O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“МХХчилар абитуриентларга телефон олиб кириб берди”

“МХХчилар абитуриентларга телефон олиб кириб берди”
33 views
02 August 2017 - 17:59

Ўзбекистондаги олийгоҳларда 1 август куни кириш имтиҳонларини топшириб чиққан ёшлар, аудиторияларда кўрган-билганлари ҳақида Озодликка ёзишди. Абитуриентларнинг айтишларича, бу йил ҳам аксарият олийгоҳларда шпаргалка ва телефондан фойдаланиш бемалол бўлган ва айрим ҳолатларда бунга адолатни кузатиб туришга вазифадор қилинган масъул ходимларнинг ўзлари кўмак берган.

“Камералар ҳам иш бермади”

Тошкент давлат шарқшунослик институтида қабул имтиҳони топширган абитуриентнинг ёзишича, имтиҳоннинг адолатсиз ўтишига МХХ ходимларининг ўзлари йўл қўйиб берган:

“Шарқшунослик институтида камералар бўла туриб МХХ ходимлари нохақликларга йўл қўйишди. Имтиҳон жараёнида МХХ ходими хонага кириб, кимда нима нарса бўлса ишлатишлари мумкин, деб кетди.

Ундан кейинги томошани сизларга айтмасам ҳам бўлади, болалардан планшетлар, ҳар хил шпаргалкалар чиқиб кела бошлади. Хона кузатувчиси “ишлатма” деб айтганида, бизга МХХ ходимлари рухсат берган сизнинг хаққингиз йўқ”, деб айтишди.

Имтиҳон жараёнида бир йигит ҳақиқатни тикламоқчи бўлиб, бунга норозилик билдирди. Лекин МХХ ходими “сан ўзингга ишон, улар эса тел[ефон]да ишлашади”, деди. Бу қанақа хақиқат,биз ўзимиз ишлаб улар тел[ефон]да ишлайдиган. Яна улар ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган эмиш.

Имтиҳон ўтказилган аудитория 1 бино, 43б хона.”, деди имтиҳон топширган ёшлардан бири.

“Самарқандда “катта ишлар бўлди”

Самарқанд шаҳридаги олийгоҳлардан бирида кириш имтиҳонларини кузатган Зокирнинг ёзишича, у қаллобликнинг аввалги йилларда ишлатилиб келинган барча усуллари қўлланилганини ўз кўзи билан кўрган:

“Самарқанд давлат университети тарих ва иқтисод факультетлари имтиҳони бўлган Самарқанд таянч тиббиёт коллежида орган ходимларининг кўринмас назорати остида ўз кўзим билан “катта иш”лар содир бўлганини кўрдим.

“Катта ўйин” соат 11 30 дан кейин бошланди. Абитуриентлар шеригининг саволлар китобини олиб чиқишди. Кейин аудиторияларда телефонлар ишлашни бошлашди. Энг қизиғи ишлаб чиқилиб тайёр қилинган вариантлар ички ишлар ва хавфсизлик ходимлари кўмагида ичкарига олиб кирилиши ҳам бўлди “, деб ёзди самарқандлик Зокир.

“Ҳайф сизларга назоратчилару, аудитория раҳбарлари!”

Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтига ўқишга кириш учун қабул имтиҳонларида қатнашган абитуриент, улоқни яна шпаргалкачилар олиб кетганига гувоҳ бўлганини ва бу ишда уларга назоратчилар ёрдам берганини ёзади:

“Мен “ҳайф сизларга назоратчилару, аудитория раҳбарлари!”, деб ҳайқиргим келди. Бунга Қашқадарё вилояти Косон туманининг Обдида қишлоғида бўлиб ўтган имтиҳон сабаб бўлди. Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти абитуриент кўп бўлганлиги сабабли, имтиҳон олинадиган жойлар бўлиб ташланган. Шунинг учун биз Обдида қишлоғидаги Косон саноат транспорт коллежида имтиҳонга кирдик.

Имтиҳон бошланишидан олдин назоратчилар кўригидан ўтдик. Лекин бу ҳаммаси кўзбўямачилик экан. Чунки, имтиҳон пайтида кирганларнинг ярми шпаргалка ва телефонлар олиб кирганига гувоҳ бўлдим. Аудитория раҳбари ўзини кўрмаганга олди. Ёнимда ўтирган бола ва бошқалар имтиҳон бошидан охиригача телефондан фойдаланди. Агар бундай ҳол давом этаверса, ўқишга фақат хумкаллалар кириб, ўқиганлар эса қолиб кетаверади”, деб ёзади абитуриент.

“Ирригация”дагилар камералардан ҳам қўрқмас экан”

“Тошкент ирригация ва мелиорация институтида ҳамма хоналарга камера ўрнатилган эди. Аммо, бу камераларни қўйишдан не наф? Чунки ҳамма бемалол телефон ва шпаргалкадан фойдаланди. Қачон камерадаги видеони кўриб чиқиб бундайларни «акт» қилади? Ёки ҳаммаси шундай қолиб кетадими?”, деб савол беради абитуриентлардан бири.

“МХХ ходимлари телефон киритиб берди”

Бухоро давлат университетида бўлиб ўтган имтиҳонларда қатнашган абитуриентнинг ёзишича, тест саволларини ечишда МХХчиларнинг ўзлари ёрдам берган:

“МХХ ходимларининг ўзлари телефон олиб кириб берганини кўрганимда, бу йил ҳам ўқишга киролмаслигимни англадим. Шунча йил тайёрланганим нима бўлди, энди дардимни кимга айтаман? МХХ ходимларига нисбатан чора кўрилса, дейман. Агар сизлар коррупцияни йўқотишга ҳаракат қилаётган бўлсангиз, 1 август имтиҳонларига бошқа давлат МХХчиларини олиб келиб қўйишсин, ўзимизникиларга умуман ишонч қолмади”, деб ёзади бухоролик абитуриент.

“Ўқитувчи тестларни ечтириб келди”

Озодликнинг Ботир исмли муштарийси бу воқеа қайси олийгоҳда бўлгани ҳақида ёзмаган:

“Тест вақти бўлган воқеа. Тест жараёнида бир ўқитувчи 2 абитуриентга тестни алмаштириб келтириб берди. Буни бошқа абитуриент қиз кўриб қолиб, МХХ ходимларига айтди ва далолатнома тузишни талаб қилди. “Агар далолатнома тузилмаса катталарингга айтаман», деди. 2 абитуриентга далолатнома тузилди, ана энди уларнинг йиғлашини кўрсангиз.Ўқитувчидан эса хабар йўқ, бошқа на ўлиги кўринди, на тириги”, деб ёзди Ботир.

Давлат тест марказининг айтганлари

Ўзбекистон Респбликаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг маълум қилишича, 1 август куни 59та олий таълим муассасалари ва уларнинг 12та филиалида қабул тест синовлари ўтказилди.

Жорий йилда олий таълим муассасаларига 729 950 (2016 йилда – 663 304) нафар абитуриент ҳужжат топширган, шулардан 7 725 (2016 йилда – 7 521) нафари муддатли ҳарбий хизматни тугатган ҳарбий имтиёзга эга абитуриентлардир.

Ўртача танлов 1 ўринга 11,0 (2016 йилда – 11,05) тани ташкил этди.

Тест синовларини ўтказиш мақсадида 744 минг 271 (2016 йилда – 676 минг) дона индивидуал тест саволлари комплекти тайёрланди.

Тест синовлари 1 080 (2016 йилда – 889) та бинода жойлашган махсус 21 765 (2016 йилда – 19 830) та аудиторияда ўтказилди. Давлат тест маркази ва тегишли хизмат органлари билан ҳамкорликда тест синови ўтказиш тартибига сўзсиз амал қилиш бўйича зарур чоралар қабул қилинди.

Жамоатчилик хавфсизлигини таъминлаш учун 17 317 (2016 йилда – 16 060) нафар ички ишлар ходимлари, 1 848 (2016 йилда – 1 276) та автотранспорт воситалари (жумладан, 84 (2016 йилда – 33) та ёнғинга қарши экипаж, 362 (2016 йилда – 326) дона тез тиббий ёрдам автомашиналари).

Тест синовларига 11 698 (1,6 %) (2016 йилда – 5 163 (0,8 фоиз) нафар абитуриент қатнашмади, 2 764 (0,38 фоиз) (2016 йилда – 714 (0,1 фоиз) нафари тест синови топшириш тартибини бузганлиги сабабли жараёндан четлаштирилди.

Тест синовлари жараёнида натижага таъсир этувчи қоидабузарлик ҳолатлари қайд этилмаган, тест материаллари шу куннинг ўзида Давлат тест марказига етказилган.

“Озодлик” радиоси