Муҳаммад Солиҳ
muhammadsalih.com
Бу – Қиёмат кунига менгзаган, баҳайбат ва буюк манзара!
Тўрт миллион эркак ва аёл мусулмоннинг бутун иродаси ягона мақсадга йўналган: Уларнинг ҳар бири Яратганнинг эътиборига тушишни, тавбасини тушунтириш, ўзининг у қадар хам жирканч эмаслигини, моддий шаҳват ботқоғида тамоман ботмаганини, ҳали ҳам инсон эканлигини англатиб, ниҳоят бутун бу гуноҳларига қарамай, ҳали ҳам Яратганнинг кечиришини умид қилади!
Бу муқаддас ҳудудда ҳар бир эркак ва аёл – худди Китобда ёзилгани каби – фақат ўзи билан банд, қутулиш дарди билан машғул, биров-бировга қарамайди, биров бошқа бировнинг нима қилаётани-ю, қандай кийингани, қандай кўриниши билан асло иши йўқ!
Оқ, қора, сариқ, қизил танли инсонлар, ёшлар, қариялар, семиз ва ориқлар, чўлоқлар, қийшиқ-қинғир, майиб-мажруҳлар Каъба атрофида, Сафо ва Марва ўртасида, Муздалифа ва Мина орасида саф-саф бўлиб тинмай оқадилар ва бу миллионларнинг тилида ягона калом бор: “Аллоҳу Акбар”!
Бу маҳобатли ва муҳташам оқинни ҳаракатга келтирган эса шубҳасиз, ўша “Акбар” бўлган Зотдир!
Бу Зот Ягонадир, Бирдир, ҳамиша Боқийдир, У туғилмаган ва туғмагандир ва ҳеч ким ва ҳеч нарса Бу Зотга тенг эмасдир!