Биринчи сафсата ҳақда биз ўтган мақолаларимизда айтгандик. Айтилганларга яна шуларни илова қилиш мумкин: Зулмга қарши тинч йўллар билан курашиш тарафдорлари иддаоларини бу жабҳада ўз фаолиятлари билан машҳур бўлган бир нечта шахс тажрибасига қурганлар. Улардан биттаси, албатта-ки, Махатма Ганди бўлади. Аммо бу тоифага қўшиб саналадиган бошқа арбоблар эса, аслида, ўша кураш услубини умрларининг бир қисмида қўллаб, кейин воз кечган инсонлар.
Бунинг энг ёрқин тимсоли бугун демократларнинг тилидан тушмайдиган Нелсон Манделадир.
Нелсон Мандела ёшлик йилларида Махатма Ганди таъсирида бўлганлиги маълум. Лекин Мандела бу кураш услубининг ўша даврдаги Жанубий Африкадаги мавжуд сиёсий иқлимда мутлақо самарасиз эканлигини тезда англади.
Илоҳий киноя шундан иборат эди-ки, айнан шу тинч йўл билан курашиш учун майдонга чиққан даврда (1956 йил декабр) Мандела ва унинг 150 нафар сафдоши “Ватанга хиёнат ва ҳокимиятни зўровонлик билан ағдаришга ташаббус” айби билан ҳибсга олинди!..
1959 йилда бир гуруҳ занжи “африкачилар” Аппартеид режимига қарши радикал курашишни талаб қилиб, Африка Миллий Конгресси (АМК) билан алоқаларини уздилар.
1961 йил Мандела ниҳоят Африка Миллий Конгресси(АМК)нинг “Миллат найзаси” деб аталган қуролли қанотига раҳбарлик қилиб сайланди. Ва бу гуруҳ қисқа муддатда мавжуд ҳукумат ва ҳарбийларга қарши саботаж сиёсатини бошлади. Бу фаолият ҳам самарасиз бўлса, Апартеид режимига қарши партизан урушига ўтиш режаланганди.
Мандела бу даврда ҳаракатга хорижий мамлакатлардан моддий ёрдам олди ва “Миллат найзаси”нинг аъзолари билан ғайринизомий шаклда ҳарбий машқлар ўтказиб, муҳтамал урушга ҳозирланди.
Манделанинг фикрича, қуролли кураш сўнгги чора эди. Давлат тарафидан ўтказилаётган репрессияларнинг йилдан-йилга кучайиб бориши бу зулмга карши тинч йул билан курашишнинг имконсиз эканини ва кутилган натижани бермаслигини кўрсатди.
Энди сиз Каримов режими билан 22 йил давомида тинч йул билан самарасиз курашиб, “22 йил давомида нима қилдингиз?” деган хоинона дашномларга маъруз қолаётган Ўзбек мухолифатининг аҳволини тасаввур қилинг!
Бизда ҳам худди юқорида кўрсатилганидек, давлат репрессиялари йилдан-йилга кучаяётгани йўқми?
Бу зулмга қарши тинч йул билан курашишнинг имконсиз эканини ва кутилган натижани бермаслигини биз ҳам кўрмаяпмизми?
Ўзбек мухолифати ҳам туғилган кунидан бошлаб “Конституцион тузумни зўравонлик билан ағдаришга ташаббус” айби билан қораланаяпти-ку!
Ҳа, бу энди бизнинг қисматимиз кинояси.
Биз Каримов режимини зўравонлик билан ағдариш ниятмиз йўқлиги ҳеч исбот қила олмадик.
Йўқ нарсани, мавжуд бўлмаган нарсани қандай исбот қиласан?
Лекин биздан ҳеч биримиз “Каримов режими апартеид режимидан минг карра баттар ва бу зулмга қарши қўлга қурол олиб курашиш биз учун ҳалол”, дея ўртага чиқмадик.
2005 йил Андижонда ўққа тутилган мингларча тинч намойишчининг ўлимини ТВда томоша қилган Лондон шаҳар мэри ҳаяжонланиб, “Каримов режимига ўхшаган режимларга қарши факат қурол билан курашиш лозим”, деганида Ғарб либераллари теран бир сукутга чўккан эди.
Бу “зўравонга қарши нозўравон йўл билан курашиш” сафсатасига урилган илк очиқ зарба бўлди.
Аммо бу зарбанинг залворини кўплар ҳис этмади, диктаторлар эса умуман писанд қилмади.
Кучли ва қақшатқич зарбани “Араб баҳори” берди. Ва бу зарба дунё золимларига қарши қуролли мужодалани бир онда машруъ қилди.
Демократия ва исломнинг бир маконда яшаб-яшамаслиги хусусига келсак, шуни айтиш мумкинки, араб дунёсида бошланган инқилобларнинг илк босқичида сиёсий чайқалиш ҳудудига кирган бу ўлкаларнинг истиқболи қандай бўлиши мумкинлиги ҳақда башорат қилишга ҳеч ким журъат эта олмаганди.
Ғарб бирданига юз берган бу глобал катаклизмани мушоҳада этиб, йиқилаётган бу режимларни қайтадан ислоҳ қилиш стратегиясини тақдим этишга улгурмади. Бу режимларнинг аксарияти Ғарб манфаатларига ғайри режимлар эмасди. НАТОнинг Ливига қарши олган қаттиқ тадбирлари остида ҳам Каддафи режимидан ҳам юввошроқ бир режим ўрнатиш умиди ётганлиги кўпчиликка сир эмасди.
Рус насабли олмон политологи Александр Рар бу умиднинг чиппакка чиқаётгани ҳақда ташвишланиб, шундай дейди: “Тан олиш керак-ки, “Араб баҳори” кутилган натижани бермади. Шарқда демократлашиш ўрнига исломлашиш кетяпти. Биз сайловларда кимнинг ғалаба қилаётганини кўриб турибмиз. Бунинг қандай амалага оширилаётганини кўриб турибмиз. Бизнинг “озодлик” ғоямизга муқобил (алтернатив) ғоялар тўскинлик қилмоқда. Биз буни кўрмаслигимиз мумкин эмас.”
Ғарбга тўсқинлик қилаётган алтернатива, бу ислом дини ва демократия бир маконда яшашини таъминлаши мумкин бўлган янги бир сиёсий режим моделидир.
Александр Рарнинг ҳассос эътирофидан кўриниб турибди-ки, бундай бир сиёсий режим нафақат ислом радикаллари тарафидан, балки демокрaтия радикаллари тарафидан ҳам осон қабул қилинадиганга ўхшамайди.
“Шарқда исломлашиш кетяпти” дейиш учун нафақат ислом тарихини билмаслик, балки бу тарихни қандай бўлса шундай қабул қилишни истамаслик ҳам керак. Чунки Шарқда “исломлашиш” бир ярим минг йилдан бери давом этаяпти!
Наҳотки, мусулмонларнинг ўз динини ҳеч нарсага, ҳатто демократияга ҳам алмаштира олмасликларини ҳанузгача тушунмади бу дунё?
Араб дунёсида инқилоблардан кейин юз берган воқеалар турли сиёсатдонлар тарафидан суистеъмол қилиб келинган “ислом дини ва демократиянинг табиий душманлиги” хусусидаги сафсатани йўққа чиқарди.
Ислом дини ва демократик қадриятларнинг бир орада яшаши мумкин эканлиги ҳақда илк фаразлар ўтган асрнинг 90-йиллари бошларида эълон килина бошлади. Бу чиқишлар ислом мухолифларининг якдил жўри орасида бир диссонанс бўлган эди. Эсимда, “Ранд корпорейшн” ходими , машҳур советолог Грехем Фуллер сиёсий ислом таҳлилчиларига Туркиядаги исломий партияларни мисол келтириб, масалани “Ислом ва демократия деб эмас, мусулмонлар ва демократия” тарзида қўйишни тавсия этганди.
Саволнинг бундай алфозда қўйилиши ислом динининг сиёсий дунёқараш сифатида ниҳоятда бағрикенг бир доктрин эканлигини намойиш этарди.
Лекин бундай ёндошувнинг танқидчилари Фуллерга ўхшаган мутаффакирларни ортиқча либерализми билан ислом фундаментализмини мустаҳкамлашга сабабчи бўлиб, уни вақтида йўқ қилишга халақит берганликда айблаб чикдилар. Улар бу иддаосини Афғонистонда Совет Иттифоқига қарши курашда АҚШ билан ҳамкорлик килган афғон мужоҳидларнинг бу ҳамкорликдан сўнгра демократ бўлиб қолмаганларини мисол келтиргандилар.
Энди, инқилобдан сўнг Ғарб тамойилидаги эркин сайловларда ўз Президентини сайлаган Мисрга қараб, яқингача “Ғарб душмани” бўлиб келган “Мусулмон биродарлар”нинг сайловларда аксарий овозларни олиб, Парламент купчлигига эришганини кўриб ҳам ислом ва демократиянинг бир ерда яшаёлмаслигини исбот қилиш учун бу иддао соҳибларининг янги далиллар топиши керак бўлади.
Чунки аввалги далиллар шундоқ кўз ўнгимизда сафсатага айланди!
Бу эврилиш Марказий Осиёнинг мусулмон нуфузли давлатлари ҳаётида қандай акс этмоқчи?
Ўтган бир йил ичида Каримов режими каби “Афғонистонга йўлак” эвазига жиноятларига кўз юмилаётган мустабид режимлар Ғарбнинг ҳимоя қанотлари остида бўлишига қарамасдан ўзларини жуда ҳам яхши ҳис қилганлари йўқ. Масалан, Ўзбекистоннинг қувват органлари режим учун дўст кўринмаган инсонларни терговсиз ва маҳкамасиз “Жаслиқ” каби ўлим лагерларига юборишда давом этмоқда. (Мана, Ўзбекистонда Ислом (Каримов) ва Демократия бирга яшай олмайди, деса бу тўғри бўлади)Режим мухолифларини таъқиб қилиш икки баравар кучайтирилди. Интернет назорати катта шаҳарларда ақл бовар қилмас даражада қаттиқлашди. Чунки 2011 йил диктаторлар учун омадли йил бўлмади. “Араб баҳори” улар онгида чуқур психологик травма қолдирди. Улар бу зарбадан бугунгача ўзларига кела олганлари йўқ. Бу мотамсаро кайфият Марказий Осиё давлатлари аъзо бўлган ШҲТнинг яқинда қабул қилинган ҳужжатларида ҳам акс этди. Таҳлилчилар фикрига кўра, бу узун ва зерикарли ҳужжатлар остида Марказий Осиё дикаторларининг қўрқуви яширингандир. Аммо мазкур ҳужжатларда баён қилинган мақсад бу қўрқув каби гизли эмас, очиқ баён қилинган. “Коммерсант” газетасининг ёзишича, бу ҳужжатларда “Араб баҳори”га ўхшаган муҳтамал ҳолатларга қарши олинадиган тадбирлар руйхати очиқ-ойдин келтирилган.
Шунга қарамай, агар инқилобни бошдан кечирган араб давлатлари ичида фақат Мисрнинг ўзидагина сайловлар ғолиби мусулмонлар бўлиб, улар иқтидорга келса ва ҳуқуқ давлатини қуриб, ўлкада истиқрор ўрнатсалар, бу фақат Араб дунёси эмас, балки бутун Шарқ, жумладан, Маркaзий Осиё давлатларидаги воқеалар ривожига ҳам кучли таъсир қилиши муқаррардир.
Воқеаларнинг бундай тадрижи ислом дини ва мусулмонлар ҳақда Ғарбда яшаб келаётган уйдирмаларнинг ҳалокати, дунёдаги “ислом ваҳимаси”нинг чўкиши бўлади.
Воқеаларнинг бундай тадрижи ислом дини ва мусулмонлар ҳақда Ғарбда яшаб келаётган уйдирмаларнинг ҳалокати, дунёдаги “ислом ваҳимаси”нинг чўкиши бўлади.
Ислом пайдо бўлган кунданоқ куфр билан ёнма-ён яшаб келяпти, нега у демократия билан ёнма-ён яшай олмас экан?
Ислом демократия билан ҳам ёнма-ён яшай олади ва яшаяпти.
Бу реал воқелик албатта бизнинг мустабидларимиз оёқлари остидаги заминни тойинчоқ қилади ва мустабидларнинг йиллар давомида қучоқлаб олган “ислом фундаментализми” олабўжи-қўғирчоқлари қўлидан тушиб, “Жанубдан келаётган ислом радикализмига қалқон” каби мақомларидан жудо бўлажак. Бу эса бугунгача иккиланиб турган либерал исломий гуруҳларнинг мамлакат сиёсий елпозаси (спектри)га кириб, “Араб баҳори” яратган машруъ иқлимда иқтидор учун кураш майдонига чиқишга кучли туртки бўлади.
Муҳаммад СОЛИҲ