Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раисининг собиқ ўринбосари Шуҳрат Ғуломов буйруғига кўра, қамоқхоналарида сақланган баъзи сиёсий ва диний маҳкумларни “ликвидация қилиш”да қатнашган Тоймуроз Алимов 26 февраль куни ҳибсга олинди.
МХХ зобити Тоймуроз Алимов Ўзбекистон жиноят кодексининг 97-модда, «Қасддан одам ўлдириш», 301-модда, «Ҳокимиятни суистеъмол қилиш», 230-модда, «Айбсиз одамни жавобгарликка тортиш» каби айбловлар бўйича тергов қилинмоқда.
Бу ҳақда «Элтуз»га исмини ошкор этмаслик шарти билан генерал Шуҳрат Ғуломов устидан қўзғатилган тергов ишига алоқадор бўлган Ўзбекистон МХХ зобити билдирди.
МХХ зобити сўзларига кўра, Тоймуроз Алимов «тергов қилинаëтган маҳкумларни ўлдиришга алоқадорликда» айбланмоқда.
Унинг иддао қилишича, шахсан генерал Шуҳрат Ғуломовнинг буйруғи билан 2010-2014 йиллар давомида элликка яқин диний ва сиёсий маҳкум ўлдириб юборилган.
Унинг айтишича, ўлдирилганларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси билан айбдор деб топилган фуқаролар бўлган.
Шунингдек, Тоймуроз сиёсий фаолларини жисмонан йўқ қилиш амалиётларига шахсан алоқадор бўлган.
«Элтуз» нашри Тоймуроз Алимов ва Жавдат Шарифхўжаев назорати остида яна бир маҳкум – хоразмлик тадбиркор Раҳимбой Йўлдошевнинг 2010 йил августида ўлдириб юборилганини аниқлаб мақола эълон қилган эди.
Аюб Мингбоев
«Элтуз»нинг Тошкентдаги мухбири
Манба: Eltuz.com