O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Навальний ҳушига келди ва заҳарланишидан олдинги воқеаларни хотирлади

Навальний ҳушига келди ва заҳарланишидан олдинги воқеаларни хотирлади
225 views
10 September 2020 - 19:54

Берлиндаги “Шарите” клиникасида даволанаётган россиялик мухолифати Алексей Навальний комадан чиқарилганидан кейин тўлалигича ҳушига келди. Бу ҳақда The Insider, Bellingcat ва Der Spiegel нашрлари ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда хабар қилдилар. Нашрларнинг ёзишича, Навальний заҳарланишдан кейин Томскдан Москвага учаётган учоқ ҳожатхонасида оғриқдан ҳушини йўқотгунича бўлган барча воқеаларни хотирлаган.

Навальнийнинг ёнига ташрифчиларни қўя бошлаганлар — бунгача унинг ёнига фақат врачлар ва хотинигина киритилаётганди. Аммо сиёсатчи билан учрашиш учун қўриқчиларнинг уч кордонидан ўтиш лозим. Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмин немис матбуоти тарқатган хабарларда айрим ноаниқликлар борлигини билдирди.

Врачларга кўра, Навальний жисмонан камида 90 фоизга саломатлигини тиклаши мумкин, руҳан эса унинг соғлиғи қарийб тўлалигича тикланган. Врачлар фикрича, Навальний самолётни Омскда қўндиришга қарор қилган учувчиларнинг тезкор ҳаракати ҳамда атропинни аэропортнинг ўзида “тез ёрдам” машинасида олгани туфайли тирик қололган.

44 ёшли Навальний 20 август куни Россиянинг Томск шаҳридан Москвага қайтаётганида комага тушиб қолган ва 22 августда Берлиндаги “Шарите” касалхонасига олиб келинган эди.

Немис экспертлари ўткизган тестлар натижасида Алексей Навальний Новичок гуруҳига кирувчи модда билан заҳарлангани аниқланган.

Россия ҳукумати Навальнийнинг заҳарланишини тасдиқловчи етарли далиллар мавжуд эмаслигини рўкач қилиб, бу ҳодиса юзасидан жиноят иши очишдан бош тортмоқда. Айни пайтда Кремль Навальнийнинг заҳарланиши ортида ҳукумат тургани тўғрисидаги иддаоларни ҳам рад этмоқда.

Манба: ozodlik.org