Мақсуд Бекжон
Уйқу билан уйғоқлик орасидаги ҳолат(аросат) энг таҳликали ҳолатдир. Бу ҳолатдаги инсон на уйқу салтанатига ва на уйғоқлик мулкига оид бўлгани туфайли, унда на уйқудаги одамга хос бўлган сезги ва на уйғоқ одамга хос зийраклик бўлади – аслида, инсоннинг ўликлик ҳолатига уйқу эмас, мана шу аросатдаги ҳолат кўпроқ тўғри келса керак.
Баъзан соат жиринглаган пайтда сен ана шундай шундай ҳолат ичида бўласан – тубсиз ва қоронғи жарлик ичида ётган борлиғингда деярли ҳеч қандай сезги бўлмайди. Ҳатто соат жирингининг нима эканини хам англай олмайсан, бу ғира-шира сас товушдан кўра кўпроқ сенга арқонни эслатади. Товуш, яъний, соат жиринги чўзилгани сайин, арқон, аниқроғи, арқон туйғуси ҳам узая бошлайди. Сени чуқур жарликдан тепага, ёруғ дунёга олиб чиқиши лозим бўлган бу арқоннинг ноёблиги шундаки, у тепадан пастга қараб тушмайди, яъний, у тепадан жар тубида ётган сен томонга эмас, балки, сендан тепага қараб юксала бошлайди ва у то ер юзига чиққунга қадар юксалади. Арқоннинг учи ер юзига етгач, сен бу арқонга осилиб юқорига чиқиб оласан. Аммо баъзида арқон қисқароқ бўлиб қолади (соатнинг қўнғироқ мурватларига озроқ тоб берилган пайтлари), шунда сен бу арқонни ўзинг узайтиришга мажбур бўласан. Соат товушидан иборат бирданига кесилган бу қисқа арқонга соат жиринги ғира-шира уйғотган шуурингдан келаётган таърифсиз бир сасни, овозни улайсан ва бу қурама арқонга ёпишиб, тирмашиб юқорига чиқиб оласан.
Билмайман, соатнинг қисқа товушини узайтирган ичингдаги бу сасни нима деб аташ мумкин? Мен бу сасни ўз нафсимга хушомад тарзида “иймон саси” деб атагим келади. Аммо ҳақиқатни билгувчи ёлғиз Аллохдир… Нима бўлганда ҳам, ушбу ҳалоскор арқонни бизни ёруғ дунёга олиб чиқиш учун етадиган даражада узайтириш иши ўзимизнинг иродамизда каби туюлади. Агар шундай бўлмаганида жаннат ва жаҳаннам сингари ҳилқатлар мазмуни биз учун тушунарсиз бўлиб қолган бўларди.
Ҳалоскор арқон, доим пастдан тепага қараб кўтарила бошлайди. Бу, албатта, физика қонунларига – ернинг тортишиш кучи ҳақдаги назарияга зиддир. Аммо бу ҳолатни фазодаги вазнсизлик ҳолатига ўхшатиш мумкин, бундай нуқтаи назардан қараганда, арқоннинг пастга эмас, тепага қараб юксалиши том физика қонунига кўрадир. Зотан, уйқу билан уйғоқлик ўртаси – фазодаги муаллақликнинг айнан ўзи эмасми?
Аммо биз физика қонунлари ҳақида эмас, балки, бу конунларни тўла рад этувчи нарсалар ҳақида гапирмоқчимиз. Юқорида айтганимиздек, ҳалоскор арқон доим пастдан юқорига, яъний, қоронғилик тубида ётган биздан ёруғ дунёга қараб узая бошлайди. Аммо у баъзида, жуда кам ҳолларда, Аллоҳнинг марҳамати сингари тепадан ҳам тушиши мумкин. Бу хусусда ўйлар эканман, бир воқеа эсимга тушади.
Туркияга илк бор келган ва ҳали туркчани, қардош тил бўлишига қарамай, яхши тушунмайдиган пайтларим шундай бир воқеа содир бўлди. Саҳар пайтларидан бирида, бамдод намози арафасида чуқур уйқуда ётар эканман, масжиддан азон овози эшитила бошлади. Бу овоз, азон айтилаётган масжид уйимизнинг том қаршисида, кўчанинг нариги тарафида бўлишига қарамай, жуда узоқдан эшитилар ва бу узоқлик вужуд ва руҳдаги ялқовликка дадиллик, аминлик ва роҳат бағишловчи бир узоқлик, масофа эди. Мен руҳ ва вужуддаги оғирликни енга олмай, ”ҳозир тураман, ҳозир таҳорат оламан”, деб ўзимни алдаб ётар эканман, қандай қилиб яна чуқур уйқу жарлигига қулаганимни билмай қолдим.
Аммо бу толғинлик узоқ чўзилмади: бирдан юмуқ кўзларим ўнгидаги қоронғиликда ярқ этиб, қизил рангда ёзилган нотаниш бир сўз пайдо бўлди. Бу сўзнинг ёзилиш услуби ва ҳарфлари ҳар қандай мистикадан йироқ бир кўринишда эди. Ёзув лотин ҳарфларида ва мен болалигимда ёзишни ҳавас қилиб, тинимсиз ва астойдил машқ қилган, аммо ҳеч ўхшата олмаган, ҳар бир ҳарфи бир уй, бир иншоот сингари баҳайбат ва ўзининг деворлар сингари ҳайбатли сояларига эга бир бир кўринишда, ”монументал” шаклда битилган эди. Бу қонталаш сўз (рангини назарда тутаяпман) шундай ўқилар эди: ”IHLAL”.
Бу ёзувни кўриб, уйқум зумда туман каби тарқаб кетди, кўзларим чарақлаб очилиб, сакраб ўрнимдан турдим ва кийина бошладим. Кийинар экан, сўзни унутмасликка ҳаракат қилиб, уни ичимдан тинимсиз такрорлар ва тезроқ бамдод намозини ўқиб, бу сўзни туркча луғатдан излаб топишга шошилар эдим. Сўзнинг бамдод намозига тааллуқли эканига шу қадар амин эдим-ки, бу сўзни унутиб қўймаслик учун намоз ўқишдан аввал лоақал бир қоғозга ёзиб қўйиш ва ёки аввал луғатга қараб олишга ҳам ҳафсала қилмадим.
Намозни ўқир экан, сўзни намоз пайти такрорлаб юборишдан қўрқиб, миямнинг бир бурчагига ўзимча маҳкамлаган бўлдим-да, хаёлимни жамлаб, намозни охирига етказдим: зотан, бу воқеанинг мендаги намоз ихлосига таъсири шу қадар кучли эди-ки, мабодо, сўзни унутиб қўйганимда ҳам балки, заррача афсусланмаган бўлардим, зеро, юқорида айтганимдай, бу сўзнинг фақат ибодатга алоқадарлигига иймоним комил ва Аллоҳ менга марҳамат этиб, кўрсатган ушбу мўъжизанинг шу ярим қисми хам мен учун кифоя эди. Инончим шу қадар эдики, Сўзнинг луғавий маъносини билишга бўлган қизиқиш хаёлимни намоздан чалғитадиган даражада васвасали эмас эди. Яъний, Мавломдан мен инончим учун ортиқча мўъжиза талаб қилаётганим йўқ эди.
Намозни ўқиб битиргач, луғатни очиб қараб, ИҲЛАЛ деган туркча сўзнинг мазмуни Турк имловий луғатида:”бозма, зарар верме”, яъний, “бузмоқ”, зарар бермоқ”, яна ҳам аниқроғи, “халал бермак” маъносида, Усмонли Турк луғатида ёзилишича эса, булардан ташқари яна “сакатлама” яъний, “оқсоқлантирмоқ” маъносида ҳам келар экан. Бу сўзга таъриф сифатида “Osmanlıca Türkçe Sözlük”да:” Anda iblisin ne hacet mekrine, ihlaline” (Наби)” деган бир шеърий мисол ҳам келтирилган экан. Бу сатрнинг ўзбекчаси шу шаклда ўқилади: “Анда иблиснинг не хожат макрига, ихлолига”.