қурилиши 2010-йилда бошланган бўлса, 2013-йилда у ерда илк режавий текширув ўтказилган.
Текширувни Ўзбекистон Бош прокуратураси амалга оширган. Текширувдан сўнг қурилишда катта иқтисодий жиноятлар содир этилганлиги аниқланган.
Шу йилнинг ўзида ўша пайтдаги Бош прокурор бу ҳолат юзасидан жиноят иши очган.
Тергов гуруҳига Бош прокуратуранинг Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг собиқ бошлиғи Улуғбек Хуррамов раҳбарлик қилган.
Ана шу йигит бошчилигидаги тергов гуруҳи бир йил ичида 250 (!!!) томлик материал йиғишга эришган. “Сардоба”даги ўғирликларнинг тагига етиш учун Улуғбек Хуррамов бир йил ичида икки марта Хитойга ҳам бориб келган.
Тергов гуруҳи “Сардоба”даги ўғирликлар ортида Шавкат Мирзиёевнинг ўзи турганлигини аниқлагач, 2014-йил кузида Бош прокурор Рашид Қодиров бу ҳақида президент Ислом Каримовга ҳисобот беради. Бош прокурор Бош вазирни ҳибсга олишга рухсат сўрайди.
Ислом Каримов: “Ўйлаб кўриш керак” – деб, ҳисоботни олиб қолади.
Бу орада яна президент девони бошлиғи Зелимхон Ҳайдаров ва президент котиби Георгий Крайновлар ўртага тушиб, Шавкат Мирзиёевни муқаррар ҳибсдан сақлаб қолишади.
Албатта, улар бу ишни фақат савоб олиш учун қилишмаган.
Бош прокурор Мирзиёевни ҳисбга олишга рухсат сўраб, иккинчи марта мурожаат қилганида Ислом Каримов: “Қўявер! Юраверсин. Қурилишга пулни ўзи топган”, деб, Мирзиёевнинг жиноятларига кўз юмган.
Кейинчалик Мирзиёев-Ҳайдаров-Крайнов учлиги Рашид Қодировнинг тагига сув қуйишни бошлашган. Учлик Рашид Қодировни олти ой давомида тинимсиз Каримовга гижгижлайвериб, ишдан олинишига эришганлар.
2015-йил апрель ойида Қодиров президент Каримовнинг фармони билан Конституцион судга ўтказилган.
2017-йилга келиб, Шавкат Мирзиёев Рашид Қодировдан ҳам, Улуғбек Хуррамовдан ҳам ва Сардоба тергов гуруҳида бўлган бошқа терговчилардан ҳам хуморидан чиқиб қасос олди.
“Ислоҳотчи” президент уларни нафақат қамашни, балки шафқатсиз қийноққа солишни ҳам буюрди.
Мирзиёевнинг қийноқларидан энг кўп азият чеккан терговчи Улуғбек Хуррамов бўлди. Судда бу йигит ДХХ терговчилари унинг бир қўли ва бир оёғини уриб синдиришганини, яланғоч қилиб тепкилашганини ва унинг қизини зўрлаш билан таҳдид қилишганини айтиб берди. Бу “Сардоба” тергови учун олинган интиқом эди.
Шу ерда бир муҳим воқеани эслатиш лозим: Рашид Қодиров ўрнига келган Ихтиёр Абдуллаев янги Бош прокурор сифатида “Сардоба” жиноий иши бўйича тўпланган материалларни ўрганиб, асосий ўғрилардан бири Абдуғани Сангиновни терговга чақиради ва уни бир сутка давомида тергов қилади.
Аммо эртасига Ихтиёр Абдуллаев ўғрини қўйиб юборишга мажбур бўлади.
Чунки вақтинча президент вазифасини бажараётган Шавкат Мирзиёев Бош прокурорга телефон қилиб, Абдуғани Сангиновни зудлик билан қўйиб юборишни талаб қилади.
Бу воқеани “Сардоба” жиноятини ўрганаётган комиссиядан адолат кутаётганлар учун эслатаяпман.
Яъни Сангиновни 2016-йилда Бош прокурор терговидан қутқарган Мирзиёев бугун ҳам уни жазоламаслиги кундек равшан.
Раматов жазоланади, лекин Сангинов жазоланмайди. Жазоланса ҳам енгил, рамзий жазоланади.
ТАШҚИ ҚАРЗ
Энди ташқи қарз масаласига келсак.
Каримов 27 йил президент бўлиб, 11 миллиард долларга яқин қарз олган.
Мирзиёев эса атиги тўрт йил ичида 12 миллиард қарз олишга “муваффақ” бўлди, азамат!.
Агар Мирзиёев Ўзбекистонга яна 6 йил ҳукмронлик қилса, яна 18 миллиард доллар қарз олади демак.
Шунда 10 йил ичида у жами 30 миллиард доллар қарз олган бўлади ва ҳар бир ўзбекистонликни қулоғигача қарзга ботириб кетади.
Бу қарзни ким тўлайди?
Албатта, Мирзиёевнинг ўзи ёки оиласи эмас, ҳали Мирзёевдан зиё кутаётган менинг содда ва мазлум халқим тўлайди.
РУСЛАШТИРИШ
Агар Мирзиёев иқтидорда мустаҳкамланса, Ўзбекистонни Россиянинг губерниясига айлантириш эҳтимоли юксак.
Бу худди қора юморга ўхшайди, аммо ишонасизми йўқми, Шавкат Мирзиёев наинки Россия бошчилигидаги иттифоқлар, ҳатто “Янги СССР” лойиҳасига кириш учун ҳам тайёргарлик ишларини бошлаб юборган.
Масалан, аввал “Ички ишлар бошқармаси” деб номланган идораларни Россия “формати”га мослаштириб, “Ички ишлар идораларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси” деб ўзгартирди.
Русиянинг “Росгвардия”сига мослаб, Ўзбекистонда “Миллий гвардия” тузди.
Хорижга чиқиш паспортини ҳам Россия паспортига ўхшатиб, тўқ қизил рангда чиқарди.
Паралеллар кўп.
“Президент девони” деб айтилган ўз идорасини Мирзиёев Россияникига уйғун “президент администрацияси”, деб ўзгартирди.
Ўзбекча “Президент маъмурияти” деса бўлмасмиди? Бўлмасди. Чунки бундай қилса, Кремлдан келган амрга итоатсизлик бўларди.
Хуллас, Шавкат Мирзиёев ўзбек халқининг қаршилигига қарамай, Ўзбекистонни Россиянинг провинциал губернияси айлантириш ҳаракатига тушган.
Мирзиёевнинг бу сиёсатини қўллаб, куни кеча Русия ташқи ишлар вазирлиги мулозими Мария Захарова чиқиш қилди. У намойишкорона Узбекистон давлатининг ички ишларига аралашди. Рус тили Ўзбекистонда расман давлат тили бўлмаса ҳам феълан давлат тили эканлигига ишора қилди. Ва Ўзбек Парлемантида давлат тили ҳақида тайёрланаётган қонун лойиҳаси устидан очиқчасига кулди. Унинг кўпчилик томонидан рад этилажагига ишора қилди.
Русиянинг бу тутуми Мирзиёев тарафидан сукут билан қабул этилаяпти. Чунки Мирзиёев Путинга бу хусусда ваъда бериб қўйган. Ваъдаларни Президент бўлишидан бир-икки йил олдин берган.
Мана, энди Путинга берган ваъдаларининг устидан чиқяпти…
Муҳаммад СОЛИҲ,
16.05.2020