Биз яқинда Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги имом Ал-Бухорий ёдгорлик масжид мажмуасига зиёратга борган эдик. Йўл-йўллакай киракашлардан бири (илтимосига биноан исми ўзгартирилди) Исмат ака, бизга қуйидаги воқеани сўзлаб берди.
“Имом Ал-Бухорий ёдгорлик мажмуасида ғалати бир ғавғо бўлиб ўтди, натижада биз мажмуа маъмурияти ва шу ердаги мадраса, Миллий Хавфсизлик Хизматининг жосуслари назоратида эканлигидан хабар топдик” деб бошлади гапни киракаш Исмат ака.
Киракаш амаки гапириб берган хикоянинг қахрамони Убайдулло Одилов 1996-99 йиллар оралиғида Ал-Бухорий масжиди қошидаги мадрасада араб тилидан тахсил олади. Тахсил олиш билан бир қаторда Убайдулло ёдгорлик мажмуаси ва ва унинг атрофида савдогарлик билан шуғуллади ва мажмуа зиёратчиларига гид, яъни тарихий ёдгорликларни тушунтирувчи шахс, вазифасини хам бажаради.
“2011йилда мусулмон биродарларимизнинг каъбатиллога хаж зиёрати мавсумида Убайдулла Одилов хам хаж зиёратига бориб келади. Ёдгорлик мажмуасида ишлайдиган яқин бир танишимизнинг айтишича, Убайдулланинг хаж сафари МХХ томонидан молияланган бўлиб, у хожи биродарларни назорат қилиш учун, сафарга махсус жўнатилган экан. Кейинчалик эса у ўзининг жосус эканлигини очиқ ойдин айтадиган бўлди.
2013 йил, апрел ойининг сўнги кунларнинг бирида Убайдулла ўзининг хамкасбларидан бири, гид, экскурсовод Замира Шодиева билан иш жойида тортишиб, жанжаллашиб кетди. Мажмуага келган сайёх ва зиёратчилар кўз ўнгида юз берган бу ғавғода, Убайдулла Одилов, Замира Шодиeвани расво сўзлар билан хақорат қила бошлади. Икки ўртада кучайиб бораётган даҳанаки жанжал ичида, Убайдулла МХХга хизмат қилишини, ва агар хоҳласа хоҳлаган одамни ишдан олдириб ташлашга кучи етишини ҳам айтиб юборди.
Бу орада, Убайдулланинг хотини Нигора Элтоева хам етиб келди ва дахнаки жанжал икки аёл ўртасида муштлашга айланиб кетди. Нигора оғзига келган сўзларни қайтармасдан, Замирани юмма талаб ташлади.
Кўпчиликнинг олдида хақоратланган Замира Шодиева Ал-Бухорий жамғармаси раиси Даврон Азимов хузурига шикоят хати билан киради. Убайдулла Одиловнинг хурмача қилиқларидан безор бўлган мажмуа ходимлари С.Абдуазизов. Ш.Мўминов. Ш.Бердимуродов. О.Муродов ва бошқалар ҳам бўлиб ўтган воқеа юзасидан Убайдуллага қарши шикоят хати ёзишиб, мажмуа раисига топширишди.
Жамғарма раиси Д.Азимов ходимларидан тушган шикоят хатларини атрофлича ўрганиб чиқиб, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси муфтийси, жаноб Усмонхон Алимовга мурожаат этади. 3 май куни эса, жаноб муфтий У.Алимов буйруғи билан, Убайдулла Одиловни ишдан бўшатади.
Ишдан бўшатилган Убайдулла яна ўз вазифасига қайтиши учун роса ҳаракат қилди. Ҳаттоки, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси муфтийси У.Алимовнинг рафиқасигача одам қўйиб, ишига қайта тикланиши учун илтимос килиб ёрдам сўрайди.
Ҳаммага ойдек маълум бўлган жосус Убайдулла Одилов шу билан ишсиз қолдими, деб ўйларсиз? Йўқ! Орадан бир муддат ўтгач, Самарқанд вилояти МХХ рахбарлари ва Самарқанд вилояти хокимлигининг диний, маърифий ва маънавий ишлар бўйча хоким муовини Қулматов билан биргаликда, Убайдулланинг ишини ўз қўлларига олдилар. Кези келганда айтиб ўтай, Қулматов деганлари бир вақтлар МХХда ишлаган.
МХХ ва вилоят ҳокимлигининг босими ўз кучини кўрсатди. 12 июлдан бошлаб, МХХ жосуси Убайдулла Одилов Имом Ал-Бухорий ёдгорлик мажмуасида ўз ишини давом эттирмоқда!”
Исмат аканинг ҳикоясини эшитиб, нафақат ҳар бир маҳалла ва мактаб, балки, ҳадис илмининг султони бўлмиш Абу Абдуллоҳ Исмоил Ал-Бухорий бобомизнинг ҳоки кўмилган азиз маскан ҳам бугунги кунда мана шундай жосус кимсалар томонидан оёқ ости бўлаётганига амин бўлдик.
Демоқчи бўлганим шуки, азизлар, агар-ки сизнинг йўлингиз ушбу масканга тушгудек бўлса, эхтиёт бўлинг! Муқаддас зиёратгоҳларимиз бугун Миллий Хавфсизлик Хизматининг жосуслари назоратида!
Тухтамурод Ниёзов
Тошкент