Британиядаги “Privacy International” ташкилотининг 20 ноябрь куни эълон қилган “Хусусий манфаатлар – Марказий Осиёда жосуслик” деб номланган Маърузасида келтирилишича Марказий Осиёда ҳукуматлар илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда ўз фуқароларининг электрон алоқаларини зимдан кузатиб, улар устидан жосуслик қилади. Миллий хавфсизлик хизматлари асосан жамоатчи фаоллар, журналистлар, танқидий фикрлайдиган одамларни назоратга олади.
Асосий мақсад эса бундай шахсланинг ташқи дунё билан алоқасидан тортиб, атрофдагилар билан муносабатлари, жамиятга таъсирини кузатиб боришдан иборат. Шу йўсинда қўлга киритилган маълумотлар асосида уларнинг кўпчилиги тазйиққа олинади, қўрқитилади ёки уйдирилган бошқа жиноятларда айбланиб, узоқ муддатларга қамоққа ташланади.
Маърузада таъкидланишича, жосуслик фаолиятини амалга оширишда Марказий Осиёдаги давлатларнинг хавфсизлик хизматлари дунёнинг энг илғор технологияларидан фойдаланишади. Хусусан, Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) фуқаролар устидан жосусликни амалга оширишда Исроилнинг икки йирик компанияси – “Verint” ва “NICE Systems” билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Ушбу компаниялар МХХни технологик жиҳатдан қувватлайди.
Масалан, Ўзбекистонда “Verint” кўмагида ишлайдиган икки мониторинг маркази ташкил қилинган. Улар Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги ҳарбий иншоотларда жойлашган ва мустаҳкам ҳимоя остида. Миллий хавфсизлик хизмати алоҳида кузатиш марказларига эга. Уларда ҳам “Verint” ва “NICE Systems” жиҳозлари ўрнатилган.
Ушбу мониторинг марказлари воситасида МХХ жорий тузумга нисбатан “таҳдидлар” даражасини аниқлаб боради. Шу билан бирга, МХХ фуқароларнинг энг шахсий маълумотларини ҳам бемалол текшириш ва уларнинг ҳаётини кузатиш кучига эга.
Мамлакатдаги мобил алоқа компаниялари ва интернет провайдерлар фаолияти ҳам тўлалигича МХХ иродасига бўйсундирилган ва ҳар қандай электрон алоқани уларнинг талаби асосида чеклаши мумкин.
МХХ фуқароларнинг шахсий алоқаларини кузатишда айни пайтда АҚШнинг “Netronome” компанияси ёрдамидан ҳам фойдаланади. Ўз навбатида, Германиянинг “Trovicor” ва “Utimaco”, шунингдек, Россиянинг бир неча технологик фирмалари ҳам Ўзбекистондаги мониторинг марказларини технологик жиҳатдан жиҳозлаб келади.
Маърузада ёзилишича технология гўёки маҳаллий фирмадан олинаётгандек кўрсатилади, аммо уларнинг ортида Америка, Европа, Россия ва Исроилда жойлашган йирик компаниялар турибди. Улар минтақа ҳукумати истаган асбоб-ускунани яратиб, ишга солиб беради.
МХХ тасарруфидаги баъзи технологик тизимлар Италиянинг “Hacking Team”, Британия ва Германиянинг “Gamma” номли технологик марказлари томонидан таъминлаган.
“Privacy International” нинг эътирофига кўра фуқаролар устидан жосуслик қилинишига қарши қонунлар қабул қилинмагани энг ачинарли ҳолатдир. Дунёнинг қаерида бўлмасин, фуқарони зимдан электрон кузатиш инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузишдир.
Ўзбекистонда ҳам бошқа Марказий Осиё республикалари сингари ҳукумат махфий кузатишни жосуслик эмас, давлат хавфсизлиги учун зарур иш деб изоҳлайди ва бунга ҳаққи борлигини рўкач қилади. Оддий одамлар ёки бегуноҳ инсонлар эмас, душманлар ёки ташқи кучларга ишлаётган фуқаролар нишонда, дея қайд этилади.
“Privacy International” репрессия ва сиёсий босимга қарши ҳар қандай компанияни виждонан иш тутишга чақиради.
“Бизнес бу бизнес экани тушунарли, лекин узатилаётган технология золим ҳукуматлар томонидан одамларни эзишга, адолатсиз тизим қўлида азобланишига, қонун устуворлиги мавжуд бўлмаган жамиятларда юзлаб балки минглаб инсонларнинг бегуноҳ қурбон бўлиши учун ишлатилмоқда. Агар ҳукуматлар бу технологиялар билан давлат хавфсизлиги ва тинчлигини таъминлашга, уларни фуқаро манфаатлари учун қўллашга бел боғлаган бўлса, у ҳолда сиз таъминлаётган воситалар билан қонунлар бузилмаётганини мунтазам равишда исботлаб турсин”, – дейилади Маърузада.
ЎХҲ ахборот бўлими