O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Муҳаммад Солиҳ: Темур ҳам Боязид ҳам бизнинг аждодимиздир

Муҳаммад Солиҳ: Темур ҳам Боязид ҳам бизнинг аждодимиздир
223 views
11 June 2017 - 10:33

(Давоми. Боши ушбу линкда – “Туркашнинг Туркчи сиймоси шууримга ерлашди”)

Сургундаги мухолифат лидери, ёзувчи, шоир Муҳаммад Солиҳ YeniBirlik газетасига берган интервьюсида, 1918 йил Қўқон Мухторияти (Туркистон Жумҳурияти)да Лениннинг амри билан, Армани Дошноқлар ёрдамида 3 кун ичида маҳаллий аҳолидан 35 минг кишининг ўлдирилганлигини, тирик қолган лидерларнинг эса Совет режими томонидан 1937 йилда оммавий тарзда қатл этилганини ва уларнинг ҳаммаси Турончи бўлганини хотирлатти.

Асли Туркистонлик бўлган мусулмон Турк жўғрофиясида, асирликда бўлган Турк халқларининг озодлиги учун кураши билан танилган Муҳаммад Солиҳ, ҳозирги Турк давлатларининг ҳали мустақилликка эришмасидан аввал Русларнинг уларни Турк тушунчасидан узоқлаштириш учун катта куч сарфлаганини таъкидлади. Солиҳ, Русларнинг у замонлар ҳокимияти остида бўлган Туркларга Темурни золим ва мустабид ўлароқ танитганини, Зиё Кўкалпнинг асарларини эса ўзларига кўра талқин қилиб, уни қоралаш учун қўлланганликларини айтди.

Тариқ Челенк: Хўш Турк адабиёти ва Турк ёзувчилари билан бир муносабатингиз бор эдими ўша вақтда?

Муҳаммад Солиҳ: Нозим Ҳикматни севардик. Нозим Ҳикмат ва яна бир неча ёзувчилар (Азиз Несин, Саид Фоиқ ва бошқалар) бор эди. Совет нашриётларида китоблари чоп қилинган, биз шуларни ўқирдик. Нозим биз учун бир Туркчи эди. Чунки ҳар шеърида «Турк» дерди. Бир Туркнинг Туркчи бўлмаслигини тасаввур қилолмасдик. Нозим Ҳикматнинг комунист эканлигини ҳам билардик, аммо биз учун бу бир расмий ниқобдан бошқа ҳеч бир нарсани англатмасди. Нозим биз учун буюк Турк шоири эди. Унинг Туркиядаги идеологик курашидан хабаримиз йўқ эди. Бўлган тақдирда ҳам бу унинг шоирлигига соя сололмасди.

Ва албатта Азиз Несин ҳам бор эди. У ҳам энг камида Нозим каби машҳур эди Совет иттифоқида.

Тариқ Челенк: У ҳам Совет тузуми рухсат берган ёзувчилардан. Зиё Кўкалпни масалан мумкин эмасди?

Муҳаммад Солиҳ: Зиё Кўкалп бизга душман сифатида танитилганди. Зиё Кўкалп ҳақида руслар ёзар эди. Зиё Кўкалп Русларнинг талқинида Пантуркист ва ирқчи эди. Руслар Кўкалпни қоралаш учун унинг асарларидан парчалар олиб, уларни ўзларига кўра талқин қилардилар. Биз ҳам бу парчаларни олиб ўзимизга яқин дўстларга тарқатардик.

Тариқ Челенк: Юсуф Оқчура, Исмоил Гаспирали …

Муҳаммад Солиҳ: Улар у қадар машҳур эмасди. Зиё Кўкалп Руслар эътиборидаги исм бўлгани учун кўп талқин қилинарди, гапириларди, биз ҳам унга йўналдик.

Тариқ Челенк: Туркчиликни бир оқим сифатида билармидингиз у даврда?

Маҳуммад Солиҳ: Оқим ўлароқ билмасдим. 1971-1972 йилларни назарда тутаяпман. 1975 йилда Туркияда бир Туркчилик оқими борлигини билдим.

Тариқ Челенк: Турончилик масаласида билгингиз бормиди?

Муҳаммад Солиҳ: Турончилик масаласида билгимиз бор эди. Бизнинг жадидчилар (Фитрат, Чўлпон, Беҳбудий ва бошқалар) 1910 йилдан бошлаб, балки Туркия пантуркистлари таъсири остида, бир Турон xаёлини қуришни бошлагандилар.

Жадидлар 1918 йилда Қўқон Мухторияти (Туркистон Жумҳурияти)ни қурдилар.

Россияда Чорлик ҳукуматини ағдарган 1917 йил феврал инқилоби Туркистонда миллий кучларни ҳаракатга келтирди ва Қўқон Мухторияти қурилди.

Фақат бу бир мустақил давлат бўлган Мухторият икки ойча яшай олди. 1918 йилнинг Феврал ойида Лениннинг амри билан болшевиклар армияси маҳаллий Армани Дошноқлари ёрдамида Қўқон халқига қарши қатлиом бошлади ва 3 кун ичида маҳаллий аҳолидан 35 минг киши ўлдирилди.

Шу тариқа Жадидлар ҳаракати ҳалокатли бир зарба олди. Бу ҳаракатнинг лидерлари Совет тузуми тарафидан 1937 йилда оммавий тарзда қатл этилди.

Уларнинг барчаси Турончи эди.

Тариқ Челенк: Генерал Анвар Пошшони билармидингиз, қачон билдингиз у ҳақда…

Муҳаммад Солиҳ:  Анвар Пошшони 1970-йиллар бошларида билар эдик. Бу ерда “босмачилар” сафида жанг қилган бир Туркия Турки, бир қаҳрамони эканлигини ва бизнинг тупроқларда шаҳид бўлганини билардик. Аммо чуқур билгимиз йўқ эди.

Тариқ Челенк: Халқ ва инсонлар одатда Совет тузумига қарамай Анвар Пошшони севардилар яъни..

Муҳаммад Солиҳ: Ҳа, бизнинг авлод балки у даражада яхши билмас эди, чунки бу биз учун тақиқланган бир мавзу эди, аммо одатда халқ Анвар Пошшони қаҳрамон сифатида танирди.

Тарик Челенк: Хўш сиз Ўзбек ёшларидан бири сифатида Темур ҳақида қачон маълумот ололдингиз?

Муҳаммад Солиҳ: 1970-йиллар ўрталарида илк маротаба “Темур тузуклари”ни топдим. Ёзув машинасида ёзилган ва кўпайтирилган нусхаси эди.

Тариқ Челенк: Тақиқланмаганди, шундайми?

Муҳаммад Солиҳ: Миллатчилик қандай тақиқланган бўлса, «тузуклар» ҳам шундай тақиқланганди. У замонлар Темур Русларнинг талқинида золим ва мустабид эди, бизга шундай ўргатаётган эди Руслар тайёрлаган тарих китоблари.

Тариқ Челенк: Усмонли тарихидан Йилдирим Боязидни қачон танидингиз?

Муҳаммад Солиҳ: Йилдирим Боязидни анча кейин танидим, 1976-77 йилларда. У даврда Москвадаги Олий Адабиёт курсларида ўқирдим. Бу мактаб профессионал ёзувчилар мактаби эди. У ерда Ўрта Осиё Турклари ва Онадўли Туркларининг тарихини ўрганиш имконига эга бўлдим. Йилдирим Боязид ҳақида биринчи маротаби ўша ерда ўқий олдим. Яъни уни жуда кеч танидим.

Сўнгра 1985-1986 йилларда янада яқиндан ўрганишни бошладим. 1986-йил Тошкентда Дунё Туркология конгресси бўлиб ўтди. Бу буюк бир машварат эди. Бу мажлисда янглишмасам 7-8 кишилик Турк хайъати иштирок этди. Бу хайъатда Профессор доктор Аҳмад Бижон Эржулaсин ҳам бор эди. Бу гуруҳ Ўзбекистонга илк келган Турк хайъати эди. Улар бизга кўп китоблар олиб келдилар, соғ бўлсинлар.

Тариқ Челенк: Хўш, масалан сиз каби кишилар Темурни таниганларидан кейин ёки Йилдирим билан жангларини билганларидан сўнг Туркияга боқиши позитив тарафга ўзгардими, негатив тарафгами?

Муҳаммад Солиҳ: Зотан бизнинг Туркчи «ҳаракат»имиз, (ҳаракат дер эканман унинг 10-15 кишидан кўп бўлмаган бир гуруҳ ҳақида гапираяпман) ёзувчилар, шоирлар, рассомлар, таниқли инсонлардан иборат эди, Туркиянинг Миллиятчи Ҳаракат партияси (MHP) каби катта бир ташкилот эмасди  албатта.

Боязитга муносабатимиз позитив эди албатта. Тарихий шуурга соҳиб бир Турк зиёлиси – хоҳ Ўзбек Турки, хоҳ Онадўли Турки бўлсин – на Темурга, на-да Боязидга нафрат билан боқади. Иккиси-да бизнинг аждодларимиз, бири Шарқда, иккинчиси Ғарбда жанг қилган икки буюк Турк эди. Ҳар иккисининг ҳам ўз ҳудудларида тенги йўқ эди.

Бундай бир ҳолатда уларнинг ўртасидаги ихтилофнинг манбаси расмий ҳужжатларда қайд қилингани каби эмас албатта.

Икки катта куч бор эди. Яъни ҳатто булар ака-ука бўлсалар ҳам ораларида жанг бўлиши муқаррар эди. Ота ўғил бўлган тақдирда ҳам барибир жанг қилишарди.

Ва жанг қилдилар!

Тариқ Челенк: Сизнинг суҳбатингизда ер олган бир таърифингиз бор эди. Темур кўпроқ универсал характер, Йилдирим эса кўпроқ миллий характер сифатида танилган деган эдингиз.

Муҳаммад Солиҳ: Турк ирқининг характерида икки мойиллик бор; космополитизм ва индивидуализм.Темур космополит эди, яъни характеридаги космополитизм ҳоким руҳ эди. Темур бутун дунёга “менга ишонинг, мен сизни бахтли қиламан” дер эди.

Фақат Темур эмас, барча Турк ирқида космополитизм руҳи ҳоким руҳдир. Биз бошқа этник гуруҳларга жуда осон аралашиб кетадиган, аралашишга мойил, ҳатто улар билан ассимиляция  бўлиб, бундан кўп ҳам хафа бўлмайдиган ғаройиб миллатмиз..

Бизнинг ичимизда ирқчилик йўқ, шу сабаб биз феноменал бир миллатмиз.

Турк характеридаги космополитизмни Темур намоён қилди. Турк характеридаги индивидуализмни эса Йилдирим намоён қилди.

Тариқ Челенк: Масалан ҳозир 1980 йилларга қараб кетаяпмиз. 1976 йилда у ерда босим даври бор эдими,  1980 йилларга қараб кетаркан ёшлигингизда кўрган бўлсангиз Совет тузумида, Ўзбек тузумида бир босим бор эдими?

Муҳаммад Солиҳ: Босим ҳам доим бор эди. Аммо ғалати бир нарса, босим қарамай бир озодлик руҳи бор эди инсонларда. Барчасига қарамай КГБнинг ертўлалардаги қийноқларидан хабардор эдик, бироқ барибир озод бир руҳий ҳолимиз бор эди.

Кичик бир гуруҳ ёшлар ҳар нарса ҳақида гаплаша олардик ўз орамизда. Советларнинг Коммунист партияси лидери Брежневи масхара қилувчи пародиялар, кинояли шеърлар ёзардик. Менимча бу фаолиятимизни КГБ “бу тирранчалар нима ҳам қила оларди”, дея бизни жиддий қабул қилмадилар.

Тариқ Челенк: 1980-йилларга тўғри кетаркан Совет тузумининг бирдан чўкиши мумкинлигини олдин кўрабилармидингиз?

Муҳаммад Солиҳ: Мен буни рационал тахмин қилолмасдим, аммо иррационал тахмин қилолардим, ҳис қилолардим. Виктор Соснора деган менинг шеърларимни Русчага таржима қилган бир диссидент шоир бор эди. Коммунистлардан нафрат қилган жуда буюк бир шоир, Сенкт-Петербурглик, билишимча, у ҳали ҳаёт. У билан Тошкентни сайр қилаётгандик. Тошкентнинг марказида Ленинг майдони бор эди. Албатта, Лениннинг ҳайкали турарди бу тош майдонда. “ИншаОллоҳ биз бу ҳайкалнинг йиқилишини кўрамиз” дедим тўсатдан. “Кўрамизми?” деб сўради Рус шоири.

“Кўрамиз. Аммо бу оғир ҳайкал ерга тушиб, шу гўзал мармарларни парчалайди-да” деб ҳазил қилдим. Бу ҳазилни 1981 йилда қилаяпман. Ва 10 йил ўтар-ўтмас айтганим ҳақиқатга айланаяпти. Ҳайкал 1991 йилда йиқилаяпти, Ўзбекистон мустақилликка эришаяпти.

Тариқ Челенк: Тузум чўкаркан сиз сиёсат ёки фуқаролик жамиятига қачон кирдингиз. Тузум чўкишни бошлаганидами 1980-йиллар ёки Совет чўкканидан кейин кирдингизми?

Муҳаммад Солиҳ: мен актив сиёсатга 1985-йилда кирдим. Горбачев ҳукуматга келишидан олдин кирдим, янада тўғрироғи киришга мажбур бўлдим. Чунки сиёсатни ҳеч ёқтирмасдим. Aполитик инсон эдим у вақтлар.

Тариқ Челенк: Шунингдек асарларингиз ҳам бор тўғрими?

Муҳаммад Солиҳ: Мен шоирман. 70-йилларда Ўзбек модерн шеъриятининг вакиллари эдик. Метафористик шеър намоёндалари эдик. 1970-йилларда бошлаб 1985-йилга қадар 15 йил ичида шаклланган ва ўзини бир шоир сифатида тамомлаган бир инсон эдим. 1986-йилдан кейин шеърдан узоқлашдим, ёки узоқлашишга мажбур бўлдим. Сиёсат, мен севмаган сиёсат мени гирдобига тортди.

Тариқ Челенк: Советларнинг Афғонистонни ишғол қилиши сизда бир ижтимоий таъсир уйғотдими 1979 йилда?

Муҳаммад Солиҳ: Табиий, таъсир қилди. Хатто Советларнинг Афғонистон ишғолига қарши метафористик шеърлар ёздим. Рамзий шеърлар.

Тариқ Челенк: Исломий ёки мусулмон бўлиш билгиси қачон шакллана бошлади. Советларнинг Афғонистони ишғол қилганидан кейин бошландими?

Муҳаммад Солиҳ: Менинг Афғонистонга қарашим Исломий фактордан эмас, озодлик ҳақидаги тушунчаларим билан боғлиқ эди.

Бир халқнинг ишғолчига қарши курашиши доирасида қабул қилар эдим ҳолатни.

Ислом менга илк маротаба 1985-йилда сироят этди. У даврда мен учун ҳамма нарса яхши эди гўё. Яъни, 1985-йилда мен 35 ёшларда машҳур бир шоир эдим. Ҳамма Муҳаммад Солиҳни танирди. Хатто Москвада ҳам танишарди, муаммо йўқ эди. Шеъримизнинг ҳар сатрига яхши пул тўлашарди. Гонорар, муаллифлик ҳаққи яъни. Бой эмасдик, аммо топаётган пулимиз бизга етарди. Гўё тақдиримиздан мамнун эдик. Динга муносабатим ҳам бир  ҳурриятчи  боқиш эди.

Аслида 70-йилларнинг бу богем ҳаётидан ботинан жуда зериккандим. Ўша давр хотираларимдан бир парча келтирмоқчиман:

«Шеър менинг тарбиячим эди. Аммо у таянч нуқтаси эмас эди. Эл қатори, мен ҳам бир таянч нуқтасига муҳтож эдим. Чунки, эл қатори мен ҳам адашганлардан бири эдим.

…Эҳтирос қамчиси остида дир-дир Титраётган туядай, тушов оёқда, Юришга мажбурмиз, юрмоққа мажбур, Билмай, мағриб қайда, машриқ қаёқда. («Адашганлар қўшиғи», 1983)

Бу изтироб худди қадимги юнон файласуфи Пармениднинг изтиробига менгзар эди. Парменид шундай нола қиларди: «Эй, худолар, мен сиздан ҳеч нарса сўрамайман, менга фақат битта Собитлик беринг. Бу тинмай ўзгараётган, ҳар турли рангларда товланаётган беқарорлик денгизида менинг ёпишиб олишим учун бир оғоч – бир барқарорлик, бир собитлик беринг!», деб ёлворарди шўрлик. Лекин унинг нолалари беҳуда эди, чунки, у собитликни Оллоҳдан эмас, худолардан сўраётган эди. Парменид политеизм (кўпхудолилик) замоннинг қурбони эди. Аммо ўзи англамаган ҳолда, Оллоҳни, бутун оламларни яратган ягона Оллоҳни – ягона таянчни излаётган эди.

Бундай таянчни совет даврида ўз динидан узоқлаштирилган одамлар ҳам излай бошладилар. Менга ўхшаганлар учун шеър бу изланишда воситачи эди. Шеър изланиш изтиробидан чарчамаслик учун бир танаффус эди. Шеър ташқарисида чексиз, юракни орзиқтириб юборувчи бўшлиқ бор эди. Бу бўшлиқ бизнинг жондан севган дунёмиз эди. Жозибаси қўрқинчли дунё”…

Бу бўшлиқни фақат бир буюк ишонч, бир мустаҳкам эътиқод тўлдира оларди.

Бу чидаб бўлмас руҳий эҳтиёж мени Ислом динига олиб келди.

1985 йилда оилавий илк намозимизни ўқидик. Мени бу нуқтага олиб келган кунни ҳеч унутмайман: У кунни ва у кечани жуда яхши хотирлайман. Метродан тушиб уйга кетар экан, руҳим бир бўшлиқ ичига кирди. Ўзимга дедим: “Хўш нима қилмоқчисан? Сен машҳур шоирсан, хўп. Китоб чиқарасан, жилд-жилд китоблар чиқара оласан, аммо кейини нима бўлади бунинг? Натижада нима бор, дедим”, ўзимга.

Натижада бўшлиқ борлигини кўрдим. Шу кечаси рафиқам(Ойдин хоним)га “эртадан болаларга Қуръонни ўргатамиз…” дедим.

(Давоми бор)
Туркия туркчасидан ўзбекчалаштирилди

Манба: gazetebirlik.com