O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

М.Солиҳ: “Tерговдан кейин баъзи фикрларни билдириш мумкин” (BBC)

М.Солиҳ: “Tерговдан кейин баъзи фикрларни билдириш мумкин” (BBC)
253 views
25 August 2013 - 16:26

Мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати тарқатган хабарга кўра, ҳаракат раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг Истанбулдаги уйи ўққа тутилган.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати веб-сайтига кўра, ҳодиса 23 августдан 24 августга ўтар тунида рўй берган.

Жаноб Солиҳ яшайдиган уйнинг эшигига қарата ўқотар қуролдан бир неча марта отилган.MS 2004 113

Ҳеч ким жароҳатланмаган.

Истанбул шаҳри полициясига хабар берилган, ушбу ҳодиса юзасидан тергов бошланган.

Би-би-си ҳодиса қандай юз берганини Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳдан сўради.

“Мен бу пайтда юқори қаватда ухлаётган эдим. Ўғлим келиб уйғотди. Тушиб қарасам, ҳақиқатдан ҳам киришдаги эшик ойналари синган. У ердаги қўриқчилар “йўл тарафдан отишди, дейишди”, деди жаноб Солиҳ.

Жаноб Солиҳнинг айтишича, маҳаллани қўриқлайдиган қўриқчилар ўқ овози эшитилган томонга боришган, у ердан бир автомобил жўнаб кетганини кўрганлар.

Қўриқчилар полицияни чақирганлар.

Муҳаммад Солиҳнинг айтишича, 24 август куни Истанбул полициясининг бир неча бўлими терговчилари келиб текширишни бошлаганлар.

Терговчилар яқин-атрофда ўрнатилган кузатув камераларидаги ёзувларни ҳам ўрганишни бошлаганлар.

Жаноб Солиҳ сўзларига кўра, терговчилар ўқотар қуролнинг тўппончадан катта қурол эканини айтганлар.

У ўзининг яшайдиган бўлгасини жиноятчилик кучаймаган, “ўзига тўқ инсонлар яшайдиган” бўлга деб атайди.

“Мен ҳозир кўп гапира олмайман. Чунки ҳозир тергов ишлари кетаяпти. Терговда баъзи нарсалар маълум бўлиши мумкин. Ана шундан кейин баъзи фикрларни билдириш мумкин. Тафсилоти аниқ бўлмагани учун бирор нарса дейиш қийин”, дейди Муҳаммад Солиҳ.

Ушбу ҳодиса юзасидан Би-би-си Истанбул полицияси билан боғланди.

Туркияда якшанба куни дам олиш куни бўлгани муносабати билан масъуллар ишламаётгани ва бу борада маълумот берилмаслигини айтди Истанбул полициясининг телефон гўшагини олган ходими.

bbc.co.uk