O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Муҳаммад Солиҳ: “Украин халқи озодликка лойиқ эканини ҳаққи ила исботлади”

Муҳаммад Солиҳ: “Украин халқи озодликка лойиқ эканини ҳаққи ила исботлади”
343 views
17 May 2022 - 18:19

Россия босқини: Гапириш вақти

Россиянинг Украинага расман эълон қилинмаган уруши ҳозирнинг ўзида ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Путин Украинага тажовузни уруш эмас, балки “махсус ҳарбий амалиёт” деб атаган ва рус матбуотида “уруш” сўзини расман тақиқлаган.

Аммо дунё жамоатчилиги Россиянинг суверен давлатга нисбатан бошлаган босқинчилик урушини қораламоқда ва Украинанинг ҳудудий бутунлигини дастакламоқда.

Кўпгина мамлакатларда нафақат сиёсатчилар, балки жамоат ва маданият арбоблари, ёзувчилар ва санъаткорлар урушга қарши ўз сўзларини айтмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозиргача Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини уруш деб атагани йўқ; расмий баёнотларда фақат “Украинадаги вазият” ҳақида сўз боради. Тошкент Украинадаги вазият юзасидан “нейтрал ва босиқ” позицияни эгаллаганини айтади. Шу йил 17 мартида Ўзбекистон Сенатида Украина ҳудудий яхлитлигини дастаклашларини айтган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов орадан бир ой ўтиб истеъфога чиқарилди. Айни пайтда Ўзбекистон Украинага гуманитар ёрдам йўллаган.

Украина мавзусини мустақил ёритган қатор маҳаллий журналист ва блогерлар ДХХ томонидан сўроққа чақирилгани ва огоҳлантирилгани ҳақида хабарлар олинган.

Расмий матбуот Украинадаги урушни ёритмаяпти ва жамоатчиликнинг бу борадаги фикрига ҳам ўрин бермаётир.

Аммо СССР парчаланиши арафасида фаол сиёсий мавқеъни эгаллаган ўзбек зиёлилари-чи? Улар Украинадаги уруш ҳақида қандай фикрда? Урушнинг Ўзбекистон ва минтақа учун оқибатлари қандай бўлади?

Озодлик ўзбек зиёлиларининг бу борадаги фикрларини сўради.

Муҳаммад Солиҳ:

“Ўзбекистонни тарк этиб, Туркияга келганимдан сўнг, 1993 йил май ойининг бошида Туркия Бош вазири Сулаймон Демирелнинг қабулида бўлдим. Биз узоқ суҳбатлашдик. Демирел назарида камина Ўзбекистон президентлик сайловларида иштирок этиб, “анчагина овоз” олган ёш сиёсатчи эдим.
Суҳбатимизда Турк Бош вазири янги мустақил бўлган Турк жумҳуриятлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам Русия билан муносабатларда бу “Катта Айиқ”нинг жаҳлини чиқармаслиги кераклигини таъкидлади.
Мен унга жавобан Русиянинг шу онда, 1993 йилда реваншист ташқи сиёсат юрита олмаслигини айтдим.
“Бугун Русия ҳам худди қолган мустақил жумҳуриятлар давлат сифатида янгидан шаклланиш жараёнига киргани ва бундан фойдаланиб, биз, Турк жумҳуриятлари суръат билан ўзаро интеграция ҳаракатларини бошлаши керак, Русия бунга қаршилик қилолмайди”, дедим.
Демирел сўзма-сўз: “Аммо Қизил Ўрду (армия) ҳали ҳам турибди. У ҳали ҳам биз тасавввур этамаяжигимиз қадар кучли”, деди.
Демирелдаги бу андиша Қизил Армиянинг Иккинчи жахон урушидан кейин дунёда яратган қўрқувнинг асоратидан бошқа нарса эмасди.
Мен унга такроран “Ҳурматли Президент, олдимизда 10 йилча вақт бор, бу муддат ичида Русия ўзини янги давлат форматида тиклаши мумкин, ана ундан кейин унинг реванш юришлари бошланиш эҳтимоли бор, аммо бугун бундай таҳлика йўқ. Турк давлатлари бу бўшлиқдан фойдаланиши керак”, дедим.
Кейин мен унга 1991 йилда Қозоғистон Президенти Назарбоевни атом бомбаси таъсисларини бузмасликка, бу қуролдан воз кечмасликка чақириб ёзган мактубим ҳақида гапирдим.
Хитой ва Русия орасида сиқишган Турк давлатларининг ҳеч бўлмаса биттасида бу қурол бўлиши кераклигини айтдим. Демирелни бу гап ҳам ҳаяжонлантирмади.
“Бу соҳа аллақачон буюклар орасида тақсим қилинган”, деди у ҳафсаласиз бир оҳангда.
Қиссадан ҳисса шу:
1. 2022 йилда бошланган Русия-Украина уруши 1993 йилда Туркия Бош вазирини андишалантирган Қизил армия энди йўқ, ёки бўлса ҳам аввалги кучда эмас.
2. Русия-Украина уруши дунёни катта комплексдан, Қизил армия қўрқувидан қутқарди. Бу ҳолат бизнинг халқларимиз зеҳниятида ҳам буюк ўзгаришлар яратиши турган гап. Бунинг таъсирида – худди “перестройка” таъсирида парчаланган СССР каби – Русия Федерацияси парчаланиб, автоном бўлгалар ўз мустақиллигига эришиши мумкин. Ва Турк Дунёси учун глобал интеграция даври бошланиши мумкин.
3. Украинанинг ғалабасига, унинг қайта тикланишига, худди Иккинчи Жаҳон урушида вайрон бўлган Оврўпога уйғуланган “Маршалл плани” Украинага нисбатан ҳам уйғуланишига шубҳа йўқ.
Бу уруш яна бир муҳим ҳақиқатни тасбит этди: ЎЗ ОЗОДЛИГИ УЧУН ЎЛИШГА ТАЙЁР БЎЛМАГАН ХАЛҚ БУ ОЗОДЛИККА ЛОЙИҚ ЭМАСДИР.
Украин халқи озодликка лойиқ халқ эканлигини ҳаққи ила исботлади. Украинага шон-шарафлар!”
Муҳаммад Солиҳ, шоир ва сиёсатчи
Манба: Озодлик радиоси