O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Муҳаммад Солиҳ: Ўзбекистонга эркин фуқаро сифатида қайтаман

Муҳаммад Солиҳ: Ўзбекистонга эркин фуқаро сифатида қайтаман
124 views
07 September 2017 - 19:58

Ўзбек мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг халқаро полиция Интерпол рўйхатидан олиб ташланиши Ўзбекистон ҳукуматининг қарорими, йўқми, ҳозирча номаълум. Аммо ҳукумат Солиҳнинг мурожаатини кўриб чиқмоқда. Мухолифатчи эса Ўзбекистонга эркин фуқаро сифатида қайтиш қарорида.

27 йиллик раҳбар Ислом Каримов ўлимидан сўнг ҳокимият алмашганига бир йил бўлди. Мухолифатида мамлакатда сиёсий ислоҳотлар бошланишига умид йўқолмаган.

Муҳаммад Солиҳ “Америка Овози” билан суҳбатда дейдики, халқаро полиция Интерпол энди уни қидирмаётгани унинг адвокатлари олиб борган ҳаракат самарасими ёки ҳар йили Интеполдаги рўйхатни янгилаб турувчи Ўзбекистон ҳукумати қарорими, бу мавҳум.

Мен ҳукуматга юборган талабим ҳам шу кутилаётган сиёсий ўзгаришлар чорчўпида ижобий ҳал бўлади деган умиддаман.

Муҳаммад Солиҳ аввалроқ Ўзбекистон ҳукуматига ўзига нисбатан чиқарилган суд ҳукмини бекор қилиб, оқлов ҳукмини чиқариш ҳақида мурожаат жўнатган. Бу ариза ўрганиб чиқилар экан, жавоб ижобий бўлган тақдирда Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистонга қайтмоқчи.

“Жавоб ижобий бўлса, бирор шартлар қўйилмаса, Ўзбекистонинг ҳур бир ватандоши сифатида ватанга қайтишга тайёрман“, – дейди у.

Каримов бошқарувини хориждан туриб кузатишга маҳкум қилинган мухолифат етакчиси мамлакатда раҳбар ўзгарар экан, янги ҳокимиятнинг ислоҳот ваъдалари умид уйғотаётгани, президент Шавкат Мирзиёев самимий бир раҳбар сифатида кўринаётгани ҳақида баёнот билан чиққан эди. Унинг бу баёнотидан ҳам анча фурсат ўтди.

67 yoshli Muhammad Solihning tarafdorlari hamon ko'p

67 ёшли Муҳаммад Солиҳнинг тарафдорлари ҳамон кўп

Ўзбекистонга янги кадрлар керак. Тузум эски, томоғи ўғрилик билан кўтарилган кадрлардан тозаланиши керак. Умид қиламизки, Мирзиёйев бу тўсиқларни енгиб, ўзгаришлар қилишга журъат топади.

“Биз, Каримовнинг 27 йиллик диктатурасига қарши курашиб келган бир мухолифат сифатида, унинг ўрнига келган янги ҳокимиятга маълум бир муддат беришимиз керак эди. Янги ҳукуматга дарҳол радикал талабалар билан чиқиш сиёсий томондан ҳам нотўғри бўларди. Албатта, янги ҳокимиятнинг келишида ҳам хатоликлар бўлди. Бу ҳақда ўша пайтда очиқ гапирдик. Биз янги ҳокимиятга дарҳол ҳужум қилишни эмас, унга ҳеч бўлмаса бир йил муҳлат беришни, тишни-тишга босиб сабр қилишни лозим топдик. Агар бу инсон (Мирзиёев) ҳақиқатда ижобий ўзгаришлар қиладиган бўлса, танқид қилиш эмас, балки уни дастаклаймиз деган яхши ниятда жим турдик ва жим туришда давом этяпмиз. Мана ҳозир, Каримов ўлганига бир йил тўлди, Мирзиёйевнинг расман иш бошлаганига бир йил тўлгани йўқ, лекин бу ҳам катта ўзгаришлар қилиш мумкин бўлган муддат эди. Ўзгаришлар эса биз кутган даражада эмас, айниқса сиёсий ислоҳотлар бўйича. Аммо биз барибир некбинлик билан Мирзиёевдан халқимиз фойдасига қилинадиган ўзгаришлар кутяпмиз, ваъдамизда турибмиз. Энг муҳими – сиёсий реформалар, бу борада ҳозирча бирор қадам йўқ. Иқтисодий жабҳада бор, мана валюта бозори эркинлашиши ҳам муҳим қадам. Мен ҳукуматга юборган талабим ҳам шу кутилаётган сиёсий ўзгаришлар чорчўпида ижобий ҳал бўлади деган умиддаман“, – дейди Муҳаммад Солиҳ.

Президент мамлакатдаги расмий партиялар билан учрашув ўтказиб, уларни сиёсий мудроқликдан уйғонишга чақирди, аммо уларнинг бирортаси ҳукуматга мухолиф эмас.

“Erk” partiyasi rahbari Muhammad Solih 1992- yilda o‘tgan ilk prezidentlik saylovlarida muxolif nomzod sifatida ishtirok etgan

“Эрк” партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ 1992-йилда ўтган илк президентлик сайловларида мухолиф номзод сифатида иштирок этган

Ижтимоий ҳаётда, хусусан ўзбек телевидениеси, матбуотида кузатилган жонланишлар ҳам сўнгги пайтда босимлардан холи бўлмаяпти. Қамоқда қолаётган сиёсий, диний маҳбусларнинг мустақиллик муносабати билан афв этилиши ҳақидаги умидлар ҳам оқланмади. Кадрларни тинимсиз, шиддат билан ўзгартиришда давом этаётган Мирзиёевнинг ислоҳотлари оғир силжиётгани кузатилади.

Мирзиёевдан халқимиз фойдасига қилинадиган ўзгаришлар кутяпмиз.

“Ҳокимият алмашишидан бироз ўтиб, Каримов давридаги иллатлар очиқ-ойдин гапира бошлангани умид уйғотди. Мирзиёевнинг Каримов қўйиб кетган кадрларни қаттиқ танқид қилиши, жамиятга зарар етказганини очиқ айтиши умидли эди. Афсуски, умидимизга соя солаётган ўзгаришлар ҳам кадрларга боғлиқ. Ишдан олинганларининг ўрнига яна ўша Каримов давридагилар, зеҳниятида халқ манфаати шаклланмаган, коррупционер инсонлар келяпти. Мана энг сўнгги мисол – Алишер Хўжайев. У яна телерадиокампанияга бошлиқ қилиб олиб келинди. Бу бизнинг ҳафсаламизни пир қилди. Бу Мирзиёевнинг кадрлар соҳасида қилган сўнгги катта хатоси. Буни биз янги ҳокимиятга муваффақият тилаётган мухолифат сифатида очиқ айтмоқчимиз. Ўзбекистонга янги кадрлар керак. Тузум эски, томоғи ўғрилик билан кўтарилган кадрлардан тозаланиши керак. Умид қиламизки, Мирзиёйев бу тўсиқларни енгиб, ўзгаришлар қилишга журъат топади”, – дейди Муҳаммад Солиҳ.

Мухолифатдаги “Ерк” партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ 1992-йилда ўтган илк президентлик сайловларида мухолиф номзод сифатида иштирок этган эди. Каримовнинг ғалабаси билан якунланган бу сайловлар ортидан мухолифатга нисбатан тазйиқ кампанияси бошланди. Бу тазйиқлар боис мухолиф аъзолари, жумладан Муҳаммад Солиҳ ҳам мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлди.

1999-йил Тошкентда юз берган портлашлардан сўнг тазйиқларнинг янги тўлқини кузатилди. Ўзбек мухолифати фаолларининг бир гуруҳи бу портлашларда айбдор топилиб, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Улар қаторида Муҳаммад Солиҳ ҳам портлашларга алоқадорликда айбланди. Олий суд сиртдан унга нисбатан қамоқ жазоси ҳақида ҳукм чиқарди. Ўзбекистон ҳукумати уни халқаро қидирувга берди.

Мухолифатчининг ўзи бу айбловларни инкор қилиб, уларни Каримов режими томонидан мухолифатни йўқотиш учун қилинган тазйиқлар сифатида баҳолайди.

Манба: amerikaovozi.com