Елена Михайловна билан пахта йиғим-терим мавсумида Қашқадарёдга сафарга боргандик.
Ўшанда, совуқ этни жунжиктираётган куз кунларида бир фермернинг дала шийпони ёнидаги қўйлар қутонининг бурчагида 7 ёшли қизалоғи билан истиқомат қилиб, фермернинг мол-ҳолларини боқиб юрган аёл ҳасрат қилиб қолганди.
Кенг дала ўртасидаги шийпонда газсиз, электрсиз яшашнинг ўзи бўларканмии?
Ўшанда мен бу аёлга “Фермернинг томорқаларига, мол-ҳолига қараганингиз, мардикорларига тамадди тайёрлаб берганингиз учун қанча ҳақ тўлашади?” деб сўрадим.
“Эшонбова (фермерни шундай деб аташаркан ўша овулда) менга ойига 200 минг сўм хизмат ҳақи беришга ваъда қилганди. 50 дан ортиқ мол-ҳолга қарайман, соғаман, емиш бераман, далалардаги экинларни ўтоқ қиламан, нон ёпаман, ҳашарчиларга овқат тайёрлайман… Лекин кейин Эшонбова номардлик қилиб ойига 200 минг сўм эмас, 100 минг сўм берадиган бўлиб қолди”, деди Феруза исимли мардикор аёл.
Мен Ферузага “Олдимиз қоронғу қиш келаяпти. Бу ерда қандай яшайсан? Ўпкангни совуқ олиб кетади-ку? Мен билан Тошкентга кетасанми? Бир ёшдан ошган набирамга қарайсан, мен билан яшайсан. Иш ҳақингни ошираман” дедим.
Рози бўлди.
Тошкнетга келди ва 1 ойларча набирамга қаради.
Аммо орадан бир ойлар ўтгач у Қашқадарёга қайтишга қарор қилди….
Бугун ўша Ферузадан менга СМС келибди: “Менга қўнғироқ қилинг” деган.
Қўнғироқ қилсам, ваҳима:
“Опа, сиз тинчмисиз? Қаердасиз? Бу ерда тўпалон. Мени бир ИИБга, бир МХХга чақиртириб, қўйишмаяпти. Қашқадарё вилоятидан МХХга ҳам чақиртиришди. Сиз ҳақингизда сўраб-суриштиришмоқда. Тушунтириш хати ёзиб беришимни талаб қилишмоқда” деб қолди.
“Қандай саволлар беришмоқда?” десам,
“Бу аёл билан қандай танишдинг? Бу аёлнинг кимлигини, нима иш билан шуғулланишини билармидинг? Уйига кимлар келарди, кимлар кетарди? Кимлар билан мулоқотда бўларди? Интернетда нималар қиларди? Нималар ёзарди, кимлар билан гаплашарди? Сенга нима ҳақида гапирарди? Сен нима иш қилардинг? Сени қандай йўлга бошларди?…Уйига хатлар келиб турармиди? Қаерлардан қанақанги хатлар келиб турарди?…” каби ва ҳоказо саволлар берармуш…
Эртага ҳам Қашқадарё вилоят МХХсидан чақиришганмуш.
Менинг уйимда кўрган билганлари ҳақида тушунтириш хати ёзиб беришини талаб қилишаётганмиш…
“Сиз нима деб жавоб қилдингиз саовлларига?” деб сўрасам, “Нимаям дейман? Кўрганларимни айтдим. Мен компютерни тушунмайман. Компьютерда опа нима иш қилишини билмайман. Фақат бир марта компьютеридан менга Озоднинг битта қўшиғини қўйиб берганди… Мен набирасига қарардим. Қизининг қизига. Уйига кимлар келади, кимлар билан гаплашади, билмайман. Бир кун опа йўқлигида хат келиб қолди, иккита хатни опанинг ўрнига мен имзо қўйиб олиб қолгандим. У хатлар қаердан эди, очмаганман, ичида нима ёзилганидан ҳам бехабарман” деб жавоб қилди…
Феруза Тошкентга, набирамга қарашга олиб келганимда қонуний тартибда ижара шартнмоаси қилдик, вақтинчалик пропискага қўйдик… Набирамга бинойидек қараб юрарди…
Роппа роса 1 ой қаради-ю, кетди. Очиғи, ўзим жавоб бериб юбордим.
Мен сафарда чоғимда шаърий никоҳида бўлган эри Тошентга келган экан.
Буни ҳазм қилолмадим.
Мен уни уйга киритмасликларини талаб қилдим. Киритишмади.
Биринчидан, шаърий никоҳи борми, йўқми, бунисини билмайман. Иккинчидан, нега айнан мен сафрада чоғимда келади бу йигит?
Қизимнинг уйи никоҳи бор-йўқлар учун “свидания” хонаси эмас!
Мен Ферузага “Биз билан бирга яшаб, набирамга қарашни истасанг, ўша йигитдан воз кечасан. Одамлар ҳозир битта хотини, оила, бола-чақасини боқа олмайдиган пайти. У йигит 3 та болали оиласини боқадими, сенга уй-жой қилиб берадими? 4 йилдан бери муносабатинг бор экан, ўша эркакда озгина виждон бўлганида эди, сени қўй катагида яшашингга қўйиб қўймасди. Қишлоқ жойда 4 сотх ер олиб, ёзда қариндошлари билан ҳашар қилганида ҳам лоақал икки хонали уйнинг пахсасини кўтарган бўларди… Ўша йигитча 4 йил давомида кимлигини, сенга не чоғлиқ “вафодор” эканлигини исботлаб қўйибди. Менга кўчадаги омонат муносабатлар, “юринг кетайлик” қабилидаги енгилтабиатлилар ёқмайди. Ё ўша йигит билан муносабатингни йиғиштирасан, ёки орқангга – Қашқадарёга қайтасан. Мен набирамни ҳаёти алғов-далғов аёлга ишониб топшира олмайман” дедим. Танлов ихтиёри ўзингда дедим. У ўша йигитни танлади ва Қашқадарёга қайтиб кетди.
У соддагина, интернет илмидан, компьютер илмидан, сиёстадан, ҳуқуқдан мутлақо хабари бўлмаган оддийгина, самимийгина қишлоқ аёли эди….
Бор гап шу.
Мен МХХ ишини ҳам тушунмайман.
Ҳамиша эшигим тагида қоровул. Шахсий соқчи.
Компьютеримни, эл. почталаримни кузатишларига, телефонларимни эшитишларига шубҳам йўқ. Қўпол қилиб айтганда, бир кунда ҳожатга неча марта борганимга қадар ҳисобини олишади ва билишади, ҳар нафасимгача хабардор.
Нимаики ёзсам, ўзим интернетда оммага очиқлаб турсам?
Яна нима керак бизнинг МХХга?
Ахир энага аёл уйига қайтганига 3 ой бўлди.
Набирамнинг бир ойлик энагасини 3 ойдирки нега МХХ идорасига чақиришади?
Наҳотки менингдек “Халқ душмани”, “Ватан хоини” бўлган бир қишлоқ аёли давлатимизга, Шавкат Миромонович салтанатига шунчалар соя сола олса, шу қадар хавф туғдирса?
Ишонгим келмайди,
МХХни менинг ортимдан назорат ўрнатишдан ўзга иши йўқми?
Ёки улар мени ҳам Бобомурод, Ҳаётхон Насриддинов, Акром Маликларга шерик сифатида 159-модда билан сийлаш режасидамикин?
Ва яна дейсизки, Мирзиёев МХХнинг думини, қадамини кесди деб…
“Таъзирини еган” МХХнинг ишини кўрмайсизми?
Шуми МХХнинг таноби тортилгани?
Нима деб ўйлашга ўзим ҳам ҳайронман?….
Малоҳат Эшонқул