O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Муҳими – ялт-ялт этиб қўйиш

Муҳими – ялт-ялт этиб қўйиш
151 views
17 December 2019 - 20:46

Ўзбекистон партиялари ҳам парламент ўринлари учун худди шундай популистик демагогия услубларини қўллайдилар. Аммо бунда халқ эътибори унчалик қизиқмас. Зеро, сиёсатчиларимиз онги тубида халқ умуман ҳокимият манбаи бўлмаган. Гапнинг пўсткалласини айтсак, “халқ росманасига бирон нарсани хал қилмайди” деган интуитив ишонч бор: “Овозлар сони муҳим, лекин якуний қарорни “тепадагилар” чиқаради”. Бу – ҳокимиятни исташ талвасаси билан келиб чиқадиган махсус “асосий инстинкт” кўринишидир.

Мазкур ирсиятнинг мантиқига биноан, ҳокимиятга йўл қуйидан кўтариладиган зинапоя эмас, у ҳамиша тепадан узатилган арқондир. Депутатлик халқ вакиллиги мандати эмас, у юқоридан тушган сирли ишонч соясидир. Бошга шу соя тушганини бошқарув кадрлар номенклатурасига киритилгандан билса бўлади. Муҳими – фурсат бўлиши билан ялт-ялт этиб қўйиш.

Олий зотлар эътибори учун кураш беаёвдир, у тертўкар зўриқишни талаб қилади. Яхшиямки, сайлов пойгаси бор. Унда ахборот мавжларига миниб “ишқ манбасига” қарата керакли сигналларни таратиш мумкин. Энг асосийси – қора халқнинг маломатларига эътибор бермай, кўзни чирт юмиб (ёки кўзни лўқ қилиб) “катталар” илтифотини қозонадиган ажобтовур ғояларни пуркаш.

Манба: facebook.com