Муҳаммад Солиҳ
ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(24)
НАВБАТДАГИ НАЙРАНГ
Ўзбекистон ҳукумати халқнинг оғир иқтисодий аҳволини хаспўшлаш учун ҳар куни янги найранглар чиқаришга мажбур бўлмоқда.
Президент Каримов уч йилдир-ки, муаммоларни ҳал қилишда ўз ожизлигини яшириш мақсадида мухолифатни айблаб келди. Шаҳарларда одамлар оч бўлса, бунга мухолифат айбдор.
Қишлоқларда бир халта ун учун бир-бирини ўлдиришаётган бўлсалар, бунга ҳам мухолифат айбдор. Пахта ҳосили кам бўлса, ҳатто қор-ёмғир нормадан ошиқ ёғса ҳам мухолифат айбланадиган бўлди.
Хуллас, мухолифат уч йилдирки, “емаган сомсасига пул тўламоқда”. Лекин сомсани фақат мухолифат эмас, ўзбек халқи ҳам анчадан бери егани йўқ. Аммо у ҳам яқинда пул тўлашга мажбур бўладиганга ўхшайди. Чунки, халқнинг норозилиги кун сайин ошаётгани кўриниб турибди.
Баъзи туман ва қишлоқларда “стихияли жанжаллар” пайдо бўла бошлади. Жанжаллар оловланиб, ғавғога айланиши ва ижтимоий портлашлар вужудга келиши ҳеч гап эмас. Бу норозилик исёнининг олдини олиш учун ҳукумат “янги” найрангларга ҳозирланаяпти. Оч-яланғоч халқнинг диққатини бошқа тарафга тортиш керак. Халқ очликдан ҳам “даҳшатлироқ” нарсалар борлигини кўриши керак. Бунинг учун ҳукумат ўша мухолифат факторига мурожаат қилишга шайланмоқда.
Маълумки, шу йил 17 июнда собиқ халқ депутати Мурод Жўраев ва самарқандлик савдо ходими Эркин Ашуров Олма-Ота шаҳрида ҳибсга олиндилар. Улар “Эрк” газетасини тарқатишда қатнашган, деб гумон қилиниб, турмага ташланган эдилар.
Рус газеталарининг бирида ёзилишича, Мурод Жўраев “давлат тўнтариши ташаббусида бўлган эмиш”. Бундай айб “Эрк”чилар учун янгилик эмас. Икки йил муқаддам “Эрк” раҳбарларига шундай айб қўган эдилар.
Қизиғи шунда-ки, ҳукумат халқни чалғитиш учун эски найрангини яна такрорлашга мажбур бўлаяпти. Ҳукуматнинг хаёлот кучи шу қадар заиф, ҳатто найранг вариантларига ҳам кучи етмай қолибди. Ҳар ҳолда бу найрангнинг битта янги жойи бўлажак: Ҳукумат Мурод Жўраевни айблар экан, “Эрк” партиясини яна бир марта халққа “ола-бўжи” қилиб кўрсатишга уринади. Чунки, сайлов яқинлашиб келаяпти ва Каримов “Эрк” партиясининг бу сайловга қатнашишини асло истамайди. “Давлат тўнтариши”ни рўкач қилиб, Каримов дунё жамоатчилигига “мен давлат тўнтарувчиларини сайловга қўша олмайман”, деб ўзини оқламоқчи. Лекин оқлай олмайди, чунки Каримов режими устидаги қоралик шу қадар-ки, уни ҳеч қандай бўёқ билан оқлаб бўлмайди.
1994. Сентябр.